UZ

Сўнгги янгиликлар

22:12МТРК учун футбол мусобақаларини ёритишга мослашган КТС сотиб олинади  2 21:57ДАҲШАТ! "Фулхэм" дербида "Стэмфорд Бриж"да ғалабага эришди!  24 21:34АПЛ. "Вулверхэмптон" - "Манчестер Юнайтед" баҳси асосий таркиблар маълум!  3 21:09"Манчестер Сити"да нохуш статистикалар  2 20:52Пеп Гвардиола: "Бизда ҳозир шундай даврки..."  7 20:19Аканжи: "Адолатсиз натижа"  6 19:56Моуриньюнинг "Фенербахче"си Абдуқодир Ҳусанов бўйича таклиф билан чиқмоқчи  27 19:32"ФарДУ" клубида мавсум якунларига бағишланган тақдирлаш маросими ўтказилди  2 19:24Муваффақиятсизлик давом этади: "Манчестер Сити" бу сафар ўз уйида "Эвертон" билан дуранг ўйнади, Холанд пенальтидан гол ура олмади  33 19:10АПЛ. Тез орада бошланадиган "Челси", "Тоттенхэм" ва бошқа жамоалар иштирокидаги ўйинлар учун таркиблар маълум  6 18:48"Шўртан": Суперлигага тайёргарлик давом этмоқда  1 18:41Қатор топ клублар ПСЖ футболчиси учун курашади  1 18:12"Чадормалу Ардакан" — "Истиқлол". Машарипов асосий таркибда  0 18:07Умид Эргашев "Насаф" билан хайрлашди. У "Навбаҳор"га ўтмоқда  9 17:55Фликка таянч ярим ҳимоячиси керак. Номзодлар: Канте ва Горецка  1

ВИДЕО. Шота Арвеладзе - Мавсум якунлари, "Насаф" билан ўйин ва легионерлар ҳақида (эксклюзив интервью) Янгиликлар

ВИДЕО. Шота Арвеладзе - Мавсум якунлари, "Насаф" билан ўйин ва легионерлар ҳақида (эксклюзив интервью)

2017 йил ёзида "Пахтакор" бош мураббийи этиб тайинланган грузиялик Шота Арвеладзе жамоа билан бронза медалларига эга чиқди.

Биз мураббий билан мавсум якунлари борасида эксклюзив интервью олишга муваффақ бўлдик.
 

- Шота Юстинович, маълумки сиз "Пахтакор"ни биринчи даврадан кейин қабул қилиб олгандингиз. Чемпионат якунида ўз хулосаларингиз билан ўртоқлашсангиз. Жамоа қабул қилиб олаётганда таассуротлар қандай эди-ю, ҳозир қандай?
- Аввало шуни айтишим керак, иккинчи давра олдидан ўз олдимизга нимани вазифа қилиб қўйган бўлсак, биз бунга эришдик. Иккинчи давра давомида бир нечта ўйинларда ғалаба қозониб, тобора юқорига кўтарилиб бордик ва бунинг натижасида биз учун иккинчи ўринни эгаллаш имконияти юзага келди. Лекин афсуски, якунда иккинчи ўринни қўлга кирита олмадик. Бунга эса Қаршидаги мағлубият сабабчи бўлди ва буни ўзингиз ҳам яхши биласиз. Аввало бизнинг мақсадимиз кучли учликка кириб олиш эди, бунга эришганимиздан хурсандмиз. Биз уйдаги ўйинларда мағлуб бўлмадик, нафақат ютқазмадик, балки ҳамма ўйинларда ғалабага эришдик. Эндиликда 4 декабрь - Ўзбекистон Кубоги финалини интиқлик билан кутяпмиз. Бунда "Локомотив" - "Бунёдкор" баҳси бўлиб ўтади ва мазкур беллашувда "Локомотив" ғалаба қозонган тақдирда “Пахтакор” Осиё чемпионлар лигасига йўлланма олади. Чемпионат якунлари борасида эса кўнгил тўқ, албатта иккинчи ўринни эгалласак яхши бўларди, лекин учинчи ўрин ҳам ёмон натижа эмас.

4 декабрь - Ўзбекистон Кубоги финалини интиқлик билан кутяпмиз (с) Шота Арвеладзе


- "Пахтакор"да ишни бошлаб олганингиздан сўнг сиз учун энг қийини нима бўлди?
- Аввало суперклуб тузиш борасидаги қарорни қабул қилиш осон кечмади. Чунки бу ниҳоятда машаққатли ва узоқ йўл эканлигини билардик. Биз танлаган йўлимизга ишонамиз ва мақсад сари оғишмай ҳаракат қилишда давом этамиз. Биз клуб барпо этишга ҳаракат қиляпмиз, жамоа эмас. Бу эса иккита алоҳида маънони беради. Бизнинг мақсад, йигирма нафар футболчини йиғиб, бўлди биз жамоа тузиб олдик дейиш эмас. Биз келажакни ўйлаб ҳаракат қиляпмиз. Ривожланиш клубнинг кейинги 30 йиллик фаолиятига таъсир қилишини хоҳлаймиз. Клуб президентидан тортиб то ходимларгача ҳаммамиз бир мақсад йўлида ҳар куни суперклуб тузиш ҳақида ўйлаяпмиз.


- Мавсумни чиройли тарзда якунлаб қўйишни мақсад қилган бўлишингиз аниқ. Лекин Қаршида бундай бўлмади. Айтинг-чи, "Насаф" "Пахтакор" билан ўйнаган жамоалар орасида энг кучли рақиб сифатида кўриндими?
- Тан олиш керак, "Насаф" кучли, лекин шу ўринда мен "Локомотив"ни ҳам тилга олган бўлардим. "Локомотив" мавсум давомида чиройли ўйин кўрсатиб, чемпионат тугашига оз қолганида чемпионликни қўлга киритди. Қолаверса, "Бунёдкор" ҳам иккинчи даврада бир текис ўйин намойиш этди дея оламан. Умуман олганда, иккинчи даврада кимларга қарши майдонга тушган бўлсак, барча бизга жиддий қаршилик кўрсатди деб ўйлайман.

- "Пахтакор" иккинчи даврада легионерлар лимитидан тўлиқ фойдаланди. Жамоа ўз сафига тўрт нафар хорижлик футболчини қўшиб олди. Албатта, улар ҳаракат қилишди, лекин кўпчиликнинг айтишича, Марко Симичдан бошқа ҳеч ким ўзини яхши намоён эта олмади. Бунга қандай қарайсиз?

- Албатта, ҳаммамиз кўпроғини хоҳлаймиз, лекин кам сонли одамларгина статистик рақамларга мурожаат қилишади. Шахсан мен учун легионер, маҳаллий деган ажратиш йўқ, яъни мен учун ҳамма футболчилар бир хил ва кимни кучли деб билсам, ўша майдонга тушади. Масалан, Гиди Канюк ҳақида гапирадиган бўлсам, у 14та ўйинда 12 бор голли тўп узатишга ва битта гол уришга муваффақ бўлди. Буни яхши кўрсаткич деса бўлади. Тиаго эса 3-4та гол уришдан ташқари 8 бор голли тўп узатишнинг уддасидан чиқди. Афсуски, Ростин Гриффитс жароҳат олиб барча учрашувларда тўлиқ иштирок эта олмади. Аммо, у ҳам яхши футболчи.

Машарипов бизнинг футболчи, фақат жорий мавсумни ижара асосида "Локомотив"да ўтказди (с) Шота Арвеладзе


- Дарвоқе, сиз легионер маҳаллий футболчидан бир бош баланд бўлиши керак деган фикрга қўшиласизми?

- Ҳа, бу фикрга қўшиламан ва аслида шундай ҳам бўлиши керак. Фақат бу ўринда бир жиҳатни ҳисобга олиш зарур. Яъни, легионер учун янги мамлакат, янги жамоа, янги тил, янги одамлар, янги маданият, янгича таомлар, хуллас масаланинг бу томонлари ҳам бор. Кучли футболчиларни олиб келиш жуда катта харажатни талаб қилади. Ўз вақтида Ривалдо ўйнаб кетганди ва унга кичик пуллар тўланмагани аниқ. Агар омадимиз келиб Осиё чемпионлар лигасида ўйнайдиган бўлсак, ўйлайманки, легионерлар ўзларини кўрсата олишади. Мураббийлар томонидан эса уларга бўлган талаб ортиб бораверади. Биз барча футболчилардан янада кўпроғини кутамиз, буни эса нормал жараён деб қабул қилиш керак.


- Иккинчи даврадаги ўйинлардан келиб чиққан ҳолда "Пахтакор"га рақиб бўлган жамоалар таркибида бирорта футболчи сизга маъқул келдими? Яъни, янги мавсум олдидан кимнидир таркибга қўшиб олиш ниятингиз борми?

- Албатта, менга ёққан футболчилар кўзга ташланди, бироқ уларнинг исм-фамилиясини айта олмайман. Негаки бу одобсизлик бўлади, чунки бизга маъқул келган футболчиларнинг ўз клублари билан шартномаси бор. Шу боис ҳозир номни айтгандан фойда йўқ деб биламан.

- Жалолиддин Машариповни қайтариш "Пахтакор" режасидан ўрин оладими?

- Машарипов бизнинг футболчи, фақат жорий мавсумни ижара асосида "Локомотив"да ўтказди. Мен унинг "Пахтакор"да катта бўлганини ҳамда "Пахтакор"ни қанчалик яхши кўришини биламан. Олдин мавсум тўлиқ якунига етсин, кейин биз ушбу футболчи борасида ўйлаб кўрамиз.

Футболда ҳамма бир оиладек бўлиши керак. Биз ишқибозларни жамиятдан алоҳида ажратиб қўя олмаймиз. Улар ҳам футболнинг бир қисми. Мен тўғри тушунаман, футбол театр ёки опера эмас (с) Шота Арвеладзе


- Икки йил олдин Игорь Сергеев жуда яхши формада эди. Аммо бу йил ўйинида пасайиш бўлди. Нима деб ўйлайсиз, кейинги мавсумда у яна аввалги ҳолатига қайтадими?

- Айтайлик сиз кимдандир сўрайсиз: "Сенга Месси ёқадими?", у "Ҳа" деб жавоб беради. "Криштиану Роналду-чи?" десангиз, "Э, бор-ей" дегандек қўл силтайди. Кўряпсизми, одамларга ҳатто Роналду ёқмайди. Сергеев ҳақида гапирадиган бўлсам, у иккинчи давранинг барча 14 ўйинида майдонга тушиб, 9та гол урди. Бироқ бу ҳам кўпчиликка ёқмаяпти. Балки у 35та гол уриши керакдир. Агар Сергеев терма жамоада тўп киритиб, Ўзбекистонни жаҳон чемпионатига олиб чиққанида ҳозир ҳамма уни елкасида кўтаришга тайёр турарди. Мен бу ҳужумчини профессионал деб биламан. У барча машғулотларда иштирок этади, кечикмай келади ва охиригача ҳаракат қилади. Биласизми, паст-баландликлар ҳар бир футболчи фаолиятида учраб туради. Ҳеч кимнинг фаолияти бир текис кечмайди. Агар келаси йил Сергеев янада кучли ўйин намойиш этса, бундан ҳаммамиз хурсанд бўламиз.


- Ўзбек футболининг асосий жиҳатлари нимада деб ўйлайсиз? Нима сизга ёрдам беради-ю, нималар халақит қилади?

- Август-сентябрь ойларида ўйин вақти соат уч-тўртга қўйилишини ҳеч тушунмайман. Ахир иссиқда футболчилардан қандай қилиб ўз кучларини кўрсатишни талаб қилиш мумкин. Шу боис бошида келганимда бундан ҳайрон бўлгандим.

-    Ўзбекистонлик футбол ишқибозлари ҳақида нима дея оласиз? Эшитишимизча, кўпгина сафар учрашувларидан сўнг айнан мухлисларни деб жуда кўп асабийлашар экансиз.

-    Биласизми, футболда ҳамма бир оиладек бўлиши керак. Биз ишқибозларни жамиятдан алоҳида ажратиб қўя олмаймиз. Улар ҳам футболнинг бир қисми. Мен тўғри тушунаман, футбол театр ёки опера эмас. Бу - спорт, бу - кураш, стадионда одамларда ҳиссиёт кучли бўлади. Лекин барибир ҳамма жойда ҳам тартиб-қоида бўлиши керак. Тўғри, Грузия ва Туркияда ҳам қизиққон фанатлар кўп, лекин у ерда мухлислар билан ишлаш борасида кўп ишлар амалга ошириляпти. Тарихдан маълумки, энг ашаддий ишқибозлар Англияда бўлиб келган, лекин ҳозир улар тарбия ва стадионда ўзларини тутиш бўйича биринчи ўринга кўтарилиб олишди. Демак, улар мухлислик маданиятини ўзгартира олишди. Худди шунингдек, Грузия ёки Ўзбекистонда ҳам ўзгартирса бўлади, фақат ишқибозлар билан ишлаш керак, холос.    

- "Пахтакор"даги 14та ўйиннинг қайси бири сиз учун унутилмас бўлди?

- Охирги ўйинни эслаб қолиш мумкин, аммо тезда унутиш керак. Хулосалар чиқариш ва уни ёпиб олдинга интилиш керак. Муҳим ўйинлар бўлди, кетма-кет ғалабалар бўлди, сафарда "Локомотив"ни мағлуб этдик. Аммо ҳар қандай ғалаба учун фақат 3 очко берилади. Ҳеч қачон 4 ёки 6 очко берилмайди. Чиройли ютдингми ёки оддийми фарқи йўқ 3 очко. Биз ўсиб бордик, гол ўтказмасликни ўргандик. Иккинчи даврада биз 26та гол урдик ва 9та гол ўтказгандик. "Насаф" билан ўйингача 5та гол ўтказгандик ва деярли 11та учрашувни "қуруқ" ўтказдик. Биз албатта кўпроқ гол уришни истагандик, умуман олганда уйда фақат битта гол ўтказдик. У ҳам ўйиндан ташқари ҳолатда ўтказдик. Бу футбол, ҳали барча иш қилиб бўлинмаганини кўрсатиб беради. Биз ҳозирча ОЧЛга чиқдикми ёки йўқми билмаймиз. Мен бажонидил чемпионатни давом эттирган бўлардим, иккинчи давра биз учун аслида биринчи давра бўлганида яхши бўларди.


- Бу натижаларга қандай эришилди?

- Майдондаги тартиб интизом. Матбуот хизматидан тортиб шифокорларгача, массажчидан ҳайдовчигача, раҳбариятгача. Барча ўз ишини бажарди. Қуёш чиқса, ёмғир ёғса ёки совуқ бўлса баҳона қилмасдан ўз ишини қилиши керак. Клубда шундай ишладик. Мағлубият ҳаммада бўлади, қайсидир ўйинда қайсидир клуб ўша куни биздан кучлироқ бўлиши мумкин. Шу боис ютқазамиз. Аммо клубда ёмон ишлаганимиз учун эмас. "Пахтакор" ўзбек футболи юзи. Халқ жамоасини ёмон кўрадиган мухлислар бўлмаслиги керак.

- Мавсум тугади. Янги мавсум учун қандай режалар тузилмоқда?

- Дастлаб Қаршидаги ўйиндан сўнг хордиқ чиқариб олиш. Зеро яхши дам меҳнатга ҳамдам. Футбол борасидаги хулосалар чиқаришимиз керак. Кимдандир кўпроқ нарса кутгандик. Кимгадир кўпроқ ишондик, кимгадир хаддан ташқари кўп ишондик. Битта оилада барча болалар бир хил эмас, шундай экан жамоадаги футболчилар ҳам турлича.

- "Насаф" билан ўйиндан кейин қандайдир катта ўзгаришлар бўлмадими?

- Бизнинг қўлимизда қилич эмаску. Тактикамиз ўзгармайди, бу аниқ. Биз ҳужумкор ўйин кўрсатамиз. Менга ўз дарвозамиз олдида ўйнаш ёқмайди. Кўпроқ вазият яратишни хоҳлаймиз. Агар бизга мухлислар ёрдам беришса бу биз учун катта плюс. Қолганлари эса техник хулосалар. Кимлар биландир хайрлашамиз. Масалан, Искандеров Эронга кетмоқда. Шартнома туздими буни ҳозирча билмайман.


"Бунёдкор" билан ўйинда биз ўйиндан ташқари ҳолатда гол урдик. Буни тан оламан. Ўз навбатида бизнинг 6та тоза голимизни ҳакамлар ҳисоблашмади (с) Шота Арвеладзе



- "Пахтакор" - "Бунёдкор" учрашувидаги ҳакамлик ҳақида нималар дея оласиз?

- "Бунёдкор" билан ўйинда биз ўйиндан ташқари ҳолатда гол урдик. Буни тан оламан. Ҳакамлар буни кўрмай қолишди. 14та ўйинда биз битта голни ўйиндан ташқари ҳолатда урдик. Ўз навбатида бизнинг 6та тоза голимизни ҳакамлар ҳисоблашмади. Бундан ташқари ўз майдонимизда ўтказган битта гол ўйиндан ташқари ҳолатдан урилганди. "Пахтакор" қолганлар каби клуб тўғрими? Ҳакамларнинг ўз назоратчилари бор, қўмитаси бор, кейин ПФЛ ва ЎФФ бор. Сиз эса ҳакамлар ҳақида саволни мендан сўраяпсиз. Мен ўйлаганимни айтдим. Бош мураббий нима десин? Агар жамоам ҳакамлар хатоси туфайли ютқазса кимга мурожаат қилишим керак? Ҳакамлар қўмитасига тўғрими. Самарқанддаги ўйинда бизга тоза пенальтини беришмади. Биз бунга эътироз билдиргандик, ЎФФда бизга сизлар ҳақсизлар дейишди. Шунга ҳам раҳмат. Мен сафардаги ўйинларда бизга мухлислар нарсалар отишганини гапирмаяпманку. Бу гапларни айтиш орқали кучимни кетказишни истамайман. "Пахтакор" кучли. Шунчалик оммабопки, оммабоп бўлмаслик унга ярашмайди. Келганингиз учун раҳмат айтаман. Ўзингизни қизиқтирган саволларни бера олдингиз деб ўйлайман. Ташрифингиздан миннатдорман.


Матлуба Мустаева суҳбатлашди



TAS-IX эмас


Рейтинг: +24   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика