ЎФФ янги президенти билан матбуот анжуманида қандай гаплар бўлди? Тўлиқ маълумот
27 сен 2017 11:53
Янгиликлар
ЎФФ янги президенти билан матбуот анжуманида қандай гаплар бўлди? Тўлиқ маълумот
Матбуот анжуманида, шунингдек, Ўзбекистон Футбол Федерацияси Ижроия Қўмитаси аъзолари Рустам Қурбонов, Мурод Алиев ва Ўзбекистон Футбол Федерацияси вице-президенти Шоакром Исроилов, МОҚ бош котиби Ойбек Касимов иштирок этди.
Умид Аҳмаджонов: Бугун ҳисобот сайлов конференцияси ўтганига 15 кун бўлди. Биз 2017-2022 йиллар учун махсус дастур ишлаб чиқдик. Биринчиси миллий терма жамоасига янги бош мураббий тайинлаш, иккинчиси келишилган ўйинларга қарши кураш учун янги жамоа тузаяпмиз, учинчиси таниш билишчилик ва қариндош уруғчиликка қарши кураш олиб бориш, тўртинчиси федерация ишининг шаффофлигини таъминлаш ва шу орқали фуқароларнинг
федерацияга ишончини ортишига эришишдир. Аксарият мурожаатларда
федерация халқнинг маблағини суистеъмол қилганликда айбланади.
Фуқароларда пайдо бўлган нотўғри тасаввурни йўқотиш учун федерация
молиялаштириш учун маблағни қаердан олиб, қаерга сарфлашини
шаффофлаштиришни таъминлайди. бешинчиси болалар ва ўсмирлар футболини янада яхшилаш, 2022 йилги Жаҳон чемпионатига чиқиш, ЎФФни Осиёнинг энг яхши федерацияларидан бирига айлантириш. Барча терма жамоаларимизнинг Осиё ва Жаҳон чемпионатларида иштирок этишини таъминлаш каби устувор вазифалар қўйилган.
Рустам Қурбонов: Ашхободда ўтаётган ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинларда спортчиларимиз муваффақиятли иштирок этдик. 130та медаль қўлга киритиб медаль жамғариш бўйича учинчи ўринни қўлга киритдик. Қувонтирган ҳолат олимпиадага киритилган спорт турларида анчагина ўсишга эришдик. Футболни ривожлантириш бўйича ҳам бизга таклифларингиз керак. Биринчи навбатда болалар футболини кўтариш. Бокс бўйича Осиё чемпионатида муваффақиятли иштирок этдик, сув спорти бўйича ўтказилган Осиё чемпионатида ҳам ютуқлар қўлга киритилди.
- Халқ орасида юрамиз. Одамлар биздан бир саволни кўп бор сўрашади. Шуни сизларга етказмоқчиман: Терма жамоамиз мундиалга чиқа олмади. Бунга кимдир жавоб берадими?
Умид Аҳмаджонов: - Буни ўрганиб чиқаяпмиз. Албатта бу борада ҳисобот берамиз. Биз янги жамоа тузаяпмиз.
- Ҳисобот сайлов конференциясида сизга уч нафар вице президент тайинлашди. Бироқ уларнинг учаласи ҳам ҳукумат даражасидаги инсонлар ва улар 24 соат давомида футболни ўйлаш имкониятига эга эмас. Шу боис ўзингизга биринчи ёрдам тайинлаш режада борми?
- Айтганимдек янги жамоа тузаяпмиз. Шоакрам Исроилов Жисмоний тарбия институтидаги ишдан кетдилар ва тўлиғича ЎФФга ўтдилар. Айнан шу инсон менинг биринчи ёрдамчим бўлади. Бундан ташқари маслаҳатчи лавозимини ҳам жорий қилмоқчимиз.
- Цюрихга борганда турли ёшдаги Жаҳон чемпионатларини Ўзбекистонда ўтказиш бўйича таклифлар бўлгани ёзилди. Шу ҳақда нима дея оласиз?
- ФИФАга аёллар ва ёшлар ўртасидаги мундиални ўтказиш бўйича таклиф бердик. Ташкилот ўрганиб чиқади ва кейин барчаси маълум бўлади. 2019-2020 йиллардаги мундиалларга ариза беришимиз мумкин.
- Терма жамоа янги бош мураббийи ким бўлади? Қайси мураббийлар билан музокара ўтказилмоқда?
- ЎФФ хорижий мураббийлар билан музокара олиб бормоқда. Аммо музокаралар қоидасига кўра уларнинг номини ошкор қила олмаймиз. Келишувга эришсак бу ҳақда албатта ЎФФ расмий сайтида хабар берилади.
- ПФЛга янги раҳбар тайинлаш режада борми? Янги шижоаткор ёшлар келишининг вақти келмадими?
- ПФЛнинг молиявий ҳолатини ўрганиб чиқиш бошланган. Тўғри айтдингиз ПФЛни ва клубларимизни кучайтирмасак терма жамоамиз жабр чекиб юраверади. ПФЛнинг тузилмасини кўриб чиққанимиздан кейин "Барселона" ва бошқа кучли клубларда иш ўрганишга юборамиз. Ўз ходимларимизни 10-15 кунга ўша ерда тажриба тўплашади.
- Терма жамоага янги мураббийни танлашда айнан қайси жиҳатларга эътибор қаратилмоқда?
- Тўрт беш нафар хорижлик мураббий билан музокара кетмоқда. Уларнинг Ўзбекистон футболи билан танишлиги ва бошқа жиҳатлар ҳисобга олинади.
- ПФЛ сайтини яхшилаш имконияти борми? Хориж клублари Ўзбекистон олий лигаси жамоаларидан футболчи олмоқчи бўлса албатта ПФЛ расмий сайтига ташриф буюради. Бизда эса инглиз тилида маълумотлар берилмайди.
Шоакрам Исроилов: - Албатта буни ўрганиб чиқаяпмиз ва камчиликларни тўғрилашга уринаяпмиз. ЎФФ янги раҳбарияти иш бошлаганига 15 кун бўлди.
- Асқар Толибжонов ва Фарҳод Магометов каби раҳбарлар ишончни оқлай олишмади. Шундай раҳбарлар билан ишлашга тайёрмисиз? Асқар Толибжонов ҳозир ҳам лавозимдами?
- Саволингизга қисқа жавоб берамиз: ЎФФда ишлаган 90 фоиз одам алмашади. Янги кадрларни танлов асосида танлаб олмоқчимиз.
- Келишилган ўйинларга қарши курашни янги даражага олиб чиқа оласизми? Ҳозир келишилган ўйин бўлди десак нуқул исботинг борми дейишади. Биз милиция эмасмизку?
- Келишилган ўйинларга қарши курашни янги босқичга олиб чиқиш устувор вазифа ҳисобланади. Бунга қарши курашувчи янги қўмита иш бошлайди. Қўмита мустақил равишда қарор қабул қилиш ваколатига эга бўлади. Бунинг учун махсус штат жорий этилади.
- Янги мураббий борасида таклифим бор эди. Италия ёки Германиядан мутахассис таклиф этишни кўриб чиқишингизни сўраб қоламиз.
- Қандай таклифларингиз бўлса албатта келинглар хурсанд бўламиз. Яқинда Саудия Арабистонида Осиё чемпионати саралаш баҳслари бўлиб ўтди. Ўсмирларимиз саралашда ўта олишмади. Бунга нима сабаб бўлди? Яқин орада журналистларни ЎФФнинг ўзи хорижга олиб чиқади. Насиб қилса яқин орада мусобақаларни ўша ердан туриб халқимизга етказиб борасизлар.
Рустам Қурбонов: - Журналистлар бизнинг биринчи ёрдамчиларимиз ҳисобланади. Сизларга имкониятларни янада оширамиз. Мана ҳозир Ашхабодда ўтаётган мусобақада 6 нафар журналист олиб кетилган. Ёпиқ иншоотларда ўтадиган Осиё ўйинларига бунчалик кўп журналист бормаган.
- Саудия Арабистонидаги Осиё чемпионати саралашида ўсмирларимиз муваффақиятсиз иштирок этишди. Бунга кўп сабаблар кўп. Терма жамоа делегацияси раҳбари сифатида инглиз тилини билмайдиган одамнинг Саудия Арабистонига кетганига қандай қарайсиз?
Умид Аҳмаджонов: - Тўғри айтдингиз, тушунмадим қандай қилиб тил билмасдан хорижга делегация раҳбари бўлиб бориш мумкин? У ерда нима иш қилади? ЎФФда штатларни кескин қисқартириб ташлаймиз. Масалан барча терма жамоалардаги админстратор лавозими бор экан. Улар ҳар ой маош олишади лекин йилда 10 кун ишлайди. Дилшод Нуралиевнинг аризасини олдик, ишдан кетдилар. Бу ерда катта айб Нуралиевда бўлганини биламиз. Бундан кейин бундай ҳолатлар такрорланишига йўл қўймаймиз. Журналистлар билан бирга ишламасак бўлмайди. Сизда қандайдир таклиф ёки режа бўлса албатта ЎФФга келинглар матбуот хизматимизга беринглар. Уни албатта кўриб чиқамиз.
Ойбек Касимов: - Умид Маҳмаджонович ЎФФ президенти бўлгач туну кун футболни қандай кучайтириш борасида ўйламоқдалар. Бу инсонни жуда яхши танийман. Ишонинг яқин вақт ичида ЎФФ янада ривожланади. Тўғри Мираброр Зуфарович даврида натижа бўлмади, аммо умумий олиб қарасак ушбу инсон ЎФФ раҳбари бўлган даврда инфратузилма анча кучайтирилди. Умид қиламанки кейинги Жаҳон чемпионатига чиқамиз ва барчамиз биргаликда байрам қиламиз.
- 2022 йилги мундиалга чиқиш вазифаси қўйилди. Ўртоқлик ўйинларини қолдириш борасида жаҳонда рекордчи бўлсак керак. Бу давлатимиз нуфузига путур етмайдими? Ўртоқлик ўйинлари борасида ишлаган ходимлар, масалан Шерзод Эгамбердиев ўз лавозимида қоладими? Журналистларни қишлоқи деган ҳам, ҳайкал ўрнатамиз деган ҳам айнан шу инсон бўлади. Эрон билан ўйиндан олдин Таиланд билан ўртоқлик учрашувини ўтказилганини ҳам, Арманистоннинг қайсидир клуби билан ўртоқлик ўйинини ўтказганини ҳам халқимиз бошидан кечирди.
- Бу инсонни ҳали қабул қилиб учрашмадим. Штатни ўрганиб чиқамиз ва ўз лавозимига нолойиқ бўлганлар билан албатта хайрлашамиз.
Нарзулла Сайдуллаев
Фикрлар