«Бош мақсад – Суперлигага қайтиш». «Динамо» бош директорининг фикри бўйича клуб баёноти
05 июл 2020 12:44
Янгиликлар
«Бош мақсад – Суперлигага қайтиш». «Динамо» бош директорининг фикри бўйича клуб баёноти
Хусусан, 3 июль кунги Фарғонадаги ўйиндан кейинги матбуот анжумани championat.asia сайтида ёритилар экан, «Учқун Қобилов: “Динамо” кучли тўртликка киришга ҳаракат қилиши керак» сарлавҳаси остида клуб директорининг фикрлари баён қилинган. Жумладан, ўйиндан кейин Учқун Қобилов фикридан иқтибос келтирамиз:
«Олдинда яна 13та тур бор. Кучли тўртликка киришга ҳаракат қилишимиз керак. Самарқандга Суперлига ҳавосини қайтаришга ҳаракат қиламиз», - дейилган.
Клуб директорининг «Динамо» кучли тўртликка киришга ҳаракат қилиши керак», дея билдирган фикри сайт фойдаланувчилари ва ижтимоий тармоқларда нотўғри талқин қилинган. Аслида Про лиганинг янги формати бўйича клуб директорининг фикрлари асосли. Сабаби Про-лига янги форматига кўра, клублар Суперлига йўлланмаси учун курашиши учун энг аввало Про лиганинг дастлабки босқичида кучли тўртликдан жой олишлари талаб этилади.
Зеро, ЎзПФЛ режасига кўра Про лига клублари 2020 йилги мавсумда 28 турдан иборат тўрт давра ўйинларида иштирок этиши керак эди. Пандемия сабаб юзага келган танаффус ҳамда жамоаларнинг моддий ҳолатидан келиб чиқиб, мусобақа формати ўзгаради.
Энди Про лиганинг сакккиз клуби аввалига 14 турдан иборат уй-сафар тизимида куч синашади. Кейинчалик кучли тўртликка кирган ўрин эгалари алоҳида ва қуйи тўрт ўрин эгалари алоҳида яна икки давра — жами 6 та ўйинда иштирок этади. Шунда Про лиганинг барча клуби мавсум якунига қадар умумий 20 та тур учрашувида қатнашади. Бунда жамоалар жамғарган очколар сақланиб қолади. Сир эмаски, Про лига ғолиби Суперлига йўлланмасини қўлга киритади. Лиганинг иккинчи жамоаси ўтиш ўйинида Суперлиганинг 13-клубини ўз уйида қабул қилади.
Шундай экан, «Динамо» жамоаси энг аввало Про лига дастлабки босқичда кучли тўрт жамоа орасидан жой олиб, ҳал қилувчи босқичда ўз олдига қўйилган бош мақсад - Суперлига йўлланмаси учун курашишда давом этади.
Фикрлар