Тарихдаги энг кулгили трансфер
07 авг 2021 01:45
Янгиликлар
Тарихдаги энг кулгили трансфер
Элдор Шомуродовнинг дастлаб Генуя, энди Римга кўчиб ўтгани футболимиз учун катта воқеаликка айланди. Асримиз аввалида япон ёки корейс ўйинчиларининг А Серияга йўл олиши ҳам шундай кутиб олинарди.
Элдор Салоҳнинг натижасини янгилайдими?
Масалан, 1998 йилда 21 ёшли Ҳидетоши Накатани харид қилган "Перужа" 2000 йилнинг қишида уни "Рома"га жуда катта маблағ эвазига сотди (21,7 млн евро).
Шундан кейин жамоа раҳбариятида осиёлик футболчиларга нисбатан қизиқиш ортди. Ва дарҳол хитойлик Ма Миньюй ҳамда кореялик Ан Жун-Хван трансфер қилинди. Бугунги ҳикоямизнинг бош қаҳрамони чинлик ўйинчи ҳисобланади.
Факт: Ма Миньюй Ўзбекистон терма жамоасига қарши 3 бор майдонга чиққан. 1998 йилнинг 8 июлида ўтказилган ўртоқлик ўйинида миллий жамоамиз постини ишғол қилган эди. Мазкур футболчи 2002 йилги мундиалда ўз жамоасини сардор сифатида олға бошлаган.
Бироқ, Хитой термаси ярим ҳимоячиси "Перужа" учун Накатадек омадли харидга айланмади. Ҳаттоки, тарихдаги энг кулгили трансферлар қаторига қўшилди. Гап шундаки, у клубда ўтказган 1 йили давомида Италия чемпионатида 1 дақиқа ҳам ўйин амалиёти ола билмади.
Кейинчалик мазкур трансфер тарихи маълум бўлди. "Перужа" бош мураббийи Серсе Косми аслида хитойлик бошқа бир ўйинчи Ли Тени (кейинчалик "Эвертон"да ўйнаган) олиб келмоқчи бўлган. Мутахассис чеҳралар ўхшашлиги ва хитойча номларнинг талаффузи қийинлиги туфайли раҳбариятга сотиб олинадиган ўйинчининг рақамини айтади. Шу ерда чалкашлик пайдо бўлади ва Ли Те эмас, Ма Миньюй трансфер қилинади. Энг қизиғи, итальян клуби таркибида бу хатоликни ҳеч ким пайқамайди. Фақатгина бош мураббий хитойлик футболчининг ўртоқлик ўйинидаги ҳаракатларидан кейин анлашилмовчилик юзага келганини пайқайди. Бироқ, энди кеч эди...
Фикрлар