Икки футбол даҳоси тўқнашуви. Моуриньо ва Гвардиоланинг қарама- қаршиликлари
10 сен 2016 12:58
Янгиликлар
Икки футбол даҳоси тўқнашуви. Моуриньо ва Гвардиоланинг қарама- қаршиликлари
Бу баҳс нафақат икки буюк жамоаларнинг жанги, балки дунёнинг энг кучли икки нафар мураббийнининг баҳси ҳамдир. Моур ва Пеп бугун 18-мартаба тўқнаш келишади.
Муқаддима
Май, 1997 йил, салқин Роттердам кечаси. Ҳозиргина бош ҳакам Маркус Мерк хуштак чалиб учрашувни якунлади. "Барселона" ўйинчилари майдон бўйлаб ҳурсанд чопишмоқда, бир-бирларини қучоқлаб ПСЖ устидан қозонилган ғалабани нишонлашмоқда. Бу баҳсда каталонияликлар Кубок эгалари кубогини қўлга киритдилар. "Барселона" ярим ҳимоячиси Пеп Гвардиола жамоадоши бўлмиш Иван де ла Пения олдига югуриб бориб табриклайди ва яна югуришда давом этиб мураббийлар штабида турган бир кишини қучоқлайди ва бу киши барчага таниш бўлган Жозе Моуриньо бўлади. Бу вақтларда Барселона бош мураббийи Бобби Робсонинг таржимони ҳисобланарди.
Биринчи эпизод . Эвропа бўйлаб “ЭЙЯФЬЯТЛАЙОКУДЛ” вулқони
Кўпчилик Чемпионлар лигасининг 2009-2010 мавсумининг ярим финал баҳсида "Интер" – "Барселона" учрашувини эсласа керак. "Ноу Камп"да бўлиб ўтган жавоб баҳсида қанотдан етказилиб берилган тўпни Пике дарвозага аниқ йўллаб "Барса"нинг ғалабасини таъминлайди, лекин бу ғалаба "Барселона" учун етарли бўлмайди. Аммо бу баҳс ҳам бу буюк мураббийларнинг дастлабки тўқнашуви эмасди. Чунки бу жамоалар ярим финал баҳсидан аввал гуруҳ ўйинларида ҳам тўқнаш келган эдилар. "Сан Сиро"да бўлган биринчи учрашувда томонлар 0:0 ҳисобидаги дурангга имзо чекадилар. Иккинчи баҳсда эса "Ноу Камп"да бўлган учрашувда "Барселона" 2:0 ҳисобида ғалаба қозонади. Бу баҳсдан сўнг Моур шундай деган эди: "Ҳа биз бугун "Барселона"га якка курашларда ва маҳорат бобида имкониятни бой бердик. Жамоавий ўйин сифатида "Барселона" ҳозир биздан анча устун Лекин агар эртага улар билан яна тўқнаш келсак, биз унга тайёр бўламиз. Агар сиз менга "Барселона" билан ярим финалда учрашасизлар десангиз, мен буни мамнуният билан қабул қиламан". Қарангки Жозенинг орзуси амалга ошди ва "Интер" ярим финал баҳсида яна эски таниш "Барса" билан тўқнаш келди. Ярим финалнинг дастлабки учрашуви Миланда бўлиши керак эди, лекин бу вақтларда бутун Европани «Эяфиятлаёкудли»деб ном олган Исландия вулқони қамраб олганди. Юзлаб ресйлар қолдирилган, поезд қатнови ишдан чиққан. Шу сабабли "Барселона" бу баҳсга автобусда келишга мажбур бўлади.
Бу баҳс Жозенинг мураббийлик фаолиятидаги энг омадли учрашув бўлди десак адашмаймиз. Моуриньо айтганидек бу учрашувларга "Интер" тайёр эди. Шунингдек, Диего Милито томонидан киритилган гол шубҳали кўрингди, Алвешга жарима майдонида ишлатилган қўполикка ҳакам томонидан этибор берилмагани ҳам "Интер" фойдасига ишлади. Буларнинг барига "Барса" футболчилари ҳакамга этизор билдиришган эди. Лекин учрашув якунидан сўнг матбуот-анжуманида бир йил муқаддам бундай ҳодиса Барселонада бўлган, лекин тескариси эди. "Барселона" футболчилари хурсанд ҳолда югуришган бўлса, менинг собиқ жамоам "Челси" футболчилари эса йиғлаган ҳолда норвегиялик ҳакам ортидан югургандилар. ”- деган эди Жозе Моуриньо. Бир ҳафта ўтиб жавоб учрашувида, бошида эслаб ўтганимиздек "Барса" "Интер" устидан 1:0 ҳисобида ғалаба қозонади, лекин икки баҳс натижасига кўра 3:2 ҳисобида "Интер" ғалаба қозониб финал йўлланмасини қўлга киритади.
Иккинчи эпизод. "У Испания футболини ўлдиради"
2010 йил Пеп ва Жозе қарама-қаршилиги давом этди. 2010 йилда Моуриньо ўзининг мураббийлик фаолиятидаги энг даҳшатли мағлубиятни қабул қилиб олди десак бўлади. 2010 йил 29 ноябрь,"Ноу Камп", "Барселона" – "Реал" 5:0. Бу факт, ушбу учрашувни ҳеч ким эсдан чиқариб юборолмайди. Бундай мағлубиятдан сўнг ҳам "Реал" устози ўз принспларидан воз кечмаган ҳолда - «бешта учрашувда 1:0 ҳисобида мағлуб бўлгандан кўра, бир учрашувда 5:0 ҳисобида енгилган мақул» - дейди. 2011 йил апрел ойининг ўрталаридан майнинг бошига қадар мухлислар 17 кун ичида тўртта "Эл- классико" кўриш имконига эга бўлдилар. 17 кун давомида "Барса" ва "Реал" чемпионат доирасида бир учрашув, Испания кубоги финали ҳамда Чемпионлар лигасининг ярим финалидаги учрашувларни ўтказишлари керак эди. Бу баҳслар эндиликда нафақат жамоалар ўртасидаги "Эл-классико", балки мураббийларнинг ўзаро "Эл- классико"га айланиб кетди. Кубок финалидан сўнг жамоалар ўртасидаги адоват авжига чиқа бошлади. Финал учрашувида Роналдунинг қўшимча вақтларда урган голи туфайли "Реал" кубокни қўлга киритди. Лекин учрашувдан сўнг Гвардиола ҳакамларга этироз билдирган. Бу воқеага ҳам жим туролмаган мадридликлар устози фикр билдиради: "Олдинлари мураббийларнинг икки гуруҳи мавжуд бўларди. Бири ҳакамнинг қарорларини гапирса, иккинчи гуруҳ эса гапирмасди. Лекин ҳозир учинчи гуруҳ ҳам вужудга келмоқда, яъни ҳакам тўғри қарор чиқарса ҳам ноҳақ айблайдиган, аммо бу гуруҳга ҳозирча бор ёғи битта мураббий - Пеп киради".
Моуриньо шу заҳотиёт ўз гаплари учун жавоб олди: "Моуриньо жаноблари мени Пеп деб чақирёткан экан, нега мен уни Моур демайман? Биз сен билан эртага яна майдонда учрашамиз. Бу ғалабани сенга совға қиламан (Испания кубоги) ва шу ғалаба билан ўзингни хурсанд қилиб юр. Сен матбуот-анжуманидаги журналистлар учун бир масхарабозсан ва буни ҳамма билади". Чемпионлар лигасининг биринчи учрашувидан сўнг икки жамоа устозлари четлатилганди. Шу воқеадан сўнг Моуриньо ўзининг фаолиятидаги энг машҳур фикрларидан бирини айтади. ”Агар мен ҳозир УЕФА ҳақида нималарни ўйлаётганимни айтсам мени мураббийлик фаолиятимга чек қўйилади, лекин мен уларни ўрнига бошқа савол бераман ва қачондир бу саволларнинг жавобини оламан деб умид қиламан. Нега? Нега Эвребе? Нега Бузакка? Нега Штарк? (ҳакамлар). Нега доим ярим финалда бир хил ҳолат бўлади? Биз дунёнинг энг ажойиб жамоаси ҳақида гапирмоқдамиз, лекин нега улар бундай қиладилар. Балки уларнинг ҳамкори ЮНИСЕФ бўлгани учундир? Балки "Барса" ўйинчилари ажойиб йигитлигигами? Мен бунга тушунмайман. Уларда ҳокимят мавжуд, шу сабабли ҳам бизда имконият йўқ. Мен буларнинг барига фақат нега деган савол беришим мумкин. Умид қиламанки, Пеп бир кун ҳаққоний тарзда ЧЛни қўлга киритади". Гап сўзлар икки мураббийнинг бир – бирига тош отиши тугамади ва бундай "ширин" сўзларнинг авжига чиқариб юборган ўйин 2011 – йилнинг август ойида Испания Суперкубогининг жавоб учрашувига тўғри келди. Баҳс 3:2 ҳисобида "Барса" фойдасига ҳал бўлди. Учрашув жанжалга айланиб кетади, бунга сабаб Марселонинг Фабрегасга ишлатган жуда қўпол ҳаракати бўлади, жанжал вақтида Моур Гвардиола ёрдамчиси Тито Вилонованинг кўзига қўлини тиқиб олади.
Матбуот-анжуманида эса Моуриньо яна ўзининг ноодатий фикрларини билдиради. "Тито кимлигини билмайман". "У Тито кимлигини билмаслиги мумкин, лекин мен Каранка кимлигини биламан " деб жавоб қайтарганди Гвардиола. Шунга ўхшаш тош отишлар яна бир неча кун давом этди. Фикрлар орасида ажралиб турадиган фикрни Барселона ҳимоячиси Пике айтади: "Уни кимдир тўхтатиши керак, бўлмаса Моуриньо Испания футболини ўлдиради". Испаниядаги икки мураббийнниг охирги бахси 2012 йилда бўлиб ўтади ва бу учрашувда "Реал" меҳмонда 2:0 ҳисоида ғалаба қозонади. Шу тариқа икки даҳонинг Испаниядаги қарама–қаршилигига якун ясалади.
Учинчи эпизод . Прагадаги учрашув
Маур ҳамда Пеп тўқнашуви 2013 йилда ҳам давом этди лекин энди иккала мураббий ҳам бошқа – бошқа жамоаларни бошқарётган эди. Португалиялик мутахассис Англияга, "Челси"га қайтган бўлса, испаниялик мутахассис эса Германияга, "Бавария"га ишлашга кетди. Бу баҳс УЕФА Суперкубогига тўғри келди. Ҳисобда кўклар олдинда бораётган эди. Учрашув якунланишига саноқли дақиқалар қолганида немислар ярим ҳимоячиси Хави Мартинес жавоб голини киритади, бу вақтга келиб "Челси" бир киши кам бўлиб ўйнаётганди. Шу тариқа жамоалар пенальтилар сериясига қадар етиб келишади ва футбол лотереясида "Бавария"нинг омади келади ва бошлари узра УЕФА Суперкубогини кўтаришади. "Учрашувда кучли ўйин кўрсатган жамоа мағлубиятга учради. Рақиб эса бита кўп пеналти уриб ғалаба қозонди" дейди Жозе Моуриньо.
Моуриньо ва Гвардиоланинг Англия жамоаларини бошқарган ҳолда дастлабки учрашуви анча олдинроқ яни 26- июльда Хитойда ўртоқлик учрашувида бўлиб ўтиши керак эди, лекин бу учрашув об-ҳаво ёмонлиги сабабли бўлмаганди. Энди бу учрашув "Орзулар театрида" бўлиб ўтади. Бу баҳс ҳам олдинги ўйинларлар сингари шиддатли бўлади деган умидамиз. Демак кутамиз…
Нозимов Ниғмонхўжа тайёрлади
Фикрлар