Жавлон Мирабдуллаев: “Металлург”га раҳмат айтаман. “Бунёдкор”да эса янада ўсишга эришишни истайман”
18 янв 2016 19:15
Янгиликлар
Жавлон Мирабдуллаев: “Металлург”га раҳмат айтаман. “Бунёдкор”да эса янада ўсишга эришишни истайман”
Ўтган мавсум бекободликлар сафида олий лигада 20та учрашув ўтказган футболчи учун “қалдирғочлар” бегона эмас. Сабаби Мирабдуллаев илгари ҳам ушбу клубнинг ёшлар жамоасида харакат қилганди. Хуллас Жавлон билан боғланиб, янги жамоасига кўчиб ўтиши ҳақида сўрадик.
- Жавлон "Металлург" дан кетишингизни қандай изоҳлайсиз?
- Биласизми собиқ жамоамга айланган “Металлург” мен учун кўприк вазифасини ўтаб берди. Негаки бекободликлар таркибида ўйнаб ўсишга эришдим. Бунинг учун ушбу клубдагилардан миннатдорман. Жамоа ривожи учун озми-кўпми ўз ҳиссамни қўшишга харакат қилдим. “Металлург” билан нима учун хайрлашганимга келадиган бўлсак, жорий йил халқаро майдонларда ўйнаш иштиёқи кучлилик қилди. Осиё чемпионлар лигаси учрашувларида иштирок этиб, футболчи сифатида янада ўсишни истайман.
- Сизга мамлакатимизнинг бир қатор жамоаларидан таклифлар бўлгани ҳақида эшитдик. Нима учун айнан “Бунёдкор” вариантида тўхталдингиз?
- Яширмайман олдимда бир қанча чорловлар турганди. “Қалдирғочлар”нинг таклифи эса мен учун ҳар томонлама қулай бўлди назаримда. Бу клуб раҳбарияти билан ўткан мавсум якунига етиши биланоқ ўзаро келишувга эришгандик. Бироқ ўшанда бу хабарни расман Осиё чемпионатидан сўнг эълон қилишни лозим топгандик. Жамоа менга бегона эмас. Клубдагилар билан доимо муносабатларимиз илиқ бўлиб келган. Насиб қилса эндиликда “Бунёдкор”га ёрдам беришга бор кучим билан харакат қиламан.
- “Бунёдкор” сиз учун бегона клуб эмас. Айтингчи энди “қалдирғочлар”нинг асосий таркибида ўйнаб кетишингизга қанчалик ишоняпсиз?
- Ҳар бир жамоада ўзига яраша рақобат бўлади. Асосий таркибда ўйнаш учун ҳар бир футболчи астойдил харакат қилиши лозим. Шундагина ўсиш кузатилади. Албатта “Бунёдкор”да ҳам юқори савиядаги ҳимоячилар бор. Мен рақобатдан сира чўчимайман. Асосий таркибда ўйнаб кетаманми йўқми, буни вақт кўрсатади. Лекин бунинг учун харакат қилишим аниқ. Агарда ўз кучимга ишонмаганимда бу клубга ўтмасдим.
- Сергей Лушан билан гаплашдизми? Унинг сизга бўлган ишончи қай даражада?
- Йўқ, ҳозирча Сергей Иванович билан учрашиб, бафуржа суҳбатлашиш имкони бўлмади. Лекин бу мутахассисни бир неча йиллардан буён биламан қандай савиядаги мураббий эканлигини. Менимча у киши ҳам мен ҳақида маълумотга эга. Рости қай даражада ишонаётгани менга ҳозирча қоронғу. Ўйлайманки бу борада муаммо бўлмайди.
Исломбек Рустамбеков суҳбатлашди.
Фикрлар