Тарихий Олимпиада, "Ланс"даги олов Абдуқодир, "Насаф" ва "Андижон"га аталган мавсум — 2024 йил ўзбек футболида яна қандай воқеалар юз берди?
31 дек 2024 20:21
Янгиликлар
Тарихий Олимпиада, "Ланс"даги олов Абдуқодир, "Насаф" ва "Андижон"га аталган мавсум — 2024 йил ўзбек футболида яна қандай воқеалар юз берди?
Ўзбек футболи учун эса бир қанча ёдда қоларли, завқли онларга бой мавсум бўлди дейишга асосларимиз етарли. Қуйида бирма бир эслаймиз.
Тарихий Олимпиада эшиклари очилди
Ўзбекистон олимпия терма жамоаси 1996 йилдан буён то шу кунгача ҳар тўрт йилликнинг нуфузли мусобақаси Олимпиадада иштирок этиш учун бир неча бор уриниб кўрган. Лекин бу насиб қилмаганди. 2024 йилда Тимур Кападзе бошчилигидаги олимпия терма жамоамиз Қатардаги U-23 Осиё кубогида финалгача етиб борди ва Париждаги олимпиадага йўлланмани қўлга киритди. Бунинг учун улар узоқ йўлни биргаликда босиб ўтди. Мазкур йўлни бошида Аҳмаджон Мусаев, Дилшод Нуралиев, Отабек Ғуломхўжаев, Тимур Кападзе каби мураббийлар, футболчиларни етиштириб берган мутахассислар ўз ҳиссаларини қўшишди.
Футзал бўйича Жаҳон чемпионати Ўзбекистонда ўтказилди
Сўнгги йилларда ОФК мусобақаларини ўзида қабул қилаётган Ўзбекистон эндиликда ФИФАнинг футзал бўйича Жаҳон чемпионатига мезбонлик вазифасини ўтади. Мазкур мундиал юртимизнинг Тошкент, Бухоро, Андижон шаҳарларига ишониб топширилди. Гарчи Хосе Венансио Лопес бошчилигидаги терма жамоамиз муваффақиятсиз қатнашган бўлсада, мухлислар Бразилия, Қозоғистон, Аргентина каби жамоаларнинг ажойиб ўйинларидан баҳраманд бўлишди. Финалда Бразилия Аргентина устидан 2:1 ҳисобидаги ғалабага эришди ва футзалда тенгсизлигини исботлади.
"Насаф" ниҳоят Ўзбекистон чемпиони
Қаршининг "Насаф" жамоаси бу йил ўз тарихида илк бор чемпионликни расмийлаштирди. "Аждарлар" бунга қадар Суперлигада кумуш, бронза медалларига эга чиққан, Ўзбекистон кубоги, Суперкубогида, ОФК кубогини боши узра баланд кўтарганди. Совринларнинг чўққисига эса чемпионлик етишмаётганди. Шу билан бирга Рўзиқул Бердиев шогирдлари Тошкент клубларининг гегемонлигига барҳам беришди. Мутахассис эса фаолиятидаги энг яхши мавсумни ўтказди десак муболаға бўлмайди. Чемпионлик учун ОЧЛ ва кубок қурбон қилинди. Аҳир бир нарсага эришиш учун бир нарсадан воз кечиш керак! Айтганча, бу мавсумда Суперлига ("Насаф"), Про лига ("Машъал"), Биринчи лигада ("Насаф-Фарм") Қашқадарё жамоалари ғолиблик шохсупасига кўтарилди.
"Андижон" Ўзбекистон кубоги ғолиби
Ўзбекистон кубоги баҳслари жорий йилда шиддатли, муросасиз, кутилмаган натижаларга бой ўтгани билан ёдда қолди. Хусусан, водийнинг икки жамоаси "Андижон" ва "Навбаҳор" кучли жамоаларни ортда қолдирган ҳолда Ўзбекистон кубоги финалигача етиб келди. Фарғонадаги "Истиқлол" стадионида драматик кечган финалда "бургутлар" ўз тарихида биринчи маротаба ушбу турнирда ғолиб сифатида майдонни тарк этди. "Бургутлар" 2025 йилда ОЧЛ-2 мусобақасида иштирок этади.
Жаҳонни ўзига қаратган Абдуқодир Ҳусанов
Бу йил Ўзбекистон терма жамоаси футболчилари орасида энг катта ўсиш Абдуқодир Ҳусановда бўлди деб баралла айта оламиз. Топ-5 чемпионатларидан бири ҳисобланган Франциянинг "Ланс" клубида йўқолиб қолмаган вакилимиз тезда ўзини кўрсатишга киришди. У нафақат жамоасининг асосий футболчиси, балки мухлисларнинг ҳам ёқимтой ўйинчисига айланиб улгурди. Эндиликда эса уни қўлга киритиш истагидаги жамоалар кундан-кунга кўпаймоқда. Жумладан, ўйинчини "Ньюкасл Юнайтед", "Лестер Сити", "Манчестер Сити", "Тоттенхэм", шунингдек Германиянинг "Ред Булл Лейпциг" клуби кузатмоқда. Биз эса унга омад тилаймиз.
Аббосбек Файзуллаев Осиёнинг энг яхши ёш футболчиси
Сўнгги йилларда ОФК томонидан аниқланаётган йилнинг энг яхшиларини номинацияларида Ўзбекистон номи кўп тилга олинмоқда. Хусусан, 2024 йилда қитъанинг энг яхши ёш футболчиси номига ЦСКА клуби ва Ўзбекистон терма жамоаси футболчиси Аббосбек Файзуллаев лойиқ кўрилди. Сўнгги бор 2015 йилда Достонбек Ҳамдамов Осиёнинг энг яхши ёш футболчиси сифатида қайд этилган эди. "Армиячилар" сафида ҳар бир ўйинда фаол ҳаракат қилаётган, терма жамоа таркибида муҳим голни урган Файзуллаев ҳақиқатдан ҳам бу совринга муносиб эди.
Ильгиз Танташев Олимпиадада ишлади
2012 йил мен оддий мухлис сифатида Равшан Эрматовнинг Лондон-2012 Олимпиадасида иштирок этганига гувоҳ бўлганман. Бундан кейин ҳам қачондир яна ўзбекистонлик рефери шундай катта мусобақада ишлармикан деган ҳаёл ўтган. Орадан 12 йил ўтиб яна ҳамюртларимиздан бири Ильгиз Танташев Олимпиададан чақирув олди. Ўзбекистонлик ҳакам мусобақада Франция - Гвинея, Парагвай - Мали, Франция - Аргентина, Марокаш - Испания учрашувларини бошқарди.
"Металлург" энди Суперлигада йўқ
Бекободнинг "Металлург" жамоаси гарчи спорт принципларига кўра ва ўз кучи билан Суперлигада қолиш вазифасини бажарганига қарамай раҳбарият жамоани элитада иштирок этмаслигини билдирди. Жамоа йил давомида охирги ўринларда юрганига қарамай сўнгги паллада ирода кўрсатган ҳолда ўрнини сақлаб қолганди. Аммо ҳар доим ҳам инсон истаган нарса бўлавермайди. Асосий жамоанинг кетидан академия ҳам тугатилиши ҳақида хабар чиққанди. Аммо бу маълумот инкор қилинди. "Металлург" 1998 йилдан буён мунтазам Суперлигада иштирок этиб келаётган эди.
Ҳакамлар йўқолиб қолди
Мавсум ўртасидан сўнг нима учундир бир нечта таниқли ҳакамлар, номдор реферилар йўқолиб қолди. ЎзФҲМ эса Азиз Асимов ҳакамлик фаолиятини якунлаганини эълон қилди. Лекин қолганлар бўйича бирон маълумот йўқ. Дейлик, Раҳимбек Каримов, Фирдавс Норсафаров, Акобирхўжа Шукуруллаев ва ҳоказо. Уларнинг айримлари халқаро майдонда фаолиятини давом эттирди. Ўйинларга тайинловлар олди.
Ўзбекистон футзал федерацияси ташкил этилди
Аслида бундай ташкилот бизда аввалдан бўлиб келган. Лекин сўнгги йилларда футзал ЎФА таркибига киритилди. Эндиликда ушбу спорт тури мустақил ташкилот сифатида фаолият юритади. Унга Бекзод Маматқулов раҳбарлик қилади. Яқинда ташкил қилинган анжуман, конференцияда бу ҳақида батафсил маълумот берилди.
Янги йилингиз билан!
Фикрлар