Рашид Ғофуров: "Футболда 1:0 – жуда қалтис ҳисоб"

Оқил Абдубарноев
31 май 2026, 22:24
Пролига 8-тур доирасидаги "Яйпан" — "Республика ФА" (1:0) ўйинидан сўнг мезбонлар бош мураббийи Рашид Ғофуров матбуот анжуманида иштирок этди.

– Бугунги ўйин ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларингизни билдириб ўтсангиз.

– Тўғрисини айтсам, бугунги ўйиндаги ғалаба бизга жуда ҳам керак эди. Айниқса, "Сурхон" жамоасидан учралган мағлубият кейин бу муҳим аҳамиятга эга эди. Йигитларимизда барибир ёшлик қилди, руҳий-психологик жиҳатдан рақибларнинг ёш экани уларнинг миясига ўрнашиб қолган эди. Шу сабабли, йигитлар майдонга юз фоиз бор кучи билан чиқишмади ва бунинг ҳисобига гол уришга бироз қийналдик. Лекин барибир ўйин назорати бизнинг қўлимизда бўлди. Биринчи бўлимда ҳам, иккинчи бўлимда ҳам кўплаб вазиятлар яратилди. Агар ўша вазиятлардан вақтида фойдаланганимизда, бунчалик қийинчиликка дуч келмас эдик. Йигитларимиз ўзларига ўзлари қийинчилик туғдиришди, вазиятлардан тез ва унумли фойдаланишга ҳаракат қилишмади. Футболда 1:0 – жуда ҳам қалтис ҳисоб саналади. Нима бўлганда ҳам, ғалаба қозондик ва шундан хурсандмиз. Мухлисларимизни ҳам ғалаба билан табриклайман, чунки улар буни кутишган эди. Сафар ўйинига жўнаб кетишдан олдин бизга бу ғалаба жуда зарур эди. Худо хоҳласа, олдимизда яна иккита-учта ўйин бор, уларда ҳам ғалаба қозониб, таътилга яхши кайфиятда юзланишга ҳаракат қиламиз.

– "Республика футбол академияси" жамоаси ўйинларига эътибор берсак, кучли рақибларга қарши мутлақо бошқача ва мазмунли ўйин кўрсатяпти. Бугун ҳам негадир шу анъана кузатилдими, умуман олганда, гол уришда нега бунчалик қийинчилик бўлди?

– Албатта. Четдан томоша қилганлар уларни ёш болалар деб ўйлаши мумкин, аммо булар шунчаки ёш болалар эмас, балки республика бўйича энг истеъдодли ёшлар йиғилган академия тарбияланувчилари ҳисобланади. Улар – бизнинг келажагимиз. Терма жамоа аъзоларининг ҳам 90 фоизи шу йигитлардан иборат. Биз ҳам ҳозир худди "Металлург" сингари руҳий ҳолатга тушиб қолдик. "Металлург" жамоаси ўз майдонидаги илк ўйинида қандай ўйлаган бўлса, биз ҳам бугун шундай ҳолатга тушдик. "Металлург" – чемпионлик вазифаси қўйилган, очко олиши шарт бўлган жамоа. Бу шуни англатадики, 90 дақиқа ичида ютиб кетиш қийин бўлган бундай жамоа футбол ўйнашни билади. Бу ҳали кўпчиликка бошоғриқ бўладиган жамоа. Шахсан менга "Металлург", "Шўртан", "Каттақўрғон" каби жамоалар билан ўйнаш осонроқ. "Ғазалкент", "Пахтакор-фарм" ва "Республика футбол академияси" каби жамоалар билан ўйнашда қийналяпмиз. Сабаби уларнинг ўз футбол мактаби бор. Палапартишлик йўқ. Шунинг учун улар билан ўйнаш анча қийин кечмоқда. Ҳозирги вақтда ҳеч ким уч очкони осонликча тутқазиб қўймаяпти.

– Еттинчи рақамдаги ҳужумчингиз ўйинида озгина пасайиш сезгандик. Бу нима билан боғлиқ бўлиши мумкин?

– Пасайиш? Нима десам экан, у терма жамоа йиғинидан қайтгунича биз учта ўйин ўтказдик. Терма жамоада унга ўйин амалиёти камроқ берилган, шунинг ҳисобига ҳозирча тўлиқ ўйин ритмига киришиб кета олмаяпти. "Сурхон" билан ўйинда тўлиқ иккинчи таркибни туширган бўлсам ҳам, унинг амалиёти ошиши учун бир бўлим ўйнатган эдим. Бугун ҳам унинг тезроқ ўз спорт формасига қайтиши учун имконият бердим ва иккинчи бўлимда алмаштиришга қарор қилдим. Буларнинг барчаси у тезроқ етишиб олиши учун қилинаётган ишлар. Ўйин амалиёти камлиги ҳозирча яққол билиниб турибди. Лекин бугун ўзи ҳам иккита-уста яхши вазият ярата олди. Терма жамоага борганда 15-20 дақиқа ўйнаш билан икки бўлим тўлиқ ҳаракат қилишнинг жуда катта фарқи бор. Шунинг учун ҳозир унга ўйинга тўлиқ киришиб кетиш қийинроқ кечяпти. Худо хоҳласа, кейинги ўйинларда у ўз даражасига етиб олади.

– Дарвозабон Озодбек Маърупов ҳозир ўзини жуда яхши кўрсатмоқда. Суперлига жамоалари уни кузатаётгани аниқ. Мабодо Озодбекка яхши трансфер таклифлари тушса, қўйиб юборасизми? Жамоада унинг ўрнини боса оладиган муносиб дарвозабон борми?

– Албатта. Агар қониқтирадиган даражадаги таклиф бўладиган бўлса, бемалол қўйиб юборамиз. Биз ўзи бу жамоани шунинг учун ҳам ташкил қилганмиз. Лойиҳамизнинг асосий мақсади шундан иборатки, агар йигитларимиз биздан-да юқори даражадаги жамоалардан таклиф оладиган бўлса, биз уларга албатта имконият берамиз. Бизнинг вазифамиз – чемпион бўлиб, Пролигадан Суперлигага чиқиш эмас. Асосий мақсад – ушбу лойиҳага жалб этилган ёшларни тарбиялаб, кучли жамоаларга етказиб бериш. Агар ўз устида ишласа, нафақат Озодбекка, балки қолган барча футболчиларимизга ҳам эшик очиқ. Барчаси фақат ўз меҳнатига боғлиқ. Ҳозирнинг ўзида ҳам иккита-учта ўйинчимизга таклифлар йўқ эмас, лекин ҳозирги вақтда буни амалга оширишнинг имкони йўқ. Чунки ҳеч бўлмаганда биринчи давра ўйинлари якунланиши керак.

Ўхшаш янгиликлар


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: Championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›