Мутолаа учун. Жанжаллар, омадсизлик ва аҳмоқлик: Обамеянг қандай қилиб боши берк кўчага тушиб қолди?
30 янв 2023 14:10
Янгиликлар
Мутолаа учун. Жанжаллар, омадсизлик ва аҳмоқлик: Обамеянг қандай қилиб боши берк кўчага тушиб қолди?
Пьер-Эмерик фаолияти давомида кўплаб клубларда ўйнашга улгурди. Унинг Европадаги йўли Франциянинг ёшлар жамоаларидан бошланди, ростакамига эса Дортмунднинг "Боруссия"си таркибида танилди. Ҳужумчи немис клубида 5 йилни ўтказди. У "арилар" сафида 215та ўйинда майдонга тушиб, 141та гол ва 36та ассист қайд этди. Бу марказий ҳужумчилар учун яхши кўрсаткич.
Эҳтимол Обамеянг "Боруссия"да кўпроқ ўйнаши мумкин эди, аммо габонликнинг немис клубидаги фаолиятини жанжаллар барбод қилди. Футболчини бир неча бор интизом билан боғлиқ сабабларга кўра жамоа билан машғулотлардан четлатишди. Ҳужумчи якунда "арилар" сафидан кетиш хоҳишини очиқчасига баён қилди. "Боруссия"нинг ўша пайтдаги спорт директори Михаэль Цорк бунга жавобан оммавий равишда ўйинчини танқид қилди. Клуб унинг номақбул ҳатти-ҳаракатларига тоқат қила олмаслигини билдирди.
Обамеянгнинг "Боруссия"даги тарихи жанжаллар ва "Арсенал"га кетиш билан якунланди. Томонлар шунчалик бир-бирларининг жонларига тегишдики, мавсум ўртасида йўллар айрилди. Дортмундликлар футболчини 2018 йилнинг январида "канонирлар"га 63 миллион еврога сотишди. Форвард яхши формада бўлгани сабаб немислар унинг сотувидан яхши пул ишлаб олишди. Бу АПЛ тарихидаги қишки энг қиммат бешинчи трансфердир. "Тўпчилар"ни ҳужумчи "Боруссия"дан қандай кетгани ўйлантирмади. Улар клуб тарихидаги энг қиммат трансферлардан бирини амалга оширишга қўрқишмади.
Обамеянг тезда "Арсенал"га мослашиб кетди. Габонлик Премьер-лигага илк келганиданоқ ярим мавсумдаги 13та ўйинда 10та тўп киритди. Форвард кейинги икки мавсум "канонирлар"нинг энг яхши тўпурари бўлган ҳолда, 22тадан гол урди. 2020/21 йилги мавсум ҳужумчининг самарадорлиги сезиларли равишда пасайди. У бутун мавсум давомида АПЛда фақатгина 10та тўп киритди ва жамоанинг энг яхши тўпурари мақомини Александр Ляказеттга бериб қўйди. Ўйиндаги муаммолардан сўнг футболчининг клубдаги ўрни ёмонлаша бошлади.
Обамеянг 2020 йилнинг сентябрида "тўпчилар" билан шартномасини узайтирди. "Арсенал" бош мураббийи Микель Артета габонликни қолишга ва жамоанинг етакчиси бўлишга кўндирди. Аммо, мутахассис 2021 йилнинг декабрида форварддан сардорлик боғичини олиб қўйди. Ҳужумчи белгиланган муддатда клуб ихтиёрида бўлмади. Аслида, футболчи кўп ҳам кеч қолмаганди, аммо Артета барибир интизомий чоралар қўллашга қарор қилди ва уни "Саутгемптон"га қарши ўйин учун қайдномага киритмади. Бу эса ўйинчига ёқмади. Ўшандан буён у ва мураббий ўртасидаги муносабатлар ёмонлашаверди.
Келишмовчилик йўқ жойдан чиқди, аммо Артета жамоада барча тенг эканлигини кўрсатиш учун принципларига кўра иш тутди. Обамеянг эса жамоа олдида айбини тан олган ҳолда, узр сўрамади. Шу билан барчаси якунланди. Форвард 2022 йилнинг январида "Арсенал"ни эркин агент мақомида тарк этди. Бундан ташқари, "канонирлар" шартнома эрта бекор қилингани сабаб яна 7 млн фунт ҳам тўлашди. Ҳужумчи яна жанжал марказида бўлди ва яна бир клубни мавсум ўртасида тарк этди.
Эркин агентларга эътибор қаратаётган "Барселона" Обамеянгга эътибор бермай қола олмасди. Габонлик интизом борасидаги барча муаммолар билан ҳам юқори даражали ўйинчи бўлиб қолганди. Форвард 2022 йилнинг январида расман Каталония клубига ўтди ва бирдан ишга киришди. Ҳужумчи "Валенсия"га қарши ўйинда илк бор асосий таркибда майдонга тушди ва хет-трик қайд этди. Футболчи шунингдек ўзининг илк ва ягона Эл-класикосида 2та гол урди. Обамеянг 2021/22 йилги мавсум Ла лигада жами 17та ўйинда майдонга тушиб, 11та гол урди ва "кўк-анорранглилар"нинг иккинчи энг яхши тўпурари бўлди.
Габонликнинг "Барселона"да бўлиши самарали, аммо узоқ бўлмади. Каталонияликлар ўтган ёзда "Бавария"дан Роберт Левандовски билан шартнома имзолашди. Обамеянг клуб кимни биринчи ўринга қўйишини тушунди ва захира ўйинчиси бўлишни хоҳламади. Ва "Челси" пайдо бўлди. "Кўклар"нинг ўша пайтдаги устози Томас Тухель "Боруссия"да ишлаган футболчини ўз сафига қўшиб олишга қарор қилди. Ҳужумчи Лондонга қайтишга қарор қилди. Форвард олдида яхши имкониятлар очилди, сабаби у немис қўл остида эҳтимол фаолиятидаги энг яхши даврини ўтказгандир.
Обамеянгга омад умуман кулиб боқмади – "Челси"га ўтганидан сўнг Тухелни бир ҳафтадан сўнг истеъфога чиқаришди. "Кўклар"нинг ҳозирги мураббийи Грэм Поттер габонликка қандайдир дақиқаларни бермоқда, аммо унга узоқ муддатли келажакда ишонч билдирмаяпти. Лондонликлар ёш ўйинчиларга эътибор қаратилган янги лойиҳа қуришга киришишди. 33 ёшли ҳужумчи "аристократлар"нинг концепциясига тўғри келмаслигидан ташқари, ёмон формада бўлиб турибди. Форвард жорий мавсум АПЛ доирасидаги 11та ўйинда фақатгина 1та гол урди.
Олдинроқ, Обамеянгнинг "Барселона"га қайтиш хоҳиши ҳақида хабарлар янгради, аммо бу каталонияликлар хоҳлаган тақдирда ҳам, амалга ошириб бўлмайдиган иш. Ла Лига қоидаларига кўра, клублар мавсум давомида бир ўйинчини икки бор рўйхатдан ўтказишлари мумкин эмас. Шундай қилиб, юлдуз форвард боши берк кўчага тушиб қолди. У ҳозирда "Арсенал" билан Англияда, ёки "Барселона" билан Испанияда чемпионлик учун курашиши мумкин эди. Аммо, каталонияликлар сафида ўйнаган тақдирда, сезиларли равишда ўйин амалиёти қисқаришига рози бўлиши керак эди. Обамеянг эса бунинг ўрнига ҳеч бўлмаса ўйиннинг сўнгги 15 дақиқасида майдонга тушиш учун курашмоқда.
Footballhd.ru сайтидан Алишер Остонов таржимаси
Фикрлар