

"Умуман олганда, яхши бошлаган эдик, кейин эса ўзимизга ўзимиз муаммо яратиб олдик — бир киши кам бўлиб қолдик. Аммо шунга қарамай, тўғрироқ ҳаракат қилиш мумкин эди. Профессионал футболчилар ўтказиб юбормаслиги керак бўлган иккита голни ўз дарвозамизга олиб келдик. Афсуски, навбатдаги хатолар яна мағлубиятга олиб келди. Бу йил барчаси унчалик ҳам омадли кечмаяпти, шу сабабли кейинги баҳсларга тайёргарлик кўришимиз лозим", - дея гап бошлади Вадим Абрамов.
— Жамоанинг функционал тайёргарлигини қандай баҳолайсиз?
— Тайёргарлик жойида. Шунчаки ўн киши бўлиб қолганингда ҳимояланиш қийин кечиши табиий. Иккинчи тўп ўтказиб юборилгач, "жисмоний ҳолат етишмади" деган таассурот уйғониши мумкин. Аммо ундай эмас: ҳисоб 1:2 бўлгач, охирги дақиқаларда ҳужумга интилдик-ку. Футбол шундай нарсаки, баъзида рақиб қандай имкон берса, шундай ўйнайсан. Биз иккинчи бўлимда атайлаб ташаббусни рақибга бериб, қарши ҳужумда ушламоқчи бўлдик. Бироқ ўйин мантиғига тўғри келмайдиган гол ўтказиб юбордик. Рақибнинг ҳужумида бизни қийин аҳволга солиб қўядиган ҳеч қандай хавф йўқ эди. Шунчаки ўзимиз олдинга чиқиб кетдик ва жуда бемаъни вазиятда уларга яккама-якка чиқиб бориш имконини бердик.
— Четлатишда ҳам, пенальти эпизодида ҳам олдинга узатилган тўплар ўтказиб юборилгандек туюлди.
— Шубҳасиз. Футболчининг ақл-заковати ҳам шунда кўринади. Фақат ҳужум ҳақида ўйламасдан, рақибнинг қарши ҳужумини қандай қайтаришни, ўзинг қаерда турганингни ва рақиб ўйинчиси қаердалигини ҳисобга олиш керак. Буни ҳар куни тушунтирамиз, аммо яна шундай эътиборсизликлар сабаб жазоланяпмиз.
— Ярим ҳимоя марказида доимий ротация ва ўйин давомида алмаштиришлар кўзга ташланмоқда. Бу нима билан боғлиқ?
— Бу айни дамда мавжуд ярим ҳимоячиларимизнинг ҳаракатлари бизни тўлиқ қониқтирмаётгани билан боғлиқ. Ушбу учрашувда аввалги ўйиндаги ўйинчилар майдонга тушган эди, бироқ ўйин давомида четлатиш туфайли ўзгариш киритишга тўғри келди. Чап қанот ҳимоячисини майдонга туширишимиз зарур эди, шу сабабли хатога йўл қўйиб, саросимага тушган ва нотўғри қарорлар чиқара бошлаган ёш футболчини майдонга туширдик. Унинг ўрнига тажрибалироқ ўйинчини туширдик.
— Мавсум охирига келиб легионерларнинг ўйинини қандай баҳолайсиз?
— Ҳозир бирор баҳо бериш мушкул, чунки улар мавсум ўртасида келишди — эсингизда бўлса, аввалги барча легионерларимиз кетиб қолган эди. Янги ўйинчилар келди. Кимнингдир ҳаракати қониқтиряпти, кимдандир кўпроғини кутяпмиз, аммо ҳозирча кутилган натижани ололмаяпмиз. Бошқа томондан, уларни ҳам тўғри тушуниш керак, мавсум ўртасида жамоага бирданига киришиб кетиш жуда қийин.
— Нурилло Тўхтасинов асосий таркибда майдонга тушди. Аввалроқ унда жароҳат борлиги айтилганди, бу муаммо ортда қолдими?
— Бунгача у асосий таркибда майдонга тушмаганди, бугун эса чап қанотни кучайтириш мақсадида уни илк дақиқалардан туширдик. Унинг кучли жиҳатлари ва хавфли узатмаларига умид боғлагандик. Бироқ бемаъни четлатиш ўйин тузилмасини бутунлай бузиб юборди. Қизил карточкагача устунлик биз томонда эди, гўё хотиржам ғалабага эришадигандек кўрингандик, аммо биргина хато барчасини ўзгартирди.
— Мавсум осон кечмаяпти. Қолган ўйинларда йигитларни қандай руҳлантириш керак?
— Улар профессионал. Стадионга мухлислар келишади. Мавсумни муносиб якунлашимиз, стадионга келган одамлар футболдан завқ олишлари керак. Кейин эса раҳбарият келгуси йил учун вазифаларни белгилаб беради ва шунга қараб иш олиб борамиз.
— Олдинда "Андижон"га қарши баҳс кутмоқда, уларда ҳам қийин давр...
— Ҳозир ушбу мағлубиятдан ўзимизга келишимиз лозим, чунки бу кутилмаган натижа бўлди, ҳеч ким буни режалаштирмаганди. Жамоамизда қандайдир қийин давр бошланди: кетма-кет учинчи мағлубият. Ҳар бир баҳсда тўп киритяпмиз, бироқ кутилмаганда жуда оддий голларни ўтказиб юбормоқдамиз.
"Насаф" билан ўйинда сўнгги сонияларда гол ўтказгандик, бугун ҳам айрим саволлар туғилди. Ҳакамлардан VAR тизимини охиригача синчиклаб кўришларини сўрадим.
Пенальти белгиланишидан аввал, илк тўп узатилишидан олдиноқ жарима майдони ичида учинчи рақамли ўйинчимизга нисбатан қоида бузилган эди. Шундан кейин тўп қанотга қайтди, у ердан иккинчи бор узатилди ва ўша вазиятда пенальти юзага келди. Қоидаларга кўра, ҳакамлар бутун ҳужум фазасини тўлиқ текширишлари шарт, аммо нега бу қоидабузарликка эътибор қаратишмади — тушунарсиз.
— Сўнгги баҳсларда ҳакамлик борасида ҳам эътирозлар кўпаймоқда...
— Афсуски, хатолар бўлиб турибди. Лекин бу шунчаки инсоний омил билан боғлиқ деган умиддамиз.



