Зайниддин Тожиев: "Фақатгина бир футболчига имконият бера олмадик. У ҳам тажрибага эга бўлади"

8 окт 2026, 21:51
Пролиганинг 21-тури доирасидаги "Ғазалкент" - "Пахтакор-Фарм" жамоалари иштирокидаги учрашувдан кейинги матбуот анжуманида мезбонлар бош мураббийи Зайниддин Тожиев ўз фикрларини билдирди.

- Ўйинга келадиган бўлсак, бу икки жамоа тенгдош. Чунки уларнинг тахминан 80 фоизи ёшлигидан бирга катта бўлган футболчилар. Ҳозир кимдир "Пахтакор"да, кимдир бошқа жамоаларда. Улар ўртасида рақобат ёшлигидан шаклланган. Бугунги ўйинга келадиган бўлсак, барибир "Пахтакор"да қандайдир хоҳиш юқорироқ экани кўзга ташланди. Нима учун? Чунки яккакурашларнинг тахминан 75 фоизида улар ғолиб чиқди. Ҳозирги футболда хоҳиш ва руҳий тайёргарлик жуда катта аҳамиятга эга. Майдонга чиққанда хоҳиш бўлса, техник ва тактик жиҳатлар ҳам бир-бирига уйғунлашади.

Ўйиндан олдин бу ҳақда жуда кўп гапирдик. Бу футболчилар ёш. Бугун уч очкони қўлга киритдик. Болаларга, нима бўлганда ҳам, раҳмат айтаман. Чунки ютқазиб турган ҳолатда яна олдинга чиқиш, яна ҳисобни тенглаштириш ва кейин яна олдинга чиқиб кетиш учун катта куч сарфланди. Улар ўзларидаги бор ресурсни ишлатиб, бугун уч очкони қўлга киритишди. Болаларга раҳмат, лекин "Пахтакор" жамоасига фақат омад тилаб қоламан. Чунки бугун уларнинг бизга нисбатан ғалабага бўлган хоҳиши жуда юқори экани кўриниб турди.

- Ҳозирги саволни бундан олдин ҳам берган эдим. Жамоанинг дарвозабонлари яхши, лекин бўйи пастлиги сабабли бугун ҳаводаги тўпларга чиқишда бир қанча хатоларга йўл қўйишди. Кейинги йилги селекцияда бўйи баланд дарвозабонларни кўриб чиқасизми?

- Селекция бизда йил давомида тўхтамайди. Масалан, йилни якунлаганимиздан кейин ҳам қўлимизда маълум рўйхатлар бор. Қайси позицияларда камчиликларимиз борлиги, қайси футболчиларни жамоага жалб қилишимиз мумкинлиги бўйича номзодларимиз мавжуд. Энди бу раҳбариятга боғлиқ. Тегишли мулоқотларни олиб бориб, аста-секин ўша футболчиларни жамоага қўшиб олишга ҳаракат қиламиз. Ҳамма нарса режа асосида амалга оширилади. Селекция тўхтаб қоладиган жараён эмас. Йил давомида доимий равишда футболчиларни кузатиб борамиз. Биз кузатаётган ёш футболчилар ҳам бор. Худо хоҳласа, йил якунига етганимиздан сўнг улар билан музокаралар олиб бориб, жамоага қўшиб олишга ҳаракат қиламиз.

- Нима деб ўйлайсиз, бугунги ўйинга қадар жамоага шу стадионда ғалаба қозониш учун нима етишмаганди?

- Бу масала ҳақида жуда кўп ўйлаяпмиз ва болалар билан ҳам жуда кўп гаплашяпмиз. Лекин ҳозирча бирор футболчи аниқ сабабни айтиб бера олмаяпти. Биз ҳам бунинг сабабини излаяпмиз: нима учун шундай бўляпти? Масалан, сафарда ўйнасак ҳам худди шу футболчилар майдонга тушади. Лекин уйдаги ўйинларга келганда, жамоа умуман бошқача бўлиб қолади. Барибир футболчиларимиз ҳали ёш. Уларга барқарор ўйин кўрсатиш учун тажриба етишмаяпти. Худо хоҳласа, мана шундай ўйинлардан кейин улар тобланиб, яхши томонга ўзгариб боради, деб ўйлаймиз. Лекин ҳозирча бу муаммонинг аниқ сабабини топа олмадик. Нима сабабдан бундай бўлаётганини ҳали тўлиқ тушуниб етганимиз йўқ.

- Адашмасам, бу Кубокда "Қўқон-1912" билан ўйиндан кейинги биринчи учрашув бўлди. Орада бошқа ўйин бўлмади. Суперлига ва Пролигада деярли бир хил позицияда турган жамоалар билан ўйин ўртасида қандай фарқ бор?

- Фарқи нимада... Бу жамоалар футболчилари тенгдош. Улар бир-бирини яхши танийди. Ёшлигидан ўзаро рақобат қилиб келган. Шунинг учун бугун уларда хоҳиш юқорироқ бўлди. Барибир хоҳиш, концентрация ва ҳар бир вазиятга профессионал ёндашиш жуда муҳим. Бугун "Пахтакор" жамоаси ҳар бир вазиятда жуда яхши ҳаракат қилди. Майдоннинг исталган қисмида, исталган бурчагида тўп учун курашиш, уни эгаллаш ва ҳужумни тезлаштиришга ҳаракат қилди. Бизнинг болалар эса қандайдир секинроқ ҳаракат қилди. Гўёки иккинчи тезликда ўйнаётгандек таассурот қолдирди. Бироқ футболда концентрация жуда муҳим. Масалан, биринчи голни олайлик. Бунгача биз неча марта бурчак тўпи тепдик, лекин фойдалана олмадик. Кейин эса битта бурчак тўпи вақтида концентрацияни йўқотдик, битта вазиятда футболчини назоратдан чиқариб қўйдик ва рақиб гол урди. Бу — футбол. Сизда мингта вазият бўлиши мумкин, лекин улардан фойдалана олмасангиз, рақибда яримта имконият бўлади ва у гол уриб кетиши мумкин. Футболнинг қизиқлиги ҳам шунда. Шунинг учун бу футболчилар билан янада кўпроқ ишлаймиз, кўпроқ гаплашамиз. Худо хоҳласа, бу муаммоларга ечим топамиз. Бу жиҳатларни уларнинг онгига сингдиришга ҳаракат қиламиз.

- Охирги саволим. Жамоа марказни бой бериб қўйганидан кейин Лазизбек Мирзаев майдонга тушди ва жамоа бирданига ҳужумкор футбол ўйнай бошлади. Нима учун Лазизбек Мирзаев асосий таркибда тушмади?

- Ротация деган нарса бор. Масалан, бугун Лазизнинг ўрнига Набатовни асосий таркибда туширдик ва у иккита гол урди. Лекин сариқ карточка олгани учун уни алмаштиришга қарор қилдик. Аслида уни ўйин охиригача ўйнатиш ниятимиз ҳам бор эди. Лекин шундай ўйинда сариқ карточка олганидан кейин уни эҳтиёт қилиш учун захирага олдик ва Лазизни майдонга туширдик. Чунки бундан олдинги ўйинларда Лазиз ва Абдураҳмон Абдуллаев деярли тўлиқ ўйинларда бирга ҳаракат қилиб келишган. Лекин бизда Алиф ҳам бор. Бугун Рўзимуродни ҳам майдонга туширдик. У 2010 йилда туғилган ва Ферузнинг ўрнида ёмон ўйнамади. Хоҳлаймизми-йўқми, биз бундай ротацияларни амалга оширишимиз керак. Чунки бизнинг мақсадимиз фақат бугунги натижа эмас. Биз футболчиларни ўстиришни ҳам мақсад қилганмиз.

Шундай ўйинларда ёш футболчиларга имконият бермасак, улар қачон ривожланади, деган савол ҳам бор. Шунинг учун биз бугун ротацияларни амалга оширдик. Худо хоҳласа, яна бир футболчимиз — Муҳаммадюсуф Маҳмудов бор. Бугун у майдонга тушмади. Олдимизда яна беш-олтита ўйин қолди. Шу учрашувларда у ҳам дебют қилиб, ўйин амалиётига эга бўлади, деб ўйлайман. Умуман, жамоамиздаги футболчиларнинг деярли барчаси имконият олди, майдонга тушди. Фақат битта футболчимиз — 2009 йилда туғилган Маҳмудов қолиб кетди. Худо хоҳласа, кейинги ўйинларда унга ҳам ўйин вақти ва имконият берамиз.

Ўхшаш янгиликлар

Манба: championat.asia