Чемпиондан ишончли ғалаба, Шомуродов ва Абрахамдан ассистлар, "Ювентус" биринчи қадамдан "қоқилди" — А Серия 1-тур якунлари
25 авг 2021 14:19
Янгиликлар
Чемпиондан ишончли ғалаба, Шомуродов ва Абрахамдан ассистлар, "Ювентус" биринчи қадамдан "қоқилди" — А Серия 1-тур якунлари
"Интер" йирик ҳисобда "Женоа"ни таслим қилди
Албатта, Симоне Индзагининг "Интер"даги биринчи ўйини катта қизиқиш билан кутилгани бор гап. Майдонга тушганлар ишни пайсалга қолишмади. 6-дақиқада Хакан Чалханоглу бурчак зарбасини амалга оширди, Милан Шкриньяр барчадан баланд сакраб, тўпни дарвозага йўллади. "Интер"нинг тўхташ нияти йўқ эди, 8 дақиқа ўтиб, жамоанинг янги футболчиси ассистга гол қўшиб қўйди. Чалханоглу ўрта масофадан зарба бериб, тўпни дарвоза бурчагига жойлади. "Женоа" амалда таслим бўлиб бўлганди, "Интер" эса босимни давом эттирарди. Қанотдаги узатмадан кейин Жеко бош билан йўллаган тўпи дарвоза тўсинига бориб тегди. Бўлимнинг охирги дақиқасида "грифонлар" чинакамига ҳужум уюштира олди, аммо Каллонанинг уринишига аниқлик етишмади.
Иккинчи бўлимда деярли ҳеч нима ўзгармади. Мезбонлар ўз мухлислари кўз ўнгида уларнинг қўллаб-қувватлашидан куч олиб, олдинга ўтаверарди. Чалханоглу яна гол урди, аммо тўп офсайд сабаб инобатга олинмади. Кейинги ҳужумда "Женоа" гол уриши мумкин эди, лекин Сабеллин қулай имкониятдан фойдалана олмади. Бўлим ўрталарига келиб, "грифонлар" жонланишди ва фаолроқ ҳаракат қилаётгандек тасаввур уйғота бошлади, бироқ бу узоққа чўзилмади. Бу орада Жекода яна бир вазият бўлди, кейин эса захирадан ўйинга қўшилган Видаль кучли зарбаси билан ҳисобни йирик кўринишга олиб келди. Видаль анча фаол эди ва гол ёнига голли узатма ҳам қўштириб қўйди. Унинг оширган тўпини Жеко дарвозага аниқ йўллади ва якуний ҳисобни ўрнатди. "Интер" чемпионатни анча ишончли ўйин билан бошлади. Кейинги ўйинларда, кучлироқ рақиблар билан тўқнашувларда Индзаги шогирдларига баҳо беришда давом этамиз.
"Рома" чемпионатни ғалаба билан бошлади, Шомуродовдан ассист
"Мистер"нинг Италияга қайтиши кимлар учундир кутилмаган бўлса-да, энди "Рома"га бўлган эътибор кескин ошгани бор гап. Шомуродовнинг трансфери эса римликларнинг Ўзбекистондаги мухлисларини ҳам бир неча миллион нафарга оширди.
Ўйин анча хотиржам темпда бошланганди, лекин бу сокинликни Дронговскининг қизил карточкаси бузиб юборди. Кипер тўпга етолмай, "бўрилар"нинг яна бир янги форварди Абрахамнинг оёғига зарба берди. Сон жиҳатдан ҳам кўпчилик бўлиб қолган "Рома" ҳужумлари сони кескин ошди ва энди хавфлироқ кўриниш оларди. Шу каби ҳужумлардан бирида Абрахам оффсайд чизиғини сезиш қобилияти юқори даражадалигини намоён қилиб, тўпни Мхитарянга етказди ва ярим ҳимоячи совуққонлик билан зарба бериб, ҳисобни очди. Кўп ўтмай, энди Абрахамнинг ўзи гол уриши мумкин эди, аммо бунга дарвозабон йўл қўймади. "Фиорентина" эса биринчи бўлимда Руи Патрисиуни безовта қила олмади.
Иккинчи бўлим аввалида таркиблар тенглашди. Заньоло оддий вазиятда қизил карточка ишлаб олди ва майдондан четлатилди. "Фиорентина" учун бу айни муддао эди ва жамоа дадилроқ ҳужумга ўта бошлади. Ҳужумлар сони ошди, вазиятлар яратиларди ва улардан бири ҳисобнинг тенглашиши билан якунланди. Миленкович рақиб жарима майдонида тўп учун курашда рақибидан устун келди ва дарвозани ишғол қилди. Бу "Рома" учун "тарсаки"дек таъсир қилди. Айниқса, янги жамоа асосий таркиби учун кураш осон бўлмаслигини мавсумнинг дастлабки ўйинларидан тушунган Абрахам ўзини кўрсатишга уринарди. Айнан у жамоасини олдинга олиб чиқиши мумкин эди, лекин тўп тўсинга тегди. Навбатдаги вазиятда эса ҳужумчи тўпни бўш дарвоза олдида турган Веретуга етказди.
Ўйиннинг 69-дақиқасида Темми Абрахам ўрнига бутун Ўзбекистон кутган Элдор Шомуродов майдонга туширилди. Орадан 10 дақиқа ўтар-ўтмас, "Рома" ўйинини анча кучайтирган ҳамюртимиз Веретуга ажойиб узатмани амалга оширди, бирга-бир вазиятда қолган Жордан мўлжалда адашмади ва дублни расмийлаштирди. "Фиорентина" уёғига ҳужумда ҳеч нима қила олмади, "Рома" эса яна гол уриши мумкин эди. Бироқ ўйин сўнгида Шомуродовнинг яқин масофадан йўллаган тўпини дарвозабон қайтаришга эришди.
"Аталанта" сўнгги дақиқаларда барибир ғалабани илиб кетди
Бергамоликлар илк дақиқалардан ҳужумга ташланишди ва 4-дақиқадаёқ ҳисобни очишди. Жарима майдончасига марказдан ёриб кирган Муриэль охирги ҳаракати билан тўпни ердан бирозгина кўтариб, қарши келаётган голкипер устидан ташлаб қўйди. Секин-аста ўзига келган "Торино" ҳужум қилишга, зарбалар йўллашга уриниб кўрди, аммо уларга аниқлик етишмади. Табиийки, вазиятлар "Аталанта"да ҳам йўқ эмасди. Бироқ тайм охирида голга "Торино" яқинроқ келганди. Аввалига Муссо яқин курашда Санарабияни доғда қолдирди, кўп ўтмай Аина яқин масофадан боши билан зарба берганда, яна Муссо жамоаси жонига оро кирди. "Аталанта"нинг янги футболчиси 1-бўлимда энг фаоллардан бири бўлди.
Танаффусдан кейин ўйин темпи анча тушди. Лекин яккакурашлар ва карточкалар анча кўпайди. Футболчилар ўзларини ҳам, рақибни ҳам аяб ўтиришмасди. Шундай экан, жароҳатлар ва ўйинчи алмаштиришларсиз бўлмасди. Сўнгги дақиқаларга яқин ўйин яна "уйғонди". Захирадан ўйинга қўшилган Белотти рақибини алдади ва "рикошет ёрдамида" тўпни дарвозага йўллади. Навбатдаги ҳужумда Верди "буқалар"ни олдинга олиб чиқиши мумкин эди, аммо унинг жарима майдончаси бурчагидан берган зарбасига аниқлик етишмади. "Аталанта" эса ўз имкониятидан фойдалана олди. Пашалич сўнгги дақиқада тўпни захирадан тушган Пикколига узатди ва Роберто "Аталанта" сафидаги дебют учрашувида биринчи голини урди.
"Ювентус" ҳам бошлади... очко йўқотишни
Яна бир қайтиш — Макс Аллегрининг яна Турин бош жамоаси "рулига" қайтиши катта қизиқишга сабаб бўлди. Қўшимчасига, илк турдаги рақиб "Удинезе" осонликча таслим бўладиганлардан эмас эди.
"Ювентус" ўйинни ёмон бошламади. Бентанркур тўпни жарима майдони марказидаги Дибалага етказди, аргентиналик эса нозик ҳаракат билан 3-дақиқадаёқ ҳисобни очди. Майдонда Криштиану Роналду бўлмаса ҳам, туринликлар ҳужум қилишдан тўхтамоқчи эмасди. Тайм ўрталарига келиб, аниқроғи 23-дақиқада Хуан Куадрадо қанотда рақибларини доғда қолдириб кетди ва узоқ бурчакни аниқ нишонга олди. Умуман олганда, "Ювентус" ажойиб бўлим ўтказди ва барчаси режадагидек кетаётгандек эди.
Бироқ танаффусдан кейин барчаси ўзгариб кетди. "Удинезе" кийиниш хонасидан буткул бошқа жамоа бўлиб қайтди. Аввалига Арслан кучли зарба беришга имкон топди, лекин Шенсни жамоасини қутқарди, бир неча дақиқа ўтиб, айнан польшалик дарвозабон жарима майдони ичида "зебралар" ҳужумчисини йиқитди. Тўп олдига Перейра келди ва имкониятдан ишончли тарзда фойдаланди. Кўп ўтмай, яна меҳмонлар дарвозасига пенальти белгиланиши мумкин эди, бироқ ҳакам барчаси жойида эканлигини кўрсатди. Аллегри ўзгаришларни амалга оширди ва ўйин темпи ошди. Роналду ҳам, Кулушевски ҳам анча фаол эди. "Ювентус" кўп ҳужум қилар, вазият яратарди. Мисол учун, Бентанкурнинг зарбаси дарвоза устунига тегди, аммо дарвозани ишғол қилиш насиб қилмасди. 83-дақиқада Делофеу рақибларидан қочиб кетди ва ҳисобни тенглаштирди. Ғалабани қўлдан чиқаришни истамаган "Ювентус" олдинга ташланди ва сўнгги дақиқада гол ҳам урди. Криштиану тўпни дарвозага йўллаганди, аммо бош ҳакам португалиялик ўйиндан ташқари ҳолатда бўлганини таъкидлади. "Ювентус"нинг кутилмаган "қоқилиши" Аллегрининг қиладиган иши ҳали етарлилигига исботдек.
"Милан" битта гол урди ва уч очко ишлаб олди
"Милан" анча ўзгарди. Лекин Пиоли учун бу кутилмаган ёки янги ҳолат эмас. Учрашувнинг 6-дақиқасидаёқ қанотдан олдинга ўтган Калабрия тўпни Браим Диасга етказди ва испаниялик футболчи тўпни дарвозабон Аудеро ҳаракатига қарама-қарши йўллади. Бир неча дақиқа ўтиб, "Милан"нинг янги посбони Маньян нега клуб Доннаруммани қўйиб юбориб, уни танлаганини амалда кўрсатиб берди. Габьядинининг жаримадан йўллаган тўпини тўсин устидан ўтқизиб, қайтарди. Ўйиннинг умумий картинаси у қадар ёрқин бўлмаса ҳам, эпизодларда ҳар икки томон яхши ҳужумлар уюштириб турарди. Бўлим сўнгида Жиру гол уриши мумкин эди, аммо Аудеро яқин бурчакка йўналтирилган тўпни қайтарди, қўшимчасига форвард ўйиндан ташқари ҳолатда эканлиги қайд этилди.
Танаффусдан кейин Маньян ва Габбьядини ўртасида яна бир дуэль бўлиб ўтди ва бу сафар ҳам "россонери" киперининг қўли баланд келди. Иккинчи бўлимнинг асосий қисмида ўйин эпизодларга бўлиниб кетди, бу эса "Милан" фойдасига ишларди. "Сампдория" асосан қанотдан узатиладиган тўпларга урғу берар, аммо уларни марказий ҳимоячилар ишонч билан қайтараверарди. Зарур паллада Маньян ҳам тўпга чиқиб, хавфни бартараф этишни юқори даражада уддалашини кўрсатарди. Натижада, "Сампдория" "охирги штурмни" ҳам уюштира олмади. Ўз навбатида "Милан" ҳам ҳужумга ўтган рақибини қарши ҳужумда "ушлаш"га тайёр эмасди. Нима бўлса ҳам, "россонери" мавсумни ғалаба билан бошлаб олди, уларнинг ҳозирги вазиятида бу энг асосийси!
Шунингдек, "Наполи" "Венеция"ни, "Лацио" - "Эмполи"ни енгди, "Болонья" "Салернитана"ни катта қийинчилик билан таслим қилди.
Сергей Румянцев
Нозима Зарипова таржимаси
Фикрлар