Ҳамма учун севимли Миржалол!
17 сен 2025 12:52
Янгиликлар
Ҳозир маҳалла футболида, мактабда ёки академияларда яхши ўйнайдиган болакайларга турли ўйинчиларнинг фамилиясини лақаб қилиб қўйишади: Месси, Роналду, Неймар, Мбаппе, Канте ва ҳоказо.
Менинг ёшлик пайтларим эса жаҳон футболидан фақат икки номга менгзаларди яхши ўйнайдиганлар: Пеле ва Марадона. Бундан ташқари, ёш болакай пайтларим яна бир ном бор эди-ки, мактаб ва маҳалла футболида яхши ўйнайдиган болаларни унинг исми ила чақиришарди. Унинг исми юқоридаги икки афсона Пеле ва Марадонадан кўра кўпроқ қўйиларди лақаб қилиб. Бу исм - Миржалол!
Сиз тарафларда қандай бўлган билмайман, лекин менинг мактабим ва маҳаллам тарафларда ёш болакайларга Миржалол деб лақаб қўйишарди. Пеле ёки Марадона деб эмас. Марадона лақаби Миржалол Қосимовнинг ўзига менгзаларди - ўзбек Марадонаси!
Ёшлигимизда у ҳамма футбол ишқибозлари учун Миржалол эди. Футбол соҳасида ишлай бошлаганим ва афсона билан машғулотлар, ўйинлар, матбуот анжуманларида юзма-юз кела бошлаганимдан кейин Миржалол акага айланган. Унгача у киши мен учун ҳам Миржалол бўлган. У бутун халқ учун севимли Миржалол бўлган. Отам, додам, турли қариндошлар билан футбол ҳақида суҳбат кетганда ҳамма доим Миржалолни мақтарди, унинг жарима зарбалари ҳақида футбол кўрмайдиганлар ҳам эшитган бўларди. Ўша пайтлар кўпчилик Миржалолнинг ўйинини кўриш учун стадионга тушарди, мен ҳам.
Болалик пайтларим отам ва онамдан нега мени исмимни Миржалол деб қўймагансизлар деб сўраганим ҳамон ёдимда. Фамилиям Қосимов эканлигини яхши биласиз. Ўша ёш бола пайтларим агар исмим Миржалол бўлганда ҳозир мен ҳам Миржалол Қосимов бўлган бўлардим деб ўйлардим. Исм фамилиям афсона билан бир хил бўлишининг ўзи мен учун улкан ютуқ ва шарафдек кўринарди.
Таваллуд айём муборак, афсона!

Ўхшаш янгиликлар
championat.asia
ЕЧЛ ўтиш учрашувларига қуръа ташланди: "Реал" яна Моуриньюнинг "Бенфика"си билан ўйнайди!
ЕЧЛ. "Бенфика" дарвозабони 98-дақиқада гол уриб, "Реал"га ҳам, ўз жамоасига ҳам плей-оффни "кафолатлади"
ЕЧЛ. Кейинги босқичга чиққан барча жамоалар номи маълум
Ўзбекистон терма жамоаси "Урарту"ни мағлуб этди
Фикрлар