Ўзгарган "Машъал" ёхуд Муборак сафари таассуротлари
01 дек 2018 11:34
Янгиликлар
Ўзгарган "Машъал" ёхуд Муборак сафари таассуротлари
Ҳозир Суперлигада бирорта клуб йўқки таркибида "Машъал" академияси тарбияланувчиси ўйнамаётган бўлса. Ўз вақтида бу клубда беш йил фаолият олиб боргандим: 2009 йилдан 2014 йилгача. Бу вақт оралиғида "Машъал"га бир нечта мураббий ва кўп футболчилар келиб кетди. Лекин ҳали ҳеч ким "Машъал"дан норизо бўлиб кетган эмас. Ҳар ҳолда мен қайсидир футболчининг "Машъал" яхши жамоа эмас, эътибор бермас экан деган гапларини эшитмаганман.
Мени бу клубга Баҳром Давлатов таклиф қилганди. Ўшанда академия аллақачон ишга тушган, бир қанча болалар шу ерда ётиб таҳсил олишарди. Ўша пайтлари Отабек Шукуров, Элдор Шомуродов каби бугунги кунда миллий терма жамоамизда тўп тепаётган футболчилар ёш болакайлар эди. Бу ёшдаги болаларга Дилшод Андаев мураббийлик қиларди. Дилшод ака ҳозир ҳам "Машъал"да фаолият олиб боряпти.
Мубораккака биринчи борганимдаёқ клуб асосий эътиборни ўз академиясига қаратишини сезганман. Айниқса, клубнинг ўша пайтдаги вице-президенти Баҳром Давлатов болаларга нисбатан ўта талабчан бўлиб, академияни ҳеч қачон ўз йўлига ташлаб қўймаган. Доим мураббийлар билан гаплашиб уларга тегишли кўрсатмалар берар, болаларнинг машғулот ва ўйинларини ўтказиб юбормасди. Баҳром Давлатов кейинчалик марҳум вилоят ҳокими Нуриддин Зайниевнинг топшириғига кўра "Насаф"га йўл олди. Чунки "Насаф"ни ҳам кўтармаса бўлмасди.
Орада бир йил "Машъал"ни Абдужалил Аралов бошқарди. Кейин эса ёшларга йўл очилди ва бунгача клуб тизимида ишлаб келган Илҳом Қурбонов бош директор этиб тайинланди. Илҳом Қурбонов ёш раҳбарлардан бири бўлишига қарамай, ишни жуда пухта ва пишиқ олиб боришга ҳаракат қилади. Аммо "Машъал"нинг "Машъал" бўлишида яна бир инсон қўшган хизматларни асло унутиб бўлмайди. Бу - клуб президенти Шермат Жўрақулович Шамсиев.
Бугунги кунда "Муборакнефтегаз" заводи директори сифатида фаолият кўрсатаётган бу инсон ниҳоятда олийжаноб ва футболни қаттиқ севадиган кишилардан бири. Албатта, баъзан иш билан бўлиб стадионга кела олмаслиги мумкин, лекин бўш вақт бўлди дегунча "Машъал"нинг бирорта уй учрашувини ўтказиб юбормайди. Айнан Шермат Жўрақуловичнинг саъй-ҳаракати туфайли клуб академияси тўлиқ таъмирдан чиқарилди. Болалар учун замонавий ётоқхона, ошхона ва футбол майдонлари қуриб фойдаланишга топширилди. Энди шу яқин бир ой ичида янги академиянинг расман очилиш маросимини ўтказиш режалаштирилмоқда.
Тўғри, ҳозир академия сўзи бироз мавзудан чиққан, биз кўпроқ болалар ва ўсмирлар футбол мактаби дейишга ўтдик. "Машъал"да ҳозир БЎФМ деб юритилади, бироқ шунча ишлаб академия дейишга ўрганиб қолар экансан. Ҳақиқатан ҳам "Машъал"нинг ўз академияси бор. Ўзининг майдони, ошхонаси, ётоқхонаси, ювиниш учун шароит, ўқув хоналари, кичик кутубхонаси ва бошқа керакли жиҳозлари бўлса нега энди академия дейилмаслиги керак.
Яқинда Нодирхўжа Юлдашев иккаламиз иш юзасидан Муборакда бўлиб қайтдик. Ўзгаришлар катта. Стадион тўлиқ таъмирдан чиқарилган. Академия янада замонавий кўринишга келтирилган. Айни пайтда "Машъал" БЎФМда катта мураббий сифатида ишлаб келаётган Дилшод Андаев клуб тарбияланувчилари ҳақида шундай дейди: "Қўл остимизда 2001-2011 йилларда туғилган футболчилар шуғулланиб келяпти. Асосий мақсадимиз "Машъал"нинг асосий таркиби ҳамда Ўзбекистоннинг турли ёшдаги терма жамоаларига яхши футболчиларни етказиб бериш. Бунинг учун ҳормай толмай меҳнат қилиб келяпмиз. Бизда "Машъал" юлдуз сотиб олмайди, балки юлдузларни тарбиялаб беради" деган гап аллақачон шиор даражасига чиққан".
"2001-2004 йиллар орасида ҳам мубораклик, ҳам бошқа жойдан келган футболчилар бор. 60 нафар бола шу ерда ётиб футбол билан шуғулланяпти. Машғулотлар кунига икки маҳалдан ўтказиляпти. 2004 йилдан то 2011 йилгача болалар сони 250 нафарни ташкил этади. Болалар кўплигидан биз уларни А, B, C шаклида учта гуруҳга бўлганмиз. Ҳозирча болалар билан ишлаётган мураббийлар сони камроқ: еттита мураббий ишлаяпти. Шу кунларда дарвозабонлар бўйича, шунингдек жисмоний тайёргарлик бўйича алоҳида мураббий ишга таклиф қилмоқчимиз. Умуман олганда бизга яна беш нафар мураббий керак".
"Машъал"дан кетиб Тошкентда тўлиқ ишлай бошлаганимдан сўнг у ерда бироз муддат Ҳумоюн Довуров матбуот котиби бўлиб ишлади. Ундан кейин Бунёд Андаев матбуот хизмати бўлимини қўлга олди ва ҳозиргача яхши ишлаб келмоқда. Эсимда, Бунёд бир гал менга қўнғироқ қилиб, ака "Машъал"га битта яхши шиор топишимиз керак, нима маслаҳат берасиз деганди. Ўшанда хаёлимга келган илк фикр шу бўлганди: "Машъал - ўзбек футболида ёрқин аланга!" Буни қарангки, бирданига хаёлга келган гап клуб шиорига айланди ва бундан ўзим ҳам жуда хурсандман.
Чиндан ҳам машъал - бу машъала, русчасига айтганда факел, яъни чироқ, аланга дегани. Клуб номи бежизга "Машъал" қўйилмаган. Клуб бош ҳомийси газни қайта ишлаб чиқариш заводи бўлгани учун ҳам шундай ном берилган. Муборак Қарши билан Бухоронинг ўртасида жойлашган. Энди чўлга ўхшаган бир жойда футбол ташкил қилишнинг ўзи бўладими. Аммо ўтган йил "Машъал"ни "синдиришди". Буни олдин ҳам айтганман, ҳозир ҳам айтаман. Жамоа олий лигада 7-ўринни олган бўлишига қарамай, ноҳақларча биринчи лигага тушириб юборилди. Спорт тамойиллари билан ҳеч ким ҳисоблашиб ўтирмади. Суперлигада жамоалар сони 12та бўлади дейилганидан кейин кимнидир "йўқотиш" зарур бўлиб қолди. Бечора "Машъал" эса "қурбонлик" вазифасини ўтаб берди. Агар имконият берилганида шу жамоа ҳартугул "Нефтчи"дан яхши қатнашмасмиди.
Мана ҳозир "Машъал" яна Суперлигага қайтишга ҳозирлик кўрмоқда. Бунинг учун 3 декабрь куни ўтиш ўйинида "Сўғдиёна"га қарши майдонга тушади. Ўтиш ўйини битта учрашувдан иборат, ким ютса келаси йил Суперлигада ўйнайди. Энди "Машъал" плей-офф босқичидан ўта оладими-йўқми, бир нарса дейиш қийин. Лекин ПФЛ доим бонг уриб гапириб келаётган лицензиялаш талабларига "Машъал" кўп томонлама мос келади. Ўзининг стадиони, академияси, автобуси, базаси, мураббийлари, ишчилари бўлса. Қанча одам "Машъал"нинг орқасидан оила боқяпти. Мана шуларнинг ўзи лицензия шартлари бажарилаётганидан дарак эмасми? Лицензия бу нима? Лицензия бу аввало одамларга шароит яратиб бериш дегани. Балки "Машъал" Муборакда 200-300 кишини боқаётгандир, ахир у ерда футболдан бошқа яна нима бор?
Ўтган йил ҳам кўп гапирилди: лекин реал олиб қарасак ҳозир қайси клубда академия бор? Фақат "Бунёдкор" билан "Насаф"дами? Бошқа жамоаларда шунчаки мактаб: болалар машғулот ўтказиб яна уйга қайтиб кетишади. Қани қайси жамоанинг тарбияланувчиси клуб академиясида (агар бор бўлса!) ётиб қоляпти. Қайси клуб ўз футболчисини ўрта мактабда ўқитяпти. Фақат ота-оналар югуряпти, холос. Клуб эса болани футбол билан шуғуллантириш кафиллигини олган. Суперлигада қайси клуб ўз тарбияланувчиларига уч маҳал иссиқ овқат, ётиш учун шароит қилиб беряпти? Лицензиялаш ҳақида бонг ураётган ПФЛ мана шу саволларга конкрет жавоб бера оладими?
Мен "Машъал"да ишлаганим учун ҳам у ердаги шарт-шароитни жуда яхши биламан. Муборакда ҳар йили тақвим чиқишини орзиқиб кутишади. Қачон "Пахтакор", "Бунёдкор", "Локомотив", "Насаф" каби жамоалар келаркин дея одамлар кун санаб ўтиради. Чунки улар кучли жамоаларни фақат "Машъал" билан ўзаро ўйинларда кўради. Нега энди бир оғиз гап билан битта туман катта футболдан маҳрум қилиниши керак? Боз устига ҳамма шароитга эга жамоа бўлса. Давлатимиз раҳбари доим айтяпти: энг устувор вазифамиз одамларни иш билан таъминлаш. Футболда қачон одамлар иш билан таъминланади? Қачонки клуб Суперлигада ўйнаса.
Чунки Суперлига жамоасида асосий таркиб, ўринбосарлар таркиби, болалар футболи, U-18 жамоаси, футзал ва аёллар жамоалари бўлади. Бу дегани клуб нечта одамни боқади? Бундан ташқари, клубга янги ходимлар олинади, стадион ишчилари сони ортади, ошпаз, ҳайдовчи, боғбон, майсага қаровчи, чилангар, дурадгор ва бошқаларга иш берилади. Ахир иш билан таъминлаш шу эмасми? Суперлигада қатнашганидан кейин клубнинг йиллик бюджети ҳам шунга яраша бўлади. Про лигада ўйнаб ким шунча одамга иш беряпти? Про лигада "Машъал"га нисбатан ишчиларм сони кўп бўлган клуб борми? Масалан, мен кўрмадим. Про лигадаги ўртамиёна бюджет билан клуб футболчиларига ойлик берсинми ё ишчиларни боқсинми. Демак, масаланинг бу томонларига ҳам эътибор қаратиш керак.
Тўғри, "Машъал" шу пайтгача чемпион бўлмаган, Кубокни ҳам ютмаган, аммо ҳар доим яхши футболчиларни тарбиялаб келган. "Машъал" аввало ўз академияси билан донг таратган. Ҳамма "Машъал"ни академияси борлиги учун ҳурмат қилади. Четда ўйнаётган легионерлардан Шомуродов ("Ростов"), Шукуров ("Шаржа") ва Фозил Мусаев ("Жубило Ивата") кабиларнинг шу даражага чиқишида "Машъал"нинг хизматлари катта. Уларни ўзбек халқига айнан "Машъал" танитган десак муболаға бўлмайди.
Х.Холиқов, Тошкент - Муборак - Тошкент.
Фикрлар