Еврокубоклардан кейинги кураш: А Серия 5-тур превьюси
23 окт 2020 11:20
Янгиликлар
Еврокубоклардан кейинги кураш: А Серия 5-тур превьюси
"Ювентус" - "Кротоне"
"Кротоне" билан ўтган омадсиз ўйиндан кейин амалдаги чемпион ғалаба қозониб, мухлисларини хурсанд қилишга уринади. Акс ҳолда, Пирлонинг "курсиси" қимирлай бошлаши ҳам ҳеч гап эмас. Шу ўринда "Ювентус"да кадрлар муаммоси ҳам йўқ эмаслигини қайд этиш лозим. Коронавирусдан қутила олмаётган Роналдудан ташқари, Алекс Сандро, Де Лигт, Кьеллини ва Маккени аниқ бу ўйинда майдонга тушмайди. Ўтган турда қизил карточка олган Кьезани эслатмасак ҳам бўлар. Умумий олиб қараганда, "Верона"даги вазият унданда ёмон. Футболчиларнинг бир қисми коронавирусга топширилган тест натижалари кутаётган бўлса, вируссиз ҳам жамоасига ёрдам бера олмайдиганлар мавжуд. Бундай ҳолатда ёш "мастиф"лар имкониятга эга бўладилар.
Охирги ўзаро ўйин "Верона" фойдасига ҳал бўлган бўлса-да, букмекерлар "кекса синьора"ни бўлажак беллашувнинг яққол фаворити сифатида кўрмоқда. "Кротоне"дан учралган мағлубиятдан кейин ҳазиллар тугади ва мезбонлар жамоада ҳеч қандай муаммо йўқлиги ҳамда бу мавсум ҳам бош соврин учун аъсосий номзод эканликларини исботлашга ҳаракат қилишади. Пирлонинг режалари амалга ошадиган бўлса, "Верона" очко ҳақида орзу қилиши қийин бўлади.
"Женоа" - "Интер"
"Женоа"нинг бир қатор футболчилари эса аксинча соғайиб сафга қайтишди. Кўрамиз, деярли оптимал таркиб қўл остида бўлганида мураббий Элдорни асосий таркибга қўярмикан?! "Интер"да йўқотишлар бор: Хакими ва Санчес миланликларга ёрдам беролмайди, лекин Бастони ва Наингголан қайтиши кутилмоқда. Агар тест натижалари кўнгилдагидек чиқса, Шкриньяр ва Янгни ҳам кўришимиз мумкин. Умуман олганда, "нерадзурри"да вариантлар бор ва етакчиларнинг саломатлигини хавф остида қолдиришга ҳожат йўқ, аммо ҳимоя маркази қўпол хатоларга йўл қўймоқда ва нимадир қилмаса бўлмайдиганга ўхшайди.
"Интер" чемпионатни анчайин омадсиз бошлади. ЕЧЛ 1-тури доирасида "Боруссия" билан сўнгги дақиқаларда қўлга киритилган дуранг ҳам мақтанишга арзигулик натижа эмас. Аммо бу жуфтликда айнан "нерадзурри" фаворит ҳисобланади. Клуб кўпчиликнинг бу йил айнан "Интер" Скудетто учун чинакамига курашиши ва балки уни қўлга киритиши ҳақидаги фикри нотўғри эмаслигини исботлаши лозим. Шундай экан "грифонлар"га осон бўлмайди. Бироқ нима бўлганда ҳам биз ҳамюртимиз Элдор Шомуродовга ва жамоасига омад тилаб қоламиз.
"Аталанта" - "Сампдория"
Чемпионатнинг аввалги учрашувида "Аталанта" кутилмаганда "Наполи"га йирик 1–4 ҳисобида ютқазиб қўйди. Ҳозир ҳам таркибда муаммолар бор, лекин захира ўриндиғи узунлиги ротацияга имкон қолдирмоқда. Ламмерс асосий таркибда Сапатанинг ўрнини эгалласа керак, унга Иличич шерик бўлади. Шунингдек, Хатебурнинг қайтиши кутилмоқда. Россиялик ярим ҳимоячи Алексей Миранчук эса "Митьюллан" дарвозасига урилган ажойиб голдан кейин, кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлса керак. Раньерида эса таркиб борасида умуман муаммо йўқ ва "Сампдория"нинг кайфияти ҳам аъло даражада. Жамоа "Лацио"ни ер тишлатди ва бемалол дам олиб, А Сериянинг энг яхши ҳужум чизиғига қарши ўйинга тайёргарлик кўрди.
Охирги марта "Аталанта" "Сампдория"ни 2-0 ҳисобида мағлуб этган. Бу сафар ҳам букмекерларнинг фикрича "бергамоликлар" яққол фаворит, лекин ўйиндан аввал "Лацио" ҳам фаворит сифатида кўрилганди, натижа эса ёдингизда бўлса керак. Шу сабабли, Гасперини шогирдларига осон бўлмаса керак. "Сампдория" зарбага зарба билан жавоб беришга уриниши аниқ.
"Беневенто" - "Наполи"
Ўтган турда "Беневенто" "Рома"га муносиб қаршилик кўрсатди, аммо якунда барибир йирик ҳисобда мағлуб бўлди. Мезбонларнинг ҳимоядаги ўйини буткул тартибсиз бўлса-да, нейтрал мухлисни ҳам беэътибор қолдирмайди. Катта эҳтимол билан Роберто Инсинье ҳам бўлажак ўйинда майдонга тушади. Унда ўзига хос имконият мавжуд. Футболчи А Серия доирасида ўзининг акасига қарши майдонга тушиши мумкин. Лоренцо жароҳатидан қутилди ва жамоасига ёрдам беришга тайёр. Элмас ва Зельински ўйнамаслиги аниқ. АЗ билан бўлган ўйиндан кейин Гаттузо ротация ишларини амалга оширса керак, таркиб бунга имкон беради.
Охирги марта А Серия доирасидаги беллашувда "Наполи" "Беневето"ни ушбу стадионда 2-0 ҳисобида мағлуб этганди. Ҳозир ҳам букмекерлар меҳмонлар ортиқча муаммосиз 3 очкога эга чиқишини кутишмоқда. Таркиб борасидаги тафовут ва "Беневенто"нинг ҳимоядаги бўш ўйини бундай рақибга қаршилик кўрсата олмаса керак. Шу ўринда таъкидлаш лозим, "Беневенто"нинг ўзи ҳам майдонни голсиз тарк этгиси келмаслиги аниқ. Бундан келиб чиқадики, бизни анча қувноқ ва голларга бой ўйин кутиб турибди.
"Милан" - "Рома"
Дербидаги ғалабадан кейин чемпионат етакчиси 1-ўринни сақлаб қолишга уринади. Пиоли куни-кеча Чалханоглу ва Ребичдан айрилди ва ҳеч ҳам қаримайдиган Златаннинг ёнида "Реал"дан ижарага олинган Браим Диас тушса керак. "Рома" ҳам Европа Лигасида учрашув ўтказди ва рақиблар бир хил ҳолатда. Смоллинг ҳамон жароҳатланган, Фацио-Кумбулла жуфтлиги эса у қадар ишончли ўйин кўрсата олмаяпти. Таркиб "Беневенто" билан ўйиндагидан кескин фарқ қилмаса керак, "жаллоросси" етакчилари чиндан яхши спорт формасига кириб олган, бу айниқса ҳужум учлигига тааллуқли: Жеко, Педро ва Мхитарян.
Охирги ўзаро ўйинда "Милан" 2-0 ҳисобида зафар қучган. Бу сафар ҳам айнан "россонери"нинг имкониятлари юқорироқ баҳоланмоқда. Жамоа ишончли ўйин кўрсатмоқда, мағлубиятсиз серияни давом эттиряпти ва ҳақли равишда чемпионатда етакчи бўлиб турибди. Қўшимчасига "ўз уйингда деворлар ҳам ёрдам беради" деган гап ҳам бекор айтилмаган. Нима бўлганда ҳам ушбу беллашув тур безаги бўлиши кутилмоқда. Ҳар икки жамоа яхши спорт формасида ва ҳужумкор футболни хуш кўради.
Сергей Румянцев
Нозима Зарипова таржимаси
Фикрлар