UZ

Сўнгги янгиликлар

23:17Рубен Аморим: "Ўзимга, футболчиларга ва клубга ишонаман"  0 22:44Месси Флик "Барселона" бош мураббийи бўлгани ҳақида гапирди  2 22:08"Интер Майами"ни ким бошқариши аниқ  0 21:48Виталий Левченко: "Нефтчи"да ёшлар йўқ? Бунинг учун шароитлар йўқ"   4 21:35Рўзиқул Бурдиев: "Чемпионатда ҳеч қандай мақсад қолмаган"  11 21:15Саудия Арабистони. "Ал Насср" - "Ал Қодисия" баҳси асосий таркиблари маълум!  8 21:09Жамшид Саидов: "Ёш болалардек ўйнадик, рақиб бизни янчиб ташлади"  0 20:57Сергей Лушчан: "Навбаҳор" футболчилари "Нефтчи"га ўтяпти? Балки..."  2 20:33Суперлига. "Навбаҳор" "Қизилқум"ни йирик ҳисобда мағлуб қилди  1 20:21"Пахтакор" 8 йил олдинги антирекордини такрорлади  2 20:15Суперлига. "Навбаҳор" сафарда "Қизилқум"ни 5:1 ҳисобида мағлуб этди  21 20:00Ямаль "Сельта"га қарши ўйнамайди  2 19:42Франция футбол Федерация ПСЖнинг "Мбаппе иши" бўйича апелляциясини рад этди  0 19:31Суперлига. "Нефтчи" – "Насаф" 2:0. Highlights  5 19:17Анвар Бердиев: "Мақсадимиз — Суперлигага чиқиш"  0

"Мақсадим жаҳон чемпионатида ишлаш эканлигини айтганимда, баъзилар мени ақлдан озган деб ўйлашган". Равшан Эрматов билан катта интервью Янгиликлар

"Мақсадим жаҳон чемпионатида ишлаш эканлигини айтганимда, баъзилар мени ақлдан озган деб ўйлашган". Равшан Эрматов билан катта интервью

Яқинда Championat.asia'да меҳмон бўлган россиялик таниқли журналист Игорь Рабинер Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Эрматов билан интервью уюштирди.

Ўзбекистон жаҳон чемпионатида ҳакамга мухлислик қиладиган ягона давлат бўлса керак. Мамлакат терма жамоаси икки марта жаҳон чемпионатига чиқишга жуда яқин келган, бироқ ҳозирча у ерда дебют қилгани йўқ. Аммо ҳакам Равшан Эрматов бирданига ЖЧда ишлаган — ЖАР-2010, Бразилия-2014 ва Россия-2018. Алоҳида айтиш жоиз, у Жанубий Африка Республикасида ўтган ЖЧда 5 та ўйинда фаолият кўрсатди – мезбон ЖАР ҳамда Мексика ўртасидаги очилиш ўйинидан бошлаб ярим финал доирасидаги Уругвай – Нидерландия учрашувигача. Бунгача битта турнирда фақат иккита ҳакам шунчалик кўп ўйин ўтказган.

Эрматовнинг сўнгги босқичларда ўтказган 11 учрашуви ҳакамлар учун ЖЧ тарихидаги рекорд ҳисобланади. У ҳеч қачон жаҳон чемпионатида иштирок этмаган давлат вакили эканини ҳисобга олсак, бунга эришиш қанчалик қийин бўлганини тасаввур қилинг! Шунингдек, унинг ҳисобида клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг иккита финали, Осиё кубоги финали мавжуд. Бу йил у яна бир жаҳон чемпионатида қатнашиб, рекорд ўрнатиши мумкин эди, аммо 2019 йилда Ўзбекистон футбол ассоcиаcияси биринчи вице-президенти бўлди ва бу имконият ўз-ўзидан йўққа чиқди. 

Эрматов 2014 йилнинг кузида Москвада Россия – Озарбайжон ўртоқлик ўйинига ҳакамлик қилиш учун келганида у билан батафсил суҳбатлашган эдик. Орадан етти ярим йил ўтиб, унинг таклифига биноан ўзбекистонлик спорт журналистлари учун маҳорат дарси ўтиш учун Тошкентга келдим ва Равшанни янги лавозимда футбол ассоциациясининг гўзал штаб-квартирасида (Ислом Каримов кўчасида, Миллий олимпия қўмитаси ва "Пахтакор" стадиони ёнида жойлашган) кўрдим. Лекин у яхши спорт формада – семириб кетмаган!

Мақсадим жаҳон чемпионатида ишлаш эканлигини айтганимда, баъзилар мени ақлдан озган деб ўйлашган

– Ҳакамликни соғиндингизми? 

– Албатта, боримни бағишлаган севимли ишимни соғиндим. 18 ёшгача футбол ўйнаганман, кейин жиддий жароҳат олиб, бошқа нарса қилиш кераклигини тушундим. Ёрдамчи мураббий бўлиб ишлаганимда тасодифан ўйинга тушиб қолдим ва менга ҳакамлик қилишни таклиф қилишди. Ўшанда учта жаҳон чемпионатида ишлашимни тасаввур ҳам қила олмасдим. Лекин ўз устимда ишлашни бошлаганимда, қоидаларнинг барча талқинларини ўрганиб, ривожланиш борлигини ҳис қила бошладим, мақсадим эса жаҳон чемпионатида ишлаш эканлигини айтдим. Баъзилар мени ақлдан озган деб ўйлашди.

– Қайси вақтда жаҳон чемпионатида ишлаш мумкинлигига ишончингиз комил бўлди?

– 2000-йилларнинг бошларида. 1997 йилда ҳакамлик билан яқиндан шуғуллана бошладим ва бир неча йил ўтгач, ишонч пайдо бўлди. Чет тилларини ўргандим, чунки бусиз иложи йўқлигини билардим. Ёши катта ҳамкасбларимга жаҳон чемпионатида ҳакамлик қилишимни айтдим. Нега бундай турнирларни орзу қилмаслигимиз керак деган қараш бўларди. 2002 йилда Жанубий Корея ва Японияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида ҳакамлар ишини диққат билан кузатиб бордим ва мен ҳам буни уддалай оламан, деган ҳис яралди.

Жаҳон чемпионатида ва Ўзбекистонда ҳакамлик бир-биридан сезиларли фарқ қилади, деган туйғу бўлмаган. 2003 йилда ФИФА рефериси бўлдим, 2010 йилда эса ЖАРда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатига бордим ва ўзини узоқ вақт парвозга тайёргарлик кўрган ва ниҳоят, орзусини рўёбга чиқарган космонавтдек ҳис қилдим. Кейин эса яна иккита чемпионатда ишладим. Буларнинг барчасини бошдан кечирганингиздан кейин касбда нимадир тугалланмаган, деб ўйлаш ношукурлик бўларди.

– Шунга қарамай, ЖЧ-2022да ишлаш истагингиз бўлмаганига ишонмайман. Бунинг устига, биринчидан, ёшингиз мос келаверади. Иккинчидан, тарихда ҳеч ким тўртта жаҳон чемпионатида ҳакамлик қилмаган...

– Ҳа, Россияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатидан сўнг олдимда навбатдаги мақсад Қатар бўлиб турганди. Ёшим ва тажрибамдан келиб чиқсак, тўғри келаман. Тайёргарликни бошлагандим, 2019 йилда Осиё чемпионатининг бешта ўйинини, хусусан, финални ҳам бошқариб бордим. Агар сиз Осиёда биринчи рақамли бўлсангиз, жаҳон чемпионатига аниқ борасиз. Мен ўша турнир билан ЖЧ-2022 лицензиясини амалда қўлга киритдим, шунчаки савияни сақлаб қолишим керак эди.

Бироқ кейин ўзбек футболи ривожига ҳисса қўшиш таклифи тушди. Бу – катта масъулият. Ватанпарварлигимни ҳисобга олиб, қарор қабул қилиш қийин бўлди. Тарозининг бир томонида фаолиятим ва навбатдаги жаҳон чемпионати, иккинчи томонида кўп ишлар қилиниши керак бўлган ўзбек футболи ривожи ётарди. Ватанга бўлган муҳаббат шахсий вазифалардан оғирроқ тош босди.

– Ҳамма менга жаҳон чемпионатида бутун мамлакат сизга мухлислик қилганини таъкидлади...

– Ҳа, жаҳон чемпионатида ҳакамни қўллаб-қувватлайдиган ягона давлат – Ўзбекистон эканлигини айтишди! (кулади.) Шунга қарамай, бу ердаги ва хориждаги устозларим билан маслаҳатлашиб, футбол жамоатчилиги таклифини қабул қилишга қарор қилдим. Халқаро майдонда мен аллақачон маълум ютуқларга эришгандим, кейин эса ўз мамлакатимга ёрдамим тегиши мумкин бўлган фурсат келди.

– Бу икки ролни бирлаштириб бўлмасмиди?

– Йўқ. Агар сиз миллий футбол ассоциациясида ишласангиз, халқаро ўйинларга қатнаша олмайсиз, чунки бу манфаатлар тўқнашуви. Аввалига бу мумкин деб ўйлагандим, аммо ундай эмас экан. 

Аввалари камида бир марта жаҳон чемпионатига чиқишни ва у ерда камида битта ўйин ўтказишни мақсад қилиб қўйган дамларимни эсладим. Орзуларим ушалди, натижада 3 та чемпионлик ва 11 та учрашувда қатнашдим. Агар клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатлари ва бошқа йирик халқаро мусобақалар — U-20 ва U-17 жаҳон чемпионати, Лондон Олимпиадаси (у ерда мен Буюк Британия – Нигериянинг очилиш ўйинида ишлаганман ва ўйинда қироллик оиласи аъзолари бор эди), Осиё чемпионатларини қўшадиган бўлсак, ФИФАнинг 16 та турнирида ишлаган бўламан.

– Айтишларича, яқинда сизни Виктор Кашшаи ўрнига Россия ҳакамлар тизими раҳбарлигига таклиф қилишган, бироқ сиз яна ўша сабабларга кўра рад жавобини бергансиз...

– Ҳа, шундай гап-сўзлар бор эди, лекин мен ассоциацияда ишлаётганим туфайли уларни кўриб чиқмадим. Менга хориждан бир нечта таклифлар бўлган, лекин бу ватанимга нисбатан ноҳақлик бўларди.

Биз профессионалмиз ва ҳеч қачон атайлаб хато қилмаймиз

– Россия ҳакамлар тизимининг ҳам ўз флагмани бор. Сергей Карасев кўплаб муҳим халқаро ўйинларни бошқарган, ЖЧ-2018, икки Евро, УEФА Суперкубоги. Россиялик ҳакамлар анчадан бери бундай даражадаги ўйинларда ишламаганини инобатга олсак, унинг муваффақияти сирини нимада кўряпсиз?

– Сергей катта тажрибага эга, у ўз вазифасини жуда профессионал бажаради. Бундан ташқари, унинг феъл-атвори ҳам яхши – у доимо хотиржам, совуққон. У эпизодларда тўғри қарор чиқаради, барқарор фаолият кўрсатади. Қолаверса, у жуда яхши бригадага эга эди.

– У билан яқин муносабатдамисиз?

– Вақти-вақти билан мессенжерлар орқали мулоқот қилиб турамиз. Байрамларда қўнғироқлашамиз. Мен уни терма жамоамиз ўйинига таклиф қилгандим, лекин у ўша пайтда банд эди. Кейинроқ пандемия бошланиб кетди.

– Карасев топ-турнирларнинг ҳал қилувчи босқичлари сари ишонч билан одимлаб боряпти. У ёзда 43 ёшга тўлади. Сизнингча, Россия спортига киритилаётганган санкциялар унга қандай таъсир қилади?

– Мен спорт ва сиёсатни аралаштирмаган бўлардим. Менимча, Сергей – топ-даражадаги халқаро ўйинларни бошқара оладиган савияли ҳакам.

– У хэви-метал (рок мусиқа жанри – таҳр.)нинг мухлиси, саҳнада гитара чалади ва яқинда омма олдида ҳакамлик тартиби хусусида аниқ ва жонли гапирди. Унинг медиафаоллигига қандай қарайсиз?

– Бу яхши! Кўпгина ёш ҳакамлар Сергейдан ўрнак олишади. У ҳакамликни фаол равишда тарғиб қилади ва мен бунга жуда ижобий қарайман.

– Россия ҳакамлари ва мамлакатнинг энг номдор мураббийларидан бири Леонид Слуцкий ўртасидаги қарама-қаршиликни кузатдингизми?

– Ростини айтсам. йўқ. Нима бўлганди?

- Бу анча олдин, у болалар телекўрсатувида ҳакамлар ҳақида қаттиқ ҳазиллашгани ва улар хафа бўлиб, кечирим сўрашини талаб қилганидан бошланган. Слуцкий афсусланмади ва вазият ҳам охиригача давом этмади. Ўтган мавсумда Виталий Мешков (ҳакам – таҳр.) Слуцкийга қўл усзатишдан бош тортди. Яқинда бу ҳакам яна Слуцкий жамоасининг ўйинига тайинланди – ва яна жанжал. Мураббий яна ҳакамларга ҳужум қилди ва ҳакамлар бошлиғи Ашот Хачатурянц муносабатларининг бундай тарихини ҳисобга олиб, Мешковни ушбу ўйинга тайинлаш хато бўлганини тан олди.

- Фаолиятимда хато қилган пайтларим кўп бўлган ва мураббийлар билан келишмовчиликлар келиб чиқиши ҳам мумкин эди. Лекин биз профессионалмиз ва у ёки бу шахсга шахсий муносабатимизни ошкор қилмаслигимиз керак. Агар олдинги ўйинда бирор нарса юз берган бўлса, доим майдон ташқарисида қолдирганман. Бундай ҳолларда мураббийда ҳам ҳурмат қилиш бўйича тушунча пайдо бўлади.

Биз профессионалмиз ва ҳеч қачон атайлаб хато қилмаймиз. Барча ҳис-туйғуларни тушунаман, мен ҳам футболчи ва мураббий бўлганман. Ва мен бундай вазиятларда  ҳар доим тўғри тушунишга интилганман. Майдонда биров билан қўл бериб кўришмаган ҳолатим ҳеч қачон кузатилмаган.

– Мешков нопрофессионал йўл тутдими?

– Ҳакам ҳамиша дипломат бўлиши керак ва у ўзи билан эски гина-кудурат сақлаб юрмаслиги лозим. Ҳар бир ўйин – янги ҳикоя. Ҳаётда мулоқот қилмасангиз ҳам, лекин инсон сифатида майдонда ўзингизни бошқача, ҳурмат билан, fair play руҳида тутишингиз керак. Агар ҳакамлар томонидан ҳурмат бўлмаса, бу уларнинг имижига катта таъсир қилади.

– Сиз РПЛда ҳеч қачон ҳакамлик қилмагансиз, шундайми?

– Йўқ. Лекин чақирилганман. Келишувлар, таклифлар бўлган, аммо охирига етмай қолган. Мен ҳар доим жуда тиғиз жадвалга эга бўлганман. Шу туфайли баъзида ҳатто Ўзбекистон чемпионатида ҳам ойлаб ҳакамлик қила олмаган вақтларим кузатилган.

Ҳакам ўйин қаҳрамони бўлмаслиги керак

– Охирги йилларда терма жамоанинг ўйинида ҳакам Ўзбекистон эмас, рақиб фойдасига хато қилгани ҳақида баланд овозда гапирган ҳолатлар бўлганми? Ёки эски корпоратив бирдамлик бунга йўл қўймайдими? 

– Мураббийлар, футболчилар ва ҳакамлар қилган ҳар қандай хатога ҳурмат билан қараладиган этикет шаклланган. Буни яхши тушунаман. Ўйиндан кейин биз учрашишимиз, эски хотираларга кўра гаплашишимиз, ҳакамлик мавзусини муҳокама қилишимиз мумкин. Турли мамлакатлардан бўлган кўплаб ҳакамлар ҳали ҳам мен билан муайян вазиятларда маслаҳатлашишади.

Ўйин қоидалари ҳар йили ўзгариб боради ва бу жараённи назорат қилишга тўғри келади. Бу менга қизиқ. Танқид қилишга келсак, танқид қилмайман, чунки мен футбол майдонида ҳакам сифатида ишлаш қанчалик оғирлигини биламан, пульс бир дақиқада деярли 200 зарба бўлиб турган вақтда, олти ёки еттита мезонни бир зумда таҳлил қилиб, қарор қабул қилиш керак. Айниқса, топ-терма жамоалар ўйнаса ва хатонинг нархи ниҳоятда юқори бўлса. Ҳайриятки энди ВАР пайдо бўлди, бу ҳакамларга хатони тузатиш имкониятини тақдим қилади.

– РПЛда бу анча узоқ давом этади...

– Баъзида жуда қийин вазиятлар юзага келади – бир кўришда бир нечта омилларни текшириш керак: офсайд, ҳужумдаги қоидабузарликлар ва ҳоказо... Лекин асосийси, тўғри қарор қабул қилиш. Ўтказилган дақиқаларни ўйин охирида қўшиб қўйиш мумкин, аммо агар ҳакам ўйин натижасига таъсир қиладиган хато қилса, у узоқ вақт эсда қолади.

– Ўзбекистон чемпионатида ҳам ВАР борми?

– Ҳа. Ўзбекистон Суперлигаси ўйинларининг 70-80 фоизида ВАР ишлайди. Бу ҳам натижа, чунки бошида бир турда икки-уч ўйинга ВАР қўйиларди.

– Доимий равишда рўй бераётган қоида ўзгаришлари сизга ёқадими? Масалан, қўл билан боғлиқ ҳозирги кундаги талқин – айтайлик, тўп ҳатто ўйинчининг очиқ қўлига, унинг танасининг бошқа қисмидан келиб тегса ва бу қоидабузарлик эмаслиги?

– Кўп нюанслар, мезонлар бор. Қўл тананинг ҳажмини оширадими ёки йўқми, қўлнинг тўпга қараб ҳаракати ёки тўпнинг қўлга йўналиши ва ҳоказо. Мен учун агар тўп танадан қўлга учиб кетса, ўйнашда давом этиши ёки тўпни ўз жарима майдончаси ичидан ташқарига тепиб юбораётган ўйинчи ўз шериги қўлини пойласа – бу қоидабузарлик сифатида ҳисобланмаслиги тарафдориман.

– Жаҳон чемпионати финал босқичининг 11 та ўйинида сиз пенальти қўймагансиз, аммо 1 та қизил карточка кўрсатгансиз...

– Мен ўйнашга қўйиб беришга ва барқарор бўлишга ҳаракат қилардим. Марказда ҳуштак чалган бўлсам, жарима учун чалардим. Енгил қоидабузарликларни деярли ҳеч бир жойда қайд этмасдим. 

– Қарорларингизнинг тўғрилиги ва жаҳон чемпионатларида кўп ўйинларни бошқарганлигингиз ўртасида боғлиқлик кўрасизми? 

– Ҳакам ўйин қаҳрамони бўлмаслиги керак. Унинг вазифаси футбол жамоаларига сифатли хизмат кўрсатишдан иборат. Агар ўйиндан кейин сиз ҳақингизда гапирмасалар, демак, сиз яхши ишлагансиз. Ҳеч ким ҳакамни мақтамайди. Одатда ҳакам ҳар бир учрашувда ўртача икки юзта ўйин эпизодлари бўйича қарор қабул қилиши лозим. Агар у камида битта жиддий хатога йўл қўйган бўлса, ҳамма бу ҳақда гапиради ва у тўғри иш қилган 199 ҳолатни унутишади. Шунинг учун ҳамиша эпизодга яқин жойда бўлишга ҳаракат қилиб, тўғри позиция танлардим, ўйин ва футболчиларнинг фикрларини ўқишга интилардим.

– "Мен жуда кўп ҳаракат қилардим" деган сўзларингизни Карасев тасдиқлайди. У: "Жаҳон чемпионати каби мусобақаларда ўтмишдаги ютуқлар эмас, биринчи ўйин ишлайди. Равшан Эрматов шунчалик кўп ўйинларни бошқариб, очилиш учрашувидан ярим финалгача боришини ҳеч ким кутмаганди. Ўшанда уни кам одам таниган, ҳозир эса таниқли, обрўли ҳакам. ЖАР – Мексика очилиш ўйинини жуда яхши эслайман, ўшанда Эрматов катта тезлик олганди. Юқоридаги камера бу ҳаракатларни яхши кўрсатиб берганди ва, эҳтимол, бу керакли вақтда чўққига чиқиш учун махсус жисмоний тарбия мураббийи билан ишлангани натижасидир", деган. Сергей тўғри айтганмиди?

– Мутлақо тўғри. 80-йиллар билан солиштирганда футбол ўзгарди, у жуда шиддатли, тезкор қарши ҳужумларга бойиди – ҳакамнинг жисмоний тайёргарлиги эса ўйин темпи даражасига мос келиши керак. Буни англаб етган ҳолда фитнес-мураббий Жамшид Умаров билан ишлашни бошлагандим. Биз жараёнга илмий ёндашдик. Ўша пайтда ҳакамларнинг кўпчилигида жисмоний мураббийлари йўқ эди ва биз қандай юкламалар қачон кераклигини, тикланиш вақти қанча вақт олишини, қандай витамин қабул қилиш, қандай овқатланиш зарурлигини билардик. Натижа эса шундан бошланади.

– Яъни, ўзингиз иштирок этган биринчи жаҳон чемпионатидан олти йил олдин жисмоний тарбия мураббийи билан ишлашни бошлаганмисиз?

– Ҳа. Фаолиятим давомида ҳеч қачон фитнес-тестдан ўтмаган пайтим бўлмаган. Мен уларни ҳар доим ортиғи билан бажарганман, гарчи талаблар жуда юқори эди. Мисол учун, тезликка чидамлилик учун "йо-йо" тести мавжуд. Бундан ташқари, 40 метрга югуриш бўйича синов бор, у катта бошланғич тезликни талаб қилади.

Футболда бу омил жуда муҳим. 50-60 метр узунликдаги пас билан тўп икки сония давомида қарши ҳужумда учади. Ҳатто Усэйн Болт ҳам бунчалик тез югура олмайди. Сиз у ерга боришингиз керак, акс ҳолда, сиз хато қиласиз. Битта хато ҳакамни жаҳон чемпионати ҳавзасидан чиқариб юбориши мумкин ва рақобат – ақл бовар қилмас даражада. Мен, айниқса, ёш ҳакам сифатида хато қилишга ҳаққим йўқ эди.

Ўйиндан олдин Роббенни симуляция қилмасликка чақирган. Биз танаффусга қучоқлашган ҳолда чиқиб кетдик

– Ҳакам сифатида сиз дуч келган энг ақлдан озган мураббий ким?

– Ўйлашимча, Марадона. У бир ўйиннинг ўзида жентльмен, шоумен ёки тажовузкор шахсга айланиши мумкин эди.

– Ахир у сиз ишлаган ўйиндан кейин қўлингизни сиқиб қўйган-ку?!

– Ҳа. Аргентина ЖЧ-2010да Германияга 0:4 ҳисобида мағлуб бўлганидан кейин! Жамоаси йирик ҳисобда мағлуб бўлган мураббий ҳакамнинг олдига келиб, қўл сиқиб қўяди ва ҳакамлик борасида ҳеч қандай муаммо йўқлигини айтади – бу жуда ёқимли.

– Ҳакамлар симулюантларни ёқтиришмайди. Бу борада сиз учун энг ёқимсиз футболчи ким? Неймарми?

– Неймар ва Роббен. 2014 йилги ЖЧ чорак финали доирасидаги Нидерландия – Коста-Рика учрашувида хизмат қилганимда, Роббен билан шундай ҳолат бўлган. Нидерландияликларнинг ўйинларини таҳлил қилдим ва Роббен тез-тез симуляция қилишга уринганини кўрдим. Ўйиндан олдин туннелда унга шундай дедим: "Арьен, мен сизнинг олдинги ўйинларингизни кўрдим ва сиз ҳар бирида икки мартадан симуляция ишлатдингиз. Ахир сиз топ-футболчисиз, сизга ёшлар қараб туришибди! Келинг, бугун шундай қилманг!"

Ўйин давомида мен уни диққат билан кузатдим, доимо унинг ёнида бўлишга ҳаракат қилдим. Биринчи бўлим тугади, Роббен менга қаради ва кулди: "Рэф! Мен бир неча марта "шўнғишни" хоҳладим, лекин ҳар гал сиз менинг ёнимда эканлигингизни кўрдим! Ҳаттоки, бизнинг қучоқлашган ҳолда танаффусга чиқиб кетаётган суратимиз ҳам бор. Қолган вақтда у умуман "шўнғишга" уринмади.

– ЖЧ-2010да ярим финалга, ЖЧ-2014да чорак финалга қадар етиб боргансиз. Нега ЖЧ-2018да фақат гуруҳ босқичи икки ўйинида ишладингиз?

– Ўша чемпионатда ёрдамчим жароҳат олган эди, унинг ўрнини босадиган ҳеч ким йўқ эди. Албатта, бу ачинарли ҳол. Жаҳон чемпионатининг ҳар бир ўйини бир умр сиз билан қолади. Аммо 2018 йилги жаҳон чемпионатидан кейин 2019 йилги Осиё чемпионати ҳам бор эди, у ерда ҳам ёрқин лаҳзалар бўлди.

– Ҳакам сифатида хайрлашув учрашувини ўтказдингизми?

– Ҳали улгурмадим. Лекин буни амалга ошириш мумкин. Ассоциацияда юқори савияда ўйнаган, аммо хайрлашув учрашувида қатнашмаган бир қанча собиқ футболчилар ишлайди. 2022 йилда Ўзбекистон футболининг 110 йиллиги нишонланмоқда. Ушбу санага атаб бир пайтлар Ўзбекистон терма жамоасида ўйнаган кўплаб собиқ футболчилар билан хайрлашув ўйини ташкил қилмоқчимиз. Балки ҳуштак билан майдонга чиқиб, расман хайрлашарман. Бироқ ҳозирча буларнинг барчаси музокаралар босқичида.

– Ҳиссий жиҳатдан бундай муҳим лаҳзани кимлар билан биргаликда бошдан кечиришни хоҳлайсиз? Қайси ҳакамларни таклиф қилган бўлардингиз?

– Европаликлардан кўп йиллар давомида Виктор Кашшаи ва Милорад Мажич билан бирга ҳакамлик қилганмиз. Шунингдек, Николо Риццоли, Дамир Скомина, бельгиялик Франк де Блекер ва албатта, Сергей Карасевни чақирган бўлардим. Бундан ташқари, Осиёлик дўстларимизни таклиф қилардим. 

– Охирги йилларда қандайдир норасмий ўйинларда ҳакамлик қилдингизми?

– Халқаро даражада – йўқ. Ўзбекистонда турли турнирлар, хайрия ўйинларида иштирок этдим. Вақти-вақти билан ҳамкасбларим, дўстларим билан футбол ўйнаб тураман.

– Ҳакам сифатида кўпроқ нимадан фахрланасиз?

– Майдонда милиционер бўлмасликка ҳаракат қилдим, лекин футболни яхшилашга ёрдам берадиган одам бўлишни хоҳлардим. Эсингизда бўлса, авваллари тажовузкор, жаҳлдор ҳакамлар кўп бўларди. Мен эса доим табассум билан ишлашга ҳаракат қилдим. Қарашим билан "Дўстим, сариқ карточка сен учун бир маълумот. Эҳтиёткорроқ бўл" демоқчи бўлдим. Мен ҳакамликка ёндашувни ва футболчиларнинг ҳакамларга бўлган муносабатини бироз ўзгартира олганимдан ғурурланаман. Ўзаро ишонч ва ҳурмат пайдо бўлди, чунки барчамиз биргаликда футболни яхшилашни истаймиз.

– Чет эллик ҳакамлар сизнинг ҳикоянгиз улар учун илҳомлантирувчи ва рағбатлантирувчи омилга айланганини айтишганми?

– Кўпинча шундай бўлади, ёш ҳакамлар маслаҳат сўраб, мурожаат қилишади. Бу мен бекорга шунча йўл босиб ўтмаганимни билдиради, жуда ёқимли. Фаолиятимга назар ташлайдиган бўлишса, ҳакамлар улар билан ҳам шундай бўлиши мумкинлигига ишонишади.

Яна бир неча йиллардан кейин Аҳмедовнинг академиялари иши самарасини терма жамоада ҳис қиламиз

– Ҳакамдан функционерга айланишдаги энг қийин ва эҳтимол, ёқимсиз нарса нима?

– Мен буни ёқимсиз деб айтмаган бўлардим. Энг қийини, авваллари фақат ўз ишим учун масъул бўлган бўлсам, энди ҳамкасбларим билан биргаликда бутун мамлакатимиз футболи ривожи учун ишлашимиз зарур. Ва бу жуда катта масъулият. Шундай бўладики, терма жамоа жамоа мағлубиятга учрагач, мухлисларнинг катта шикоятларини эшитишга тўғри келади (ЖЧ-2022 саралаш босқичи бошида меҳмонда Фаластиндан қабул қилиб олинган мағлубиятдан сўнг Эрматов юрак хуружига учраган, дейишади). Ўзбекистон чемпионатида ҳакамлар хатога йўл қўйишса, бу ҳам танқидга сабаб бўлади. Лекин биз доимо бунга тўғри муносабатда бўлишга ҳаракат қиламиз ва ўз ишимизни таҳлилий ва тизимли равишда ривожланишга йўналтирамиз. Футболда ҳамма хато қилади, асосийси, ўша хатоларни такрорламаслик.

– Дунёда ҳакамлар раҳбарлик қиладиган бошқа ассоциация (федерация)лар ҳам борми?

– Ҳа, бор. Масалан, Швеция ва бошқа бир қанча давлатлар. Октябрь ойида у ерда ўртоқлик учрашуви ўтказдик, Швеция федерацияси президенти билан танишдик. У шунингдек, собиқ ФИФА рефериси. Ҳакамлар – тартибли, интизомли инсонлар ва бундай ишларда бу сифат қадрланади.

– Нега танлов сизнинг гарданингизга тушди?

– Халқимиз футболни севади, футбол – бизнинг биринчи рақамли спортимиз. Бироқ кўп нарсаларни профессионал даражага қўйиш керак. Замонавий инфратузилмани ривожлантириш, мураббийлар малакасини ошириш, болалар футболини тизимли ривожлантиришга жиддий ёндашишимиз лозим. Эҳтимол, футбол жамоатчилигимиз бу ишни қандай қилиб қуриш ва буни амалга ошириш учун халқаро ва маҳаллий даражада тажриба ва алоқаларга эга эканлигимни билишгандир. Ўз зиммамга олмаслик ва юксак ишончни оқлашга уринмаслик мумкин эмасди.

– Сиз биринчи вице-президентсиз, барча оператив фаолият учун жавобгарсиз. Ассоциация президенти, Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси Абдусалом Азизов бу ишга қанчалик яқин?

– Юқори лавозим ва иш билан банд бўлишига қарамай, деярли ҳар куни футболга эътибор қаратишга вақт топади. У футболни жуда яхши кўради ва ўз вақтида ""Ўзбекнефтгаз" АЖ раҳбари сифатида "Машъал" (Муборак) клубида мамлакатдаги биринчи футбол академиясини ташкил этганини, унинг тарбияланувчиларидан бири Элдор Шомуродов эканлигини тушунади. Абдусалом Абдумавлонович клубни ривожланишнинг янги босқичига олиб чиқди.

Асосий масалаларда мен доимо унинг фикрларига қулоқ тутаман. Яна бир вице-президентимиз Одил Аҳмедовни Россия футболида ҳамма билади. Мен ҳар доим айтаман: "Жамоа яхшиланишни истаса, энг яхши ўйинчиларни олади. Шундай қилиб, ассоциациямиз таркибни Одил Аҳмедов билан кучайтирди". Унинг Россиядан Хитойгача бўлган кўплаб мамлакатлардаги улкан ўйин тажрибаси бизга кўп ёрдам беради. Бундан ташқари, Аҳмедовнинг болалар академияси мавжуд бўлиб, у ерда профессионал иш олиб бормоқда.

 – Аҳмедовга "Краснодар" президенти Сергей Галицкий академия очиш таклифини бергани ростми?

– Мен ҳам буни эшитдим. У "Краснодар"да ўйнаб юрган пайтларида академия очишни режа қилган. Ҳозир унинг жуда яхши тарбияланувчилари бор, улар Ўзбекистон ёшлар терма жамоасига жалб этилишмоқда. Яна бир неча йиллардан кейин Аҳмедовнинг иши самарасини терма жамоада ҳис қиламиз.

– Бир пайтлар "Ўзбек Мессиси" деб аталган, Москванинг "Локомотив"ига ўтиш атрофида жуда ғалати воқеага ўралашиб қолган Жасур Жалолиддиновда аҳволлар қалай?

– Жасур ҳақиқатан ҳам жуда иқтидорли футболчи, лекин, назаримда, у ҳам жисмонан, ҳам руҳий жиҳатдан кучли бўлиши керак эди. Россияда у ўрганиб қолган футболдан бошқача, анча тажовузкор ва зичроқ футбол ўйнашади. Ўтган мавсумни шу ерда, "Андижон"да ўтказган бўлса, ҳозир Олмаотанинг "Қайрат" клубида Қурбон Бердиев қўл остида ўйнамоқда. Мураббий унга ишонади, у ҳақида ижобий гапиради. Жалолиддинов ҳозирча ҳар доим ҳам асосий таркибда майдонга тушгани йўқ. У улкан салоҳиятга эга ва ўзини аямасдан ишлашда давом этиши керак.

– Энди ҳақиқий Мессига тўхталсак. У ва Криштиану Роналду Тошкентга келганини ўзбек футболи музейида кўрдим. Бу қандай содир бўлганди?

– Бу Ўзбекистонда футбол ташвиқоти ҳаракатлари натижаси эди. Месси, Роналду ва бошқа кўплаб жаҳон футболи юлдузлари бизда маҳорат дарсларини ўтказишган. Йигитларимиз уларни ўзлари каби инсон эканлигини, футболда ҳамма нарсага эришиш мумкинлигини ҳис қилишлари учун федерация бу тадбирларни ташкил қилган. Улар билан учрашувларга ёшлар жамоалари жалб қилинган, матбуот анжуманлари ташкил этилган, академияларда юлдузлар ёш футболчиларимиз билан учрашишган.

– Мен Мессини қор билан қопланган машғулот стадионида тушган суратини кўрдим...

– Ҳа. Ўша куни қор ёғди ва Лионель учун бу ғайриоддий ҳолат эди. Аммо унга об-ҳавога мос экипировка беришди ва у футбол ўйнашга борди.

– "Бунёдкор"га Зико ва Сколари мураббийлик қилган, Ривалдо ўйнаган даврлардан фарқли ўлароқ, ҳозирги ўзбек футболини бой деб бўлмайди, шундайми?

– Мен бундай демаган бўлардим. Аммо пул бўлганда ҳам ундан оқилона фойдаланиш керак. Биринчидан, инфратузилмани тартибга солиш, мураббийлар малакасини ошириш, болалар футбол академияларини ривожлантиришга сармоя киритиш зарур. Шунда тараққиёт бўлади, барқарорлик ва натижалар келади. Агар пул фақат катталар жамоаларига сарфланса, унда қуйи поғоналар ривожланиши учун маблағ етарли бўлмайди. Биз ҳамма нарсани тўғри ташкил қилишимиз керак ва кейин биз бир марта тасодифан юқорига чиқиб, кейин яна 25 йилга ғойиб бўлмаймиз, балки энг яхши мусобақаларда доимий қатнашамиз.

Бизда ўнлаб Қосимовлар, Аҳмедовлар, Шомуродовлар, Машариповлар бўлиши керак

– Ўзбекистон терма жамоаси узоқ вақтдан бери биринчи марта ҳатто учинчи саралаш босқичига ҳам чиқа олмади. Нима бўлди?

– Футбол ассоциацияси бу муваффақиятсизлик учун жавобгарликни ўз зиммасига олади. Ва биз жароҳатлар ёки бошқа сабабларга мурожаат қилиш мумкин эмаслигини тушунамиз. Тан оламан, биз кўп йиллардан буён шундай натижага қараб кетаётгандик. Афсуски, терма жамоага ўйинчиларни танлаб олиш имконияти чекланган. Катта ўйинчиларнинг етишмаслиги сифатли мураббийларнинг етишмаслиги, юқори малакали мураббийларнинг етишмаслиги эса ўз навбатида сифатли мураббийлик таълимининг йўқлиги натижасидир.

Шу боис ҳозир Ўзбекистонда мураббийлик таълимига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бундан ташқари, биринчи марта Ўзбекистон терма жамоалари учун "Дўстлик" маркази қурилади.

Ўзбекистондек давлатда терма жамоадаги ҳар бир ўрин учун камида 5-6 нафар футболчи кураш олиб бориши керак. Лекин, афсуски, футболчилар ўртасида етарлича рақобат йўқ. Шу боис биз нафақат мураббийлар штабида ўзгаришлар қилдик, балки чуқурроқ нарсаларда – мураббийлик таълими, болалар футболи, умуман, ташкилий жиҳатдан кўп нарсани қайта кўриб чиқдик.

– Терма жамоани саралаш босқичида ҳалокатли тарзда бошқарган Вадим Абрамов ўрнига словениялик Сречко Катанец олиб келинди. Нега айнан у?

– Катанецни яхши ўргандик. У катта тажрибага эга – Словенияни Жаҳон ва Европа чемпионатларига олиб чиққан, Осиё футболини яхши билади, Бирлашган Араб Амирликлари ва Ироқ терма жамоаларига устозлик қилган. Жуда принципиал ва талабчан мураббий, у чинакам профессионал штабга эга – ёрдамчиларидан тортиб физиотерапевтларигача. Номзодлар кўп эди, лекин мураббийлар кенгаши унинг вариантида тўхтади.

– Катанецнинг Италияда ўйнагани ва жамоангиз сардори Элдор Шомуродов каби итальянча гаплашиши таъсир кўрсатмадими?

– Катанецни бош мураббий этиб тайинлаганимизда Шомуродов ҳали терма жамоа сардори эмасди ва итальянчани эндигина гапира бошлаганди. Демак, бу мезон кўриб чиқилмаган.

– Абрамовга қадар терма жамоани машҳур аргентиналик Эктор Купер бошқарди. У Осиё чемпионатининг 1/8 финалига чиқди ва 2022 йилги жаҳон чемпионати саралашининг биринчи ўйинида Ўзбекистон Фаластинда мағлуб бўлгач, ишдан бўшатилди. Нега у билан хайрлашишга қарор қилинди?

– Мураббийлар кенгашига кўра, Купер терма жамоага сингдирмоқчи бўлган услуб ўзбек футболи менталитетига тўғри келмайди. Футболчиларга унинг талабларига мослашиш қийин бўлди. Аксарият учрашувларда Купер ҳимоявий ўйнашга ҳаракат қилди. Бу жамоатчиликка ҳам, мутахассисларга ҳам, футболчиларга ҳам ёқмади. Шу сабабли мураббийлар кенгаши таклифига кўра, у билан шартномани бекор қилишга қарор қилинди.

– Шомуродов мавзусига қайтамиз. Энг машҳур футболчингиз терма жамоада қанчалик яхши ўйнайди?

– Яхши ўйнайди. Албатта, Европанинг кучли бешлик чемпионатларидан бирида тўп тепган биринчи футболчимиз терма жамоа ва унинг мухлисларининг умиди, у ҳар доим бизнинг қутқарувчимиз бўла олади. У мунтазам равишда терма жамоа сафида гол уради – яқинда ўтказилган "Наврўз Кубоги"да Қирғизистон ва Угандага қарши ўйинда 4 та гол урди. Мураббийлар штаби ва жамоатчилик ундан мамнун.

– "Рома" "Ювентус"га 3:4 ҳисобида имкониятни бой бергач, римликлар бош мураббийи Жозе Моуриньюнинг шахсан ўзи уни танқид қилганида хафа бўлдингизми?

– Ҳа. Мураббий ўз ўйинчиларини ошкора танқид қилиши тарафдори эмасман. Менимча, бу жамоа ичида бўлиши керак.

– Шомуродов йўлини такрорлай оладиган ўзбек йигитлари борми?

– Улар кўп, аммо исмларини айтмоқчи эмасман. Ҳамма мақтовни яхши кўради, лекин мақтов бир қулоғидан кириб, иккинчисидан чиқиши керак. Агар улар буни хаёлда сақлаб қолишса, халақит қилади, оёқлари ердан узилади. Шунинг учун мен бунга жуда эҳтиёткор қарайман. Одамлар чиндан ҳам бирор нарсага эришганларида мақташга вақтимиз бўлади.

Менимча, ўзбек футболининг салоҳияти шундайки, бизда ўнлаб Қосимовлар, Аҳмедовлар, Шомуродовлар, Машариповлар бўлиши керак. Сўнгги йилларда эса болалар ва ёшлар билан ишлашни шундай йўлга қўйишга ҳаракат қиляпмизки, беш йилдан сўнг топ-лигаларда ўзбекистонлик кўплаб футболчиларни кўрасиз. Ҳозирда Элдорнинг ўзи ҳақида ҳужжатли фильм суратга оляпмиз, бу баъзида ўзига ишонмайдиган кўплаб ёш футболчиларимизга илҳом бахш этиши лозим.

– Ёш иқтидор эгаларидан бири Остон Ўрунов "Спартак"да ўйнаб кета олмади. Нимага бундай бўлди, нима деб ўйлайсиз? Кўпчилик унинг ўйин қобилияти билан юлдуз бўлиш учун тўғри менталитетга эга эмаслигини айтади...

– Ўрунов ҳали ёш футболчи ва ўйлайманки, катталар даражасидаги Россия чемпионати унга жангчи характерини шакллантиришга ёрдам беради. Енгил жароҳати бор кўплаб футболчилар жамоага кераклигини тушуниб, майдонни тарк этишмайди. Ўйлайманки, вақт ўтади ва Остон унга катта умид боғланганини тушунади ва ўйнаб кетади. Уни диққат билан кузатиб боришади ва миллий терма жамоада кўришни жуда хоҳлашади, бироқ қатор жароҳатлар унга доимий ўйин амалиётига эга бўлишга имкон бермаяпти.

Ўзбекистонлик ёш футболчиларга етишмайдиган яна бир жиҳатга тўхталиб ўтмоқчиман. Шахсан мен психологлар билан ишлашни зарур деб биламан. Жаҳон чемпионатларига тайёргарлик кўраётган ҳакамлар доимо шундай қилишади. 2010 йилда бизга Испаниядан иккита жуда малакали психолог ёрдам берди. Очилиш ўйинига тайёргарлик жараёнида улар билан ниҳоятда қизғин ишладик. Жанубий Африка Республикаси трибуналарида ўзига хос хусусиятлар бор эди, вувузелаларни яхши эсласангиз керак. Улардан шундай овоз эшитиладики, яқинингиздаги ҳеч кимни эшитмайсиз. Бир-биримизни бир метр масофадан ҳам эшитмасдик, ҳатто телевизорда ҳам улар туфайли ўйинни кўриш ноқулай эди.

Аммо мендан бу билан қандай курашганимни, қандай қилиб диққатимни жамлаганимни сўрашганда, уларни умуман эшитмаганимни ҳис этгандим! Ўйиндан кейин ўзим ҳам ўйлардим — қандай қилиб? Бегона шовқиндан қай тариқа бутунлай узилишга муваффақ бўлдим? Ва мен бу айнан психологларнинг хизматлари, деган хулосага келдим.

– Ассоциацияга, Ўзбекистон терма жамоасига психологларни жалб қилмоқчимисиз?

– Терма жамоага келсак, буни доим мураббийлар штаби ҳал қилади. Агар бош мураббий психолог зарур деб топса, қидирамиз. Ёшлар ва ёшлар даражасида ҳозир бизда психологлар ишламоқда. Яна бир нарса шундаки, малакали спорт психологлари жуда кам. Бундай мутахассис ўйинчи, ҳакам ўйин олдидан ўзини қандай ҳис қилишини, ҳаяжон қўрқувга айланиб қолмаслиги учун уни қандай енгиш кераклигини билиши керак. Бизда иқтидорли, аммо психологик жиҳатдан беқарор футболчилар кўп. Шунинг учун халқаро майдонда ҳеч нарса кўрсата олмаймиз.

Паловни ҳафтада фақат бир марта тановул қиламан

– 2014 йилда ўзбек анъаналарига кўра, ота-онангиз билан бирга яшаётганингизни айтган эдингиз...

– Ҳа, ҳали ҳам шундай. Мен ота-онамни ҳеч кимга ишонмайман (табассум қилади). Бизда шундай анъана бор, ўғиллардан бири доимо улар билан яшайди, уларга ғамхўрлик қилади. Қандай қилиб алоҳида яшашни тасаввур ҳам қила олмайман.

– Кўряпманки, сиз ажойиб спорт формадасиз. Бир грамм ортиқча вазн йўқ...

– Ҳаракат қиляпман. Ортиқча вазним деярли йўқ. Аммо доимий равишда жисмоний тарбия билан шуғулланиш имконига эга эмасман, вақт етарли эмас. Ғафтасига икки марта спорт залига бораман.

– Ўзбекистонда таомлар мазали, бироқ шунчалик ёғлики, бу ерда вазнни сақлаш анча қийин...

– Мен ҳакамлик давримда ҳар доим овқатланишда ўзимни чеклашга ва диетологлар маслаҳатига қулоқ солишга ҳаракат қилардим. Чунки доимий равишда ўзбек таомларини истеъмол қилсангиз, форма ва вазнни сақлаб бўлмайди. Шунинг учун ҳозир ҳам ҳеч қандай қийинчиликлар йўқ. Тартибга амал қиламан, бу – ҳаёт тарзи. Бироқ Ўзбекистонда гастрономия жуда мазали, бу ҳақиқат! Бу ҳақда ҳамма гапиради ва биз бундан фахрланамиз.

– Тез-тез палов еб турасизми?

– Хафтада бир маротаба. Лекин мен ҳар куни ейишни хоҳлайман, чунки жуда мазали-да!

– Хорижлик ҳамкасбларингизни ош билан меҳмон қилганмисиз?

– Доим! Хорижлик ҳакамлар Ўзбекистонга келиш учун навбатда туришибди!

Шерзод Нурматов тайёрлади

Рейтинг: -7   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика