Ҳакамлар Суперлига 20-турида хатоликка йўл қўймаган. Лекин Про лигада қўпол хато! — Эксперт-ҳакамлар комиссияси
30 сен 15:38
Янгиликлар
Ҳакамлар Суперлига 20-турида хатоликка йўл қўймаган. Лекин Про лигада қўпол хато! — Эксперт-ҳакамлар комиссияси
Шунингдек, 24 сентябрь санасида Про лигада 21-тур ниҳоясига етди. Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази мазкур учрашувлар тугагач, Эксперт-ҳакамлар комиссиясининг навбатдаги йиғилишини ўтказди ва тур доирасида кузатилган баҳсли вазиятлар таҳлил қилинди. Бу беллашувларда Суперлигада жами олтита, Про лигада эса битта баҳсли вазият юзага келди.
Қуйида уларнинг батафсил изоҳи ва чиқарилган якуний қарорлар билан танишишингиз мумкин:
1-вазият. Про лига, "Дўстлик" – "Машъал" баҳси: баҳсли пенальти
"Дўстлик" – "Машъал" учрашувининг 90+4-дақиқасида мезбонларнинг 17-рақамли аъзоси рақиб жарима майдонига ёриб кирди ва ҳимоячи томонидан тўхтатиб қолинди. Бош ҳакам Рустам Чориев бу вазиятда баҳсни давом эттирди.
Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Мазкур ҳолатда футболчига нисбатан қўполлик ишлатилган. Ҳимоячи тўпга эмас, рақибининг оёғига ўйнаган. Бу каби ҳолларда пенальти белгиланиши лозим. Эксперт-ҳакамлар комиссияси ҳакамнинг қарорини нотўғри, деб ҳисоблайди.
2-вазият. "Андижон" – "Нефтчи" қарама-қаршилиги: баҳсли 11 метрлик жарима зарбаси
"Андижон" – "Нефтчи" учрашувининг 35-дақиқасида мезбонлар қулай вазиятга эга бўлди. Мазкур ҳолатда тўп дастлаб меҳмонларнинг 99-рақамли вакилининг сон қисмидан 55-рақамли футболчининг қўлига бориб тегди ва майдонга қайтди. Бош ҳакам Найим Қосимов вазият пеналти учун етарли эмаслигини қайд этди ва баҳсни давом эттирди.
Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу вазиятда VAR ҳолатга аралашмасдан тўғри қилган. Тўп футболчининг жамоадошининг сон қисмидан келган. Қолаверса, қўл табиий ва танага ёпишган тарзда турибди. Бу каби ҳолларда 11 метрлик жарима зарбаси белгиланмайди. Шу туфайли, Эксперт-ҳакамлар комиссияси томонидан ҳакамларнинг қарори тўғри, деб топилди.
3-вазият. "Динамо" – "Сурхон" қарама-қаршилиги: баҳсли қизил карточка
"Динамо" – "Сурхон" учрашувининг 44-дақиқасида меҳмонларнинг 7-рақамли футболчиси самарқандликларнинг 10-рақамли аъзосига қарши қўпол ҳаракат қилди. Бош ҳакам Аҳрол Рисқуллаев дастлаб футболчига сариқ карточка кўрсатди. VAR ҳаками уни монитор ёнига чақиргач эса рефери қарорни қизил карточкага ўзгартирди.
Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу вазиятда VAR ҳолатга тўғри аралашган. Футболчи бутсасининг таг қисми билан рақиб оёғининг ҳимояланмаган қисмига зарба берди. Эксперт-ҳакамлар комиссияси ҳакамларнинг қарорини тўғри, деб топди.
4-вазият: "Динамо" – "Сурхон" ўйини: баҳсли пенальти
"Динамо" – "Сурхон" учрашувининг 90+4-дақиқасида мезбонларнинг 10-рақамли аъзоси рақиб жарима майдонига ёриб кирди, сўнг ҳимоячилар томонидан зарарсизлантирилди. Бош ҳакам Аҳрол Рисқуллаев бу вазиятда пенальти йўқлигини қайд этди ва баҳсни давом эттирди.
Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу вазиятда VAR ҳолатга аралашмасдан тўғри қилган, ҳимоячи рақибга нисбатан қўполлик ишлатмаган. У рақибига қаршилик кўрсатган, аммо бу мувозанат йўқотиш учун етарли эмас. Пенальти белгилаш учун асос йўқ. Комиссия ҳакамларнинг қарори тўғри эканини маълум қилади.
5-вазият. ОКМК – "Локомотив" қарама-қаршилиги: баҳсли қизил карточка
ОКМК – "Локомотив" учрашувининг 90+4-дақиқасида мезбонларнинг 18-рақамли футболчиси тошкентликларнинг 6-рақамли аъзосига нисбатан қўпол ҳаракат қилди. Бош ҳакам Достон Мирзарайимов дастлаб футболчига сариқ карточка кўрсатди. VAR ҳаками уни монитор ёнига чақиргач эса рефери қарорни қизил карточкага ўзгартирди.
Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу вазиятда VAR ҳолатга тўғри аралашган. Футболчи бутсасининг таг қисми билан рақиб оёғининг ҳимояланмаган қисмига зарба берди. Эксперт-ҳакамлар комиссияси ҳакамларнинг қарорини тўғри, деб топди.
6-вазият. ОКМК – "Локомотив" тўқнашуви: меҳмонларнинг голи
ОКМК – "Локомотив" учрашувининг 90+7-дақиқасида меҳмонлар гол уришга муваффақ бўлди. Бироқ бош ҳакам Достон Мирзарайимов монитор орқали ҳолатни ўргангач, фоль қайд этилганини маълум қилди ва голни инобатга олмади.
Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу вазиятда VAR ҳолатга аралашиб, тўғри қилган. Меҳмонларнинг 4-рақамли футболчиси ўзаро курашдан сўнг жамоадош дарвозабони билан ҳимоячига қўпол тарзда ҳаракат қилди. Эксперт-ҳакамлар комиссияси томонидан ҳакамларнинг қарори тўғри, деб топилди.
7-вазият. "Бунёдкор" – "Насаф" қарама-қаршилиги: баҳсли 11 метрлик жарима зарбаси
"Бунёдкор" – "Насаф" учрашувининг 58-дақиқасида меҳмонлар қулай вазиятга эга бўлди ва шу ҳолатда тўп мезбонларнинг 6-рақамли футболчисига тегиб, ўйинга қайтди. Бош ҳакам Олим Тўйчибоев монитор ёнига бориб, ҳолатни ўрганганидан сўнг тўп қўлга текканини қайд этди ва нуқтага ишора қилди.
Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу вазиятда VAR ҳолатга аралашиб, тўғри қилган. Қўл табиий тарзда тургани йўқ ва зарба берилгандан сўнг тўпга нисбатан ҳаракат бўлган. Шу туфайли Эксперт-ҳакамлар комиссияси томонидан ҳакамларнинг қарори тўғри, деб топилди.
Фикрлар