UZ

Сўнгги янгиликлар

01:37Инглиз ҳакамлари ВАРдан сўнг ўз қарорини оммага эълон қилишни бошлайди  0 01:00"Манчестер Юнайтед" - "Ньюкасл"  12 00:50Ниҳоят! Рэшфорд 5та ўйиндан сўнг МЮ қайдномасига киритилди  1 23:52Аббос Файзуллаев ва ЦСКАнинг бошқа футболчилари 158 нафар болакайларга қарши майдонга тушишди  1 23:43"Барселона" ваъдасининг устидан чиқа олмади  7 22:53U20 Осиё Кубогининг энг яхши дарвозабони "Пахтакор" билан хайрлашди  3 22:28Риан Исламов "Навбаҳор"га ўтди  4 22:02Испан клуби МЮ билан Антони борасида музокаралар ўтказмоқда  2 21:09"Пахтакор" ўз стадиони тайёр бўлгунча ўйинларни қайси аренада қабул қилади?  6 20:44Ҳоланд, Винисиус, Ямаль — дунёнинг энг қиммат футболчилари  18 20:20Слотт "Ливерпуль" ҳимоячиси жароҳат олганини маълум қилди  3 19:58Магуайр Аморим билан тен Ҳагни солиштирди  6 19:35"Қуёш чиқади. Биз қайтамиз" — Гвардиола  1 19:13"Манчестер Сити" нигериялик қанот ҳимоячисига қизиқмоқда  0 18:49Расман: Олег Зотеев – "Андижон" аъзоси!  5

"Ҳакамлар 10 дақиқалаб вазиятларни такроран кўргани, аммо якунда ҳеч қандай қарор қабул қилмагани гувоҳига ҳам айландим" - "Сурхон" устози Анхель Лопес билан очиқ суҳбат Янгиликлар

"Ҳакамлар 10 дақиқалаб вазиятларни такроран кўргани, аммо якунда ҳеч қандай қарор қабул қилмагани гувоҳига ҳам айландим" - "Сурхон" устози Анхель Лопес билан очиқ суҳбат

Жорий йилда "Сурхон" жамоасида иш бошлаган испаниялик мураббий Анхель Лопес яқинда championat.asia сайтига махсус интервью берди.

Мураббий билан суҳбат жараёнида жамоадаги фаолияти ва бошқа саволларга жавоб олдик. 

- Ўзбекистонга келишга сизни нима ундади? Чунки Суперлига топ ёки европа даражасида эмас. Шундай экан хорижлик мутахассисларни қизиқтириш осон иш ҳисобланмайди...

- Ҳаммаси оддий. Ўзбекистонлик дўстларимдан бири Жаҳонгир Усмонов Испания футбол федерациясида фаолият юритишган. Улар менинг иш услубимдан хабардор эдилар.Чамаси 5 йил олдин Ўзбекистон ҳақида эшитдим.  Бу вақт давомида мен улар билан алоқада бўлдим. Бу ерда бўлишимнинг бир қанча сабаблари мавжуд. Мамлакатингизда жуда меҳрибон одамлар борлигини кўрдим. Менга атрофдагиларнинг, клуб ходимлари ва раҳбариятнинг муносабати ёқади. Ишончим комилки, Ўзбекистонда яхши тажриба орттираман

- "Сурхон" олдига ўтган мавсум катта вазифалар қўйилмаган, сўнгги палладагина  Суперлигада қолиш вазифасини бажарганди. Шундай экан бундай даражадаги клубга келишингиз таваккалмиди? 

- Авваллари ўзбек футболи ҳақида ҳеч нарса билмасдим. Аввал айтганимдек, Азиз Хайдаров билан БААда "Ал Шабаб" клубида фаолият олиб борганман. 2017 йилда у билан ўзбек футболи ҳақида суҳбатлашгандик. Азиз Ҳайдаров топ футболчи эди. У жуда юқори сифатли ярим ҳимоячи. Дастлаб ўзбекистонлик эканига ҳайрон бўлдим. Чунки авваллари ўзбек футболи ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга бўлмаганман.  Шундан сўнг жамоани ўрганишни бошладим ва ўтган мавсумда чемпионат жадвалида қуйи ўринда турганига эътибор қаратдим. Бу ердаги дўстим менга қўнғироқ қилиб, жамоа билан янги лойиҳа яратаётганини айтди. Асосий мақсад эса "Сурхон"ни Суперлигада барқарор юқори ўринлар учун курашадиган жамоага айлантириш эди. Мен ушбу лойиҳада иштирок этишга мамнуният билан розиман. Европа менинг охирги иш жойим эди. Мен  Грецияда фаолият олиб борганман. Аммо Осиёда, хусусан, Ўзбекистонда футбол савияси қандай ошиб бораётганини бироз вақт ўтгач пайқадим. Мана 3 ойдан бери шу ердаман. Ўзбекистон фаолиятимдаги навбатдаги қадам бўлганидан хурсандман. Бу ерга саёҳат ва дам олиш учун келганим йўқ. Клуб учун боримни бермоқчиман. Жамоага келган илк кунимдаги футболчиларга айтган биринчи сўзларим қоидалар, тартиб-интизомга қатъий амал қилиш бўлди. Машғулотларда ҳар доим турли хил машқларни бажаришимизни таъкидладим. Мен футболчиларим билан очиқман. Биз ўсиш ва ривожланиш учун шу ерда жамланганмиз.

- Сизнингча, қўл остингиздаги бор футболчилар билан натижага эришиш мумкинми? Худди ошпаз бор масаллиқдан таом тайёрлагани каби...

- Бу вақт талаб этади. Биринчидан, сиз яхши жамоа яратишингиз керак. Иккинчидан, жамоавий руҳни шакллантириш. Эътибор берган бўлсангиз, "Сурхон" биринчи ўйинданоқ бир жамоадек ўйнаяпти. Бизнинг услубимиз бир, фикримиз бир. Биз ҳар хил ўйин тактикасида ўйнашимиз мумкин. Аммо бирликни йўқотмаслигимиз талаб қилинади. Майдонда жасур, фидойи бўлишимиз шарт ва мажбур. Биз тизимни ўзгартиришимиз мумкин, лекин услубни ўзгартирмаймиз. 

-  Ўзингиздан нима қолдирмоқчисиз? Пулни олиб юртига равона мураббийларнинг кўпини ҳам кўрдик...

- Албатта, менинг асосий хабарим пул ишлаш эмас. Пулни ўйлар экансиз ҳеч қачон тажриба орттира олмайсиз. Мен ёш мураббийман, агар 60 ёшга кирганимда, балки пул ҳақида ўйлардим. Ҳамма клублар мени яхши инсон сифатида билишади. Ҳар доим жамоамга энг яхши нарсани беришга ҳаракат қиламан. Менинг ўз режам, лойиҳам бор. Бу режа узоқ муддатли. Бундай ҳолларда кундан-кунга жамоа яхшиланиб боради. Бу ерда дам олмайман. "Сурхон"ни ривожлантирмоқчиман.

- Футбол услубингиз секин-аста кўзга кўриняти. Қизиқ, жамоада ўз услубингизни яратяпсизми ёки бошқа хориж клублариникидан андоза оляпсизми? Масалан, бизда "Барселона", "Ливерпуль" каби жамоалардан кўриб қайсидир жиҳатларини ўзлаштиришади. Нима деб ўйлайсиз, таркибни ҳисобга олсак, испан футболини жамоага сингдира оласизми?

- Мен бошқа бировнинг футболидан нусха олишни хоҳламайман. Шуни унутмаслик керак, биз "Сурхон"миз. Бу бутунлай бошқа жамоа. Таркибимизда юқори савияли ўйинчилар бор, лекин барча жамоалар бошқача ўйнайди. Охирги Суперлига ва кубок ўйинларини бир хил услубда, худди шу фалсафада ўтказдик. Футболчилар бунга ишонишади. Машғулотларда улар диққат билан тинглашади. Бу албатта муҳим аҳамиятга эга.  Албатта, фаол ва ҳужумкор футболни афзал кўраман, жамоам тўпни назорат қилиши ва устунликни қўлига олиши керак. Жамоам тўпни кутишини ёқтирмайман. Қарши ҳужум менинг футбол услубим эмас. Ҳаётда қандай эканлигимни футбол майдонида кўрсатмоқчиман. Ҳаётда эса мен фаол одамман. Умуман олганда, "Сурхон" муносиб ўйин кўрсатмоқда. 

- Чемпионатимизнинг кўплаб хорижлик мураббийлари клубга келиб, ҳимоядан ўйин қуришни бошлашмоқда. Масалан, кўпинча бошқа давлатлардан ҳимоячилар таклиф қилиняпти. Умуман марказий ҳимоячилар қайсидир маънода кутилганидек чиқмаяпти. Бу эса Ўзбекистон терма жамоасига бевосита таъсир ўтказмоқда. Суперлига клуби мураббийи сифатида фикрингиз қандай?

- Рақибларни ўрганар эканман, кўп жамоалар ҳимоядан кўра ҳужумда кучлироқ эканини кўрдим. "Сўғдиёна"да эса  тескари ҳолат. Бу жамоа ҳимояда ҳам яхши ўйнайди, ҳимоявий ҳаракатларда жуда ихчам жамоа. Гап легионер ҳимоячилар ҳақдами? Бундай деб ўйламайман. Одатда хорижлик футболчилар маҳаллий футболчилардан кучлироқ. Улар билан бирга ўзбекистонлик ҳимоячилар ҳам ўсиб бормоқда. Масалан, легионерларнинг келишини таъқиқласангиз, бундан ҳеч қандай фойда бўлмайди. Ўйинчилар ривожланиши учун улар энг яхшилари билан ўйнашлари керак. Қачонки уларнинг ёнида кучли легионер бўлса, ўсишади. Кўп мамлакатларда мақсадлар турлича. Бунинг сабаби футбол менталитетининг йўқлиги.

- "Пахтакор"га қарши учрашувдан сўнг ҳакамлар ҳақида қаттиқ оҳангда фикр билдирдингиз. Сиз биринчиси эмассиз. Ўтган йили "Локомотив"да ишлаган Микаэль Секейра, бу йил "Пахтакор" устози Славче Войнески барибир охири ёрилишди. Суперлигадаги ҳакамлик, қолаверса VAR фаолияти сизда қандай фикрларни уйғотди?

- Ўзбекистон терма жамоа ва клублар даражасида бирор нарсага эришмоқчи бўлса, ҳакамлар ишида адолат, ҳалол ўйин керак бўлади. Барчамиз бир-биримизни ҳурмат қилишимиз зарур. Жамоамга ноҳақ пенальти берилишини истамасдим. VAR`га келсак, ФИФА бу ерда уни қўллашга нима учун рухсат берганини унчалик тушунмадим. Ҳакамлар 10 дақиқалаб вазиятларни такроран кўргани, аммо якунда ҳеч қандай қарор қабул қилмагани гувоҳига ҳам айландим. Қолаверса турнинг барча ўйинларида VAR мавжуд эмас. Барча жамоалар учун бир хил шароит яратилиши керак. "Пахтакор" билан ўйинда Мурод Бобожоновга нисбатан қоида бузилганида пенальти белгиланмади. "Локомотив" билан баҳсда дарвозамиз томон иккита пенальти белгиланди. АГМК билан ўйинда жарима майдончаси ташқарисида қўполлик ишлатганимиз учун дарвозамиз томон пенальти белгиланди. VAR ушбу ўйинда ишлади. Қолаверса, сўнгги ўйиннинг дастлабки дақиқаларидаёқ сардоримиз Бобур Акбаров сариқ карточка олди. Ҳакамликдан нолимайман, танқид ҳам қилмайман. Фақат ҳамма нарса адолатли бўлишини хоҳлайман. Чунки "Сурхон" – Ўзбекистоннинг бир қисми, мен унинг вакилиман. Ўзбекистонда жуда яхши ҳакамлар бор. Ўзбекистонлик ҳакамларнинг савияси яхши. Фақат мувозанат керак, холос. 

- Ўз вақтида Шота Арвеладзе ва Андрей Канчельскис ўзбек футболчилари Европа чемпионатларида ўйнай олишини таъкидлаганди. "Сурхон" футболчилари Европада тўп тепиб кетиш салоҳиятини қандай баҳолайсиз ? Ахир сурхондарёлик Элдор Шомуродов тимсолида аллақачон ёрқин мисолимиз бор...

- Албатта, нега йўқ? Улар амбицияли бўлишсин. Чет элда ўйнаш истаги борлиги маълум. Ўзбекистон терма жамоаси кучли бўлишни истаса, футболчилари хориж чемпионатларида ўйнаши шарт.Мен Хитойда ишлаганман. Давлат иштирок этган катта лойиҳа ва шунга яраша катта пул ҳам бўлган. Лекин хитойлик футболчиларнинг деярли ҳеч бири хорижда ўйнамаган. Нега? Хитойнинг ўзида пул кўп эди ва футболчилар шу ерда қолишни лозим топди. Дастлаб ҳар бир жамоага 5 нафардан, кейин тўрттадан, якунда эса учтадан легионер тўғри келди. Бу яхши эмас. Улар бутунлай тескари йўналишда ҳаракат қилишади. Хитой футболига қарасангиз, у ҳозир ўлик. Ҳозир Хитой чемпионатида аввалгидек пул йўқ. Ҳаммаси нотўғри йўлдан борганликлари учун.

- Ўзбекистондаги ҳаётингиз ҳақида гапириб берсангиз? Ўзбек ошхонаси билан танишишга муваффақ бўлдингизми?

- Тошкент тоза шаҳар. Бу ерда кўплаб боғлар бор. Янги бинолар қурилмоқда. Шаҳар кўчалари жуда кенг. Сайрга чиқишга кўп ҳам вақтим йўқ. Аммо яқинда менинг оилам ёнимга келди. Биз бир ҳафта ичида кўп жойларни зиёрат қилдик. Оилам учун қизиқарли ва шу билан бирга янги нарса бўлди, дея оламан. Тошкент хорижлик меҳмонлар учун очиқ. Бухоро, Самарқандда ҳам бўлдик, у ер бизга жуда ёқди.

- Пойтахтда ўзингизни уйдагидек ҳис қиляпсизми?

- Ўзбекистонга тезда мослашдим. Мен ўзимни хорижлик эмас, худди ўзбеклардек ҳис қиляпман. Мен Эквадорда ишлаганман. Гарчи улар испан тилида гаплашсалар ҳам, икки давлат бир-биридан бутунлай фарқ қилади. Мен Экваториал Гвинея терма жамоаси билан ишлаганман ва ҳамма нарсага дарҳол кўникмаганман. Ўзбекистоннинг афзаллиги шундаки, бу ер хавфсиз ва қулай. Бемалол такси чақиришингиз мумкин.

- Яқинда Термизда бўлиб қайтдингиз. Саёҳат таассуротлари билан ўртоқлашинг?

- Ажойиб саёҳат. Бизда жуда яхши мухлислар бор. Ҳар бир ўйин учун бизга мухлислари тўла бир нечта автобуслар келади. Термизга келсак, менга шароит ёқди. Маҳаллий мактабда болалар футбол билан фаол шуғулланишади. Академия қурилмоқда. 

- Сиз бирор жойда адашиб, маҳаллий аҳолидан у ёки бу кўчага қандай боришни сўрадингизми?

- Бундай нарса рўй бергани йўқ. Лекин шуни пайқадимки, ҳамма ҳам инглиз тилида гапиравермайди. Ресторан ва меҳмонхоналар ҳам инглиз тилида гаплашавермайди. Испанияда ҳам худди шундай. Бироқ, кимдир мени тушунмаса ҳам, улар доимо менга ёрдам беришга ҳаракат қилишади. 

- Ўзбек тилидаги айрим сўзларни ўргандингизми? Интервью бошида ўзбекча саломлашганингиздан сездим...

- Мен баъзи сўзларни биламан. Ҳар куни янги сўзларни ўрганяпман. Сўз бойлигимга ўзбек тилидаги сўзларни кўпроқ киритишга ҳаракат қилмоқдаман. Зеро, бу аввало ўзбек маданиятига ҳурматдир. Бу ерда ҳам рус тилида гаплашишадм. Мен ҳам ундан баъзи сўзларни ўргандим. Тез орада билимимни ошираман

- Палов ёки испанча паэлья?

- Менга палов жуда ёқди. Паэлья ҳам гуручдан тайёрланади. Ошдан кейин тикланиб олишим  учун икки кун керак бўлади (кулади)

- Кабоб ёки питса?

- Албатта кабоб.

- Ўзбек йиғинларида ёки тўйларида бўлдингизми?

- Мен ҳали ташриф буюра олмадим. 

- Суперлиганинг бошқа жамоаларидан қизиқиш бўлган экан...

- Сизлар мендан кўра кўп нарсани биласизлар. Бор эътиборим "Сурхон"га ва олдимиздаги мақсадларни бажаришга қаратилган.

Абдулазиз Искандаров суҳбатлашди

Муаллиф : Iskandarov Abdulaziz
Рейтинг: +20   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика