UZ

Сўнгги янгиликлар

01:57Ла Лига. Арда Гюлер "Реал"га ғалаба тақдим қилди!  54 01:40Меҳди Тареми Италия чемпиони сафига қўшилади! (Фабрицио Романо)  1 01:24Арда Гюлер ажойиб натижа қайд этмоқда  0 01:12"Арне Слот – "Ливерпул"нинг янги бош мураббийи!" – Фабрицио Романо  6 00:55Жасур Жалолиддинов: "Бу жамоа билан анча олдин бошланган ўзаро ҳисоб-китобимиз бор эди"  4 00:45U-23 Осиё кубоги. Ироқ минимал ҳисобда Вьетнамни енгди ва ярим финалга йўл олди. Кейинги рақиб – Япония  18 00:40U-23 Осиё кубоги. Ўзбекистон - Саудия Арабистони 2:0  4 00:25Хосе Венансио Лопес Эронга қарши учрашувдан кейин қандай фикрлар билдирди?  5 23:46"Персеполис" Ўрунов гол урган ўйинда пенальтилар сериясида мағлубиятга учраб, Эрон кубогини тарк этди  4 23:20Саудия чемпионати. "Ал Ҳилол" - "Ал Фатех" 3:1   1 23:15Футзал бўйича Осиё Кубоги. Таиланд - Тожикистон 3:3 (пенальтилар 6:5)  0 23:10Футзал бўйича Осиё Кубоги. Вьетнам - Қирғиз Республикаси 2:3  0 22:58Ўзбекистон олимпия терма жамоаси бош мураббийи Тимур Кападзе Саудия Арабистони устидан қозонилган ғалабадан сўнг (2:0) нималар деди? (тўлиқ матбуот анжумани)  40 22:11Ўзбекистон футзал термаси Осиё кубоги бронза медали учун Тожикистонга қарши ўйнайди (турнир сеткаси)  6 21:35Футзал бўйича Осиё Кубоги. Ўзбекистон финал остонасида Эронга пенальтилар сериясида мағлуб бўлди  95

Penalty. Рустам Ашурматов "Қизлар, Бабаян, тоғаси ва маоши ҳақида" Янгиликлар

Penalty. Рустам Ашурматов "Қизлар, Бабаян, тоғаси ва маоши ҳақида"

Ўзбекистон терма жамоасига номзод ва “Бунёдкор” клуби марказий ҳимоячиси Рустам Ашурматов лойиҳамизнинг навбатдаги меҳмони бўлди.

Ҳимоячи айни пайтда жароаҳтини даволамоқда ва жамоадан алоҳида машғулот ўтказмоқда. Футболчи билан самимий ва қизғин суҳбат бўлиб ўтди.

- Рустам Ашурматов футболга қандай кириб келган?

- Футболга кириб келишимга биринчи ўринда тоғам, Бахтиёр Ашурматов сабаб бўлганлар. Уларнинг ўйинларини томоша қилиб футболга қизиқишим пайдо бўлган. Бобом худди тоғам синагри футболчи бўлишимни истаган ва Қўқондаги "Кимёгар" футбол мактабига олиб борганлар. 6 ёшимдан "миллионлар ўйини" сир асрорларини ўргана бошлаганман.

- “Бунёдкор”га келиш тарихи қандай бўлган?

- Ўша пайтда жамоа номи "Қурувчи" эди. Клуб барча вилоятларда ёш футболчилар иштирокида турли мусобақалар ташкил этарди. Қўқондаги мусобақада мураббийлар 20 нафар футболчини танлаб олишган ва Тошкентга келганмиз. Пойтахтда 20 нафар футболчи ўртасида ҳам танлов бўлган ҳамда мураббийлар 3 нафар ўйинчини жамоага қабул қилишни эълон қилишган. Мана шу уч футболчи орасида мен, Акром Комилов ва Иброҳим Ғофуров бор эди.

- Нима учун ҳужумчидан ҳимоячига айлангансиз?

- Ёшлигимда ҳужумчи бўлганим рост. "Бунёдкор"га ҳам аслида ҳужумчи бўлиб келганман. Аммо бу ерга келганимдан сўнг тўғриси ўзим хоҳлагандек ўйнай олмаганман. Мураббийимиз Сергей Лушандан мени ҳимояда ўйнатиб кўришини сўрагандим. Оқибатда ҳужумчидан ҳимоячига айландим. Ҳимоячига айланиш ташаббуси фақат ўзимдан чиққан.

- Футболдаги кумирингиз ким? Тоғангиз Бахтиёр Ашурматовдан ташқари.

- Тоғамдан ташқари деб айтингиз (кулади). Анзур Исмоиловнинг ўйинлари менга ёқади. Ҳақиқий марказий ҳимоячига керакли барча ҳусусиятлар мужассам. Хайрулла ака Каримовдек ҳимоячини камдан-кам учратиш мумкин. Хориждан Серхио Рамоснинг ўйинларига қизиқаман. Унинг иштирокидаги барча учрашувларни қолдирмай томоша қилиб бораман.


- Хайрулла Каримов кўп қизил карточка оларди...
- Тўғри балки қизил карточка кўп олган бўлишлари мумкин. Аммо бу футболнинг ажралмас қисми. Хайрулла Каримов ҳеч қачон рақибнинг оёғига атайин тепмаган, бунга юз фоиз ишонаман. Шунчаки футболга киришиб кетганлари туфайли кутилмаган қўполликлар бўлиб туради. Ўзимнинг фаолиятимда ҳали қизил карточка олмадим, кейинчалик ҳам олмасам бундан хурсанд бўламан.

- Тоғангиз футболчи бўлмаганида сиз ҳам бошқа касб вакили бўлармидингиз? Бахтиёр Ашурматов футболчилик фаолиятингизда қанчалик ёрдам берган? Таниш-билишчилик бўлганми?

- Агар Бахтиёр Ашурматов тоғам бўлмаганида балки 6 ёшимдан футболга бормаслигим мумкин эди. Аммо кейинроқ менимча барибир футболчига айланардим. Тоғам ёшлигимдан бутсалар, формалар совға қилардилар. Лекин "Бунёдкор"га келишимга, асосий таркибда тушишимга ёки терма жамоага чақирув олишимда Бахтиёр Ашурматовнинг ҳеч қандай алоқалари йўқ деб ўйлайман. Бу борада таниш билишчилик ҳақида гап сўз бўлиши мумкин эмас.

- Акангиз Нодиржон Ашурматов ҳам футболчи, дарвозабон эканини биламиз. Бироқ унинг фаолияти сизники каби ёрқин чиқмаяпти.

- Билсангиз акам  Алексей Евстафеев бошчилигидаги 1994 йилда туғилган футболчилардан иборат терма жамоада Тошкентда ўтган Осиё чемпионатида иштирок этганлар. Тўғри майдонга тушмаганлар, аммо таркибда бўлгандилар. Туркиядаги йиғинда акамнинг қўли синган ва операциядан сўнг даволаниш анча чўзилиб кетган. Яна олдинги ҳолатга қайтишда қийинчиликка дуч келдилар. "Пахтакор" ёшлар жамоасида яхши ўйнаб келаётгандилар. Жароҳатдан сўнг кўплаб клубларда фаолият олиб бордилар. Аммо ишонаман акам ҳам бир кун ўзини кўрсатади.

- Европадаги марказий ҳимоячилар ҳужумга ўтишда ва гол уришда анча фаол бўладилар. Масалан, Серхио Рамос, Жерард Пике, Жон Терри...Бизда нега шундай ҳимоячилар йўқ.

- Балки мураббийларда бошқача кўрсатма бўлар. Уларни ёшлигидан шунга тайёрлаб келишган. Бизда ҳимоячига мураббийлар ҳужумга ўтаётганида ўз жойингда қол деб кўрсатма беради. Сени асосий вазифанг дарвозани ҳимоя қилиш деб уқтиради. Европадагилар эса ёшлигидан ҳужумга ҳам ўтаверади ва натижада йиллар ўтган сари голлар уриш ҳам кўпайиб бораверади.

- Дарвозабонлар жарима зарбаларини қайтаришда, ҳужумчилар зарба беришда, ярим ҳимоячилар пас бериш устида кўпроқ ишлашади. Ҳимоячилар учун индивидуал машғулотлар нималардан иборат.

- Ҳимоячиларда индивидуал машғулотлар ҳам бор. Рақибдан тўпни олиб қўйиш, ҳимояланаётганда жойни тўғри танлаш... "Бунёдкор"да айни пайтда Александр Волков айнан ҳимоячилар билан индивидуал тарзда шуғулланади.


- Сизга хориж клубларидан таклиф бўлганми?
- Балки клубга мени сўраб таклиф бўлгандир. Аммо ҳозиргача шахсан менга ҳеч қайси чет эл клубидан таклиф бўлмаган. Агарда таклиф тушса дастлаб "Бунёдкор" раҳбарияти билан гаплашамиз. Чунки бу клуб мени катта қилди, ҳеч қачон "Бунёдкор"нинг "юзи"га оёқ қўймайман.

- Яқинда жамоадош дўстингиз Элдор Шомуродов Россиянинг “Ростов” клубига кўчиб ўтди. Ушбу трансфердан сўнг у билан гаплашдингизми?

- Унинг Россия клубига ўтиши аниқ эди, фақат клуб номи маълум эмасди. Элдор билан гаплашиб турибмиз. Дастлаб якка тартибда шуғулланди, кейинроқ умумий гуруҳга қўшилди. Дебют учрашув охирида 5 дақиқага майдонга тушди, менимча ўзидан ёмон таассурот қолдирмади. Россияда фақат ўсиш мумкин, агар майдонга тушаверса футболчи сифатида ўсишга эришади. Агар мураббийлар Элдорга имконият бериб ишонишса албатта ўзини кўрсатади.

- Агар фаолиятингизда беш дақиқани ортга қайтиш имконияти бўлганида қайси дамни қайтарган бўлар эдингиз...

- Қизиқ савол. U-17 Жаҳон чемпионатида Гондурасга қарши учрашувда ўтказиб юборилган голни қайтарган бўлардим. Ўшанда аламли тарзда мағлуб бўлгандик.

- Акром Комилов билан рақобат туфайли қанотдан марказий ҳимоячига айланганмисиз?

- Аввало қанотда Акром Комилов мендан кўра кучлироқ, буни тан оламан. Лекин рақобат туфайли марказга ўтдим дейиш нотўғри. Чунки мен аслида марказий ҳимоячи бўлганман. Фақат ўсмирлар терма жамоасида Дилшод Нуралиев мени ўнг қанот ҳимоясига қўйганди. Клубда деярли барча ўйинларда марказда ҳаракат қилганман.

- Шу йил Осиё чемпионлар лигаси гуруҳ босқичи доирасида “Ал Аҳли”га қарши кечган Саудия Арабистонидаги ўйинда сиз ва Акром Комиловнинг қўпол хатолари туфайли мағлубият кузатилган. Ўша пайтда нималарни ҳис қилгансиз?

- Учрашув биз учун ёмон бошланмаганди. Акром ҳам, мен ҳам, бутун жамоа ўзига ишонаётганди. Комиловнинг хатосидан сўнг унга эътибор қилмадик, иккинчи тайм бошида мен ҳам қўпол хатога йўл қўйдим...Учрашув пайтида хатони тезда унутиш керак. Иккаламиз шокда эдик. Йигитлар ҳам, мураббийлар ҳам бизни қўллаб қувватлашди.

- Мана шундай хатолар, мағлубиятлар ёки жароҳат олганингизда “бўлди футболдан тўйдим”, “бошқа футбол ўйнамайман”, “етар бас, кетаман” деган фикрлар туғилганми?

- Йўқ, ҳеч қачон бундай бўлмаган. Ўзим танлаган касбим, келажакда ҳам бундай бўлмайди деб ўйлайман. Инсон ўзи ёқтирган ишини ситқидилдан қилади. Ўзим севган касбдан ҳеч қачон тўймасам керак.

- Футболни йўқ деб ҳисоблаймиз. Сиз қайси касбни эгаллаган бўлар эдингиз?

- Тўғриси бу ҳақда ҳеч ўйлаб кўрмаганман. Агар сиз этгандек футбол бўлмаганида бир яхшироқ ўқишга киришга ҳаракат қилардим. Қандайдир касбни танлашдан олдин институда ўқиш керак-ку.



- Яқинда сиз Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтига ҳужжат топширдингиз. Ўқишга киришга қанчалик ишонаяпсиз?

- Тўғри 1 август куни имтихондан ўтдик. Ўзимга ишонаман, ўқиган ва ўзим билган саволларим тушди. Жавобларни белгилаётганимда тўғри жавоб эканлигини ҳис қилиб турдим. Насиб қилса шу йил албатта талаба бўламан.

- Конфедерациялар кубогида ФИФА видеотакрорларни синовдан ўтказди. Бунга муносабатингиз қандай?

- Видеотакрорлар умуман керакмас. Бу шахсий фикрим. Чунки ўйинларни кўрдим, голни аниқлашди, пенальти белгилашда ҳакам видеотакрорларга мурожаат қилаяпти, футболчилар эса совуб қолаяпти. Футболчи сифатида бу менга ёқмади.

- Видеотакрорлар бўлса ҳакамларнинг хатолари йўқолаяптику...

- Футболчи ҳам, мураббий ҳам, ҳакам ҳам хато қилади. Хато ҳам футболнинг ажралмас қисми. Балки атайин хато қилиши мумкин, бу Ҳар бир инсоннинг виждонига ҳавола. Ишламаган одамгина хато қилмайди.

- Нега ўзбек футболчиларининг жисмоний ҳолати паст? Ўйиндан олдин футболчилар яхшилаб ухлаб олишадими?

- Жисмоний ҳолат паст деб ўйламайман. Қишда ва ёзда жисмоний ҳолатни яхшилаш учун йиғинларда машғулотлар ўтказилади. Биринчи даврада "Бунёдкор"да иккинчи тайм охирида ҳам футболчилар чарчаб қолишмади. Бошқа клубларни билмайман, аммо бизда шундай бўлди. Европадаги футболчиларнинг жисмоний ҳолати биздан у даражада юқори эмас. Агар бизнинг футболчилар Россия ёки бошқа давлатга борса клубга қўшилиб кетиши қийин бўлади холос. Агар қўшилиб кетса ўша ердаги футболчилар билан бирга, тенгма-тенг ўйнай олади. 30-40 фоиз футболчиларимиз Россияда ўйнаб кета олади, фақат мураббийлар ишонч билдиришса бўлгани.

- Келишилган ўйинларга таъриф беринг...

- Келишилган ўйин Ўзбекистон футболига, ёшларга, ЎФФга зарар деб ўйлайман. Айтайлик тажрибали футболчи унга келаётган тўпни атайлаб ўтказиб юборса  жамоадаги қолган ёшларда футболга қизиқиш тушиб кетади. Футболчилар совуб қолишади. Ҳозир бизда келишилган ўйинлар борми ёки йўқми билмайман, агар бўлса уни йўқотиш шарт.

- Сергей Лушан ҳақида нима дея оласиз?

- Сергей Лушан яхши инсон, яхши мураббий... Балки у клубда яхши натижа қайд этмаган бўлиши мумкин, аммо ёмон натижа ҳам қайд этмади. Агар шу инсон бўлмаганида Достон Ҳамдамов, Элдор Шомуродов, Акром Комилов, Отабек Шукуров ва Рустам Ашурматовни ҳозир ҳеч ким танимаган бўларди. Катта эҳтимол билан юқоридаги футболчилар энди-энди олий лигада майдонга тушишни бошлаётган бўлардилар. Элдор ва Отабек “Машъал”да ўйнаб юрган бўлишармиди. Шу боис Сергей Ивановичга қанча раҳмат айтсак ҳам кам.

- “Бунёдкор”да қанча маош оласиз?

- Маошни аниқ айта олмайман. Лекин жамоадошларимдан кўра камроқ пул оламан. Сабаби клуб билан профессионал шартномани ёшлар жамоасида ўйнаб юрганимда тузганман. Ўшандаги маошим ўзгармади, сабаби шартномам ўзгармади. Яқин орада янги шартнома борасида музокара ўтказамиз.

- Рустамжон Ашурматовнинг ёқтирган қизи борми?

- Менимча ҳар бир йигит киши ёшлигида қизлар билан гаплашган, гаплашади... Футболчиларда ҳам шундай. Лекин ҳозирча уйланиш режамда йўқ.

- Агар учрашиб қолсангиз Серхио Рамосдан нима сўраган бўлардингиз?

- Футбол ўйнашдан мақсадингиз нима деб сўраган бўлардим. Нимагаки бизда футбол ўйнашдан мақсад биринчи навбатда пул топиш. Балки уларда ҳам шундайдир, балки бошқачадир. Шуни билишни истардим. Мен учун ҳам биринчи ўринда пул топшими? Бундан олдин маошим камлигини айтдимку (кулади). Тўғри ҳар бир футболчи яхши маош олишни истайди, аммо ҳеч бир футболчи майдонга тушиб ҳаёлида пул санамайди.

- Миржалол Қосимовга таъриф беринг...

- Миржалол Қўшоқович билан яқинда бирга ишлашни бошладик. Ўз ишининг устаси. Футболчи бўлганликлари учун исталган саволга жавоб олиш мумкин. Кучли мураббий.

- Истайсизми йўқми Миржамол Қосимов фақат дадаси бош мураббий бўлгани учун асосий таркибда майдонга тушаяпти дейдиганлар ҳам топилади. Сизнинг бунга муносабатингиз қандай?

- Балки шундай дейишар. Сергей Лушан пайтида ҳам Миржамол майдонга тушиб турарди. Дадаси бош мураббий бўлгани учун Миржамолга икки хисса босим тушади. Ишонинг у биздан ҳам кўпроқ машқ қилади. Яъни мухлислар “дадаси туфайли ўйнаяпти” демасликлари ва ўзининг кучли футболчи эканлигини исботлашга уринади.


- Самвел Бабаян билан озгина бўлса ҳам ишладингиз. У қандай мураббий?
- Кучли руҳшунос. Буни менимча барча футболчилар айтган. Ҳар бир ўйинга футболчиларни руҳан тайёр қилиб туширади. Хориж жамоаларидан ўзи учун керакли нарсаларни олади ва ўйинлардан олдин намуна сифатида кўрсатади. Ҳар бир рақибга қарши ўйинга жуда жиддий тайёргарлик кўрилади. Мухлислар Лобанов, Андреев, Сергеевни “Бабаяннинг ўғли” деб айтишлари мумкин. Лекин футболчиларда нима айб? Ҳар қандай футболчи терма жамоага чақирув олса хурсанд бўлади  ва майдонга тушиб ўзининг борини бериб ўйнайди.

- Хитой ва Жанубий Корея билан ўйинлардан олдин имкониятимиз қандай? Жаҳон чемпионатига чиқамизми?

- Бунга 100 фоиз ишонаман. Чунки озгина бўлса ҳам жамоада бўлдим, йигитлар бўлажак ўйинларга ўзларини 100 фоиз эмас, 1000 фоиз тайёрлашади. Хитойни бир неча бор ютганмиз, сафарда бўлса ҳам ғалаба қозонишимизга ишонаман. Тўғри Жанубий Корея кучли. Жамоадаги барча футболчилар Европада ўйнайди. Уларни фақат иштиёқ туфайли ютишимиз мумкин. Ҳозир тактика ҳам бошқаси ҳам керак эмас. Ўша Гвардиола, ўша Моуриньони олиб келсангиз ҳам терма жамоага ёрдам бера олмайди. Барчаси футболчиларнинг ўзига боғлиқ. Шахсий фикрим 90 дақиқа ҳимояга ётиб олсак ҳеч нима қила олмаймиз. Корея бундай ҳолатда барибир гол уриб кетади. Шу боис ақл ўргатиш эмаску тенгма-тенг ҳужумкор ўйин бўлиши керак деб ўйлайман. Бу футболчи Рустам Ашурматовнинг фикри холос.

- Инглиз тилини ўрганаётганингизни биламиз...

- Тўғриси ҳозирча бу жараён тўхтаб қолган. Ўқитувчи билан ҳам гаплашиб қўйдим. Яқин кунларда тил ўрганишни давом эттираман. Хорижда ўйнашга тайёргарлик сифатида инглиз тилини ўрганаяпман. Агар чет элга бормасам ҳам ўзим учун қўшимча тил билиш ортиқчалик қилмайди.  

- Мухлисларга тилакларингиз.

- Мухлислар терма жамоани етарлича танқид қилишди. Барча танқид қилиб бўлди, барча айтадиган гаплар айтиб бўлинди. Ёмонни ёмон деяверсангиз яхши бўлиб қолмайдику тўғрими, шундай экан келинг терма жамоани қўллаб-қувватлайлик. Насиб қилса ўша Жаҳон чемпионатига ҳам чиқамиз. Барча мухлислар соғ бўлишларини тилаб қоламан.

Нарзулла Сайдуллаев


ВИДЕО. Рустам Ашурматов: "Жаҳон чемпионатига чиқишимизга 100 фоиз ишонаман"

Муаллиф : Narzulla Saydullayev
Рейтинг: +2   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика