Сурия устози: "Ўзбекистонгача бўлган сафаримиз 20 соатдан ортиқ вақт олди ва бор-йўғи битта машғулот ўтказдик"

2 окт 2026, 08:15
Сурия терма жамоаси бош мураббийи Хосе Лана Ўзбекистонга қарши учрашувдан сўнг ўйиндан кейинги матбуот анжуманида иштирок этди.

“Ўйин биз учун қийин ва омадсиз кечди. Ўзбекистон мундиалда қатнашган жамоа ва рақиб бугун қандай ўйин намойиш этишини билардик", - дея гап бошлади Хосе Лана.

- Авваламбор, Ўзбекистонга хуш келибсиз. Сурия терма жамоасининг аввалги ўйинлари жуда кескин ўтган ва Ўзбекистонга қарши ҳар доим қизиқарли баҳслар бўлган. Аммо бугунги ўйинда жамоангиз, айниқса биринчи бўлимда жуда заиф кўринди. Бу нима билан боғлиқ? Таркибда янгиланишлар, ўйинчилар алмашинуви юз бердими ёки жисмоний ва руҳий тайёргарликда муаммолар бўлдими? Бундай йирик ҳисобнинг асосий сабаби нимада? Бугунги ўйинда нимадан кўнглингиз тўлди ва нимадан йўқ? Ва кейинги ўйинда нималарни яхшилашни хоҳлардингиз?

- Бундай натижага кўп сабаблар таъсир қилди. Биринчидан, биз якшанба куни йўлга чиқдик. Ўзбекистонгача бўлган сафаримиз 20 соатдан ортиқ вақт олди, меҳмонхонага фақат душанба куни эрталаб етиб келдик. Чоршанба куни атиги бир ярим соатлик битта тўлақонли машғулот ўтказа олдик, шунинг учун ўйинга лозим даражада тайёргарлик кўришга имконимиз бўлмади. Бундан ташқари, ўйинчиларимизнинг ярмидан кўпи ҳозирда расмий мусобақаларда иштирок этмаяпти, яъни уларда ўйин амалиёти йўқ. Ушбу барча омиллар биргаликда бизнинг вазифамизни жуда қийинлаштирди.

- ФИФА кунларида Ўзбекистон терма жамоаси аслида Аргентина билан ўйнаши керак эди, бироқ ташкилий муаммолар сабабли бу ўйин бекор қилинди ва унинг ўрнига Сурия билан келишувга эришилди. Сиз ҳозир жамоа йўлда 20 соат вақт сарфлаганини ва бу муаммо эканлигини бир неча бор таъкидладингиз. Агар бу ўйин шунчалик муаммоли бўлса ва сиз 20 соат парвоз қилган бўлсангиз, унга рози бўлишдан нима маъно бор эди? Ёки шунчаки ўртоқлик ўйини ўтказиб, тайёргарлик кўришни режалаштирганмидингиз? Нима учун бунчалик қийин бўлишига қарамай бу ўйинга рози бўлдингиз?

- Мен билмайман, бизда бошқа вариантлар йўқ эди. Менга фақат шу ягона вариант эканлигини айтишди ва биз уни қабул қилдик.

- Биз ҳамма қатори Осиё кубогига тайёргарлик кўряпмиз. Яқинда Сурия Иордания терма жамоаси билан ўйнади ва у ерда ҳам ўз кучини синаб кўрди. Сизнингча, қайси жамоа кучлироқ — Ўзбекистонми ёки Иордания?

- Бу иккита яхши жамоа, иккаласида ҳам Жаҳон чемпионати тажрибаси бор, уларнинг салоҳияти юқори. Келажакда биз ҳам шундай даражага чиқа оламиз деб умид қиламиз, шунинг учун бундай даражадаги жамоалар билан ўйнаш биз учун фойдали. Токи аста-секин ўсиб, кун келиб улар каби кучли бўлишимиз учун биз ўзимизнинг ким эканлигимизни аниқ тушунишимиз керак.

1000156378.jpeg



- Сўнгги Осиё кубогида Ўзбекистон гуруҳ босқичида Сурия билан ўйнаганида, анча қийин ўйин бўлганди. Бугун эса жамоангиз унчалик яхши ўйнамади. Саволим Айҳам Осу ҳақида — Ўзбекистонга қарши сўнгги ўйинда у майдондаги энг яхши ҳимоячилардан бири бўлганди, Ўзбекистон умуман гол ура олмаганди. Аммо бугун ҳимоя марказида ўйнаб, у жамоа билан биргаликда тўртта гол ўтказиб юборди. Таркибда шундай яхши ўйинчилар бўлишига қарамай, бугунги ҳимоя ўйинидан норозимисиз?

- Икки йил олдин Осиё кубогида ўйнаган 22 ўйинчидан нечтаси бугун асосий таркибда майдонга тушди? Менимча, фақат биттаси — дарвозабон Аҳмад Мадания. Қолган ўйинчилар — бу бутунлай бошқа таркиб. Шунинг учун биз бу икки жамоани солиштира олмаймиз, чунки ўйинчиларнинг аксарияти ҳозир бошқа. Бу иккита мутлақо бошқа-бошқа жамоалар. Ва мен ўз ўйинчиларим билан фахрланаман, чунки улар жуда катта куч сарфлашди.

Ўхшаш янгиликлар

Манба: championat.asia