UZ

Сўнгги янгиликлар

00:00ЦСКА "Зенит"га қарши пенальтилар сериясида ғалаба қозониб, Россия кубоги суперфиналига йўл олди! Файзуллаев захирадан майдонга тушди  8 23:56Ла Лига. "Реал Мадрид" – "Мальорка". Таркиблар аниқ!  2 23:55Сервер Жепаров Халқаро футбол ассоциациялари кенгашининг футбол бўйича маслаҳат гуруҳи аъзолигига қабул қилинди  0 23:25Флориан Виртцга Англиядан яна бир харидор пайдо бўлди  0 22:55Браим Диас жароҳати сабаб Ла Лигадаги кейинги ўйинни ўтказиб юборади  0 22:31Родриго: "Уйдирма тарқатишни бас қилинг"  6 22:01"Челси" Энцо Маресканинг келажаги бўйича бир қарорга келди  2 21:29Флик: "Анчелотти – ҳақиқий жентелмен"  23 21:10Ўзбекистон кубоги. "Нефтчи" ва "Навбаҳор" ўз ўйинларида ғалаба қозониб, плей-офф босқичига йўл олишди  10 20:36Асрор Алиқулов: "Кубок учрашувига U-21 жамоасидан кўпроқ футболчи жалб қилдик. Лекин..."  0 20:17Мирко Еличич: "Суперлиганинг баъзи жамоалари кўрсатаётган футбол сифатидан қониқмаяпман"  1 19:54"Реал" базасининг 85 гектар ерида янги шаҳар қурилади  9 19:24"Реал" "Милан" футболчисини сотиб олмоқчи  3 19:00Ўзбекистон Кубоги. "Машъал" иродали ғалабага эришди, "Шўртан" йирик ғалабани тантана қилди  4 18:06Францияда ПСЖ стадионининг VIP ложаларига кириш рухсатномасини ноқонуний сотишда гумонланиб, 5 киши қўлга олинди. Рухсатномлар нархи 1500 еврогача етган  1

ЎзПФЛ – қаҳрамон. Эътибордан четда қолган таклиф ва Туркия йиғинлари ҳақида (Бекзод Толибов блоги) Янгиликлар

ЎзПФЛ – қаҳрамон. Эътибордан четда қолган таклиф ва Туркия йиғинлари ҳақида (Бекзод Толибов блоги)

ЎзПФЛ ортда қолган мавсумда битта эмас, бир нечта турли мусобақаларни муваффақиятли ўтказди.

Суперлига, Про лига, Биринчи лига, U-21, U-19 чемпионатлари, футзал, аёллар футболи ва Students Cup мусобақаси. Буларнинг барчаси алоҳида чемпионат сифатида бутун бошли мавсумни қамраб олганини ҳисобга олсак, ташкилотчиларни қайсидир маънода ҳеч бир муболағасиз қаҳрамон деб айтиш мумкин. Бу гапларни сайтда ёзилишидан аввалроқ ўрни келиб қолганида уларнинг ўзларига ҳам айтдим. Шарҳловчи Дилшодбек Тўхтабеков таъбири билан айтганда, келинг, тан олайлик, ҳозир ЎзПФЛ яхши эмас, анча яхши ишлаяпти.

Балки кимнингдир ёдида бордир, ўтган мавсумнинг худди шу вақтида ЎзПФЛ Кубоги мусобақасини қайта тиклаш таклифини ўртага ташлагандим. Эътибордан четда қолдими, ёки эндигина якунланаётган пандемия хавфи туфайлими, бу таклиф шунчаки сайтнинг ўзида қолиб кетди. Ҳар ҳолда ташкилотчилар томонидан ушбу мусобақани қайта тиклаш борасидаги бирон ҳаракатни кўрмадим. Ҳозир бу қанчалик ўринли ёки ўринсиз экани ҳақидаги "доно фикрлар"ни четга суриб қўйган холда, яна бир бор ЎзПФЛ Кубоги мусобақасини тиклаш бўйича таклифни қайтадан ўртага ташламоқчиман.



Хўш, ўзи ЎзПФЛ Кубоги биз учун нимага керак? Миллий чемпионатларимизда қишки танаффус юзага келган вақтда футбол клублари мавсумолди тайёргарлик учун спарринг рақиб излай бошлашади. Бюджети яхшироқ клублар хориж йиғини ташкил этади. Масалан, бизникилар Туркияга боради. Ушбу давлатда "Antalya Cup” каби мусобақалар ташкил этилади, бу турнирларда кўпроқ йиғин ўтказиш мақсадида ташқаридан келган футбол клублари қатнашишади. Янги муҳит ва янгича услубдаги жамоалар билан ўйинда мураббийлар турли тактик услубларни синовдан ўтказиб оладилар. Бундан ташқари, айнан шундай йиғинларда таркибга келиб қўшилган футболчиларнинг имкониятларига баҳо беришга имкон туғилади. Бу яхши, албатта. Янада яхшилиги шундаки, Туркия йиғинида Европа клублари билан ҳам назорат учрашуви ўтказиш имконияти пайдо бўлади.

Энди сиз ва биз бюджети камроқ клублар ҳақида ҳам ўйлаб кўришимиз керак. Хориж йиғини ташкил этишни шароити кўтармайди, спарринг рақиб излаб келган жойи доимгидек Тошкент бўлади. Футбол клубларининг ўзлари ҳам яхши биладики, масалан, "Шўртан" ҳар ҳафта "Машъал" билан ўртоқлик ўйини ўтказавериши бу икки жамоанинг ўсишига хизмат қилмайди. Мавсумолди тайёргарлик учун янги, нотаниш жамоалар билан назорат учрашувини ўтказиш зарур. Водий ва воҳа ўртасидаги масофа яқин эмаслигини ҳисобга олсак, бизга бу вақтда уларни нейтрал худудда жамлаш учун Тошкентда норасмий бўлса-да, битта яхши мусобақа керак. Тушуниб турибман, ЎзПФЛ вакиллари осон бўлмаган оғир мавсум ўтказишди. Улар ҳам инсон сифатида ҳордиқ чиқаришга ҳақли. Аммо яна бир бор ғайрат қилиб, ЎзПФЛ Кубоги мусобақасини қайта тиклаб беришса, бюджети камроқ бўлган клублар учун айни муддао бўларди. Бу мусобақа аслида хориж йиғини ташкил этадиган клублар учун ҳам фойдадан холи бўлмайди. Масалан, "Навбаҳор"нинг асосий жамоаси Туркияга кетса, янги мавсумдан Про лигада ўйнайдиган фарм клуби бемалол ушбу турнирда қатнашса бўлаверади.



Мусобақа формати ҳақида вақтингизни олиб жуда батафсил ёзиб ўтирмайман, чунки ташкилотчиларда бу борадаги тажриба етарлича. Қисқача айтганда, иштирокчи жамоалар сонига қараб гуруҳлар шакллантирилади. Дастлаб гуруҳ босқичи ўйинлари ташкил этилади ва биринчи, иккинчи ўринни қўлга киритган жамоалар плей-офф босқичига йўл олади. Давомийликда чорак финал, ярим финал ва энг охирида финал ўйини. Ҳар қандай мусобақанинг ҳам финали ўз-ўзидан катта атмосферага эга бўлиб кетаверади. Трансляция масаласи ҳам ҳозирги кунда муаммо эмас, ёритиш барча учун мумкин эканлиги маълум қилинса бўлди, ўз-ўзидан саҳифасида обуначиларни кўпайтириш мақсадида юрган блогеру-журналистлар ҳар бир ўйинни турли тармоқларда жонли эфирга олиб чиқаверишади. Шу жойида кичкинагина тушунтириш: тасаввур қилинг, гап расмий турнир ҳақида кетмаяпти. Бу ўринда бюджети камроқ клубларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этиладиган мавсумолди норасмий мусобақа таклифи бериляпти.

Кўриб кузатиб бораман, Тошкент йиғинига қўшни давлатлардан футбол клублари ҳам келиб туришади. Мусобақа ташкилотчилари имкониятдан келиб чиқиб шу каби хориж клубларни ҳам жалб этиши мумкин, бу албатта турнир даражасини янада ортишига хизмат қилади.

Бекзод Толибов

Рейтинг: +3   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика