2019 йил ўзбек футболида содир бўлган энг муҳим воқеалар
31 дек 2019 15:00
Янгиликлар
2019 йил ўзбек футболида содир бўлган энг муҳим воқеалар
ЯНВАРЬ
ОСИЁ КУБОГИ-2019
5 январдан 1 февралга қадар БАА яшил майдонларида Осиё Кубоги мусобақаси бўлиб ўтди. Унда Эктор Купер бошчилигидаги Ўзбекистон терма жамоаси иштирок этди. Жамоамиз "F" гуруҳида Уммон, Туркманистон ва Японияга қарши ўйинлар ўтказишади. Уммон ва Туркманистонни мағлуб этган футболчиларимиз муддатдан аввал гуруҳдан чиқишди ҳамда сўнгги турда Японияга ютқазиб, гуруҳда иккинчи ўринни эгаллашди.
Нимчорак финалда Австралияга қарши ўйнаган Ўзбекистон 120 дақиқа давомида мардонавор ҳаракат қилди, афсуски футбол лотореясида омад "яшил қитъа" вакилларига кулиб боққан. Мусобақа финалида Қатар Японияни мағлуб этиб Осиё Кубогини қўлга киритди. Осиё Кубогида Элдор Шомуродов 4та гол уриб чин маънода кашфиёт бўлди. Игнатий Нестеров эса фаолиятидаги бешинчи Осиё Кубогида иштирок этиб мутлақ рекордчига айланди.
САРДОР РАШИДОВ "НАСЬОНАЛ"ДА
Январь ойи ўрталарида Сардор Рашидов Португалиянинг "Насьонал" клуби билан 2,5 йиллик шартнома имзолагани эълон қилинди.
"Истеъдодли ва жисмоний жиҳатдан бақувват бўлган Сардор Рашидов асли ҳужумчи. Лекин у қанотларда ҳам муваффақиятли тўп сура олади. Рашидов айни пайтда Ўзбекистон МТЖ таркибида Осиё Кубогида иштирок этмоқда. Унинг терма жамоаси мусобақанинг плей-офф босқичи йўлланмасини қўлга киритиб бўлди. Рашидовга Қатар, Саудия Арабистони ва БАА клубларидан таклифлар бўлганига қарамай, у Европа клубида ўйнашга қарор қилди. "Насьонал" клуби Сардор Рашидов билан 2,5 йиллик шартнома имзолади", - деб хабар берганди Португалия клуби расмий сайти.
Рашидов "Насьонал"да май ойига қадар фаолият олиб борди ва жами 7та ўйинда майдонга тушиб, 3та гол уришга эришди.
ДРУЛОВИЧ - ЎЗБЕКИСТОН ОЛИМПИЯ ТЕРМА ЖАМОАСИ УСТОЗИ
23 январь куни Ўзбекистон футбол ассоциацияси Любинко Друловични Олимпия терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинлади.
Друлович ЎФА билан билан 1 йилга мўлжалланган шартнома имзолади, агар Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Токио-2020 йўлланмасини қўлга киритса, шартнома муддати Олимпиада якунига қадар узайтирилиши кўзда тутилган.
"Ўзбекистонда иш бошлаётганимдан жуда хурсандман. Биз биргаликда олдимизга қўйилган вазифани уддалаймиз. Бунинг учун етарлича тажрибага эгамиз, деб ўйлайман. Юқорида тўғри таъкидладингиз, агар бир оила бўлиб ишлайдиган бўлсак, албатта Олимпиада йўлланмасини қўлга киритамиз. Бунга ишончим комил", - деганди ўшанда Любинко Друлович.
Айни пайтда терма жамоамиз Дубайда Таиланддаги Осиё чемпионатига тайёргарлик кўрмоқда.
РОБЕРТО КАРЛОС ТОШКЕНТДА
28 январь куни жаҳон футболи юлдузи, Бразилия терма жамоаси таркибида Жаҳон чемпиони деган юксак номга сазовор бўлган ҳимоячи афсонавий Роберто Карлос Тошкентга ташриф буюрди.
Роберто Карлос ташрифи давомида ёш футболчиларга мастер-класслар ўтказиб, меҳрибонлик уйидаги болажонлар билан учрашди. Шунингдек, бразилиялик футболчи иштирокида ОАВ вакиллари учун матбуот анжумани ҳам ташкил қилинди. Бундан ташқари, ўзбекистонлик машҳур футбол юлдузлари ва фахрийлар иштирокида 10 дақиқадан иборат 2 таймли ўртоқлик ўйини ташкил қилинди. Роберто Карлос бу учрашувда ҳар икки жамоа таркибида биттадан таймда майдонга тушди. Ташриф давомида Роберто Карлос ўзбек футболи билан яқиндан танишди.
НЕСТЕРОВ ЛЕГИОНЕРГА АЙЛАНДИ
БАА яшил майдонларида ўтган мусобақада ўзининг 5-Осиё Кубогида иштирок этган ва бу кўрсаткич бўйича дунёдаги ягона футболчига айланган Игнатий Нестеров терма жамоамизнинг юраги эканини барчага яна бир бор исботлай олди. Унинг ишончли ҳаракатлари кўплаб вазиятларда терма жамоамиз дарвозасини муқаррар голлардан сақлаб қола олди. Нестеровнинг ўйинлари нафақат мухлисларда, балки Саудия Арабистонининг "Уҳуд" жамоаси раҳбариятида ҳам катта тассурот қолдириб, клуб 27 январь куни Нестеров билан шартнома имзолаганини эълон қилди.
ФЕВРАЛЬ
ЭРМАТОВ ИККИНЧИ МАРТА ОСИЁ КУБОГИ ФИНАЛИДА ИШЛАДИ
2 февраль куни Қатар ва Япония ўртасидаги Осиё Кубоги финалини 41 ёшли ўзбекистонлик ҳакам Равшан Эрматов бошқарди. Шу тариқа у ўз фаолияти давомида иккинчи марта Осиё Кубоги финалида ишлади. Бунгача Эрматов 2011 йил Япония ва Австралия терма жамоалари ўртасидаги финални ҳам бошқарганди. Ҳамюртимизга қанотларда ҳамюртлари Абдуҳамидулло Расулов ва Жаҳонгир Саидовлар ёрдам беришди.
2010 йилда Равшан Эрматов 32 ёшида ЖАРда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида ишлаган ва бу борада энг ёш ҳакам сифатида тарихдан жой олганди. 2018 йил Россияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида иш олиб боргандан сўнг унинг мундиалларда бошқарган ўйинлари сони 11тага етди. Бу мутлақ рекорд натижа бўлиб, ҳозиргача бирор ҳакамга Жаҳон чемпионатларида шунча ўйин бошқариш насиб қилмаган. Осиёда 5 марта йилнинг энг яхши ҳаками сифатида эътироф этилган Равшан Эрматов фаолияти давомида 5 марта Осиё чемпионлар лигаси финалини бошқарган.
АЗИЗ ТУРҒУНБОЕВ ДИСКВАЛИФИКАЦИЯ ҚИЛИНДИ
Бир вақтнинг ўзида икки клуб билан шартнома имзолашда гумон қилинган Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Азиз Турғунбоевнинг можароли иши Футболчиларнинг мақоми ва ўтиши бўйича қўмита томонидан ўрганиб чиқилди ва у 2019 йилнинг 9 июль санасига қадар футболга алоқадор барча турдаги фаолиятдан дисквалификация қилинди. Футболчи бир вақтнинг ўзида "Навбаҳор" ва "Пахтакор" клублари билан шартнома тузгани аниқланди ҳамда ёзгача ҳеч қайси клубда майдонга тушгани йўқ. Дисквалификация муддати тугагач Турғунбоев "Навбаҳор" билан шартнома тузди.
Ушбу ишга аралашган мураббий Илҳом Мўминжонов 1 йилга, "Навбаҳор" вице-президенти Шамшод Сариков ва "Пахтакор" спорт директори Жаъфар Ирисметов 6 ойга дисквалификация қилинди.
РУСТАМ АШУРМАТОВ "ГВАНГЖУ"ГА ЎТДИ
7 феваль куни Жанубий Кореянинг "Гвангжу" клуби ўзбекистонлик ҳимоячи Рустам Ашурматов билан шартнома тузганини эълон қилди.
"Менга "Гвангжу" ўйин услуби ёқди. Янги жамоамга тезроқ қўшилиш ва ўзимнинг яхши ўйинларимни намойиш этишни истайман", - деганди Ашурматов клуб расмий сайтига.
"Гвангжу" Жанубий Корея K-2 лигасида иштирок этди ва биринчи ўринни эгаллаб Жанубий Корея К лигасига йўлланмани қўлга киритди. Рустам Ашурматов мавсум охирида К-2 лиганинг расмий рамзий терма жамоасидан жой олди.
"ПАХТАКОР" ОЧЛ ГУРУҲ БОСҚИЧИГА ЧИҚДИ
19 февраль куни Осиё чемпионлар лигаси плей-офф босқичидан ўрин олган учрашувда "Пахтакор" ва АГМК жамоалари майдонга тушишди.
"Пахтакор" Бирлашган Араб Амирликларида "Ал Наср" жамоасига қарши баҳс олиб бориб, 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди ва гуруҳ босқичига чиқди. "Шерлар" таркибида голларга Драган Черан ва Достон Ҳамдамов муаллифлик қилишди.
АГМК эса Саудия Арабистонида "Ал Насср" клубига қарши майдонга тушиб, йирик 0:4 ҳисобида мағлубиятга учради. Олмалиқ жамоаси шу тариқа мусобақадаги иштирокини якунлади.
"ЛОКОМОТИВ" - ЎЗБЕКИСТОН СУПЕРКУБОГИ СОҲИБИ
Ўзбекистон Суперкубоги учун кечган баҳсда Тошкентнинг "Локомотив" клуби Олмалиқнинг АГМК жамоасига қарши баҳс олиб борди. Ўйин "темирйўлчилар"нинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. "Локомотив" таркибида Темурхўжа Абдухолиқов ва Йован Жокич гол муаллифига айланишди. АГМК жамоасининг битта жавоб голини Зафар Полвонов урди. Шу тариқа "Локомотив" жамоаси ўз тарихида иккинчи марта Ўзбекистон Суперкубоги соҳибига айланди.
СУПЕРЛИГАГА "ДИНАМО" ВА "СУРХОН" ҚЎШИЛДИ
25 февраль куни Суперлиганинг 2019 йилги мавсумида 14та клуб иштирок этиши ҳақида хабар чиқди. Ўзбекистон футбол ассоциацияси Лицензиялаш қўмитаси “Сурхон” ҳамда “Динамо” клубларига шартли равишда Суперлига йўлланмасини тақдим этди.
Бунгача Профессионал футбол лигаси 12та клуб иштирок этиши учун мўлжалланган формат ва регламентни тақдим этиб улгурганди. Кейинроқ бу масала Лицензиялаш қўмитаси ва ЎФА Ижроқўми аъзолари ўртасида таҳлил қилинди. Унда қатор фикрлар билдирилди, жамоалар сонининг ошиши мунозараларга сабаб бўлди. Якунда ЎФА Ижроқўми Профессионал футбол лигасига янги талаб бўйича айрим бандлари ўзгартирилган регламентни тасдиқдан ўтказиш учун бир ҳафта муҳлат белгилади. Шу тариқа 2019 йилги Суперлигада 14та клуб иштирок этди.
МАРТ
МИРАБРОР УСМОНОВ ВАФОТ ЭТДИ
15 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси Сенати аъзоси, "Меҳнат шуҳрати", "Эл-юрт ҳурмати", "Дўстлик" орденлари соҳиби, Ўзбекистон футбол федерацияси ва Миллий олимпия қўмитасининг собиқ президенти Мираброр Усмонов 71 ёшида вафот этди.
Мираброр Зуфарович 2006-2017 йиллар давомида Ўзбекистон футбол федерацияси президенти сифатида фаолият юритган. 2013 - 2017 йилларда эса Миллий олимпия қўмитаси президенти сифатида ишлаган. 2015-2018 йиллар давомида Марказий Осиё футбол ассоциациясида ҳам президент сифатида иш олиб борган эди.
ЎЗБЕКИСТОН "CHINA CUP"ДА 3-ЎРИННИ ОЛДИ
Март ойи охирида Ўзбекистон терма жамоаси Хитойда ташкил этилган "China Cup" мусобақасида иштирок этди. Ярим финалда вакилларимиз Уругвайга қарши ўйин ўтказиб 0:3 ҳисобида имкониятни бой беришди. Учинчи ўрин учун баҳсда эса Купер шогирдлари Фабио Каннаваро бошчилигидаги Хитойни 1:0 ҳисобида таслим қилишди. Терма жамоамиз сафида ягона голни Элдор Шомуродов урганди.
ОЛИМПИЯ ТЕРМА ЖАМОАМИЗ ОСИЁ ЧЕМПИОНАТИГА ЧИҚДИ
22-26 март кунлари Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Тошкентда U-23 Осиё чемпионати саралашини ўтазди. Гуруҳда Ҳиндистонни мағлуб этган ва Тожикистон билан дуранг ўйнаган Любинко Друлович шогирдлари Осиё Чемпионатига йўлланмани қўлга киритишди.
АПРЕЛЬ
ИЛҲОМ МЎМИНЖОНОВ 5 ЙИЛГА ФУТБОЛДАН ЧЕТЛАТИЛДИ
2019 йил 1 апрель куни ЎФА Этика қўмитаси “Навбаҳор лочинлари” ПФКнинг собиқ бош мураббийи Илҳом Мўминжонов борасида қарор қабул қилди.
Унга кўра Мўминжонов 2017 йил мавсумида келишилган ўйинларни ташкил қилиш, жумладан, ўйин натижасига таъсир қилиш мақсадида “Навбаҳор лочинлари” ПФКнинг бир қатор футболчиларини ўйинни сотишга ундагани учун, ЎФА интизом кодексининг 5.44. бандига асосан 50.000.000 (эллик) миллион сўм миқдоридаги жаримага тортилган ва 5 (беш) йил муддатга футболдаги ҳар қандай фаолиятдан четлаштирилган эди.
АХБОР ИМОМХЎЖАЕВНИНГ ЯНГИ КИТОБИ ДУНЁ ЮЗИНИ КЎРДИ
16 апрель куни Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида Ахбор Имомхўжаевнинг “Аср футболидаги асл қадрдонларим” номли китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Таниқли футбол фахрийси, ўзбек футбол шарҳловчилиги мактабининг асосчиларидан бири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи, Республика тоифасидаги ҳакам, “Олтин қалам” миллий мукофоти лауреати, халқ таълим аълочиси Ахбор Имомхўжаев ушбу китобни ўзбек футболининг 100 йиллигига бағишлаб чоп этди.
Таъкидлаш жоиз, китоб Миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси кўмаги остида нашрдан чиқди. 800 саҳифадан иборат ушбу китобда ўзбек футболига оид кўплаб тарихий материаллар, хотиралар, қизиқарли фактларни кўришимиз мумкин. Шунингдек, унда футболимиз тарихида ёрқин из қолдирган мураббий, футболчи, ҳакам, мутахассис ва спорт журналисти сифатида фаолият олиб борган машҳур инсонлар ҳақида ҳам қатор қимматли маълумотлар учрайди. Таъкидлаш лозимки, Ахбор Рустамович ушбу китоб устида роппа роса 12 йил ишладилар.
МАЙ
ИГНАТИЙ НЕСТЕРОВ ДИСКВАЛИФИКАЦИЯ ҚИЛИНДИ
Ўзбекистон миллий терма жамоаси дарвозабони Игнатий Нестеровдан Осиё Кубоги доирасида олинган таҳлиллар натижасида унинг қонида таъқиқланган модда аниқланди.
Осиё футбол конфедерацияси Тартиб-интизом қўмитаси 11 май куни мазкур масала бўйича ўз якуний қарорини эълон қилди. Унга кўра миллий терма жамоамиз посбони 8 ойга дисквалификация қилинди. Дисквалификация муддати 13 октябрь куни ниҳоясига етди. Игнатий Нестеров дисквалификация муддати якунига етишига икки ой муддат қолганида, яъни 13 августдан бошлаб машғулотларда иштирок этиши ва бошқа клублар билан шартнома тузиш ҳуқуқига эга бўлди. Нестеров дисквалификация муддати якунлангач Тошкентнинг "Локомотив" клуби сафида майдонга тушди.
ОТАБЕК ШУКУРОВ ВА “ШАРЖА” – БАА ЧЕМПИОНИ
16 май куни "Шаржа" БАА Про-лигасининг 25-тури доирасида ўз майдонида "Ал Ваҳда" жамоасини 3:2 ҳисобида мағлуб этди ва олтинчи марта БАА чемпиони бўлди. Ушбу клуб билан бирга ўзбекистонлик Отабек Шукуров ҳам БАА чемпионига айланди.
ИЮНЬ
РАВШАН ЭРМАТОВ - ЎФА БИРИНЧИ ВИЦЕ-ПРЕЗИДЕНТИ
14 июнь куни Ўзбекистон футбол ассоциациясида Ижроия қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди.
ЎФАнинг амалдаги вице-президентлари Умид Аҳмаджонов ва Пўлат Бобожонов ўз лавозимларидан муддатдан олдин озод этиш масаласида аризалар қаноатлантирилди. ЎФА вице-президентлигига Ижроқўм аъзоларининг овозлари билан ФИФА рефериси Равшан Эрматов ва ИИВ вазири ўринбосари Муҳиддин Жўраев вақтинча вазифани бажарувчи сифатида сайланишди.
Шунингдек, ЎФА президенти Ачилбой Раматовнинг таклифига асосан, амалдаги бош котиб Сардор Раҳматуллаев ўрнига Аваз Максумов Ижроия қўмитаси томонидан тайинланди.
"Юксак ишонч учун муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ва сизларга катта миннатдорчилигимни билдираман. Қолаверса турли йилларда футболимиз равнақига ўз ҳиссасини қўшган, футболимиз раҳбарлари ва мутахассисларига футбол жамоатчилиги ва ўз номимдан катта раҳмат айтаман", - деганди ўшада Эрматов.
ДАВРОН ШАКУРБАНОВ - ПФЛ БОШ ДИРЕКТОРИ
17 июнь куни Ўзбекистон Профессионал футбол лигасида навбатдан ташқари йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда бош директор сифатида фаолият юритиб келган Омон Ғофуровнинг ташкилот раҳбарлигидан бўшаш тўғрисида ариза ёзганидан сўнг Профессионал футбол лигасига янги раҳбар тайинлаш масаласи кўрилди. ЎзПФЛ бош директори лавозимига футбол соҳасида узоқ йиллар мобайнида фаолият олиб бориб тажриба тўплаган Даврон Гайратович Шакурбанов тайинланди.
ИЮЛЬ
АБДУСАЛОМ АЗИЗОВ - ЎФА ПРЕЗИДЕНТИ
15 июль куни Ўзбекистон футбол ассоциациясининг навбатдан ташқари Конференцияси бўлиб ўтди. Конференция кун тартибидан ЎФА Президенти, Вице-президентлар ва Ижроия қўмитаси аъзоларини сайлаш масалалари ўрин олган эди.
ЎФА Ижроия қўмитаси томонидан қўйидаги номзодлар таклиф қилинди ва делегатлар томонидан бир овоздан сайланди:
Ўзбекистон футбол Ассоциацияси президенти лавозимига - Азизов Абдусалом Абдумавлонович
Ўзбекистон футбол Ассоциацияси Биринчи вице-президенти лавозимига – Эрматов Равшан Сайфиддинович
Ўзбекистон футбол Ассоциацияси Вице-президенти лавозимига – Жўраев Муҳиддин Ўткирович
ЖЧ-2022 САРАЛАШИ 2-БОСҚИЧГА ҚУРЪА ТАШЛАНДИ
17 июль куни Малайзия пойтахти Куала Лумпурда жойлашган Осиё футбол конфедерацияси бош қароргоҳида Жаҳон чемпионати-2022 ҳамда Осиё кубоги-2023 мусобақалари иккинчи саралаш босқичига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди. Қуръа натижаларига кўра, Ўзбекистон миллий терма жамоаси Саудия Арабистони, Фаластин, Яман ҳамда Сингапур термалари билан бирга иккинчи саралаш босқичининг “D” гуруҳидан жой олди.
"Гуруҳимиздан ўрин олган терма жамоалар орасида кучсизлари йўқ, деб ўйлайман. Ҳамма ўз олдига қўйилган мақсадга эришиш учун ҳаракат қилади. Барча ўз мамлакати шаъни учун ўйнайди. Бу эса ўйинлар осон ўтмаслигини англатади. Лекин барчаси ўзимизга боғлиқ, деб ҳисоблайман. Чунки агар ҳар бир ўйинга жиддий ҳозирлик олиб борсак ва майдонга ҳар гал яхши руҳий тайёргарлик билан тушсак, ҳар қандай рақибни мағлуб этишга кучимиз етади, деб ўйлайман. Насиб этса, ушбу саралаш босқичи якунида гуруҳда 1-ўринни олишга ҳаракат қиламиз", - деганди Элдор Шомуродов.
ҲАЙДАРОВ ВА КАПАДЗЕ ЎФАДА ИШ БОШЛАШДИ
Июль ойида юртимиз ва хорижнинг бир қанча клубларида муваффақиятли фаолият олиб борган тажрибали ярим ҳимоячи Азизбек Ҳайдаров футболчилик фаолиятини якунлади. Ўзбекистон терма жамоасида ҳам узоқ йиллар тўп сурган футболчининг кейинги фаолияти ҳам мамлакатимиз бош жамоаси билан бевосита боғлиқ бўлади. Азизбек Ҳайдаров ЎФА терма жамоалар бўлимида иш бошлади. Унга турли ёшдаги барча терма жамоалар ишини мувофиқлаштириш каби масъулиятли вазифа топширилди.
Ҳайдаров билан бир даврда терма жамоада тўп сурган ўзбек футболининг яна бир афсонавий вакили, учрашувлар сони ва титуллар бўйича Ўзбекистонда рекордчилардан бири ҳисобланган Тимур Кападзе ҳам ЎФА тизимида иш бошлади. Аввал миллий терма жамоада вақтинчалик мураббий сифатида ишлаб, кейинчалик “Локомотив” клуби ўринбосарлар таркибига мураббийлик қилган Кападзе, тўплаган тажрибасини селекция ишларига йўналтиради. Кападзе октябрь ойида миллий терма жамоамизда ёрдамчи мураббийга айланган бўлса, декабрь ойида U-19 терма жамоаси бош муаббийи этиб тайинланди.
САРДОР РАШИДОВ - ҚАТАРГА ҚАЙТДИ
29 июль куни Сардор Рашидов Қатарнинг "Қатар СК" клуби билан шартнома имзолади. Ҳамюртимиз Португалиянинг "Насьонал" клуби билан шартномани бекор қилиб Қатар клубига кўчиб ўтди. Ҳозирга қадар Рашидов "Қатар СК" сафида ҳозирга қадар 10та ўйинда майдонга тушди ва 5та гол урди.
СЕНТЯБРЬ
ФАЛАСТИН - ЎЗБЕКИСТОН 2:0
ЖЧ-2022 саралашини Ўзбекистон терма жамоаси сафарда Фаластинга қарши баҳс билан бошлади. Унда кутилмаганда Ўзбекистон миллий терма жамоаси 0:2 ҳисобида мағлубиятга учради. Бу мағлубият якунда Эктор Купернинг истеъфога чиқишига сабаб бўлди.
ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ ОФК ПРЕЗИДЕНТИНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИ
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 16 сентябрь куни Осиё футбол конфедерацияси президенти Шайх Салмон бин Иброҳим Ал Халифани қабул қилди.
Давлатимиз раҳбари меҳмонни қутлар экан, Ўзбекистон ва ОФК ўртасидаги самарали шериклик мамлакатимизда футболни оммалаштириш ва ёшларни ушбу спорт турига кенг жалб қилиш учун қулай шарт-шароитларни яратишга қаратилгани ва изчил ривожланиб бораётганини алоҳида қайд этди. Учрашувда Осиё футбол конфедерацияси билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Мамлакатимизда футбол бўйича йирик халқаро мусобақалар, жумладан, ўсмирлар, ёшлар ва хотин-қизлар жамоалари ўртасида жаҳон ва қитъа биринчиликларини ташкил этиш учун имкониятлар мавжудлиги қайд этилди.
U-19 ОСИЁ ЧЕМПИОНАТИ МЕЗБОНИ – ЎЗБЕКИСТОН
17 сентябрь Куала Лумпурда ОФК Мусобақалар қўмитасининг илк йиғилиш ўтказилди ва унда U-19 Осиё чемпионати баҳсларини қабул қилиш учун ариза берган мамлакатлар ичида Ўзбекистон номзоди маъқулланди. Шу тариқа, мамлакатимиз ўз тарихида илк бор мазкур ёш тоифасидаги қитъа чемпионатига мезбонлик қиладиган бўлди. Қайд этиш жоиз, U-19 Осиё чемпионати-2020 баҳслари тақвимга кўра, келаси йилнинг 14-31 октябрь кунлари бўлиб ўтади.
КУПЕР КЕТДИ
23 сентябрь куни Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳамда Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Эктор Купер ўртадаги мавжуд шартномани ўзаро келишувга асосан бекор қилишди. 2018 йилнинг август ойида Ўзбекистон миллий терма жамоаси бошқарувига келган аргентиналик мутахассис бош жамоамизга 1 йилдан ортиқроқ муддат давомида устозлик қилди.
ВАДИМ АБРАМОВ КЕЛДИ
Купернинг ўрнига ЎФА Вадим Абрамовни Ўзбекистон терма жамоасига бош мураббий этиб тайинлади. Биласиз, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ушбу мутахассис бошчилигида Қатар яшил майдонларида ўтган Осиё кубоги-2011да қитъа биринчиликларидаги ўзининг энг яхши натижасини қайд этган.
"ПАХТАКОР" – ЧЕМПИОН
2019 йилги Суперлигани деярли мағлубиятсиз ўтказган Тошкентнинг “Пахтакор” клуби 20-турда Бекободда “Металлург”ни мағлуб этиб, чемпионат тугашига 6та тур қолганида муддатдан аввал чемпионликни расмийлаштирди. “Шерлар” 3 йиллик танаффусдан сўнг яна мамлакат чемпионига айланишди.
ОКТЯБРЬ
“ПАХТАКОР” – ЎЗБЕКИСТОН КУБОГИ СОҲИБИ!
26 октябрь куни Тошкентдаги "Локомотив" стадионида Ўзбекистон кубоги финал учрашуви бўлиб ўтди. Унда "Пахтакор" ва АГМК клублари тўқнаш келишди. Мазкур баҳс Драган Чераннинг бенефисига айланди. Сербиялик футболчи АГМК дарвозасига учта гол уриб (3:0) жамоасига мамлакат кубогини келтирди.
НОЯБРЬ
ЎЗБЕКИСТОН – САУДИЯ АРАБИСТОНИ 2:3
Бу йилги энг аламли мағлубиятларимиздан бирини 14 ноябрь куни Тошкентдаги “Пахтакор” стадионида қабул қилиб олди. ЖЧ-2022 саралаши доирасида Саудия Арабистонига қарши йил ўйинида 2:1 ҳисобида олдинда бориб сўнгги дақиқаларда 2та гол ўтказиб юборган Ўзбекистон терма жамоаси аламли тарзда мағлуб бўлди.
ДЕКАБРЬ
“ПАХТАКОР”ДАН ТРЕБЛ!
4 декабрь куни Тошкентдаги “Пахтакор” стадионида тарихда илк бор ўтказилган Ўзбекистон Лига кубоги финал баҳси бўлиб ўтди. Унда яна “Пахтакор” ва АГМК жамоалари куч синашишди. Бу сафар ҳам Шота Арвеладзе бошчилигидаги “шерлар” рақиб устидан йирик ҳисобда (6:2) ғалаба қозониб Лига кубогининг тарихий биринчи соҳибига айланишди. Ўзбекистон футболи тарихида айнан “Пахтакор” илк бор “олтин требл” қайд этди.
КАПАДЗЕ – БОШ МУРАББИЙ
4 декабрь куни ЎФА Ўзбекистон ёшлар терма жамоасига мураббийлик соҳасида ўз маҳоратини ошириб келаётган, яқин ўтмишнинг етук футболчиларидан бири Темур Кападзени бош мураббий этиб тайинлади. Темур Кападзе Отабек Ғуломхўжаевнинг ўрнини эгаллади ва Ўзбекистон U-19 терма жамоасини келаси йилнинг 14–31 октябрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтадиган Осиё чемпионати финал босқичига тайёрлайди.
ПРЕЗИДЕНТ ФАРМОНИ
6 декабрь куни Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони эълон қилинди.
Ушбу фармондан Ўзбекистонда футболни аҳоли ўртасида энг оммавий спорт турига айлантириш, юқори иқтидорга эга бўлган ёш футболчиларни танлаш, саралаб олиш ва уларни профессионал спортчилар сифатида тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш, мамлакат футболини ривожланган мамлакатлар билан рақобат қила оладиган даражага етказиш, халқаро талаб ва стандартлар асосида футбол бўйича мутахассисларни тайёрлаш, футбол клублари фаолиятини ривожлантириш, терма жамоалар учун ўқув-машқ жараёнини самарали ташкил этиш, мамлакатимизда футбол бўйича йирик халқаро мусобақалар, жумладан, ўсмирлар, ёшлар ва хотин-қизлар жамоалари ўртасида жаҳон ва қитъа биринчиликларини ўтказиш масалалари ўрин олган.
ЭЛДОР ШОМУРОДОВ - ЙИЛНИНГ ЭНГ ЯХШИ ФУТБОЛЧИСИ
Йил сўнггида ЎФА ва ПФЛ бирлашган ҳолда энг яхшиларни тақдирлаш маросимини ўтказди. Унга кўра Ўзбекистон терма жамоаси ва "Ростов" клуби ҳужумчиси Элдор Шомуродов 2019 йил Ўзбекистонинг энг яхши футболчиси деб топилди. Ўзбекистон терма жамоаси ва "Бунёдкор" клуби устози Вадим Абрамов эса йилнинг энг яхши мураббийи деб тан олинди.
Тадбирда яна қатор йўналишларда ғолиблар тақдирланди:
"Ўзбек футболи нуронийси" - Наримон Жалолов
"Фидойилик рамзи" - Одил Аҳмедов
"Мухлислар ташрифи" - "Навбаҳор" клуби
"Йилнинг энг яхши футбол журналисти" - Қаҳрамон Асланов
"Энг яхши ҳудудий ассоциация" - Андижон
"Энг яхши ёшлар мураббийи" - Рўзиқул Бердиев
"Энг яхши ёш футболчи" - Жасур Жалолиддинов
"Энг чиройли гол" - Музаффар Музаффаров
"Энг яхши ҳакам" - Валентин Коваленко
"Fair Play" соврини - "Насаф"
"Энг яхши футзалчи" - Акбар Усмонов
"Жасорат" соврини - Ўзбекистон ампутнтлар терма жамоаси
"Йилнинг энг яхши аёл футболчиси" - Умидахон Зоирова
"Суперлиганинг энг яхши футболчиси" - Драган Черан
"Суперлига тўпурари" - Драган Черан
"Суперлиганинг энг яхши мураббийи" - Шота Арвеладзе
"Ўзбекистоннинг энг яхши мураббийи" - Вадим Абрамов
"Ўзбекистоннинг энг яхшифутболчиси" - Элдор Шомуродов
Нарзулла Сайдуллаев тайёрлади
Фикрлар