Асрор Алиқулов: "Ғузорда жамоанинг ютуғидан кўп инсонлар хурсанд бўлмайди. Шу боис бу ерда ишлаш қийин"
24 окт 2020 19:46
Янгиликлар
Асрор Алиқулов: "Ғузорда жамоанинг ютуғидан кўп инсонлар хурсанд бўлмайди. Шу боис бу ерда ишлаш қийин"
"Ўз майдонимизда биринчи бор мағлуб бўлдик. Охирги турларда натижа учун ўйнашда кўпроқ махорат талаб этилади. Шу томонлама биз оқсаяпмиз. Махоратли футболчиларнинг етишмаслиги ўйинимизни сифатига таъсир қилмоқда. "Оқ-тепа" жамоаси тўп билан яхши ҳаракат қилди. Ҳимоячиларимиздан хато қилмасликни сўрагандик. Биз истаган савиядаги футболчиларнинг етишмаслиги ва ҳимоядаги муаммолар жамоани қийин аҳволга солиб қўймоқда. Гол киритилган вазиятда ҳам хато қилдик. Ғалаба қозонишимиз учун кўпроқ меҳнат қилишимиз керак эди. Рақиб тўп киритиб олгач катта куч билан ҳимояланди. Мағлубиятни ҳам мардларча қабул қилишимиз керак. Уларни ғалаба билан табриклашдан бошқа чорамиз йўқ.
- Рақиб жамоасининг ўйинни чўзиш билан боғлиқ ҳолатлари, сабабли ва сабабсиз йиқилишлари жамоангизнинг ўйинига таъсир қилди деб ўйлайсизми?
- Вақт чўзиш ва бошқа ҳолатлар футболнинг бир қисми ҳисобланади. Шу вазиятларга уларга биз имконият яратиб беряпмиз. Тўпни назорат қилиб тезкор ҳаракат қилганимизда ва хато қилмаганимизда рақибда вақт чўзишга ҳожат қолмас эди. Кўпроқ айбни ўзимиздан қидиришимиз керак.
- Мағлубиятга тезкор гол сабаб деб ўйлайсизми?
- Қайсидир маънода тезкор гол мағлубиятга сабаб бўлди деб ўйлайман. "Хоразм"да ҳам шундай бўлган эди. Биз тўпни назорат қиляпмиз, вазиятлар яратяпмиз. Лекин, ҳимоядаги палапартишликлар ўз сўзини айтмоқда. Рақиб катта куч билан ва яхши ҳимояланди. Айтганимдек футболчилардаги савиянинг пастлиги улар бераётган пасларда, фикрлаётган вазиятлар ва қабул қилинаётган қарорлар рақиб учун оддий ҳолат ҳисобланмоқда. Трансфердаги таъқиқлар сабаб футболчи ололмадик. Чунки, биз қайси чизиқларни кучайтириш эканлигини билардик. Таъқиқлар ҳам жамоанинг ўйинига анча таъсир қиляпти деб ўйлайман.
- Самандар Шодмонов бугун кам ҳаракат қилган ёки кам югургандек таассурот қолдирди. Унинг жисмоний ҳолати ҳусусида нима дея оласиз?
- Самандарни ёши катта. Қолаверса бугун рақиб ҳам тезкорлик билан ҳаракат қилди ва бўшлиқлар қолдирмади. Эътибор берган бўлсангиз у анча вақтдан бери асосий таркибда тўп тепяпти. Бугун уни захирада қолдириб бошқа ўйинчини киритиш ниятимиз ҳам бор эди. Машғулотларда бу борада ишлагандик. Лекин, унинг ўрнида бошқа ўйинчига ишона олмаслигимиз машғулотларда ҳам сезилиб қолди.
- Жамоага қишки трансферларда таъқиқ қўйилгани қай даражада таъсир қилади? Мавсум якунида жамоанинг таркиби қанчалик сақланиб қолинади?
- Барчаси олдимизга қўйиладиган вазифага боғлиқ. Таркибимиздаги 80 фоиз футболчилар бу вазифаларни бажаришга тайёр эмас. Уларни катта футболга тайёрлаш керак. Шу таъқиқ сабаб жамоада олдинги сафар ишлаганимда очко олиб ташланганди. Жамоада икки йил ишламадим, шу вақт ичида таъқиқлар йўқ эди. Бу таъқиқлар нима учун биз ишлаган даврда қўйилиши менга қоронғу. Ғузорда жамоанинг ютуғидан кўп инсонлар хурсанд бўлмайди. Шу боис бу ерда ишлаш оғир.
- Нима сабабдан хурсанд бўлишмайди?
- Икки йил олдин ишлаганимда очколар олиб ташланди, таъқиқлар қўйилди. Шундан кейин раҳбарият ўзгарди, икки йил ичида ҳеч қандай таъқиқлар бўлгани йўқ. Икки йилдан сўнг раҳбарият ва мураббийлар штабида ўзгариш бўлди яна таъқиқлар қўйилди. Жамоада ишлаб кетган инсонларни ҳам қўли бор бунда. Ғузорда жамоанинг ютуғидан қувонадиган инсонлар кам.
- Мавсум бошида клуб ходимлари олдида қарздорликлари бўйича маълумотлар тарқалган эди. Ҳозирда бу борада вазият қандай?
- Клуб ойликларни вақтида тўлаб келяпти. Фақат мукофот пулларидан озроқ узилиш бор. Қарздорликлар жамоанинг ўйинига таъсир қилди деб ўйламайман.
- "Оқ-тепа" жамоасида хорижлик мураббийнинг ишлаётгани сезиляптими? Ёки ўзгаришлар йўқми?
- Рақиб ўйинида ўзгаришлар бор. Чизиқлар орасида бўшлиқлар бугун бўлмади. Тошкентда ўтган ўйинда бўшлиқлар бор эди.
Фикрлар