Анвар Ғофуров: "Балки ҳакамлардан хато ўтгандир, лекин мен бунга кўп аҳамият бермадим"

Aslanov Jasurbek
10 окт 2026, 22:53
Суперлига 23-турдан ўрин олган "Қизилқум" – "Сурхон" учрашувидан сўнг "Сурхон" бош мураббийи Анвар Ғофуров матбуот анжуманида иштирок этди.

- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Баҳс қийин кечишини билардик ва шунга яраша ҳозирлик кўргандик. Рақибга ҳам, бизга ҳам уч очко керак эди. Ўйин аҳамияти юқори бўлди. Ўйлайманки, ҳар икки жамоа яхши футбол намойиш этди, вазиятлар ҳар икки томонда бўлди. Имкониятлардан фойдаланганимизда ғалаба билан қайтишимиз мумкин эди. Йигитларга раҳмат, охиригача ҳаракат қилишди, фақат озгина омад етмади. Хатолар устида ишлаб келаси ўйинга тайёргарлик кўрамиз. Узоқ масофа босиб шу ергача келган мухлисларимизга ҳам раҳмат.

- Бу турда кўп мураббийлар ҳакамларга эътироз билдиришди. Масалан, "Андижон", "Динамо" бош мураббийлари ўйиндан кейин шу гапни айтишди. Сизда бу борада айтадиган гап борми?
- Жиддий эътироз йўқ. Балки бугун ҳам ҳакамлардан хато ўтгандир, лекин мен бунга кўп аҳамият бермадим, қолаверса бу ҳам инсонийлик фактори. Бугун ўйинга таъсир қиладиган хато кузатилмади. Жиддий хатолар барибир ҳеч кимга ёқмайди, лекин шуни унутмайлик, ҳаммамиз инсонмиз ва ҳамма хато қилиши мумкин.

- "Сурхон" U-21 жамоасини бошқарганингизда жамоа юқори ўринларда эди. Лекин сиз кетгандан сўнг жамоа қуйига шўнғиди.
- Ҳозир бизнинг U-21 жамоамизда ўз мураббийи бор ва унинг футболга ўз қарашлари бор. Иккита стулни эгаллаш тўғри эмас деб ҳисоблайман, шу боис хаёлим фақат асосий таркибга қаратилган. Футболда ҳаммага имконият бериб кўриш керак. Ҳозир вазиятни ўзгартира оламизми, буни билмайман.

- Ўтган йил кўпчилик ўринбосарларнинг асосий таркибдан бир кун кейин ўйнаши қулай эмаслигини айтганди. Натижада бу йил яна бир кун олдинга сурилди. Аммо ўйинларда кўряпмизки, бош мураббийлардан деярли ҳеч ким келиб кўрмаяпти.
- Бунинг ҳам ўзига яраша сабаби бор. Ўринбосарлар ўйини пайти бизда машғулот кетаётган бўлади. Масалан, ўзим телефон орқали биринчи таймни кўрдим ва кейин машғулотга кетдим. Машғулотни тугатганимиздан сўнг келиб иккинчи бўлимни кўрдим. Ўйин пайти стадионга бориш имконсиз, буёқда машғулот қолиб кетади. U-21 жамоамиздаги деярли барчани биламан, йигитларнинг салоҳиятидан хабарим бор.

- Суперлигада энг ёш жамоалардан бирисиз. Ёшлардан кимни алоҳида эътироф эта оласиз?
- Бизда ҳамма ёшлар яхши, ҳамма ҳаракат қиляпти. Эътиборимизни жамоавий ўйинга қаратганмиз. Етакчилар бор, лекин ўйин пайти бутун жамоа бўлиб ўйнашга ҳаракат қиламиз. Бир сўз билан айтганда, бир муштмиз.

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia