Андрей Шипилов: "Балки иккинчи даврада бошқа мураббий келар ва у мендан яхшироқ ишлар"
19 июн 2022 00:26
Янгиликлар
Андрей Шипилов: "Балки иккинчи даврада бошқа мураббий келар ва у мендан яхшироқ ишлар"
- Керак бўлмаган жойда биринчи голни ўтказиб юбордик. Шундан кейин тезда ўзимизга келиб, ҳисобни тенглаштириб олгандик. Биринчи бўлимни ёмон ўтказмадик. Яхши вазиятлар юзага келтирдик. Етарлича стандартлар ва бурчак зарбаларига эга бўлдик. Иккинчи бўлимда эса тактик томонлама оқсадик. Натижада сен урмасанг, сенга уришади қабилида футбол бўлди. Ҳисоб 1:1 пайтида 100 фоизлик имкониятга эга бўлдик, ундан фойдаланиш шарт эди. Қўпол хатодан кейин биринчи пенальти, кейин иккинчиси... Захирадан тушган футболчилар ўйинни кучайтириш ўрнига баттар ёмонлаштирди. Билмадим. Танаффус вақтида яхши машғулотлар қилдик, назорат ўйинлари ўтказдик. Билмадим...
- Футболчилар билан хатолар ҳақида гаплашганмидингиз?
- Ҳа. Суҳбатлар давомида айтган гапларим, қайта ва қайта кўрсатган хатоларим яна такрорланди. Дарвозабонимизни бугун умуман танимадим. Биринчи бўлимда сал-пал ўйинимиз чиқаётганди, аммо иккинчи бўлимда футбол ўйнашдан тўхтаб қолдик. Нимагалигини билмаяпман. Захирадагилар орқали ҳам ўйинни кучайтира олмадик.
- Демак, натижа ўйинга мос бўлди-ми?
- Йўқ, шунчаки 1:1 пайтида гол уриш керак эди ҳолос. Футбол эса бундай хатоларни кечирмайди. Урмасанг, ўтказиб юборасан. Меҳнат қилмасак ҳам майли эди. Рақибга жиддий ёндашдик, учрашувга юқори кайфиятда тайёрландик. Ҳеч қачон футболчилар ўз касбига бундай енгил қарамаслиги керак. Албатта, мураббий сифатида бирор жамоа бошқарувини қўлга олгандан кейин барча гапни ҳам айтавермаслик керак. Бироқ ростдан ҳам профессионал футболчилар ўз касбига доимо юқори даражада эътибор бериши лозим. Балки мураббий сифатида футболчиларимга барча маълумотларни етказиб бера олмагандирман. Бироқ аминманки, биз рақибни ҳар томонлама ўрганиб чиққандик. Бу ўйинга 3 ҳафта давомида жиддий ҳозирлангандик.
- Давра якунига қадар "Қўқон-1912" ва "Насаф"га қарши баҳслар бор. Ушбу учрашувлар ҳақида нима дейсиз?
- Йигитларни рухий чуқурликдан олиб чиқиш керак. "Динамо" каби жамоаларнинг бундай ёмон ҳолатга тушиб қолишини умуман истамайман. Ушбу икки ўйиндан кейин турнир жадвалида ижобий ўзгаришлар бўлмаса, раҳбарият билан гаплашиб олишим керак бўлади. Балки иккинчи даврада бошқа мураббий келар ва у мендан яхшироқ ишлар.
- Ушбу учрашувдан кейин раҳбариятдан истеъфо сўрамайсизми?
- Ҳозирча йўқ. Ҳозирча таслим бўлмайман. Жамоанинг бундай ҳолатда бўлишини истамайман. Биринчи даврадан кейин натижаларга қараймиз.
- Пенальтиларда ҳакамга эътирозингиз йўқми?
- Йўқ, барчаси жойида. Биз ёш болаларча қўпол хатоларга йўл қўйдик.
Фикрлар