Суперлига-2019. Йил рамзий терма жамоаси
05 дек 2019 19:22
Янгиликлар
Суперлига-2019. Йил рамзий терма жамоаси
Ушбу рамзий терма жамоага "Пахтакор"дан етти нафар футболчи киритилди. Шунингдек рамзий терма жамоадан "Бунёдкор", "Навбаҳор", АГМК ва "Локомотив" клубларидан бир нафардан футболчи жой олди.
Ўткир Юсупов ("Навбаҳор")
2019 йилги мавсумни Наманган клубида ўтказган Ўткир Юсупов Суперлигада 24та ўйин ўтказди. Шундан 8тасида посбон ўз дарвозасидан гол ўтказгани йўқ. 24та баҳсда Юсупов атиги 19та гол ўтказди холос. Бу Ўткир ҳар 114 дақиқада гол ўтказди деганидир. Якунига етган мавсумда Юсупов қўриқлаётган дарвоза томон ҳакамлар жами 5та пенальти белгилашди ва дарвозабон иккита пенальтини қайтаришга муваффақ бўлди. 2019 йилги мавсумда қолган ҳеч бир посбон иккита пенальтини қайтаргани йўқ.
Ҳожиакбар Алижонов ("Пахтакор")
Мавсум кашфиётларидан бири бўлган ўнг қанот ҳимоячиси бу йилги Суперлигада 21та ўйинда майдонга тушди ва 1та гол урди. Алижонов ҳимоядаги ишончли ҳаракатлари билан "шерлар"нинг чемпион бўлишига катта ҳисса қўшди.
Ислом Тўхтахўжаев ("Локомотив")
Тажрибали марказий ҳимоячи бу мавсум ишончли ҳаракат қилди. 24та баҳсда иштирок этган Тўхтахўжаев 4та гол уришга эришди. Бундан ташқари икки марта шерикларига самарали тўп узатди.
Егор Кримец ("Пахтакор")
"Пахтакор" клуби сардори мавсум давомида стабил ўйнади. Чемпионат давомида 21та ўйинда майдонга тушган Кримец 3та гол урди ва 4та голли пас берди.
Фарруҳ Сайфиев ("Пахтакор")
Фаолияти давомида илк бор Ўзбекистон чемпиони бўлган чап қанот ҳимоячиси. Суперлигада 24та ўйинда иштирок этган Сайфиев шерикларига 4та голли пас берди.
Одилжон Ҳамробеков ("Пахтакор")
Бу йилги Суперлигадаги энг тартибли ўйнаган таянч ярим ҳимоячиси. Рақиб ҳужумларини бузадиган футболчи 20та ўйинда майдонга тушди ва атиги 1та сариқ карточка олди. Бундан ташқари Ҳамробеков 3та голга ҳаммуаллифлик қилди.
Нурилло Тўхтасинов ("Бунёдкор")
"Қалдирғочлар" сафида айниқса мавсумнинг ҳал қилувчи палласида ажойиб ўйин кўрсатган ярим ҳимоячи. Тўхтасинов чемпионат давомида 24та баҳсда иштирок этди ва 6та гол уришнинг уддасидан чиқди. Шу билан бирга яна 5та гол урилишида қатнашди. Нурилло Суперлиганинг охирги 4та турида энг муҳим голларни уришга эришди ва "Бунёдкор"нинг бронза медалларини қўлга киритилшида муҳим ўрин тутди.
Жалолиддин Машарипов ("Пахтакор")
2019 йилги Суперлигада энг кўп голли пас берган футболчи. Машарипов чемпионатда 25та ўйинда қатнашиб рақиб дарвозасига 4та гол урди. Бундан ташқари шерикларига 16та голли пас бериб бу борада рекордчига айланди. Гол+пас тизимида Машарипов чемпионатда иккинчи бўлди. Биринчи ўрин эгаси ҳақида пастроқда маълумот берилади.
Достонбек Ҳамдамов ("Пахтакор")
Фаолиятида биринчи марта Ўзбекистон чемпиони бўлган ярим ҳимоячи. Бу мавсумда 22та ўйинда майдонга тушган ярим ҳимоячи рақиблари даврозасига 7та тўп киритишга эришди ва шерикларига 2та голли пас берди.
Драган Черан ("Пахтакор")
Бу мавсум Суперлиганинг энг яхши тўпурари. Сербиялик футболчи 24та ўйинда майдонга тушди ва 23та гол уришга муваффақ бўлди. Черан 5та гол урилишида шерикларига ёрдам берди ва гол+пас тизимида 28 очко тўплаб бу борада ҳам биринчи бўлди.
Зафар Полвонов (АГМК)
34 ёшли ҳужумчи фаолиятидаги энг сермаҳсул мавсумини 2019 йилда ўтказди. Суперлига доирасида 19та учрашувда майдонга тушган Полвонов рақиблари дарвозасига жами 15та гол урди. Ҳужумчи 2019 йилги Суперлигада битта учрашувда 5та гол урган ягона футболчига айланди. Йил сўнггида Полвонов умумий голлари сонини 100тадан оширди ва "Красницкий номидаги тўпурарлар клуби" аъзосига айланди.
Фикрлар