UZ

Сўнгги янгиликлар

00:44"Барселона" Германия терма жамоаси ўйинчисини трансфер қилишга яқин  0 00:02Моуринью Рэшфордни Туркияга чорламоқда  0 23:31Азизов, Эрматов, Аҳмедов, Маматқулов, Имомхўжаев ва бошқалар. Янги очилган футзал федерацияси тақдимотидан ГАЛЕРЕЯ  0 23:16Каземиро Ла Лигага қайтиши мумкин  0 22:45Янги федерацияни нималар кутмоқда?  2 22:17Янги футзал федерацияси раҳбари қандай ваъдалар берди?  0 21:46ПСЖ АПЛдан ҳужумчи олиши мумкин  0 21:15"Арсенал" Гёкереш борасида бир қарорга келди  4 20:41"Тоттенхэм" Сон Хён Мин билан хайрлашиши мумкин  2 20:17"Бавария" "Боруссия Д" вингерига даъвогар  0 19:581 йилдан бери гол урмаётган Грилиш "Сити"дан кетиши мумкин  2 19:52Санжар Турсунов — "Локо"нинг тушиб кетиши, Бердиевни табриклагани, клубдаги мантиқсиз ишлар ва келажаги ҳақида   5 19:35МЮ Брунунинг ходимлар харажатларини тўлаш таклифини рад этгани маълум бўлди  3 19:20Расман: Ўзбекистон футзал федерацияси ташкил этилди. Унинг раҳбари ҳам маълум  7 19:10Баҳодир Сейткамолов: "Мени Сейткамолов қилган "Навбаҳор" бўлади, Россияда юрдим лекин футболни соғиндим"  11

Хиросима-94. 30 йил аввал эртак ёзган қаҳрамонлар ҳозир қаерда? Янгиликлар

Хиросима-94. 30 йил аввал эртак ёзган қаҳрамонлар ҳозир қаерда?

Ўзбек футболи саҳифасида битта ёрқин ҳикоя бор. Бу ҳикоя ёзилганига куни кеча 30 йил бўлди.

1994 йил Хиросима яшил майдонларида бўлиб ўтган Осиё ўйинларида ғолибликни қўлга киритган Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари тарихда ўчмас из қолдирганди. Буни қарангки, бу миллий жамоамиз қўлга киритган тарихидаги ягона соврин бўлиб турибди. Хўш, бу ҳикояни ёзган қаҳрамонлар ҳозир нима билан банд?

Юрий Шейкин 

Мусобақа давомида дарвозамизнинг ҳақиқий қалқони бўла олган Юрий Шейкин кўпчиликда ижобий таассурот қолдира олганди. Унинг айниқса Корея Республикасига қарши ўйиндаги сейвлари, маҳорати бизга муҳим ғалабани тақдим қилган эди дея оламиз. Шейкин 2000 йилларда бутсаларини михга илди ва Россияга йўл олди. Афсуски, у 2011 йилда бу дунёни тарк этди. Мухлислар Шейкиннинг тўп йўлига тўғоноқ бўлиши, эпчил ҳаракатларини ҳамон эслашади. 

Бердаҳ Алланиёзов

Қорақалпоқ заминидан терма жамоа таркибида Осиё ўйинларида қатнашган ягона футболчи Бердаҳ Алланиёзов бўлган. Мусобақада иккинчи рақамли посбон сифатида гавдаланган. У 1992-1994 йиллар оралиғида "оқ бўрилар" сафида 8 та беллашувда майдонга тушган. Собиқ дарвозабон Осиё ўйинларида фақат 1 та баҳсда майдонга тушган (Ўзбекистон - Таиланд 5:4). Бугунги кунда Бердах Алланиёзов билан алоқалар йўқ. Сўнгги маълумотларга кўра, у ҳаётини Татаристон билан боғлаган. 

Александр Тихонов

Осиё ўйинларида мудофаа чизиғимизнинг ишончли вакилларидан бири Александр Тихонов бўлган эди. У турнирга "Нефтчи" жамоасидан жалб қилинган. Мураббийлар штаби Тихоновга Осиё ўйинларида 7 та учрашувда имконият беришган. Тихонов 2 йил аввал берган интервьюсида Москвада истиқомат қилаётганини, 2005-2006 йилда туғилган футболчиларни шуғуллантираётганини айтган. 

Абдуқаҳҳор Маъруфалиев

Ўнг қанотдаги тезкор ҳаракатлар эгаси бўлган Абдуқаҳҳор Маъруфалиев Осиё ўйинларида фақат 2 та ўйинда қатнашган (Ўзбекистон - Таиланд 5:4, Ўзбекистон - Хитой 4:2). Ьутсаларини михга илганидан сўнг кўп йиллар Бекободда "Металлург" тизимида турли лавозимларда фаолият олиб борди. Абдуқаҳҳор Маъруфалиев айни пайтда Халқободда ёшлар футболи билан шуғулланмоқда. Мутахассис селекция ишлари билан банд.

 

Фарҳод Магометов 

Осиё ўйинларида терма жамоамизни сардор сифатида Фарҳод Магометов майдонга бошлаб тушган. Футболчилик фаолияти ҳақида тўхталмаймиз. Бу ҳақида кўпчилик яхши билади. Магометовни кўпчилик 2008-2017 йиллар оралиғида ПФЛ раҳбари сифатида фаолият олиб борганидан хабардор. Ундан аввал "Гулистон", "Навбаҳор", "Чиғатой" футбол мактабида фаолият олиб борганди. Уни ҳозирда фахрийлар ўртасидаги турли турнирларда кузатиб турамиз. ПФЛ раҳбарлигидан сўнг футбол соҳасида меҳнат қилгани йўқ. Айни пайтда нафақада. 

Андрей Фёдоров 

Тихонов сингари Фёдоров ҳам ҳимоянинг мустаҳкам девори бўлиб хизмат қилган. Осиё ўйинларидан сўнг терма жамоа таркибида 2007 йилгача кўплаб ўйинларда майдонга тушди. Клублар миқёсида ўзимиздан "Нефтчи", хориждан Россиянинг "Рубин" жамоаларида кўзга кўринарли ютуқларга эришди, мамлакат чемпионига айланди. Мураббийликда "Локомотив" билан 2018 йил Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритди. 2020 йилдан сўнг яна Россияга йўл олган Фёдоров "Локомотив" (Москва)да турли лавозимларда ишлади. Айни пайтда у Қозоннинг "Рубин-2" клубида мураббий сифатида ишлаб келяпти. 

Февзи Давлетов 

Орқа чизиқда терма жамоамиз шарафини ҳимоя қилган Февзи Давлетовнинг тўп тепарлик салоҳиятини катта ёшли мухлислар эслашади. Осиё ўйинларида у ўзи қатнашган 6 та учрашувнинг барчасида тўлиқ ҳаракат қилган. Давлетов катта футболдан сўнг мураббий сифатида узоқ йиллар Бекободнинг "Металлург" клубида Рустам Мирсодиқовга кўмаклашди. Февзи Ризаевич жорий йилдан бошлаб эса "Сурхон" бош мураббийи вазифасини бажариб келяпти. 

Улуғбек Рўзимов

Терма жамоамизнинг бўйдор ва гавдали ҳимоячиси Улуғбек Рўзимов бугун орамизда йўқ. Хоразм футболи вакили ҳисобланган собиқ футболчи 2017 йилда оламдан ўтди. Футболчиликдан сўнг Рауф Инилеевга "Бухоро"да кўмаклашди ва кейинги йилларда "Пахтакор"да болалар футболига ўзини бағишлади. Рўзимов терма жамоа либосида 23 та баҳсда майдонга тушишга улгурган ва 2 та гол урган. 

Абдусамад Дўрмонов

Абдусамад Дўрмоновни ҳимоячи бўлишига қарамай ҳужумларга ҳам қўшилишини кўп бор таъкидлашган. У терма жамоада фақат 1992-1994 йиллар оралиғида ҳаракат қилган. Бу вақтда у Хиросимадаги Осиё ўйинлари ғолиб бўлиш бахтига мушарраф бўлганди. Мураббийлар унга Таиланд (5:4), Туркманистон (3:0), Корея Республикаси (1:0), Хитой (4:2) билан ўйинларда имконият беришган. Абдусамад Дўрмонов мураббийликда кўп йиллар "Нефтчи"да Юрий Саркисянга ёрдам берди, 2019-2020 йилларда ўз жамоани бошқарди. Айни пайтда у Биринчи лига иштирокчиси  "ФарДУ" жамоасида катта мураббий лавозимида фаолият юритмоқда. 

Илҳом Шарипов 

Майдондаги энг меҳнаткаш ва қора ишни маромига етказиб бажарадиганлардан бири Илҳом Шарипов бўлган десак янгилишмаймиз. Осиё ўйинларида таянч ярим ҳимоячиси позициясида тўп тепган. Собиқ тўп тепар "Пахтакор"да маъмур сифатида ишлаганидан хабаримиз бор. Кейинчалик Самарқанднинг "Динамо" клуби менежери бўлиб фаолият юритди. Айни пайтда у Бекободнинг "Металлург" клуби академиясида селекционер ҳисобланади. 

Миржалол Қосимов

Ўзбек футболи афсонаси Осиё ўйинларидан олдиноқ аллақачон танилиб улгурганди. Шу боис Қосимовдан Хиросимада кўп нарса кутилган ва у ўз ишини аъло даражага бажарган. Миржалол Қосимов турнирда Саудия Арабистони, Таиланд (2 та), Малайзия дарвозабонларини ранжитган. Буни қарангки, орадан 20 йил ўтиб Қосимов энди мураббий сифатида 2014 йилги Осиё ўйинларида қатнашди. Аммо омад кулиб боқмаганди. 2019 йилдан буён ОКМКни бошқариб келаётган мураббий жамоани янги марралар сари етаклашга ҳаракат қилмоқда. 

Сергей Лебедев 

Сергей Лебедевни мухлислар Осиё ўйинларидаги Саудия Арабистони ва Хитойга урган голлари орқали эслашади. Кучли зарба соҳиби бугунги кунда Биринчи лига қатнашчиси "ФарДУ" жамоаси бош мураббийидир. Лебедев мураббийликда "Нефтчи"да Саркисянга ёрдам берди, "Бухоро"да Даврон Файзиев, Анвар Бердиев билан бирга ишлади. 

Степан Атоян 

Осиё ўйинларида майдонга тушмаган лекин совриндорга айланган Степан Атоянни кўпроқ "Нефтчи"да тўп тепганини биламиз. У 1996 йилги Осиё кубогида терма жамоамиз таркибида ўйнаган. Атоян ҳозирда Грецияда болалар футболида меҳнат қилиб келмоқда.

Азамат Абдураимов 

Хиросимада Азамат Абдураимов ўзининг энг ёрқин футболини кўрсатгани шубҳасиз. У рақиблар дарвозасини 5 бор ишғол қилган ва эсда қоларлиси ярим финалда Корея Республикасига урилган гол эди. Шу куни рақиблар катта устунликка эга бўлганига қарамай Абдураимовнинг узоқдан йўллаган заргарона голи, Шейкиннинг сейвлари финал эшикларини очган. Мана 30 йилдирки биз ҳамон Корея Республикасини мағлуб этишни уддасидан чиқаётганимиз йўқ. Азамат Биродарович ҳозирда Тошкент футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти лавозимида фаолиятини давом эттирмоқда. 

Рустам Дўрмонов 

Рустам Дўрмонов терма жамоа сафида 14 та ўйин ўтказиб 2та гол урган. 1994 йил Ўзбекистон терма жамоаси таркибида Хиросимада ўтган Осиё ўйинлари ғолиби бўлган. 1993 йилги мавсум тўпурари бўлган Дўрмонов мураббийлик йўлларини эса водий билан боғлади. "Навбаҳор", "Хотира-79", "Нефтчи"да мураббийликда ўзини синаб кўрди.   Аввалги мавсумларда Самарқанднинг "Динамо" клубида U-19 жамоасида ишлади. Сўнгги маълумотларга кўра, Рустам Дўрмонов ҳозирда нафақада ҳордиқ чиқармоқда. Бундан ташқари фахрийлар жамоасида тўп тепмоқда. 

Шуҳрат Мақсудов

Хитойга қарши финал хуштаги янграганидан сўнг стадион узра юртимиз байроғини хилпиратиб югурган футболчи Шуҳрат Мақсудов эди. У Осиё ўйинларида Малайзия, Таиланд, Хитойга гол урган. Мураббий сифатида Шуҳрат Мирусмановични "Нефтчи", ОКМК, Ўзбекистон МТЖ, ОТЖ, "Бунёдкор"да кўрдик. Ҳозирда у "Пахтакор"да спорт директори лавозимида клубнинг ривожланишига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. 

Игорь Шквирин

Хиросима-1994 Осиё ўйинларида Игорь Шквирин 8 та гол билан энг яхши тўпурарлар қаторини бошқарган. Ҳужум позициясининг найзаси ва якунловчи нуқтаси бўлган. Игорь Анатольевичнинг мураббийликдаги катта даври Олмалиқда ўтди. ОКМКдан сўнг "Сўғдиёна", "Турон"ни бошқарди. Ҳозирги даврда ОКМКда селекционер вазифасини бажармоқда. 

Рустам Акрамов 

Футбол профессори номини олган Рустам Акрамов терма жамоамизнинг илк совринини қўлга киритилишида ўзининг катта ҳиссасини қўшган. "1992 йил миллий жамоани қабул қилиб олган вақтимда мутасаддилардан уч йил муддат, яъни биринчи йирик мусобақа якунига қадар вақт сўраганман. Бунинг учун уч йилга мўлжалланган дастур ишлаб чиққанман. Мен бу дастурни тўлиқлигича амалга оширдим деб айта оламан: шогирдларим 1994 йил апрель ойида "Тошкент турнири", сентябрда Мустақиллик кубоги ва октябрда эса Осиё ўйинлари ғолиби бўлишди",- деган эди. Рустам Акрамов 2022 йил 73 ёшида хасталикдан вафот этди. 

Биродар Абдураимов

Рустам Акрамовга Осиё ўйинларида яқиндан Биродар Абдураимов ёрдам берган. Ўтган йили 80 ёшни қарши олган Биродар Ҳасанович ЎФА фахрийлар кенгаши аъзоси ҳисобланади.

Анатолий Туриков 

Анатолий Алексеевич Осиё ўйинларида терма жамоамизнинг шифокори бўлган.  Турли ёшдаги мамлакат терма жамоаларида шифокорлик қилган Туриков, миллий чемпионатимизда "Пахтакор", "Насаф", "Дўстлик", "Нефтчи", "Металлург" каби жамоаларимизда ҳам фаолият юритган. Туриков 2016 йил вафот этган.

Муаллиф : Iskandarov Abdulaziz
Рейтинг: +14   

Фикрлар

+6   
18 окт 00:42:03
Habib Shahobiddin
Yaxshi maqola boʻlibdi davomli boʻlsa hursand boʻlardik
   
18 окт 08:51:29
Jahongir88
Bek
   
18 окт 08:50:53
Jahongir88
Haqiqiy oyinchila
   
17 окт 20:27:45
bayernmyunhen beyernmyunhe
Корейслар билан ярим финал уйин дахшат булганди хакикий ватан кахрамонлари . Эсдан чикмайди
   
17 окт 20:12:39
Otabek Yusupov
Ха булар ватан учун уйнаган.
   
17 окт 16:40:23
dessi anvar
фарход мага ПФЛни еб тугатиб қочворди
   
17 окт 16:02:03
Галаба бизни тарк этмасин.
Бир кун нонни дуконга келишини пойлаб ётардик, бу йигитларда галаба козонишдан бошка йул йук эди.
   
17 окт 15:33:22
Жамшид Абдусамадов
Шейкин Лебедев ман учун энг кучлиси шу составда
   
17 окт 15:11:00
Salohiddin Nazarqulov
BOSHQA ODAMLAR HAM QILA OLADIGA ISHLAR "ERTAK DEYILMAYDI", BOSHQALAR QILA OLMIDIGAN ISHLAR ERTAK YOKI AFSONA ANIQROG'I MO'JIZA DEYILISHI MUMKIN, ASTOYDIL IZLANINGLAR JURNALISTLAR.
championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика