UZ

Сўнгги янгиликлар

09:15Sofascore. Кечаги учрашув учун Ўзбекистон ОТЖ футболчилари қандай баҳоларга лойиқ кўрилди?  3 08:47«Қўқон-1912» сардори фаолиятини бошқа бир Про лига жамоасида давом эттиради  0 08:25Ўртоқлик учрашуви. "Барселона" - "Манчестер Сити" 2:2, Холланднинг голи ҳисобга олинмади  0 08:20Олимпия ўйинлари. Чорак финал жуфтликлари билан танишинг  2 07:53Ўртоқлик учрашуви. «Ман Сити» ва «Барселона» жанговар дуранг ўйнашди  3 07:25Бугун Абдумалик Халоков, Давлат Бобонов ва яна бир неча спортчимиз Париж Олимпиадасида иштирок этишади  2 01:49Миср олимпия терма жамоаси сардори БАА клубига ўтди  3 00:44"Рома" "Ювентус" футболчиси билан шартнома имзолади  1 00:16Париж-2024. Франция ва АҚШ чорак финал иштирокчиларига айланди  1 23:55"Пахтакор" ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионини таркибга қўшиб олди  11 23:38ОКМК хорватиялик футболчи билан шартнома имзолади  7 23:28"Андижон"ни Эркинов тарк этди ва унинг ўрнига "Динамо" футболчиси қўшилди  2 23:10Париж-2024. Доминикан Республикаси - Ўзбекистон 1:1, Олимпиадани ғалабасиз якунладик  14 22:59ЦСКА легионер футболчисини Ўзбекистонга юборди  5 22:32Россия кубоги. "Рубин" "Акрон"ни тор-мор этди, Эсанов дебют қилди  2

Биг Сэмнинг «омади» ёки «англиялик Тимошук» Янгиликлар

Биг Сэмнинг «омади» ёки «англиялик Тимошук»

Англия термаси Сэм Эллардайс бошчилигида илк расмий учрашувини ўтказди.

Британияликлар Словакияда 3 очколик бўлишди, аммо ўйин борасида бир қанча саволларни юзага келтиришди, уларнинг энг каттаси эса - Рунининг кейинги тақдири нима бўлади?

Уч шерларнинг ЖЧ-2018  ҳал қилувчи босқичидаги муваффақиятли стартидан сўнг мана шу савол атрофидаги гаплар ҳозирда Британия матбуоти ва ижтимоий тармоқларнинг асосий мавзусига айланган. Адам Лалланнинг 95-дақиқадаги голи  (бу тўп рақиб дарвозабонининг хатоси туфайли юзага келганини ҳам унутмаслик лозим) бутун Англияни энди терма бошқарувига омадли бош мураббий келганига ишонтирди ва порлоқ келажакка умид уйғотди. Бироқ Эллардайсга бу сафар толеънинг кулиб боққани рақиб жамоа Лалланнинг аниқ зарбасига қадар ҳам анчадан буён бир киши кам бўлиб майдонда ҳаракат қилганини унутишга асос бўлолмайди. Шунингдек, кадрлар масаласида Биг Сэм олдида турган яна бир муҳим масалани ҳал қилмайди - майдонда жамоа сардори Уэйн Рунидан қай тарзда самаралироқ фойдаланиш даркор?

Мураббийнинг ўзи ўйиндан кейин берилган саволлар орасида Рунига оидига жавоб бераркан, аниқ бир нарсани айтишдан қочди:  «Руни қаерда ўйнашини мен қандай қилиб ҳал қилаоламан? Бундайин катта тажриба ва хизматга кўрсатган ўйинчи бўлган Уэйннинг ўзи қайси позиция ўйнаши лозимлигини билмайдими, ахир. У ўйинни жуда яхши ўқий олади ва мен бу футболчи ҳаракатларидан хурсандман». Биг Сэм инглиз футболи юлдузи ўйинини имкон қадар ҳурмат кўрсатган ҳолда баҳолади, ўз ўрнида Руни ҳам Англия термаси сафида навбатдаги расмий учрашувда майдонга тушиш орқали бош жамоадаги ўйинлари сонини 116тага етказди ва бу билан майдон ўйинчилари орасида ўзига хос рекорд ўрнатди. Аммо Англия 3 очкони қўлга киритмаганида Биг Сэмнинг Уэйнга нисбатан фикри шу даражада илиқ ва ҳурматли бўлармиди? Ахир, натижани ҳисобга олмаганда  Руни ва у сардорлигидаги жамоа у даражада ажойиб ўйин кўрсатмади-ку, «кэп» эса ҳамон майдондаги ўрнини топа олмаётгандай.

У баҳсни олдинги позицияга сурилган марказий хавбеклардан бири сифатида бошлади (Хендерсон билан бирга, Дайер эса рақиб ҳимоясини тор-мор қилишга жавоб берарди). Танаффусдан сўнг, Уэйн қисқа муддатга «ўнлик» позициясига кўчиб ўтди - ўйин аввалидан уни айнан шу ерда кутишарди. Бироқ Шкртел чиқариб юборилгач ва Деле Алли майдондаги бўшлиқликни тиклаш учун туширилгач, Уэйн мазкур оқшомнинг ўзида 3-бор ўз позициясини ўзгартирди. Эллардайс ўйиннинг назорати ҳақида ҳар қанча гапириши мумкиндидир, лекин такрор бўлсада айтамиз: Лаллан учрашувнинг сўнгги сонияларида тўп киритмаганида ундан нима наф бўларди?! Боз устига, мазкур баҳс бошқача сценарий асосида кечганида, масалан, словаклар тўлиқ таркибда ўйнашганида-чи?! Ахир Биг Сэмнинг ўзи Уэйндан тактик схемада нисбатан ҳужумкор позицияда ўйнашини кутганини айтди-ку. Амалда эса, инглиз рекордчиси ўзи  учун майдонда муносиб жой ахтариб юрганида, унинг жамоасидаги ўрта ва ҳужум чизиғи ўртасида узилиш пайдо бўлди.

Руни ва Англия термасининг бугунги ҳолати маълум маънода Анатолий Тимошук ва Украина термаси ўртасидаги вазиятни ёдга солади. Хизмат кўрсатган футболчи ва сардор, статистика борасида навбатдаги чўққиларни забт этиш остонасида турган юлдуз мураббий унга нисбатан бирор бир салбий муносабат билдира олмаслигидан фойдаланиб, термада тутган ўрнидан фойдаланишни ўзига эп кўрганди. Тимошук масаласида унинг асосий таркибда майдонга тушиши бу даражада қатъий кўрилмаган бўлса-да, Руни борасида ҳаммаси ўзгача - «Манчестер Юнайтед»нинг асосий ўйинчиси ва футбол афсонасини ҳар доим асосийга қўйиш даркор.  Йўқса, термага умуман чақирмаслик керак, бунга эса ҳозирча Эллардайс ўзида куч топа олмаяпти. Чунки, у қаршисидаги шахс инглиз футболида улкан фигура эканлигини жуда яхши тушунади ва муваффақиятсизликка учралган тақдирда ҳамма яна Руни мавзусига қайтишини яхши билади. Энг аламлиси, аксинча бўлганда ҳам шу ҳолат такрорланади.

Шу боис, Биг Сэм вазиятдан келиб чиқиб иш кўришга ва рекордчи билан бирга унинг учун майдонда энг муносиб ўрин ахтаришга мажбур. Боз устига, қидирув 1-2 йилда ниҳоясига етиши кутилмоқда. Руни ЖЧ-2018дан сўнг халқаро миқёсдаги карьерасига нуқта қўйишини аллақачон маълум қилган ва бор диққат-эътиборини клубдаги фаолиятига қаратишини айтган. Ҳамма гап - келгуси қийинчиликларни енгиб ўтишда, Уэйнни асосий таркибда сақлашда ва «кэп» саҳнадан кетганидан сўнг ўз ўрнини сақлаб қолишда Эллардайсдаги омад етарли бўлармикан?

Сэм Эллардайс.  Блэк кантрилик йигитчадан Англия термаси мураббийлигигача

Сэм Эллардайснинг Англия термаси бош мураббийлиги вазифасидаги илк учрашув олдидан The Telegraphлик ҳамкасбларимиз Биг Сэм спортда илк қадамларини қўйган жойларда бўлишди ва унинг собиқ жамоадошлари билан учрашиб, Блэк кантрилик йигит ҳақидаги хотираларни тинглашди.

Англия термасининг янги мураббийи карьераси қаердан бошланганини билиш учун Блэк Кантридан анча ичкарироққа йўл олиш керак. Урушдан кейин қурилган мазкур муҳташам уйлар Олд Парк Фарм ва Дадлида жойлашган бўлиб, ўз даврида бу ердаги ҳар бир кўчанинг ўз футбол майдони бор эди.

Эллардайс Эш Гриндаги 1-уйда 1954 йилда туғилди ва 15 ёшида «Болтон Уондерерс»да пайдо бўлгунига қадар ўша ерда яшади. Бу ўтган асрнинг 60-йилларидаги болалик эди - Эллардайснинг хотирлашларига қараганда, қарийб идеал даражадаги, 14 киши 14 кишига қарши футбол ўйинларига бой қайтарилмас давр. «Биз ўз дарвозаларимизни кийимларимиз билан белгилардик», - дейди у. Ўша ўт босган майдонлар ҳозир ҳам бор, аммо тўп билан ўйнаётган болалар кўринмайди.

Биг Сэм ўсган кўча

Агар керакли эшикни тақиллатсангиз, Эллардайсларни яхши эслашадиган одамларни учратишингиз аниқ: унинг онаси - уй бекаси Мэрини ва отаси - Дадли полициясининг собиқ сержанти, ҳозирда нафақахўр  Бобни. Кейинги уйда Милтон Хьюз - 85 ёшли нафақадаги муниципал хизматчиси яшайди. Унинг ўғли - ҳозирда 55 ёшни уриб қўйган Роберт ёшлигида Эллардайс билан кўчада тўп тепган.

Роберт ҳамон шу яқин ерда истиқомат қилади ва Дадли шаҳар кенгашида ишлайди. У «Болтон» мураббийи Нэт Лофтхаус Эш Гринга - Эллардайс билан учрашгани келганини ҳамон эслайди.  «Мен Сэмдан анчагина ёш эдим ва ундан намуна олганим аниқ, - дейди Роберт. - 15 ёшида у ўта кучли зарба берар ва жуда яхши ўйнарди. Карьераси қандай ривожланмасин, ҳач қачон эски дўстларини унутмаган».

Роберт Сэмнинг катта акаси ва Эш гринлик бошқа болалар билан Англия термаси ҳозирги мураббийининг фаолиятини у 9 клубни бошқарган ва 1991 йили «Лимерик»нинг ўйновчи мураббийига айлангунча диққат билан кузатиб борди.

«Мен Сэм Фрэнк Уортингтон, Жордж Бест ва Бобби Мурлар билан бир жамоада ва уларга қарши ўйнаганини кузатдим. Бу ҳеч қачон унутилмайди, - дейди Роберт. - Менимча, у ажойиб йигит, ҳеч қачон тушкунликка тушмайди - уни яхши тарбиялашган. Профессионал футболчига айланганида ҳам ўзига бино қўймади, илдизларини унутмади. У ҳамон биз учун Блэк кантрилик йигит бўлиб қолган».

Эллардайслар оиласи яшаган Эш Гриндаги уй

Эллардайс 1983-1984 йилларда «Ковентри Сити»да тўп сурганида кўпинча ота-онаси уйида ётиб қолар, ўшанда жамоадошлари тез-тез бу ерга келиб туришарди. Робертнинг эсида - уларнинг уйи ёнида Эшли Граймс ва Жерри Дэйлилар пайдо бўлишганда гўё қора тунларни юлдузлар ёритгандай бўларди. Аммо унинг ёдида ўша - ўт босган майдонлардаги «уй ва меҳмон»даги учрашувлар кўпроқ қолган:

«Болалигимизда Сэм чап ҳимояда ўйнарди, кейинроқ майдон марказидан жой эгаллади. У олти футлик футболчи эди.

Нисбатан ёшроқ болалар дарвоза ортида кутишларига тўғри келарди - таркибдан ўрин олиш қийин эди-да. Сэм эса улардан бирини чақириб, майдонга йўлларди. Биз ҳар оқшом ўйнардик, ёзда эса чигирткалар роса кўп эди. Энди эса майдонда ҳеч ким йўқ, тўғрими?».

Шу кўчада - йўлнинг нариги бетида Эллардайснинг яна бир тенгдоши яшайди - Брайан Милнер, 61 ёшли тадбиркор. У инглизларнинг ҳозирги бош мураббийи суратини ахтариб топди. 1974 йилдаги мазкур суратда Брайан Сэмнинг никоҳ тўйидаги гувоҳлиги акс этган. Уларнинг иккиси Сикамор Грин бошланғич мактаби учун ўйнашган, биргаликда Рен Нестдаги ўрта мактабга боришган - ҳар иккала таълим маскани ҳам ўтган асрнинг 90-йилларида мамлакатда туғилиш камайиб кетганидан сўнг ўз фаолиятини тугатган.

Брайан Милнер

«Биз ажралмас дўстлар эдик, ҳатто Шотландияга - унинг ота-онаси олдига борардик, - дейди Брайан. - Сэм «Болтон»га кетиб қолганда ҳам, тез-тез бу ерга келиб турарди ва биз яна бирга сайрга чиқардик. У бизга профессионал футболчи сифатидаги ҳаёти ҳақида гапириб берарди. Дарвоқе, дастлаб у ердаги ҳаёти ўз-ўзидан изига тушиб кетмаган. Зеро, футбол ўйнаш атиргул ҳидлаш эмас. Аммо Сэм таслим бўлмади ва ҳаммасига эришди».

Милнер Сикамор Гринда тарихга муҳрланган мактабдошлар суратини ҳам кўрсатди. Бу тасвир 1965-1966 йилги Англия футболининг буюк тарихига оид бўлиб, унда Эллардайс синфидаги энг гавдали йигит сифатида дарров кўзга ташланади. «Ўша йили биз чемпионатда ғолиб бўлгандик», - дейди Милнер.

Брайан Милнер Эллардайс тўйида

Қидирувларимиз бизни бир неча мил нарига - Сэджли яқинига етаклади. У ерда 60 ёшли Грэм Жонснинг уйи жойлашган ва бу қария ўз даврида мамлакатнинг ҳозирги бош мураббийи билан дастлаб Брирли Хилл ва Дадли, кейинроқ эса Бирмингем Скулс округлари биринчилигида иштирок этган. Ҳатто Жонс «Бромвич» сафида Брайан Робсон билан бирга тўп суриб юрганида Англия ёшлар терма жамоасига чақирилган ҳам. Аммо ҳаммасига ҳозир биз атайин организмга жиддий жароҳат етказиш деб атайдиган воқелик тўсқинлик қилиб қолган.

1972 йили Жонсни, Эллардайсни ва яна бир йигитни - у округ биринчилигида иштирок этарди, маҳаллий муаллим - Жорж Пирсон «Бирмингем Скулс»да ўз кучларини синаб кўришга таклиф қилди. Пирсон (уни Эллардайс ўз автобиографик китобида «аъло эркак» деб атайди) уччовлонга Дадли Фишер Стритдаги автобуслар тўхтайдиган жойда учрашув белгилайди - айнан ўша ердан у ланкаширсклик йигитларни синовга олиб боришни мўлжаллаганди.

«Ўшанда Сэм келмади. Мистер Пирсон биздан: «У қаерда яшашини биласизларми?» - деб сўраганида мен: «Йўқ, сэр», деб жавоб қайтардим. Ўшанда у чўнтагидан шаҳар харитасини чиқарди ва ҳаммамиз Сэмларнинг уйига бордик. «Мистер Эллардайс, мен ўғлингизни  Бирмингем Скулсга олиб боришим керак», - деди Пирсон унинг отасига. Сэм юқорида турганча бормаслигини таъкидлади. Отаси эса у албатта бориши кераклигини айтди. Ўшанда биз ёмон ўйнамадик ва айнан ўша куни Сэм «Болтон»нинг назарига тушди.

Эш Грин майдонларида болалар ҳозир футбол ўйнашмайди

Эллардайс Дадлидан чиқиб кетганида 15 ёшда эди. Ўз китобида хотирлашича, «Болтон» унинг отасига «компенсация» сифатида 150 фунт бермоқчи бўлган... Аммо Боб Эллардайс пулларни олишдан қатъий бош тортган.  Ёшгина Сэмга Ланкаширга мослашиш анчайин қийин бўлган бўлса-да, у буни уддалади. Ўша ерда бўлғуси умр йўлдоши Лиин билан танишди ва уларнинг оиласи Сэм футболда ўз ўрнини топгунига -қадар «Болтон»да яшади.

Биг Сэмнинг болалигини энди қайтариб бўлмайди, худди ҳозирги ёшларни Эш Грин, Элм Грин ёки Оук Гриндаги майдонларга қайтариб бўлмайдигандек. Балки, улар бу майдонларда кимлар вояга етганини билишганида барчаси ўзгача бўлармиди...

ИЛЁСБЕК тайёрлади.

Рейтинг:    

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика