"Яна бир йил ўйнашга кучим ҳам, хоҳишим ҳам етади" — Драган Черан "Андижон"дан кетиши, ҳужумчилар муаммоси ва режалари ҳақида

Iskandarov Abdulaziz
31 окт 2026, 14:16
Драган Черан номи ўзбек футболига кириб келганига 10 йил бўлди.

Шунча вақт олдин у "Насаф" сафига келиб қўшилган ва тез фурсатда дарҳол ўзини кўрсатишга киришиб кетганди. Кейинги йилларда эса "Пахтакор" аъзоси сифатида чемпионлик, кубок ва Суперкубокка эга чиқди. Жорий мавсум бошида "Андижон" унинг тажрибасига таянишга қарор қилди ва футболчини жамоага таклиф қилди. Лекин Драган мавсум тугамай "бургутлар" сафини тарк этди.

​— "Андижон"да ўзингизни тўлиқ кўрсата олдингизми ёки жамоанинг ўйин услуби аввалги клубларингиздан фарқ қилдими?

— Йўқ, тўлиқ очила олмадим. Бу йил анча қийналдим, чунки аввалги клубларимнинг услуби билан "Андижон"ники ўртасида катта фарқ бор экан.

​— Ёш ҳужумчиларимизга нима етишмаяпти? Нега йиллар давомида тўпурарлар пойгасида маҳаллий йигитлар эмас, айнан сиз каби тажрибли легионерлар олдинда борди?

— Улар билан тинимсиз ишлаш керак. Майда деталларгача кўрсатиб бериш шарт — шундагина улар самаралироқ ҳаракат қила бошлайди. Ўзбекистонда иқтидорли ҳужумчилар жуда кўп, аммо улар яна бир қадам ташлаб, 5–6 йил давомида барқарор тўп суриши керак. Чунки барқарорлик — маҳорат белгиси.

508795.jpg

​— Ўзбекистон чемпионатини янада яхшилаш учун яна нималар керак?

— Бу савол менга эмас. Футболни ривожлантириш ва яхшилаш учун масъул бўлган махсус инсонлар бор.

​— "Андижон" билан хайрлашишингиз қайси омиллар билан боғлиқ?

— Жамоага кутилганидек ёрдам бера олмадим. Бунинг учун барча масъулиятни ўз зиммамга оламан ва ҳеч кимга халақит қилмаслик учун кетишга қарор қилдим.

— "Андижон" совринли ўринларга курашиши учун нима қилиши керак деб ҳисоблайсиз?

— Очиғи, бу менинг муаммоим эмас. Шу боис мазкур саволга кўп тўхталмайман.

508783.jpg

​— Ёшингиз 40 да, кейинги йил учун режалар қандай? "Сўғдиёна"дан таклиф борлиги ростми?

— Энди муносиб ҳордиқ ва таътил вақти... Кўрамиз, бошқа жамоалардан қизиқиш бўлса, куч ҳам, хоҳиш ҳам етарли — яна бир йил бемалол ўйнаса бўлади.

​— Фаолиятингиз тугатгач, футболда қоласизми? Ўзингизни мураббий, скаут ёки агент сифатида синаб кўриш истаги борми?

— Ҳа, албатта. Фаолиятимни якунлаганимдан кейин ҳам футболда қолишни ва кимгадир ёрдам бериш керак бўлса, кўмак кўрсатишни хоҳлайман.

Ўхшаш янгиликлар

Iskandarov AbdulazizМуаллиф
Манба: Championat.asia