UZ

Сўнгги янгиликлар

10:23Слот: "Салоҳнинг ўйинида пасайиш кутманг"  0 09:56"Арсенал" Муҳаммад Қуддусни сотиб олмочқи   1 09:28Мората Ямални Месси ҳамда Роналдуга солиштирди  0 09:00Элит ОЧЛ. Бугун "Пахтакор" "Ал Райян" билан куч синашади  11 08:31"Тоттенхэм" Сон билан шартномани 2026 йилгача узайтиради  1 08:05Флик: "У сафга қайтса, албатта, хурсанд бўламан"  2 07:44"Лацио" ўз уйида "Кальяри"ни таслим этди. Меҳмонлар ўйинни 9 футболчи бўлиб якунлашига тўғри келди  0 07:21Неймарга иккита ўйин етарли бўлди  3 01:21МЮ янги устози: "Манчестер Сити" - дунёнинг энг яхши жамоаси, Гвардиола эса энг яхши мураббий"  2 01:01ЭЛИТ ОЧЛ. Неймар яна жароҳат олди, "Ал Ҳилол" йирик ғалабага эришди  8 00:06Мората ижтимоий тармоқлар ҳақида: "Родри қолганлардан хотиржамроқ"  1 23:09Фирмино ва Махрезнинг голлари туфайли "Ал Аҳли" йирик ғалабани тантана қилди  0 23:04Элит ОЧЛ. Остон Ўрунов жамоаси дурангга рози бўлди  4 22:42Эшитдик-да! "Пахтакор"нинг Эрон клубига қарши ўйини Тожикистонда ўтиши мумкин  9 22:13"Арсенал"ни тарк этаётган Эду Гаспар бирданига 3та клубни бошқаради ва маоши 3 баравар ошади  1

Болаларсиз келажак йўқ ёхуд “Локомотив” футбол мактабига назар Янгиликлар

Болаларсиз келажак йўқ ёхуд “Локомотив” футбол мактабига назар

Ҳар қандай футбол клуб келажагини унинг қошида фаолият юритаётган болалар ва ўсмирлар футбол мактаби белгилаб беради.
Тўғри, кучли ҳомий ва катта пуллар эвазига замонавий футболда совринларни ютиш унчалик қийин иш бўлмай қолди. Лекин бунинг қанчалик узоқ давом этиши хусусида бир нарса дейиш мушкул.

Масалан, “Бунёдкор”нинг олий лигадаги дастлабки йилларини бир эсга олинг-а. Клубда пул кўп эди, натижада Ривалдо, Зико, Сколари каби таниқли инсонлар таклиф этилди. Лекин клуб бу билан тўхтаб қолмади ва шу заҳоти футбол академияси устида ҳам ишлай бошлади. Клуб раҳбарияти фақат асосий таркибга урғу бериб қолмасдан, ўз навбатида болалар футболига ҳам беэътибор қолмади. Мана энди бугунги кунга келиб бу нарса ўз мевасини бера бошлади.

Пулни деб келганлар барибир ортга қайтиб кетишди. Футбол клуб тақдири эса барибир ўзимизникилар қўлида қолди. Футболчилик фаолиятини “Бунёдкор”да тугатган Сергей Лушан Олег Беляков билан биргаликда мураббийлик касбини болалар футболида ишлашдан бошлади. Тез орада Сергей Иванович академия директори этиб тайинланди ва ёши катта гуруҳни ўзи шуғуллантира бошлади. Ўз вақтида болалар футболига берилган эътибор мана энди бугунги кунга келиб ўз мевасини бермоқда. Айни пайтда “Бунёдкор”нинг асосий таркибини бошқараётган Сергей Лушан қўрқмай Сардор Собирхўжаев, Акром Комилов сингари ёшларни асосий таркибга қўя бошлади. Чунки у бу футболчиларни анчадан бери танийди ва уларнинг имкониятларини тўлиқ билади.



Маълумки, ўзбек футболида болалар билан ишлаш бўйича ҳозир “Пахтакор” етакчилик қилмоқда. Асосий таркибнинг деярли ярмидан кўпи ўзининг футбол мактаби тарбияланувчилари. Бу борада “Пахтакор”ни мамлакатимизда яққол етакчи жамоа дея оламиз. Кейинги ўринларда эса “Машъал” билан “Бунёдкор” бормоқда. Яхши биласиз, “Машъал” ҳам ўз тарбияланувчиларини етиштириш бўйича анча ном қозонган.

Пойтахт мисолида оладиган бўлсак, “Пахтакор” билан “Бунёдкор” анча олдин болалар футболига катта эътибор бериб, аллақачон ўз келажагини таъминлаб бўлди. Бу икки клубнинг яқин йилларда катта харидларни амалга оширишига ҳожат қолмайди. Чунки футбол мактаблари ўз мевасини бера бошлади. Лекин пойтахтнинг яна бир кучли жамоаси “Локомотив”да бу борада вазият қандай? Клубнинг ҳозирги кунда чемпионлик учун курашаётгани маълум. Лекин эртага нима бўлади? Ахир клубда ҳар доим катта миқдорда пул бўлади деб ҳеч ким баралла айта олмайди. Қолаверса, пулсизлик қандай оқибатларга олиб келишини ўзбек футболи мисолида кўп марта кўрганмиз.

19-21 июнь кунлари Россиянинг Барнаул шаҳрида 2003-2004 йилларда туғилган ёш футболчилар ўртасида халқаро “Локобол” футбол фестивали ўтказилди. Бунда “Локомотив” футбол мактабининг 2003 йилда туғилган футболчилари ҳам иштирок этиб қайтишди. Ва улар учинчи ўрин билан юртимизга қайтиб келишди. Шундан сўнг бизда футбол мактаб директори Эркин Саидовдан интервью олиш фикри туғилди. Шу ўринда “Локомотив” болалар-ўсмирлар футбол мактаби раҳбари ҳақида қисқача маълумотни келтириб ўтсак.

Эркин Саидов 1982 йилда туғилган. Футболдаги фаолиятини 2006 йил “Машъал” футбол академиясида менежер лавозимида бошлаган. 2012 йилнинг ноябридан “Локомотив” футбол клубида ишлаб келмоқда. Раҳбариятнинг қарорига кўра, 2013 йилнинг май ойида футбол мактаб директори этиб тайинланган. Шундан бери клуб қошидаги болалар-ўсмирлар футбол мактабини бошқариб келмоқда.



ЭРКИН САИДОВ: “БУ БИЗНИНГ ЧЕТГА БИРИНЧИ САФАРИМИЗ БЎЛДИ”

-   Май ойида бизга ёш ўйинчилар ўртасида ўтказиб келинадиган “Локобол” халқаро футбол фестивалида иштирок этиш борасида хат юборишди, - дейди Эркин Орифович. - Кейинчалик биз ушбу хат бўйича клубимиз раҳбариятига мурожаат қилдик. Эшитган бўлсангиз керак, “Локобол” турнири ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинади. Бунда “Россия темир йўллари” компанияси бош ҳомий ҳисобланади ва мусобақа ўтказишни Москванинг “Локомотив” клуби ўз зиммасига олган. Қаерда “Локомотив” футбол клуби ёки умуман темирйўлларга қарашли клуб фаолият юритаётган бўлса, шу мусобақада қатнашиши мумкин. Биз турнирда учинчи ўрин билан қайтдик. Бу бизнинг сафарга биринчи бор чиқишимиз бўлгани учун раҳбарият иштирокимиздан қониқди.

-   Сиз делегация раҳбари бўлиб бордингиз, шундайми?
-   Ҳа. У ёққа 2003 йилда туғилган фтуболчилардан иборат гуруҳни олиб кетдик. Ҳозир бу гуруҳга Алишер Бозоров мураббийлик қилмоқда. Футбол мухлислари маҳоратли ҳужумчи Равшан Бозоровнинг укаси Алишер Бозоровни жуда яхши билишади. Биз Россияга 13 нафар футболчини олиб бордик, шунингдек шифокор Ойбек Умаров ҳам ҳамроҳлик қилди. Ўйинларнинг ҳар бир тайми 20 дақиқадан ўйналди. Барча учрашувлар россиялик собиқ футболчи Алексей Смертинга қарашли футбол мактаб биносида бўлиб ўтди. Биз борганимизда Смертин жаҳон чемпионатини томоша қилиш учун Бразилияга кетган экан, шу боис ўзи билан кўриша олмадик.

-   Россияга кетишдан олдин гуруҳ олдига совринли ўрин билан қайтиш вазифаси қўйилганмиди?
-   Йўқ. Клубимиз раҳбарияти ҳам, қолаверса бизнинг бориб келишимизга яқиндан кўмак берган Маданият ва спорт ишлари вазирининг спорт ишлари бўйича ўринбосари Мурод Алиев ҳам фақат соғ-омон бориб қайтсанглар бўлгани деб айтдилар. Яхши биласиз, бу ёшда болалар олдига бирданига натижа қўйиб бўлмайди. Улар аввало фтубол ўйнашни ўрганишлари лозим. Лекин шунга қарамай, учинчи ўринни олганимиздан раҳбарият мамнун бўлди.

БОЛАЛАРГА ЗАРУР ШАРОИТЛАР КЕРАК
Эркин Саидовнинг маълум қилишича, “Локомотив” болалар-ўсмирлар футбол мактаби 2012 йилда расман ташкил қилинган. Тўғри, бунгача ҳам мактабда ишлаб келаётганди, бироқ расмий мақом берилмаганди. Қувондиқ Рўзиев, Сарвар Каримов каби футболчилар мактабнинг илк қалдирғочлари ҳисобланади. Ҳозир бу ерда 12та гуруҳ фаолият олиб бормоқда. 1996 йилда туғилган футболчилар энг катта гуруҳ ҳисобланади, 2007-2008 йилларда таваллуд топган футболчилар эса энг кичик гуруҳда шуғулланишади.

Иккита катта гуруҳ Тошкент шаҳар биринчилигида иштирок этиб келмоқда. Булар - 1996 ва 1997 йилда туғилган футболчилар. Шу ўринда футбол мактабида ишлаётган мураббийларни келтириб ўтсак.



1996 йилги гуруҳ - Марсел Идиатулин, Суннат Абдурасулов
1997 йилги гуруҳ - Сергей Лошак
1998 йилги гуруҳ - Юрий Винтовкин
1999 йилги гуруҳ - Даврон Досумов, Низом Нортожиев
2000 йилги гуруҳ - Алишер Бозоров
2001 йилги гуруҳ - Равшан Бозоров
2002-03 йилги гуруҳ - Алишер Бозоров
2004 йилги гуруҳ - Дилшод Отамуҳамедов
2005-06 йилги гуруҳ - Сайдулло Турсунов
2007-08 йилги гуруҳ - Суннат Рўзиев

Кўриб турганингиздек, кўпчилик мураббийларни танийсиз. Уларнинг барчаси собиқ футболчи ва футболни жуда яхши тушунишади. Эркин Саидовнинг айтишича, ўз вақтида катта футбол ўйнаган кишининг мураббийлик қилиши болалар билан ишлашда анча қўл келади. Шу ўринда “Локомотив” болалар-ўсмирлар футбол мактаби билан боғлиқ муаммолар ҳам йўқ эмас. Бу энг аввало болалар учун керакли шарт-шароитлар билан боғлиқ. Хўш, шароит деганда нимани тушуниш керак?

Маълумки, бирор клуб қошида футбол мактаб очилдими, аввало болалар учун ётоқ ва овқатланиш масаласини ҳал этиш керак бўлади. Шундагина вилоятлардан келадиган ёш иқтидор эгалари қийналиб қолишмайди. Масалан, кимнингдир Тошкентда таниши ё қариндоши бўлса футболга қизиқадиган ўғли ўша одамникида яшаб туриши мумкин, аммо энди давр ўзгаряпти, дунё ўзгармоқда, профессионал футбол клублари бундан кейин бутунлай бошқача тизимда ишлашлари шарт. Биз ўзбек футболининг келажаги учун қайғуряпмизми, демак ишни аввало болалар учун шароит қилиб беришдан бошламасак бўлмайди.

Фараз қилинг, Тошкентда яшаш учун кимдадир шароит бор, кимда эса йўқ. Лекин ёш болакай футболчи бўлишни хоҳлайди ва дадасига мени “Локомотив” футбол мактабига беринг дейди. Агар “Локомотив” ҳам “Бунёдкор” ва “Пахтакор”дан ўрнак олиб болалар ётиб яшаши ҳамда тайинли режим асосида овқатланиши учун росмана футбол мактабини барпо этса борми, кейинчалик клуб шарафини ҳимоя қиладиган яхши ўйинчиларни етказиб берса бўлади. Бу борада мактаб директори Эркин Саидовдан сўраганимизда, унинг ўзи ҳам фикримизга қўшилди ва ҳозир шу бўйича ҳаракатлар олиб борилаётганини айтиб ўтди.

Мақоламиз сўнггида яна мавзу бошида айтиб ўтилган гапларга қайтамиз. “Локомотив” ҳозир олий лигада чемпионлик ва Ўзбекистон Кубогида ғолиб бўлиш учун кураш олиб бормоқда ва буни ҳеч ким инкор этолмайди. Клубнинг мақсади аниқ: келаси йил Осиё чемпионлар лигасида иштирок этиш. Айтиб ўтганимиздек, “Локомотив”га ҳомийлик қилувчи ташкилот молиявий жиҳатдан анча бақувват ҳисобланади. Шундай экан, клуб фақат бугунни ўйламасдан эртанги кун ҳақида ҳам бош қотириши лозим бўлади. Бунинг учун эса биринчи навбатда болалар ва ўсмирлар футбол мактабига жиддий эътибор қаратиши талаб этилади. Чунки болалар - бизнинг келажагимиз ва уларсиз ўзбек футболининг эртасини тасаввур қила олмаймиз. Агар яқин йилларда “Локомотив”да ҳам замонавий шарт-шароитларга эга футбол мактаби қуриб берилса, ўйлаймикзки, шундай клубнинг келажаги ҳеч кимни хавотирга солмайди.

Хайрулла ХОЛИҚОВ.   
Рейтинг:    

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика