Зайниддин Тожиев — "Одил Жуниор"даги фаолият ва "Зомин"га ўтиш ҳақида
05 апр 11:50
Янгиликлар
Зайниддин Тожиев — "Одил Жуниор"даги фаолият ва "Зомин"га ўтиш ҳақида
Биз мураббий билан "Одил Жуниор"даги фаолияти ҳамда "Зомин"га ўтиши ҳусусида суҳбатлашдик.
- Сиз узоқ вақт давомида "Одил Жуниор"да ишладингиз. Нима учун кетишга қарор қилдингиз?
- Биринчи навбатда "Одил Жуниор" академиясида бирга ишлаган барча инсонларга раҳмат айтмоқчиман. Севимли ишим билан шуғулланиш ва ёш футболчиларни ривожлантириш услубини тубдан ўзгартирган тажрибали мутахассислардан билим олиш имкониятини яратиб берган Одил Аҳмедовга алоҳида раҳмат айтаман. Бу услуб эса ўз мевасини беришни бошлаб юборди – бу йил Академиянинг 46 нафар футболчиси турли ёшдаги терма жамоаларда ўйнашмоқда. 6 нафар футболчи эса ўтган йил Индонезияда ўтган U-17 Жаҳон чемпионатида иштирок этиб қайтишди. Янги чорловни қабул қилиш вақти келгани учун "Зомин"га ўтдим.
- "Зомин" варианти қандай пайдо бўлди?
- "Зомин" клуби стратегияси "Одил Жуниор" академиясидаги ишларнинг давоми ҳисобланади, фақат катталар даражасида. "Зомин" жамоаси асосини 2006-2007 йилларда туғилган йигитлар ташкил этади.
- Жамоанинг мақсади ҳамда вазифалари қандай?
- Мақсадимиз битта - ёш футболчиларга катталар футболида имконият яратиб бериш ва янги Шомуродов, Ҳусанов ва Файзуллаевларни чиқариш. Бунинг учун меҳнат ва сабр қилиш керак, шундагина натижа бўлади. Бундан ташқари рақиб ким бўлишидан қатъий назар ҳар бир ўйинда ғалаба учун ўйнаймиз. Ҳозиргача биз бир марта ўртоқлик учрашуви ўтказдик. Биринчи лига иштирокчиси ҳисобланган Сирдарё ФА жамоасини 9:1 ҳисобида мағлуб этдик. Ўзбекистон кубоги гуруҳ босқичига чиқиш учун баҳсда Навоий ФА жамоасини 7:0 ҳисобида таслим қилдик. Гуруҳ босқичида бизнинг жамоа "Локомотив" ва "Қизилқум" каби Суперлига клубларига қарши ўйнайдиган бўлди.
Абдулазиз Искандаров суҳбатлашди
Фикрлар