UZ

Сўнгги янгиликлар

12:05Неймар ижтимоий тармоқларда Мбаппени ҳақорат қилди  4 11:43Ўзбекистон футзал терма жамоасининг Ироққа қарши учрашувини баҳрайнлик рефери бошқаради  2 11:22"Пахтакор-79" ПФЛ талабини бажармагани учун Биринчи лигадан четлаштирилиши мумкин  0 10:47Шерзод Эсанов: «Биз Андижон халқи ва »Андижон« мухлислари учун бор кучимизни майдонда берамиз»  7 10:20«Манчестер Сити»нинг ёзги асосий трансфер мақсади маълум  10 09:52Англия клублари 9 йил аввалги нохуш натижани такрорлашди  6 09:26Иброҳимҳалил Йўлдошев: «Осиё кубогига келишим жуда қийин бўлди»  4 09:01Клопп жамоасини Европа лигасидан чиқиб кетгани ҳақида фикр билдирди  3 08:36Ўзбекистон кубоги. Бугун 2-турга старт берилади  0 08:10Футзал. Бугун терма жамоамиз 2-турда майдонга тушади  0 07:47«Байер» навбатдаги рекордни ўрнатди   6 07:05U-23 Осиё кубоги. Иордания - Қатар 1:2   0 07:00U-23 Осиё кубоги. Индонезия - Австралия 1:0   0 06:55Европа лигаси. "Марсель" - "Бенфика" 1:0 (Пенальтилар 4:2)   0 06:50Европа лигаси. "Рома" - "Милан" 2:1   0

"Темирйўлчилар" билан катта интервью: Жепаров, Коростиченко ва Жалолиддинов Янгиликлар

"Темирйўлчилар" билан катта интервью: Жепаров, Коростиченко ва Жалолиддинов

Жасурнинг қайтиши ва "Локо"нинг мавсумнинг иккинчи қисмидаги режалари ҳақида гаплашдик.

Суперлига иккинчи давраси бошланиши арафасида "Championat.Asia" мухбири Николай Егоричев Тошкентнинг "Локомотив" клуби вакиллари: клуб спорт директори Сервер Жепаров, жамоа бош мураббийи Денис Коростиченко ва "Қайрат"дан қайтган Жасур Жалолиддинов билан суҳбатлашди.

Ушбу интервью орқали сиз қуйидагиларни билиб оласиз:

- Жасурнинг "Локомотив"га қайтишида ким ташаббускорлик қилган?

- Жепаров клубнинг ёзги трансфер кампаниясини қандай баҳолади?

- Нега Коростиченко Абдухолиқов кетганидан афсусда?

- Мирко Йеличич "Локомотив"га қайтиши ростми?

- Жалолиддинов "Қайрат"дан кетгандан кейин қаерга кетиши мумкин эди?

- Сервер қандай қилиб автобиографик асарини ёзишга қарор қилди?

Сервер Жепаров: "Жасур бўйича қарор ўзаро келишган ҳолда қабул қилинди"

- "Локомотив"нинг ёзги трансфер ойнасидаги ишини қандай баҳолайсиз?

- Бош мураббийга керакли позицияларни кучайтирдик. Бизда марказий ҳужумчи билан муаммо бор эди – Мўмин Мелиев билан бу позицияни ёпдик. У энг яхши статистикага эга эмас, бироқ бу ерда кўп нарса футболчи ўйнайдиган жамоага боғлиқ. Ўйлайманки, у "Локомотив"да ўзини яхши кўрсатади. Мелиев имкон қадар тезроқ бизнинг ўйинимизга, клуб фалсафасига ва бош мураббий талабларига мослашиши учун ҳаммасини ишга соламиз. 

Иван Нагаев ҳам келди. Мелиевга тўсатдан нимадир бўлиб қолишини инобатга олиб, унинг вариантини кўриб чиқдик. Нагаев – тажрибали футболчи. У юқори савияда ўйнайди. Ўйлайманки, бизга албатта фойда келтиради. Қолаверса, клуб ва шахсан мен қанот ҳимоячиси билан шартнома имзолашни истагандик, шу сабабли жамоага Манучеҳр Сафаров келиб қўшилди. У ҳимоянинг ўнг қанотини кучайтиради, бизга тезлик қўшади.



- Яъни чап қанот ҳимоячиси билан ҳам битим тузиш режаси бормиди?

- Ҳа, лекин чап оёқда ўйнайдиган футболчилар унчалик кўп эмаслигини ўзингиз ҳам биласиз. Ўйлайманки, бу позицияни кучайтириш керак ва биз бунинг устида ишлаймиз. Йиғинимизга Грузиядан марказий ҳимоячи (Ираклий Камладзе – таҳр.) ҳам келди, аммо бу масалани ҳозирча ортга сурдик, чунки жамоада ҳозир тўртта марказий ҳимоячи бор. Бу футболчилар чап қанот ҳимоясида ҳам ҳаракат қилишлари мумкин.

- Туропов ва Ҳасанов нима учун кетишди?

- Туропов унга билдирган умидларимизни оқламади. У жуда кўп жароҳат оларди. Бош мураббий Туроповдан яхши ўйин кутган даврда у ўзини кўрсата олмади. Эҳтимол, у "Локомотив"да узоқ вақт ўйин амалиётисиз қолиб кетган ёки умуман футболга бўлган иштиёқини йўқотгандир. Туроповга "Навбаҳор"дан таклиф бор эди, биз у билан гаплашдик ва унинг жамоани ўзгартириш истагига халақит бермасликка қарор қилдик.

Ҳасанов билан ҳам худди шундай ҳолат кузатилди. У "Қўқон-1912"да самарали ҳаракат қилган. Менимча, у шунчаки "Локомотив"га мослаша олмади. Сиз пойтахтда ўйнасангиз, бутунлай бошқача футбол ўйнайсиз ва бошқа даражада тайёргарлик кўрасиз. Пойтахтда ҳамма нарса аллақачон бошқача: майдонда ҳам, ундан ташқарида ҳам. Бу ердаги йигитлар кучли, сиз курашишингиз ва рақобатда ғалаба қозонишингиз керак. "Локомотив"дек клубга келганда шуни тушуниш керакки, ҳеч ким сизга асосий такркибни ваъда қилмайди. Мен у билан гаплашдим ва уни қолишга кўндиришга ҳаракат қилдим. Ҳамма нарса содир бўлиши мумкин: ярим йил давомида ҳеч нарса чиқмайди, кейин эса бирдан ўйини очилади. Кетиш унинг танлови эди.

- Жалолиддиновни қайтариш ташаббуси кимдан чиқди?

- Гапни Жасур "Локомотив" футболчиси эканлигидан бошласак. Биз уни "Қайрат"га сотиб олиш ҳуқуқи билан олти ойга ижарага бергандик. Кейин клубда қийинчиликлар бошланди, Қурбон Бекиевич кетди. Жалолиддиновнинг ўзи ҳам Бердиев кетаётганини аллақачон англаб, "Локомотив"га қайтишни истади. Мен уни жуда яхши тушунаман: ҳаммаси сиз кутгандек бўлмаса, ўша жойдан кетиб, оилангиз бағрига, дўстларингиз олдига қайтишни истайсиз... "Қайрат" билан гаплашиб, фаолиятини шу ерда давом эттиргани яхшироқ деган қарорга келдик. Жасур бўйича қарор ўзаро келишган ҳолда қабул қилинди.



- Ўзбек либосида сиз, Миржалол Қосимов ва Жасур Жалолиддинов каби ижодкор футболчилар етишмаётганига қўшиласизми?

- Умуман олганда, бундай футболчилар нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда кам. Барча гўзаллик улардан келади. Бундай футболчиларни болалар ва ўсмирлар футболидан бошлаб излаш керак. Бизда улар албатта бор. Сиз уларни кузатиб боришингиз ва баъзи ёмон одатларга берилмаслигини назорат қилишингиз керак. 

- Жасурга жисмоний куч етишмайди, деган фикр бор. Бунга қўшиласизми?

- Жалолиддинов гавдали бўлмаган футболчилар тоифасига киради. Иньеста ва Хави шундай эди. Улар кўп курашларга киришиши шарт эмасди. Жасурнинг кучли томони техникада, майдондаги вазиятга баҳо бера олишида ва керакли вақтда пас беришида. Футболчининг кучи биринчи навбатда унинг майдондаги фикрлаши орқали баҳоланади. Қолаверса, Жасур эндигина 20 ёшда. Ўйлайманки, 23-24 ёшга келиб кучаяди.

- Сизнингча, Жалолиддинов учун майдондаги энг мақбул позиция қайси?

- Менимча, у аниқ "ўнлик". Агар сиз 4-3-3 схемасида ўйнасангиз, у ҳолда ҳужумкор инсайд. Умуман олганда, менимча, у "эркин рассом" бўлиши керак – тўпни қидириш, бўш ҳудудларни тўлдириш ва у ерда ниманидир яратиш.

- "Локомотив"нинг титул ҳомийси "BMB Group" ҳисобланади. Клубингиздан "BMB" футзал жамоасидагидек юқори даражадаги трансферларни кутишимиз мумкинми?

- Умид қиламанки, улар бизга қизиқиш билдириб, Суперлигада совринли ўринлар учун кураша оладиган рақобатбардош жамоа тузишда ёрдам беришади. Бунинг учун албатта яхши трансферлар ва кучли футболчилар керак бўлади.

- Телеграм каналим обуначиларидан бири сизга қуйидаги саволни беришимни сўради: "Автобиография ёзиш ҳақида ўйлаяпсизми? Кўпчилик сизнинг қандай қилиб Осиёнинг энг яхши ўйинчиларидан бирига айланганингиз ҳақида ўқишга қизиқади".

- Бу ҳақда ҳеч ким билмасди, лекин ҳозир китобим устида иш олиб борилаётганини айтишим мумкин. Яна шуни айтишим мумкинки, у катта эҳтимол билан бир нечта жилдлик бўлади. Умид қиламанки, одамлар нафақат таржимаи ҳолни, балки футболчи Жепаровнинг Ўзбекистон ва хориждаги ҳаёти қандай кечгани ҳақида ўқишга қизиқишади. Қачон чиқишини ҳозирча билмайман – ҳаммаси иш қандай кечишига боғлиқ.


Денис Коростиченко: "Баъзи хорижлик мураббийлар Суперлига даражасига мос эмас"

- Мавсум олдидан жамоа олиб борган иш сизни қониқтирдими?

- Ҳа, албатта. Сафимизга қўшилиб, жамоани кучайтирган йигитлар бор. Энди бизда ҳужумчи бор, бу қувонтирмасдан қолмайди. Ўртоқлик ўйинлари яхши ўтди: барча ўйинчилар хизматидан фойдаланишди, ҳаммага деярли бир хил ўйин вақтини беришди. Икки ғалаба ва дуранг юкламалар фонида – яхши натижа.

- Унда нимага эътибор қаратилди – жисмоний ҳолат, жамоавий ҳаракатлар ёки бошқа нарсагами?

- Йиғиннинг биринчи ярмида жисмоний тайёргарлик – куч ва чидамлилик бўйича ишланди. Кейин жамоавий ҳаракатларни ишлаб чиқдик. Янги келганлар бизнинг фалсафамизга, ўйинимизга тез мослашиб, жамоага қўшилиб кетишлари учун уларга алоҳида эътибор қаратишга ҳаракат қилдик.



- Иккинчи даврада жамоа олдига қандай мақсадлар қўйилган?

- Албатта, биринчи даврадан унчалик мамнун эмасдик. Кўп ўйинларда ижобий натижаларга эришишимиз мумкин эди. Шу боис, иккинчи даврада фақат битта вазифа турибди – турнир жадвалидаги ўрнимизни яхшилаш.

- Сиз учун қайси поғона қониқарли бўларди?

- Ҳозир чемпионатда жиддий рақобат бор, яққол пешқадам ёки яққол аутсайдер йўқ. Қолаверса, жамоалар иккинчи даврага қадар кучайишди. Ўйлайманки, ушбу мавсумда чемпионлик учун катта кураш бўлади – уч, ҳатто тўртта жамоа орасида. Бизнинг ўринимизга келсак, менимча, реал қарасак, "Локомотив" бешинчи ёки олтинчи ўринни эгаллаши мумкин. Муайян шароитларда кучли тўртликка кириш ҳақида ҳам ўйласак бўлади. Бироқ шахсан мен бу йил юқори ўринлар учун курашишимизни хоҳлардим.

- Жасур Жалолиддиновнинг қайтиши ҳақида қандай фикрдасиз?

- Жасур "Қайрат"да деярли ўйнамади. Ваҳоланки, у асосий урғуни жисмоний тайёргарликка қаратувчи Қурбон Бердиев билан бирга ишлаган. Жасур етарлича ўйин амалиётига эга бўлмади, буни Осиё Кубоги U-23 кўрсатди: назаримда, у Тимур Кападзе жамоасида яхши савияда ўйнаган бўлса-да, бирорта ўйини тўлиқ ўтказа олмади. Ҳозир у жуда яхши формада. У "Локомотив"нинг ўйин услубини билади, мавсумолди ўртоқлик ўйинларида биз билан бирга эди, шунинг учун унга мослашиш учун кўп вақт керак бўлмайди, деб ўйлайман.

- Бошқа янги келганлар ҳақида нима дея оласиз?

- Манучеҳр Сафаров жуда яхши таассурот қолдирмоқда. Ёш, иқтидорли йигит ҳам ҳимояда, ҳам ҳужумга яқинроқ ўйнай олади. Менга унинг машғулотларда астойдил ишлаши ёқади. У барчасига профессионал қарайди. Ҳужумчи Мелиевнинг трансфери иккинчи даврага бўлган оптимизмимизни оширди. У ҳужум марказида қандай ўйнашни билади. Олдинда шундай ҳужумчи борлигини билиб ўйнасак, бироз осонроқ бўлади. Мелиев ўз устида ишлашдан тўхтамаслиги керак, шунда у яхши ҳужумчи бўлиб етишиши мумкин.

Иван Нагаевга келсак, унинг аҳволи чатоқ эди. У деярли бир ярим йилдан бери ўйнамади, кўп нарсани ўтказиб юборди, шунинг учун у формага кириши керак. Бу йигит жуда ақлли ва яхши фазилатларга эга. Умид қиламизки, у иккинчи даврада бизга кўп ёрдам беради.

- Мавсум бошлангунга қадар Темурхўжа Абдухолиқов "Локомотив"ни тарк этганидан афсусланмайсизми? У "Қизилқум" сафида кўп гол урмоқда...

- Албатта, у кучли футболчи. У кетгани афсусланарли. Аммо "Қизилқум"да турли вазиятлар юзага келди ва биз уни ёзда ортга қайтаришдан умидни узганимиз йўқ. Темурхўжа бизга кўп фойда келтирган бўларди.

- Нима учун Микаэль Секейра клубни тарк этди ва у билан алоқада бўлиб турибсизми?

- Ҳар доим кучли мутахассис эканлигини айтиб келганман. У билан бирга ишлаш насиб қилганидан хурсандман. У оилавий муаммолар туфайли кетди. Биз алоқадамиз, баъзан хабарлашиб турамиз. У ҳамон "Локомотив" ҳақида қайғуради ва клуб билан боғлиқ бўлган барча ҳақида илиқ гапиради. Имкон топиши билан ҳаммага салом йўллайди, мени қўллаб-қувватлайди.



- Ундан маслаҳат сўраб турасизми?

- Ҳа, мен унга тактика ёки машғулотлар бўйича савол беришим мумкин. Аммо Микаэль Ўзбекистонда кўп ишламагани учун аниқ бир масала бўйича ёрдам бера олмайди. Бу ерда чет элликлар учун жуда қийин. Секейранинг ўзи йил охирига келибгина бу ерга моаслашганини айтганди: футболчиларнинг менталитети, чемпионатнинг ўзига хос хусусиятлари, қандай ишлаш керак.

Бизда бир йил ичида мослашиш осон эмас, шунинг учун чет элликларга кўпроқ вақт бериш керак. Аммо ҳаммага ҳам эмас. Айрим хорижлик мураббийлар Суперлига даражасига мос эмас.

- Нега?

- Баъзилар бу ерга келиб, Ўзбекистон чемпионати жуда осон, деб ўйлашади. Кейин эса Суперлигада савияси яхшилиги, маҳоратли футболчилар ва мураббийлар борлигига ишонч ҳосил қилишади. Ва кейин улар учун ҳам қийин бўлади.

- Мирко Йеличичнинг "Локомотив"га қайтиши ҳақида миш-мишлар юрибди. Шу ростми ўзи?

- Биз Мирко билан гаплашдик. У қийин вазиятда эди: у коронавирус даврида уйига, Австралияга учиб кетди. Жиддий чекловлар бор эди – келиш ва кейин мамлакатни тарк этиш қийин эди. Эндиликда у қайтишга тайёр. Мирконинг "Локомотив"га қайтиши ва менга жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий сифатида ёрдам бериши ҳақида оғзаки келишув бор. Унинг тажрибасини ҳисобга олсак, у бошқа масалаларда ёрдам бериши мумкин.


Жасур Жалолиддинов: "Менга Европа клублари ҳам қизиқиш билдиришди"

- "Локомотив"даги йигитлар сизни қандай кутиб олишди? Мослашув жараёни қандай кечмоқда?

- "Локомотив" мен учун ўз жамоам саналади. Мен бу ердан атиги тўрт ой олдин кетгандим. Ҳамма нарса таниш, шунинг учун менга бу ерга мослашиш учун вақт шарт эмас.

- Айни пайтдаги спорт формангизни қандай баҳолайсиз?

- Ўзимни яхши ҳис қиляпман, U-23 Осиё Кубогидан кейинги формадаман. 100 % тайёр ҳолатдаман.

- Нега "Қайрат"ни тарк этишга мажбур бўлдингиз? У ерда қолиш имконияти бормиди?

- "Қайрат" раҳбарияти мени қолдиришга уринди, бироқ мен у ерга Қурбон Бекиевич Бердиев учун боргандим. У клубни тарк этди ва шунинг учун мен "Локомотив"га қайтишга қарор қилдим. Мана шу асосий сабаб.



- Бердиев кетмаганида "Қайрат"да қолармидингиз?

- Ҳа, шундай деб ўйлайман.

- "Локомотив"дан ташқари бошқа клублардан ҳам таклифлар бўлганми?

- Гап-сўзлар бўлди, лекин аниқ бир таклиф бўлганми, билмайман. "Локомотив" билан шартномам бор. Агар мен учун ҳам, клуб учун ҳам қулай таклиф бўлса, гаплашамиз.

- Қайси давлатлар клублари сизга қизиқиш билдиришди?

- БАА, Қатардан ҳозиргача таклифлар бор. Билишимча, Европадан ҳам қизиқиш билдиришди – лекин улар топ-жамоалар эмас, ўрта даражали клублар.

- Россия Премьер-лигасидаги фаолиятингиз нега узоққа бормади?

- "Локомотив"да яхши футболчилар талайгина ва рақобат кучли эди. Қолаверса, аризага бор-йўғи саккиз нафар хорижлик футболчи киритилиши мумкин эди ва мен эса тўққизинчи эдим. Ижарага кетишимга тўғри келди. "Тамбов"да нима бўлди, ростини айтсам, билмайман...



- Қурбон Бердиев билан бирга ишлагансиз. Мураббий сифатида у киши ҳақида нима дея оласиз?

- Қурбон Бекиевич – жуда кучли мураббий. Унинг қўл остида тўп тепиш мен учун қизиқ эди. У билан атиги тўрт ой ишлаган бўлсам ҳам, ундан кўп нарсани ўргандим. У жуда қаттиққўл мураббий эди. U-23 Осиё Кубогида яхши ўйин кўрсатишимда унинг катта хизмати бор.

- У билан алоқаларни сақлаб қолганмисиз?

- Ҳа, биз ҳали ҳам алоқадамиз. У киши "Биз алоқада бўлиб турамиз" деганлар.

- U-23 Осиё Кубогида ғолиб чиқиш учун Ўзбекистон олимпия терма жамоасига нима етишмади?

- Менимча, тажрибам етарли эмас. Биз яхши ўйин кўрсатдик: ҳужум қилдик, прессинг уюштирдик. Ғалаба қозониш учун ҳамма нарса бор эди. Аммо тажриба ва маҳорат етишмади – Саудия Арабистони футболчилари Олимпиадада иштирок этишган. Таркибимиз уларникидан ёшроқ эди.

- Япония дарвозасига киритилган тўп фаолиятингиздаги энг яхшисими?

- Йўқ. Тўрт йил аввал ПСЖга қарши ўйнагандик. 0:1 ҳисобида ортда бораётганимизда, ўйин охирида жарима зарбасидан гол урдим. Бу ҳам муҳим, ҳам чиройли гол эди.




Николай Егоричев суҳбатлашди 

Шерзод Нурматов таржимаси

Рейтинг: +5   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика