Максим Шацких: "Насаф"дан ҳеч қачон қўрқмаганмиз, бундан кейин ҳам қўрқмаймиз"
24 май 2023 23:21
Янгиликлар
Максим Шацких: "Насаф"дан ҳеч қачон қўрқмаганмиз, бундан кейин ҳам қўрқмаймиз"
- Ўйин ҳақида
- Хайрли кеч. Ўйиндан олдин нима бўлиши деярли аниқ эди. Бундай ўйинларда жамоани руҳлантириш қийин. Бугун ротация қила олмадик, чунки бошқа ҳеч ким йўқ. Умуман олганда, ўйин амалиёти бизга зарур. Ўйинчилар бўлганда ҳам асосий таркиб майдонга тушарди.
- Ўзбекистон кубоги форматига қандай қарайсиз. Айтиб ўтканингиздек, футболчиларни гуруҳ босқичи ўйинларига руҳлантириш қийин кечади...
- Биз исталган форматни қабул қиламиз. Мусобақа ташкилотчилари футбол қамровини кенгайтиришга ҳаракат қилаётганликларини тушуниб турибмиз. "Дўстлик", "Арал" каби жамоалар билан чемпионатда учрашишимиз қийин бўлади. Ҳаммасини тўғри қабул қиламиз. Кейинги йил балки бошқача формат бўлар. Биз эса ўйнашда давом этамиз. Бу нарсани ҳал қиладиган инсонлар бор.
- Фикрингизча, жамоа қачон уйғонди. Ўтказиб юборилган гол бекор қилинганидан сўнгми ёки урилмаган иккинчи пенальтидан кейинми?
- Жамоа барибир ич ичидан рақиб жамоа даражасини ҳис қилиб турганди. Бу футболчи психологияси – майдонга рақибдан бир неча бош устун эканлигингни ва бу ўйинни ютишинг аниқ эканини билиб чиқиш. Мураббий нима демасин, футболчилар ўйинларга тушишдан олдин кимга қарши ўйнаётганликларини яхши билишади.
- Сиз кўпинча футболчиларни чақириб янгича форматлар ёки шунга ўхшаш нарсаларни тушунтирдингиз. Шунга изоҳ берсангиз...
- Бизда бугун захирада ўйинчи кам эди. Майдонда ҳам ёш футболчилар ҳаракат қилишаётганди. Йигитларга уларга нисбатан эҳтиёткорроқ бўлиб ўйнашни уқтирдим. Бугун бизда бир неча ёш футболчилар дебют қилишди. Шу ўйинчиларни ҳам ҳар хил вазиятларда ўзларини қандай тутишларини синаб олдик.
- Умуман олганда, улар яхши ҳаракат қилишдими?
- Ёмон эмас. Кирилл гол урди. У жарима майдончасига қандай қилиб югуриб борганини тушунолмай қолдим. Қойил қилиш керак. Ғалаба қозонди ва гол урди. Умуман олганда, улар яхши ҳаракат қилишди.
- Суперлигадаги "Насаф"га қарши ўйиннинг қолдирилишига кўпчилик турлича фикр билдирди. Кимлардир "Пахтакор" "Насаф"дан қўрқди, дея фикр билдирди. Бош мураббий сифатида бу қарорга келишингизга нима сабаб бўлди?
- "Пахтакор" ҳеч кимдан қўрқмайди. "Насаф" ёки бошқа жамоа – буни фарқи йўқ. Айниқса, бу чемпионат ўйини бўлса. "Насаф"дан ҳеч қачон қўрқмаганмиз, қўрқмаймиз ҳам. "Насаф"га қарши ўйиндан олдин бизда бошқа учрашув бўлди, ундан кейин эса машғулотлар. Агарда биздан кимдир жароҳат олса, яна қайтараман, бизда захира ўйинчилари йўқ. 11 ўйинчи бутун чемпионат давомида жамоани тортиб юра олмайди. Агарда кимдир жароҳат олганда ёки тоби қочганда нима бўларди. Кечирасиз, "Насаф"дан бошқа жамоа бўлганда ҳам қароримиз ўзгармасди. Ўйинни қолдириш ҳуқуқимиз бор эди ва биз қолдирдик. "Насаф" ҳам кучли ва жиддий жамоа. Жаҳон чемпионати Суперлига давом этаётган пайтда ўтказилди. Таркибимиздан тўққиз футболчи у ерда бўлса, биз нима қилайлик? U-17 жамоасидаги футболчиларни ҳам терма жамоага жўнатдик. U-19 термаси эса Жиззах ва Хоразмда учрашувлар ўтказишди. U-21 дан икки футболчи қолганди. Улар бугун асосий жамоа машғулот ўтказишди ва бугунги учрашувда майдонга тушишди. Бизда футболчилар қолмаган. Клубда умумий ҳисобда тахминан 55 нафар футболчи бор. Лекин биз 14-16 нафар футболчи билан машғулот ўтказяпмиз. Биз бу ишни "Насаф" билан ўйиндан 21 кун аввал амалга оширдик. Ҳаммаси регламент бўйича. 21 кунда нималар бўлиб кетиши мумкин. Жароҳатлар ва ҳаказо. Бунга "Насаф"нинг алоқаси йўқ, исталган жамоага қарши ушбу қарорни қабул қилардик.
Фикрлар