UZ

Сўнгги янгиликлар

01:39А Серия. "Рома" ва "Ювентус" ўртасидаги ўйинда ғолиб номи аниқланмади  0 00:56"Реал" афсонаси билан шартномасини бир йилга узайтиради  3 00:322016 йилги Golden Boy соҳиби ва Европа чемпиони ПСЖга қайтади  0 00:13Туркия Суперлигаси. "Сивасспор" меҳмонда "Галатасарой"га йирик ҳисобда мағлуб бўлди, Турғунбоев эса...  0 23:30Серия А. "Милан" - "Женоа" 3:3   0 23:25Бундеслига. "Айнтрахт" - "Байер" 1:5   0 23:20АПЛ. "Ливерпуль" - "Тоттенхэм" 4:2   0 23:15АПЛ. "Челси" - "Вест Хэм" 5:0   0 23:10Серия А. "Кальяри" - "Лечче" 1:1   0 22:47Александр Стоймирович: "Таркибимизда йўқотишлар бор"  0 22:45Самвел Бабаян: "Исталган жамоа Наманганга келганида ҳимоявий услубда ўйнайди"  16 22:25АПЛ. "Ливерпуль" ва "Тоттенхэм" ўртасидаги ўйинда 6та гол урилди!  14 22:07Гнабри "Реал" билан ўйин олдидан: "Ўйинни ўлдириш керак"  4 21:42Илёс Зейтуллаев: "Ҳозир камроқ гапириб, кўпроқ ишлашимиз керак"  16 21:23Роналду "Интер Майами"га ўтиши мумкин — журналист Абдулазиз Ал Осаими  22

Азим Аҳмедов: «Ойнинг ўн беши ёруғ бўлса…» Янгиликлар

Азим Аҳмедов: «Ойнинг ўн беши ёруғ бўлса…»

Кетма-кет бешта ғалабасиз сериядан сўнг, ниҳоят, Тошкентнинг «Пахтакор» жамоаси зафар қучди.

Амалдаги мамлакат чемпионлари «Пойтахт дербиси»да ғолиблик учун курашаётган «Бунёдкор»ни мағлуб этишди (2:1). Мавсумни ўта омадсиз ўтказаётган «шерлар»нинг ушбу ғалабаси мухлисларда яна умид уйғотди. Биз «Бунёдкор»га қарши кечган ўйиндан сўнг «Пахтакор» ярим ҳимоячиси Азим Аҳмедовдан интервью олдик.

-  «Пахтакор» «Бунёдкор»га қарши ўйинда ниманинг эвазига ғалаба қозонди, деб ўйлайсиз?


- Ўйиннинг қийин кечишини билган эдик. Шунга яраша тайёргарлик ҳам бўлди. Биринчи галда учрашувга руҳий томондан тайёрлана олдик, деб ўйлайман. Бизга очко сув ва ҳаводек зарур эди. Шуларни инобатга олган ҳолда фақат ғалаба қозонишни мақсад қилгандик. Якунда вазифани бажардик.

- Ўйиндан олдин футболчиларда босим бормиди?


- Албатта, бор эди. Мухлислар олдида уятда қолаётгандик. Бу мавсум ишларимиз юришмаяпти. Шуларни ўйлаб, ўйинга руҳий томонлама тайёрлана олдик. Кутилган босимни ҳам енгиб ўтдик. Айтиб ўтганимдек, бу ғалаба жуда ҳам муҳим эди. Чунки бешта ўйиндан бери юта олмаётгандик.

- Бундай ёқимсиз серияга нима сабаб бўлди?


- Умуман олганда, ўйинимиз ёмон чиқмаяпти. Фақат аксарият ҳолатларда бизга омад етишмаяпти. Аксига олиб, дарвоза томон тепаётган зарбаларимиз ҳам голга айланмаяпти. Бўлмаса, таркибдаги барча футболчилар ўзига яраша халқаро тажрибага эгалар. Аслида, бундай пасайишлар катта-катта клубларда ҳам учраб туради. Англия премьер-лигасидаги грандлар ҳолати фикримга исбот бўлади. «Манчестер Юнайтед» кетма-кет учта ўйиндан бери мағлубиятга учраяпти.

- «Пахтакор» амалдаги чемпион ҳисобланади, лекин бу йил чемпионга хос ўйин кўрсатмаяпти. Жамоанинг ичида буни таҳлил қилиб кўрдингларми?


- Биласизми, ойнинг ўн беши ёруғ бўлса, ўн беши қоронғу. Бу мақол бевосита футболга ҳам қўлласа бўлади. Ҳамиша бир маромда ўйнашнинг иложи йўқ.

- Захира ўриндиғининг торлиги ҳам омадсизликларга сабаб бўлаётгандир?


- Бўлиши мумкин. Ҳақиқатан ҳам, захира ўриндиғимиз билан мақтана олмаймиз. Ўйинни кучайтирадиган футболчи деярли йўқ. Насиб қилса, келаси йили яна аввалги «Пахтакор»ни кўрасизлар. Клуб раҳбарияти томонидан мавсумлар оралиғида таркиб кучайтирилса керак.

- Жамоанинг молиявий ҳолати барқарор, деб эшитдик. Менимча, бу омил омадсизликка сабаб эмасдир, тўғрими?


- Ҳа, тўғри. Молиявий томондан деярли муаммолар йўқ. Маошларимизни вақтида оляпмиз.

- Игорь Сергеевнинг жамоадан кетиши ҳужум чизиғини кучсизлантирди...


- Дарҳақиқат, Игорнинг кетиши жамоамиз учун катта йўқотиш бўлди, унинг ўрни билиняпти. Ҳужумларимизнинг якунланмай қолаётганига ҳам шу омилни сабаб сифатида кўрсатса бўлади.

- Чемпионатнинг қолган ўйинларида вазиятни ўнглай оласизларми?


- Бунга астойдил ҳаракат қиламиз. Бошқа очко йўқотишга ҳаққимиз йўқ. «Бунёдкор» устидан қозонилган ғалаба футболчиларга яна ўша умидни қайтариб берганига ишонаман.

- Жамоадаги мураббийлар алмашинуви ҳам натижага таъсир қиляптими?


- Бундай деб ўйламайман. Мураббийлар алмашинувидан кейин жамоа ўйинида, таркиб борасида катта ўзгаришлар рўй бермади. Четдан ҳеч ким келгани йўқ. Ўзимизнинг мураббийлар штабидаги мутахассислар ишлаш-япти.

- Ўз позициянгизда ўйнаяпсизми ёки бошқа чизиқларда ҳам ҳаракат қилишга тўғри келяптими?


- Тўртта учрашувдан бери ўз позициям, яъни марказий ярим ҳимоя чизиғида ўйнаяпман. Баъзи учрашувларда ҳимоя, таянч ярим ҳимоячи позицияларида ҳам ҳаракат қилдим.

- Акангиз  билан «Пахтакор»нинг бугунги ҳолати ҳақида гаплашдингизми? Аниқроғи, Одил Аҳмедов ўзи бу ҳақда сўраб турадими?


- Шубҳасиз. Акам, табиийки, жамоага бефарқ эмаслар. Улар билан ҳар бир ўйиндан кейин гаплашиб турамиз. Нега бундай бўляпти, деб сўрайдилар. Кейин меҳнат қилишдан тўхтаманглар, ҳаммаси яхши бўлади, деб айтадилар. Энг кўп айтадиган сўзлари ҳам айнан шу - «Меҳнатдан қочманглар!»

- Одил Аҳмедовнинг укаси бўлиш яхши. Лекин ўзига яраша масъулият ҳам бор. Тўғрими?


- Гапингизга юз фоиз қўшиламан. Акам ҳам ҳамиша ўзингга ишон, ҳар бир чўққига ўз кучингга таянган ҳолда чиққин, деб таъкидлайдилар. Мен учун катта масъулият, ўзига яраша босим ҳам юклайди. Акамга муносиб ука бўлишга, уларнинг обрўларини тўкиб қўймасликка астойдил ҳаракат қиламан.

- Миллий термага ҳам таклиф этилдингиз. Гуруҳдаги дастлабки икки ўйин ҳақида нима дея оласиз?


- Миллий терма жамоамизга кўз тегмасин. Йигитлар бир жамоа бўлиб, жуда яхши ўйин намойиш этишди. Шу пайтгача ЖЧнинг сўнгги саралаш босқичини муваффақиятли бошламаган эдик. Футболчилар ҳам буни билиб туришганди. Барча ягона мақсад йўлида бирлашиб, майдонга фақат ғалаба учун тушилди. Қўлга киритилган икки ютуқдан сўнг гуруҳда пешқадам бўлиб турибмиз. Ишонинг, ҳозир жуда ҳам аҳил жамоа жамланган. Мураббийлар штаби футболчиларни қандай руҳлантиришни жуда яхши билишади. Термадаги ички муҳит аъло даражада. Менимча, муваффақиятларнинг омили ҳам шунда.

Рейтинг: -15   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика