UZ

Сўнгги янгиликлар

19:46Суперлигада тоза ўйин вақти ошди  2 19:20"Боруссия" "Манчестер Сити" футболчисини сотиб олади  0 18:43Расман: U-20 Осиё кубогида чемпион бўлган футболчимиз легионерга айланди  6 18:18Флик "Барса" ҳақида: "Манчестер Сити"дек иш тутмоқчимиз"  0 17:41"Барселона" Европа чемпионининг трансфери устида ишлашни бошлади  1 16:53"Пахтакор" фахрийлари 11 август куни Минскда "Динамо"га қарши ўйнайди  7 16:11Ўзбекистон терма жамоаси амалдаги Жаҳон чемпионига қарши ўйнайди  7 15:29Расман: "Навбаҳор" ёзда 7 футболчини ўз сафига қўшиб олди  18 14:57"Мен ҳамон МЮ билан АПЛ ва ЕЧЛни ютишни орзу қиламан"  4 14:32Англия терма жамоаси футболчиси тез орада "Атлетико"га ўтади  2 13:33Гвардиола: "Улар бизга муаммо туғдиришди"  5 13:04"Челси" яна бир дарвозабонга пул сарфлади, энди уларда 7 нафар посбон бор  4 12:27Суперлига. Андижондаги марказий ўйинни ким бошқаради? 14-турнинг дастлабки 3 ўйини ҳакамлари маълум  6 11:59ОЧЛ тугатилди, энди янги мусобақа кўрамиз  26 11:26Ўзбекистон делегациясига Футзал Жаҳон чемпионати-2024 кубогини топшириш маросими бўлиб ўтди  4

Фотомақола: "CA"нинг тарих зарварақларида Равшан Эрматов! Янгиликлар

Фотомақола: "CA"нинг тарих зарварақларида Равшан Эрматов!

Аввалига футбол ўйнаб, кейинчалик жароҳат туфайли ҳакамлик соҳасига ўтиб кетган Равшан Эрматов бугунги кун ўзбек футболида фаолият олиб бораётган кишилар орасида энг машҳурларидан бири ҳисобланади.
Равшан Эрматов чўққига қандай чиқди?

Мана, кеча Олимпия шон-шуҳрати музейида ФИФА рефериси Равшан Эрматов ва унинг ёрдамчиси Абдулҳамид Расуловни тантанали равишда тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Маросимда шахсан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, Эрматов шаънига ажойиб нутқ сўзлади. Йиғилишда муҳтарам юртбошимиз томонидан Равшан Эрматовга “Эл-юрт ҳурмати” ордени ҳамда қимматбаҳо “Малибу” автомашинаси берилгани эълон қилинди.

Айтиб ўтганимиздек, Равшан Эрматов дастлаб футболчи бўлишни ният қилган, бироқ оғир жароҳат туфайли футболни эрта якунлашга мажбур бўлган. У кишининг отаси Сайфиддин Эрматов ўз вақтида таниқли ҳакам эмасми, Равшан ҳам ота изидан бориб орадан кўп ўтмай ҳакамликни танлайди. Эҳтимол Сайфиддин ака бошқа соҳада ишлаганларида биз бугун маакқтаётган Равшан Эрматов ҳам футболдан кетгач, фаолиятини умуман бошқа ишда давом эттираётган бўлармиди.

Касбимиз юзасидан Равшан Эрматов билан кўп бор мулоқотда бўлганман. Майдонда дейсизми, ЎФФ биноси олдидами ёхуд кўча-кўйдами, қаерда учрашмайлик, Эрматов билан доим самимий гаплашганмиз. Унга берилган саволларим орасида ҳали ҳеч бири жавобсиз қолиб кетмаган. Мен ўзбек футболига кириб келган пайтларим Эрматов аллақачон ҳакамликни бошлаб юборганди. Ҳатто ОФК миқёсидаги учрашувларга ҳам таклиф қилиниб турарди.

Ўшанда олий тоифали ҳакам бўлган Эрматов эндиликда ФИФА рефериси, бўлиб ҳам жаҳон чемпионатларида тўққизта ўйин бошқариб ўзига хорс рекорд ўрнатган инсон. Равшан Эрматов ЖЧ-2010да бешта, ЖЧ-2014да эса тўртта ўйинни бошқарди. Шунга қарамай, у кеккайиб, манмансираб кетгани йўқ. Ҳар доимгидек оддийлигини сақлаб қола олди. Бу эса инсондаги энг муҳим фазилатлардан бири ҳисобланади.

Кўпчиликда Равшан Эрматов қандай қилиб бу даражага чиқди деган савол юзага келиши турган гап. Ўзингиз ўйлаб кўринг, бизда футбол ҳали у даражада ривожлангани йўқ. Хориж клубларда тўп тепаётган легионерларимиз сони билан ҳам мақтана олмаймиз, четда ишлаётган мураббийларимиз йўқ ҳисоби. Аммо Эрматов ўзимизнинг олий ва биринчи лигада ишлаб аввалига ОФК, кейин ФИФА назарига тушди. Ўз ишини мудом сидқидилдан бажаргани учун охирги ўн йилликдаги фаолияти юқори нотада кечди.

Эсимда, бир гал Равшан аканинг ўзидан сўрагандим: “Сизга жаҳон чемпионатига бориш насиб қилди, қачон терма жамоамиз ҳам чиқар экан?” деб. Шунда Эрматов бунинг учун ҳамма ўзига бириктирилган ишни сидқидилдан бажарса бунгаям албатта эришамиз деганди. Хўш, Эрматов бу билан нима демоқчи бўлган? Ўзининг соҳаси бўйича олиб қарайдиган бўлсак, Эрматов ўзига топширилган ҳар бир ўйинни яхши савияда бошқаришга ҳаракат қилади. Муҳими, у ўйин ажратмайди: хоҳ олий лига, хоҳ чемпионлар лигаси, хоҳ терма жамоалар ўртасидаги нуфузли турнир бўлсин, Равшан ака ҳар бир беллашувга бир хилда тайёргарлик кўради. Бу чемпионат савияси паст, буниси баланд деб ажратиб ўтирмайди.

Яшириб нима қилдик, баъзи футболчиларда мана шундай ажратишлар бор. Бунинг оқибатида кўп бора панд еб қўйган жиҳатларимиз бўлган. Равшан Эрматов ўз интервьюларидан бирида айтганди: ҳаммамиз ўзбек футболи ривожи учун ишлаяпмиз, шундай экан, мураббий ўз ишини, футболчи ўз ишини ва ҳакамлар ўз ишини қилиши лозим, шундагина мақсадга эришамиз.

Равшан Эрматов тўрт йил олдин ЖАРда ўтказилган жаҳон чемпионатида қатнашиб келгач ҳам ўзини йўқотиб қўймади. Ўз маҳоратини оширишда давом этди. Мен жаҳон чемпионатига бориб бешта ўйинда ҳакамлик қилдим, шундан бошқа нима ғамим бор деб бекор ўтиргани йўқ. У яна ва яна ишлашда давом этди, ҳар кунги машғулотларни канда қилмади. Ҳамкасб дўстлари билан жиддий ишлашда давом этди. Бунинг натижаси ўлароқ орадан тўрт йил ўтиб яна жаҳон чемпионатига бориш насиб қилди.

Эрматов учун кўзланган мақсадга эришининг йўли битта - фақат МЕҲНАТ! У шундан бошқасини билмайди. Ва ўз ниятига эришиш учун ҳар қанча оғир бўлмасин тинмай меҳнат қилади. Машаққатдан қочган эмас. Эрматов – режимга амал қиладиган спортчи, у умуман ичмайди, чекмайди ҳам. Ён-атрофидаги кишиларнинг барчасини ҳурмат қилади. Матбуотдан сира ўзини олиб қомайди. Отаси Сайфиддин Эрматов, шунингдек таниқли ҳакамлардан Анатолий Коваленко, Ноил Лутфулин, Бобур Ҳайдаровларни ўзига устоз деб билади. Бу кишиларсиз мен шу даражага чиқмасдим дея бот-бот такрорлайди.

Равшан Эрматов, Абдулҳамид Расулов, Рафаэль Ильясов, Валентин Коваленко - булар ҳозирги ўзбек ҳакамларининг юзи. Бошқалар ҳам шулардан ўрнак олишлари керак деб ўйлаймиз. Ҳамкасблари Эрматовга ҳасад қилиб эмас, ҳавас қилиб ишлашлари, яшашлари даркор. Ўз навбатида бу гап мураббийлар-у, футболчиларга ҳам тааллуқли. Шундагина ўзбек футболи фақат ҳакамлик соҳаси бўйича эмас, балки терма жамоалар, клублар миқёсида ҳам дунё эътиборига тушади. Биз мана шундай кунлар келишини кутиб қоламиз.



Равшан Эрматовнинг олий лигадаги статистикаси

Бугунги кунга қадар Равшан Эрматов миллий чемпионатимизда 223та учрашувда бош ҳакам бўлиб ишлаган.

2001 йил 2 октябрь куни Навоийнинг “Зарафшон” жамоаси ўз майдонида Ангреннинг “Семурғ” жамоасини қабул қилди. Бу ўйин Равшаннинг дебют баҳси бўлиб тарихда қолди. Ўша ўйинда мезбонлар 3:1 ҳисобида ғалаба қозонишди. Эрматов бу баҳсда 7 нафар футболчига сариқ карточка кўрсатди. Назоратчи Шамил Жумаев унга 8,5 балл қўйди. Хуллас, унинг биринчи қадами ижобий тарзда бошланди.

2008 йил 4 октябрь санасида Жиззахдаги “Жиззах” стадионида “Сўғдиёна” ва “Андижон” баҳси қаҳрамонимиз учун миллий чемпионатимиздаги юбилей 100-баҳс бўлди. Ўша ўйинда “бургутлар” 3:2 ҳисобида зафар қучишган, Равшан Эрматов 9,6 балл олганди.

2013 йилнинг 7-турда “Насаф” – “Металлург” баҳсида бош ҳакамликни бажарган Равшан Эрматов олий лигада 200 ўйинни бошқарган учинчи ҳакамга айланди. Бунгача бу маррани Ноил Лутфуллин (260 ўйин) ва Рашид Айтеков (214 ўйин) забт этганди.

Эрматов олий лигада 66 марта дарвозаларга пенальти белгилаган бўлса, шундан 20таси мезбонлар дарвозасига 48таси меҳмонлар дарвозасига тепилган. Эрматов жами 223 ўйинда 608та голни инобатга олган. Голларнинг 368таси мезбонлар, 240таси эса меҳмонлар томонидан амалга оширилган.

Равшан Эрматов шу кунгача 223 ўйин давомида 900 футболчини огоҳлантирган ва 55 футболчини майдондан четлатган.

223 ўйиндан 37тасида дуранг қайд этилган бўлса, 126 ўйинда мезбонлар ғалаба қозонган, 60 ўйинда эса меҳмонларнинг қўли баланд келган. Эрматов 2001 йилдан бугунгача олий лигада иштирок этган уч жамоа “Академия”, “Кимёгар” ва “Турон” иштирокида ўйинларни элитада бошқармаган экан.  Ҳакам олий лигада қатнашган 26та жамоа иштирокидаги ўйинларда ишлаган.

Равшан Эрматовнинг олий лигадаги юбилей ўйинлари

1

02.10.2001 ЗАРАФШОН - СЕМУРҒ - 3:1

50

27.08.2005 ТРАКТОР - МАШЪАЛ - 3:5

100

04.10.2008 СЎҒДИЁНА - АНДИЖОН - 2:3

150

19.03.2011 СЎҒДИЁНА - ҚИЗИЛҚУМ - 0:2

200

04.05.2013 НАСАФ - МЕТАЛЛУРГ - 3:1

223

23.05.2014 АНДИЖОН – НАСАФ 0:1

Статистикани тайёрлашда Бахтиёр Шириновнинг архивидан фойдаланилди.



2006 йил. Эрматов "Трактор" - "Навбаҳор" ўйинида Темур Айзатуловга қизил карточка кўрсатяпти.



2006 йил 21 ноябрь. Осиё ўйинларидан олдин Тошкентда Эстонияга қарши ўтказилган ўртоқлик учрашувидан.



2007 йил. "Трактор" - "Насаф" баҳси бошланиш арафасида. Икки жамоа сардорлари, Рўзиқул Бердиев ва Темур Айзатулов билан.



2007 йил. Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси россиялик тенгқурларига қарши ўйин олдиданю Бу ўйинда Равшан Эрматов тўртинчи ҳакам вазифасини ўтаб берган эди.



Осиё Кубоги - 2011. Финал ҳуштаги янграётган лаҳзалар.



Финални бехато бошқаргани учун ОФКнинг ўша пайтдаги презизиденти Муҳаммад бин Ҳаммам унга миннатдорчилик билдиряпти.


Хайрулла Холиқов, Нарзулла Сайдуллаев ва Нодирхўжа Юлдашев тайёрладилар


Рейтинг:    

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика