Абдумалик Ҳакимов: “Фарғоналик иқтидорларни кашф этиш ниятидамиз”
21 июл 2016 12:05
Янгиликлар
Абдумалик Ҳакимов: “Фарғоналик иқтидорларни кашф этиш ниятидамиз”
Куни кеча “Рухсор” телеканали ижодкорлари Қувасойдаги “Цементчи” клубининг базасига ташриф буюришди ва жамоа устози Абдумалик Ҳакимовдан интервью олишди.
- Биринчи даврадаги иштирокимизни ёмон баҳоламаган бўлардим,-деб гап бошлади мураббий. Лекин бизнинг режаларимиз бошқача эди. Афсуски, баъзи учрашувларда очко йўқотдик. Айни пайтда Самарқанднинг “Динамо” жамоаси пешқадам бўлиб турибди. Бироқ иккинчи даврада биз яна биринчи ўринни қайтаришга ҳаракат қиламиз.
- Тайёргарлик жараёни қандай кечмоқда ? Кўрикда кимлар бор?
- Кўриб турганингиздек, тайёргарлик жараёни ўз қароргоҳимизда давом этмоқда. 20 дан ортиқ ўйинчилар кўрикда бўлиб туришибди. Улар ичидан энг яхшиларини саралаб “Цементчи”да олиб қолишга ҳаракат қиламиз.
- Биринчи лига баҳсларида Фарғона вилояти шарафини ҳимоя қилаётган “Цементчи” ҳамда “Ёзёвон-Лочинлари” жамоалари сафида ҳам Олий лига савиясидаги иқтидорлар борми ?
- Албатта бор. Агар кучлилар сафидан ўйинчиларимизга таклифлар бўлса, бундан фақат хурсанд бўламиз. Қувасой ва Ёзёвонда бундай иқтидорлар жуда кўп. Фақат улар билан ишлаш керак. Агар ўйинчи бош мураббийнинг футбол фалсафаларини тушуниб, жамоага киришиб кетадиган бўлса, бунинг қийин жойи йўқ.
- Айтингчи, Биринчи лига етакчиси ҳисобланган “Цементчи” клуби билан “Нефтчи” жамоаси ўртасида футболчиларни Олий лига клуби сафига етиштириб бериш борасида қандайдир тизим борми?
- Аслида бизнинг асосий вазифаларимиздан бири иқтидорли футболчиларни Фарғона бош жамоаси “Нефтчи” клубига етиштириб чиқариш ҳисобланади. Лекин у тарафдан таклиф бўлмаса, биз нима ҳам қилардик ? Фақат “Ёзёвон-Лочинлари” клубидан “Нефтчи” сафига ўйинчилар таклиф қилганликларидан хабарим бор. Ўтган йили ажойиб мавсум ўтказиб, тўпурар бўлган Элёр Акбаровни “Нефтчи”га таклиф этилишинт жуда кутгандик эди. Бироқ амалда бундай бўлмади. Шундан сўнг уни Навоийнинг “Қизилқум” жамоаси таклиф қилди ва Элёр таклифни қабул қилган ҳолда жамоасини ўзгартирди. Яна бир бор таъкидлайман, асосий вазифаларимиздан бири фарғоналик иқтидорларни кашф этиш ҳамда “Нефтчи”га муносиб номзодларни тарбиялашдир.
- Очиқ айта оласизми, Олий лигага чиқиш мақсади борми ?
- “Цементчи” Олий лигага чиқишга интилаётган жамоадир. Биз ҳали энди шаклланаётган жамоамиз. “Цементчи” футбол клуби ташкил топганига энди 2 йил вақт бўлди. Бу вақт ичида битта жамоани ҳақиқий футбол клуб мақомига олиб чиқиш қийин. Яхши бир жамоани ташкил қилиш учун камида 3 йил вақт керак бўлади. Биздан аввалги “Цементчи” клуби 7 йилда Олий лига юзини кўрганди. Афсус, бу жамоа кучлилар сафида узоқ ўйнамади. Лекин бунинг ўзига яраша сабаблари бор.
- Қувасойлик мухлислар ҳақидаги фикрингизни тингласак.
- Бу мухлислар ҳақидаги фикрларим фақат ижобий деб айтиш мумкиндир. Кўп сафар ўйинларида мухлислик маданиятига амал қилмайдиган ишқибозларни кўраман. Лекин бизнинг мухлисларимиз чиройли футбол тарафдори ва улар баҳс якунлангач ҳамиша майдонда ҳаракат қилган хар иккала жамоа вакилларини олқишлар кузатиб қўйишади. Албатта бу қувонарли ҳолатдир, - деди мураббий “Рухсор” телеканалига берган интервьюсида.
Ҳожиакбар Жабборов
Фикрлар