А Серия мураббийларининг янги ёрдамчиси — "виртуал мураббий". У нима ўзи ва қандай ишлайди?!
04 фев 2020 15:30
Янгиликлар
А Серия мураббийларининг янги ёрдамчиси — "виртуал мураббий". У нима ўзи ва қандай ишлайди?!
Ноябрда "Аталанта"га қарши баҳсдан аввал бўлиб ўтган матбуот анжуманида Маурицио Саррига А Серияда "Virtual Coach" ("виртуал мураббий") тизимидан фойдаланмоқчи бўлишаётганига мураббий қандай фикр билдирганини сўрашди. "Сиз айтаётган тизим ҳақида етарлича маълумотга эга эмасман", — тан олди "Ювентус" мураббийи. Аммо унга тизимни тушунтириб берганларидан сўнг, у деди: "Шунга ўхшаш технологиялардан беш йилдан бери фойдаланаман. Бу янгилик эмас!".
Бироқ Кальчо Лигаси вакиллари "Virtual Coach" тизими Италия футболида (келажакда дунё футбол оламида) катта инқилиб ясашига ишонишмоқда. Келгуси олти ой мобайнида бўлиб ўтадиган ўйинларда бу тизим синовдан ўтказилади, 2020/21 йилги мавсумда эса тўлиқ ишга туширилади.
"Virtual Coach" нима ўзи?
Лойиҳанинг расмий тақдимоти ўтган йилнинг ноябрь ойида бўлиб ўтганди. "Virtual Coach" — бу Math&Sport компанияси томонидан ишлаб чиқилган дастур бўлиб, у 2016 йил Милан техника университетининг моделлаштириш ва илмий ҳисоблаш лабораториясида ташкил этилган.
Math&Sport ўз мақсадини қуйидагича таърифлайди: "Биз қизиқарли статистик кўрсаткичлардан иборат маълумотлар омборини фақатгина ўйиндан кейинги таҳлил учун "қурол" сифатида эмас, балки спортчиларнинг ва ҳатто, жамоаларнинг ўйинига реал вақтда таъсир қила оладиган жиҳозга айлантириш устида иш олиб боряпмиз. Спортдаги илғор математик модель ва алгоритмлар ёрдамида футболчи ҳамда мураббийлар ўз ҳаракатларини оптималлаштиришларида ёрдам беради. Вазифамиз — реал вақтда ишлатилиши мумкин бўлган катта маълумотлардан фойдали ахборот олиш".
Math&Sport ўзининг тўрт йиллик фаолияти давомида асосан волейбол мутахассислари билан ҳамкорлик қилди: Германия эркаклар терма жамоаси мураббийи Андреа Жани, Италия эркаклар термаси собиқ мураббийи Мауро Берруто, италияликларнинг ҳозирги мураббийи Давиде Маццанти. Маццанти жамоаси ЖЧ-2018да кумуш медали соҳиби бўлган, Европа чемпионати-2019да эса бронза медалини қўлга киритган.
Давиде Маццанти шундай дейди: "Бир куни мен бир спортчимдан ўз иқтидори ҳақида гапириб беришини сўрадим. У ҳеч қандай таъриф беролмади. Спортга оид барча адабиётларда доимо умумий гапларга кўзим тушарди. Лекин иқтидор — бу умумий нарса эмас. Биз Math&Sport ёрдамида ноёб индивидуал маълумотларга асосланиб ҳар бир спортчининг иқтидорини аниқлашга муваффақ бўлдик. Бизда аниқ ва тушунарли бўлган таҳлил бор, бу борада эса ортиқча баҳс-мунозарага ўрин йўқ. Бу статистикага мутлақо янги қарашдир".
"Virtual Coach" — Math&Sport нинг футбол билан боғлиқ бўлган илк лойиҳаси. У майдондаги ўйинчиларнинг ҳаракатларини автоматик равишда аниқлайдиган математик моделлар ва алгоритмларларга асосланган. Дастур планшетга ўрнатилган ва бир қатор статистик маълумотлардан фойдаланган ҳолда реал вақтда майдонда нималар бўлаётганини акс эттиради. "Улар ҳақидаги хабарномалар дарҳол мураббийларга етиб боради, — дейди Math&Sport бош директори Оттавио Криваро. — Дастур ўйин вазиятлари ва мураббийлар танлаган параметрларни ҳисоблайди. Маълумотлар ҳар 40 миллисекундда янгиланиб туради".
"А Серия — дунёдаги энг қийин чемпионат. Мураббийларимиз ўзининг ажойиб техникаси ва тактик билимлари билан дунёга машҳур. Шундай бўлса-да, энди уларнинг янги ёрдамчилари бор, — дейди Лига бош директори Луижжи Ди Сьерво. — Биз бош мураббий ўйин вақтининг ўзида таҳлил натижаларига эга бўладиган футбол лигаси бўламиз. Даҳолик билан чамбарчас боғланган сунъий интеллект ва мутахассисларимизнинг маҳорати мусобақа даражасини ошириш ҳамда А Серия учрашувларини янада томошабоп бўлишига хизмат қилади.
Айнан қайси маълумотлар ҳақида гап кетмоқда?
"Бизнинг "Virtual Coach" тизимимиз инсон сезмайдиган ва билмайдиган нарсаларни кўра олади, — дейди Math&Sport асосчиси, математика фанлари профессори Альфио Квартерони. — Тизим мураббийга қандай қилиб яхшироқ ўйнаш мумкинлиги ҳамда жамоа ўз ишини қай тарзда тўғри бажараётганини ҳам кўрсатиб бера олади".
"Virtual Coach" тизими реал вақт режимида кузатиши мумкин бўлган параметрлар қуйидагилардан иборат: жамоаларнинг ҳужум тезлиги, ўйинчиларнинг жойлашган кенглиги, ҳужумнинг хавфлилиги, тўпнинг ҳаракатланиш тезлиги, рақиб майдонидаги узатмалар сони, позицион ҳужумлардан кейин зарбалар сони, босим даражаси ва бошқалар. Эътиборлиси шундаки, сиз ҳар бир параметр учун ўз нормаларингизни ўрнатишингиз мумкин ҳамда учрашув давомида ўйин режасидан чиқиш ҳолатларини ҳам кузатиш мумкин. "Биз барча тенг ва бир хил шарт-шароитда бўлишини истаймиз: "Ювентус" ҳам, СПАЛ ҳам, — дейди Math&Sport вакиллари.
"Математик моделлаштириш техникаси, алгоритмлар ва миқдори ақлга сиғмас даражада кўп бўлган маълумотларни бир неча йил аввал орзу ҳам қилмасдик. Аммо бугунги кунга келиб у ҳақиқатга айланмоқда, — тушунтиради Криваро. — Ўйин давом этаётган бир паллада майдонда юз бераётган вазиятлар сабабларини топиш, нега барчаси айнан шундай бўлганини тушуниш имкони пайдо бўлади. У ёки бу ҳаракат нима учун фойдали ёки фойдасиз бўлганини ҳаракат, масофа, тезлик ва тўп ошириш усули жиҳатидан таҳлил қилиш мумкин бўлади. Бу ҳам мураббийлар, ҳам футболчилар учун кўмак бўлади ва ўйин сифатини яхшилашга хизмат қилади".
Лойиҳанинг техник қисми учун масъул бўлган Адриано Баччони минглаб ўйинларни таҳлил қилиб, сунъий интеллект ким, қачон ва қандай гол уришини олдиндан айтиб бера олишига ишонмоқда. Ҳозирча ҳамма нарса "Football Manager" ўйинидаги кўрсатмаларга ўхшайди. "Virtual Coach" тақдимот маросимининг жонли эфирида "Ювентус" ва "Милан" (1:0) ўртасидаги учрашув таҳлил қилинди ва дастур "Юве" мураббийига қуйидагича кўрсатмалар берди: "Жамоа кенгликдан фойдаланмай, марказга яқинроқ ҳаракат қилганда рақиб муаммоларга дуч келади" (36-дақиқа), "Пьяничдан кўпроқ фойдаланиш керак" (57-дақиқа), "Чалханоглу атрофида бўш зоналар жуда кўп" (65-дақиқа).
Мураббийлар қандай фикрда?
"Ҳеч қандай ғалабали схемалар мавжуд эмас. Сунъий интеллект ғалаба қозониш имкониятларини аниқлай олмайди. Буёғи энди мураббий қарорига боғлиқ, — дейди Массимилиано Аллегри. — Январ ойида ҳаммага планшет берилиши режалаштирилган ва мураббийлар маълумотларга кириш имкониятига эга бўладилар. Бу нима учун керак? Яхши мураббий шундоқ ҳам барчасини кўра олади. Футбол ўйини — чексиз дунё эмас, у маълум бир майдон билан чегараланган. Шунчаки ўйин вақтида ўз қарорини ўзгартира оладиган мураббийлар керак".
"Ҳа албатта, "Virtual Coach" бизнинг барча муаммоларимизни ҳал қилолади, — дейди истеҳзо билан "Ювентус" собиқ бош мураббийи. — Автоматизм жараёни ўйлаб иш тутадиган футболчилар йўқолиб кетишига олиб келиши мумкин. Агар улар фақат бир эшикдан киришга ўрганиб қолсалар ва бир кун келиб ўша эшик берк бўлса, янги айланма йўлни излаш ўрнига ўша эшикка бошлари билан уришни бошлайдилар". Фабио Капелло ҳам Аллегрининг фикрига қўшилмоқда: "Маълумотлар ёрдам бериши мумкин, лекин ўйин вақтида эмас. У асосан машғулотларда ас қотади. Мен статистикани доимо диққат билан ўрганганман. Дангалини айтганда, 90 дақиқа давомида майдонда кўрганларингизга ишонганингиз маъқул".
Январь бошидан бери А Серияда 5та тур ўйинлари бўлиб ўтди, аммо мураббийлар ҳали ҳам ўз таассуротлари билан ўртоқлашганлари йўқ. Эҳтимол, технология ёрдамига мурожаат қилишга шошилмаётгандирлар?! (ўйин трансляциялари вақтида планшетлар кўзга ташланмади). "Одамлар доимо инновациялардан чўчиган, — дейди Квартерони. — Мен буларга қарши чиқаётганлар бўлишини табиий ҳол деб биламан. Инсоният тарихи шуни кўрсатадики, барча янги нарсалар шундай кутиб олинади ва бу фақатгина спортда эмас. Рентген ҳам илк даврида кўпчиликни қўрқувига сабаб бўлиб, унга қарши чиққанлар етарлича топилган. Лекин энди усиз ҳаётимизни тасаввур қилолмаймиз".
Квартерони "Virtual Coach"га бўлган эҳтиёж ва унинг фойдаси ҳақида гапирар экан, уни VAR билан таққослайди. Лекин энг қизиқ жиҳат, унинг компанияси ва Лига ўртасидаги шартнома рақамлари ошкор қилинмади. Хўш, А Серия раҳбарияти Италия футболини янада томошабоп қилиш учун қанча пул сарфлашга тайёр?
"The Athletic" муаллифи Дэвид Орнштейн сўзларига кўра, инновацион технологиялар таклиф этадиган компаниялар инглиз футболини ҳайратда қолдирибди. "Премьер-лига клуби бир неча йил давомида таҳлилий маълумотлар тақдим этадиган компанияга "олти рақамли сумма" тўлаганди. Кейин эса улар олинган маълумотларни текшириш учун мутахассислар ёнлашган. Маълум бўлишича, олинган таҳлилий маълумотларда "ғиж-ғиж" хато бўлган экан", — дейди Орнштейн.
Эҳтимол, "Virtual Coach" ҳақиқатдан ҳам фойдалидир. Бироқ шунга ўхшаш "ҳикоялар" камдан-кам ҳолларда бахтли якун топади. Қолаверса, дастурнинг ютуқлари ҳақида гапиришга ҳам ҳали эрта. Яхшиси, дастур кўрсатмалари бирор ўйинга таъсир кўрсатганини ўз кўзимиз билан кўрганимиз маъқул, назаримизда. Агар қачондир шундай бўлса...
Нозима Зарипова таржимаси
Фикрлар