

"Галатасарой" "Қосимпошо"ни синовдан ўтказади
Кутилмаганда, "Галатасарой" мавсумни суст бошлади. Жамоа уч ўйинда ғалаба қозонди, дуранг қайд этди ва мағлубият аламини ҳам тотиб кўрди. Меҳмонлар икки марта ютқазиб, бир марта сулҳга рози бўлишган.
Учрашувда, шонли тарихга эга бўлган жамоа аутсайдерни мағлуб этишда ортиқча қийинчиликка дуч келмаса керак. Сабаби, таркибнинг ҳар бир чизиғида биттадан Европа даражасидаги фут болчилар бор: дарвозабон Фернандо Муслера, ҳимоячи Юто Нагатомо, вингер Софиан Фегули, "учар голландлар" форварди Райан Бабел.
"Сивасспор" Истанбулда меҳмон бўлади
Ўтган мавсумнинг кашфиётига айланиб, чемпионлик учун курашган бироқ якунда 2-ўринни эгаллаган "Истанбул Башакшехир" жамоаси мусобақани йирик мағлубият билан бошлади. Улар 7-поғонада бораётган "Сивасспор"ни енгишга ҳаракат қилиб кўришади.
"Антальяспор" "Қайсариспор"га қарши
Оҳирги мавсумларда савияли ўйинчилар ҳисобига шаклланган "Антальяспор" клуби турнир жадвалининг деярли экваторида ва жамоа жорий мусобақани ҳам чакки бошламади. Олдинги турда ўз уйида амалдаги чемпионга имкониятни бой берган "Қайсариспор" ўйинга фақат ғалабани кўзлаб майдонга тушади.
Бир хил очкога эга жамоалар тўқнашуви
Бронза медали совриндори бўлган "Бешиктош" ҳозирда 4 очко жамғарган ва улар сафарда айнан шунча очко билан ўзларидан икки поғона пастда жойлашган "Газиантеп" билан ўйнашади.
"Ризеспор" "Гёзтепе"ни қабул қилади
Ҳозирча, еврокубогларга ёлланма берувчи ўриндаги "Ризеспор", қуйи поғоналарнинг бирини банд этиб турган "Гёзтепе"ни меҳмон қилади. 3-тур доирасида, иккала жамоа ҳам рақиблари билан дурангга рози бўлишган.
Анқараликлар ва "сенсациячи" жамоа беллашуви
"Малатьяспор" олдинги мавсумда бир қатор кутилмаган натижаларни қайд этиш баробарида, якунда 5-ўринни банд этди. Ушбу жамоа энди Анқара шаҳрида "Анқарагюжю" меҳмони бўлади. У ердан ҳали ҳеч ким осонликча очко олиб қайтмаган.
Яққол аутсайдер Трабзонга келади
Ўтган турда "Фенербахче" билан дурангга имзо чеккан "Трабзонспор" ўтказилган уччала баҳсда ҳам мағлубиятга учраган ва сўнгги поғонага миҳланган "Генчлербирлиги"ни ўз майдонида қабул қилади. Бу ўйинда дебьютантга қийин бўлиши аниқ. Сабаби, трабзонликлар ҳужум чизиғи узоқ йиллар давомида "Ливерпуль"да тўп сурган ва муҳлислар меҳрини қозонган тажрибали форвард Даниэл Старриж ҳисобига кучайган.
Ажойиб қарама-қаршилик
Жорий мавсумда Супер-лигага қайтган "Денизлиспор" жуда яхши старт олди. Клуб учта ўйинда икки ғалаба ва битта дуранг қайд этган. Тўплар нисбати ҳам аьло даражада: 4-0. Ҳозирча, фақатгина дурангга рози бўлаётган ягона жамоа "Коньяспор" дебютантни енгишга ҳаракат қилиб кўради.
Етакчилар ўртасидаги жанг
Турнинг марказий ўйинида, "Аланьяспор" ва "Фенербахче" учрашишади. Ушбу ўйинни Туркия маҳаллий чемпионатига бефарқ бўлмаган муҳлислар сабрсизлик билан кутишмоқда. Чунки, айни пайтда турнир жадвалида юқори икки ўринни эгаллаб турган жамоалар ўзаро муросасиз баҳс олиб боришади. Эрол Булут бошқарувидаги жамоа сафида бир пайтлар "Ньюкасл" клубида чиройли голлар киритган ҳужумчи Паписс Сиссе бор. "Фенербахче" ҳам жорий ёзда таркибини анча кучайтириб олган. "Челси"дан Виктор Мозес ижарага олинган. Шунингдек, ўтган мавсум "Вердер" сардори бўлган ва Бундеслигада 11 та гол уришга эришган Макс Крузе сотиб олинди.

Хондамир Ҳакимов тайёрлади



