UZ

Сўнгги янгиликлар

22:17Янги футзал федерацияси раҳбари қандай ваъдалар берди?  0 21:46ПСЖ АПЛдан ҳужумчи олиши мумкин  0 21:15"Арсенал" Гёкереш борасида бир қарорга келди  4 20:41"Тоттенхэм" Сон Хён Мин билан хайрлашиши мумкин  2 20:17"Бавария" "Боруссия Д" вингерига даъвогар  0 19:581 йилдан бери гол урмаётган Грилиш "Сити"дан кетиши мумкин  2 19:52Санжар Турсунов — "Локо"нинг тушиб кетиши, Бердиевни табриклагани, клубдаги мантиқсиз ишлар ва келажаги ҳақида   5 19:35МЮ Брунунинг ходимлар харажатларини тўлаш таклифини рад этгани маълум бўлди  2 19:20Расман: Ўзбекистон футзал федерацияси ташкил этилди. Унинг раҳбари ҳам маълум  7 19:10Баҳодир Сейткамолов: "Мени Сейткамолов қилган "Навбаҳор" бўлади, Россияда юрдим лекин футболни соғиндим"  10 18:46БМБ футзал клуби раҳбариятида ўзгариш рўй берди  1 18:25"Ливерпуль" Венгрия терма жамоаси ҳимоячиси билан шартнома имзоламоқчи. Унга МЮ ва "Челси" ҳам даъвогар  0 17:58"Ланс" 17 ёшли иқтидорни 2 млн еврога сотиб олади  2 17:32Расман: Игорь Сергеев – "Пахтакор" аъзоси!  22 17:24Расман: Оскар Бразилияга қайтди  4

"Шерлар" "катта ов"га чиқишмоқда Янгиликлар

"Шерлар" "катта ов"га чиқишмоқда

Ниҳоят, бугун ОЧЛ марказлашган ўйинлари старт олади.

Мусобақанинг "B" гуруҳидан ўрин олган Ўзбекистон чемпиони "Пахтакор" Саудия Арабистони чемпиони ва Чемпионлар лигасининг амалдаги ғолиби "Ал Ҳилол" билан куч синашади.

Ҳужум қилишдан чарчамайдиган "Ал Ҳилол"

"Ал Ҳилол" Осиёнинг энг кучли жамоаси, амалда ҳам шундай. Ҳар бир чизиқда кучли ўйинчилар йиғилган, захираси кенг ва кучли. Шу сабаб Рэзван Луческу доим ротация қилади. Жамоанинг охирги ўйинларига назар соладиган бўлсак фақатгина ҳужумкор ўйинчилар алмашмайди. Ўнг қанотда Каррильо, чапда тиниб-тинчимас Салим Ал Довсари, ҳужум ортида Жовинко ва энг олдинда Бафетимби Гомис. Қолган барча чизиқларда доимо ротацияга қўл урилади.

Мураббий қўл остида уч нафар ажойиб қанот ҳимоячилари бор. Улардан Ёсир Ал Шаҳрони ва Мадаллаҳ Али Ололаян ҳар икки қанотда ҳаракат қила олади. Муҳаммад Ал Бурайк эса ўнгда ўйнайди. Айни уч ҳимоячи алмашиб тўп тепади. Бугун Ал Бурайк коронавирусга чалинганлардан бири эканлиги ҳақида хабар бергандик. Демак, ҳимоянинг ўнгида Ололаян, чапида Шаҳрони бўлади. Одатда мураббийлар марказий ҳимояда кўп ҳам ротация қилавермайдилар. Аммо, бугун тўқнаш келадиганлар бундан мустасно. Арвеладзе ҳам, Луческу ҳам бу чизиқда тез-тез ўзгартиришларга қўл уради. "Ҳилол"нинг охирги беллашувларини кузатиб чиқар экансиз, айнан қайси икки ҳимоячи асосий таркибда тушишини аниқ айтиб бера олмайсиз. Жан Хюн Су бошланғичда бўлиши деярли аниқ, унга эса Али Ал Булайҳи, Абдуллоҳ Ал Ҳафиз ва Муҳаммад Жаҳфалидан бири шерик бўлади. "Пахтакор" иккинчи қаватда яхши эканлигини инобатга олсак, саудияликлар устози нисбатан бўйи баландроқ ва бош билан яхшироқ ҳаракатланадиган Ал Ҳафизни танласа керак.

Рэзван жаноблари иккита марказий ярим ҳимоячи билан ўйнашни ёқтиради. Бунда улардан бири кўпроқ ҳимояланишга, иккинчиси кўпроқ ҳужумга ўтишга мослашган бўлади. Бу томонлама ҳам худди "Пахтакор"га ўхшаш ҳолат. Жамоа таркибида марказий ярим ҳимоячилар кўп ва улар доимо алмашиб тушишади. Аммо, колумбиялик Густаво Гуеллар лимит сабаб "заявка" қилинмаган бўлса, клуб афсонаси Ал Шалҳубдан кейинги сардор Салмон Ал Фараж Covid-19га топширган тести ижобий чиққани боис карантинда. Демак, бугун рақиб марказдаги энг кучли икки футболчисисиз тушади.


"Ал Ҳилол"нинг бугунги ўйинга тахминий таркиби:

4-2-3-1

Дарвозабон: 1.Абдуллоҳ Ал Муайуф.

Ҳимоячилар: 23.Мадаллаҳ Али Ололаян, 20.Жан Хюн Су, 17.Абдуллоҳ Ал Ҳафиз, 12.Ёсир Шаҳрони.

Ярим ҳимоячилар: 28.Муҳаммад Канно, 16.Носсир Ал Давсари, 19.Андре Каррильо, 29.Салим Ал Давсари, 9.Себастьян Жовинко.

Ҳужумчи: 18.Бафетимби Гомис.

Ҳар ҳолда ҳозирги ҳолатдан келиб чиқсак, риёдликларнинг энг кучли таркиби айнан шундай.


Муҳим ўйинга йўқотишларсиз етиб келган "Пахтакор"

Мамлакатимиз чемпиони Чемпионлар лигасининг муҳим палласига йўқотишларсиз етиб келди. Аксинча, узоқ вақт жароҳатини даволаш билан машғул бўлган Жавоҳир Сидиқов, Акром Комилов ва Садриддин Абдуллаев сафга қайтишди ва ўйнашга ҳам улгуришди. Сидиқов ва Комилов анча формага кириб олди. Доҳага келишдан олдин Суперлиганинг 3 ўйинида Шота Арвеладзе етарлича ротацияларга қўл урди. Одатда, бошланғич таркибга унчалик кўп ўзгартириш киритавермайдиган Шота Арвеладзе ОЧЛ олдидан аксинча йўл тутди. Яъни, деярли ҳаммага имкон берди ва бу орқали кимлар тайёр эканлигини кўриб олди.

Бугун ҳимоянинг қанотларини Ҳожиакбар Алижонов ва Фарруҳ Сайфиевлар эгаллаши эҳтимоли катта. Марказий ҳимояда Анзур ва Егорни кўрсак керак. Чунки, Шерзод Аъзамов яқиндагина микро жароҳатдан қутулди ва кескин кураш кечиши кутилаётган ўйинда уни тушириш бироз таваккал бўлиб қолиши мумкин. Ҳимоячи мутлақо тўлиқ тикланиб олиши зарур. Биз жамоа машғулотларига кира олмаймиз, шу сабаб унинг ҳозирги ҳолатидан бехабармиз. Балки, у аллақачон тўлиқ тикланиб олгандир. Буни вақт кўрсатади.

"Пахтакор" футболчиларининг ОЧЛдаги тўлиқ статистикаси (эксклюзив маълумот)

Марказий ярим ҳимояда Ҳамробеков ва Собирхўжаев жуфтлигини кўришга ўрганиб қолганмиз, бугун ҳам катта эҳтимол шундай бўлади. Аброр Исмоилов ҳам охирги пайтларда жуда яхши таассурот қолдирмоқда, унинг ўйинида ўсиш кузатилди. Шу сабаб захирадан тушган пайтда ўйинни бузиб қўймаяпти, аксинча кучайтирмоқда.

Ҳужумкор тўртликда Ҳамдамов, Машарипов, Черан ва Сергеев тушиши эҳтимоли юқори. Суперлигада Шота Сидиқовни кўп бор майдонга туширди ва "тилла бола" формага кириб бормоқда. Лекин, кескин якка курашларда Ҳамдамов нисбатан чидамлироқ ва рақиб жарима майдони атрофида очилишда ҳам Достон фаолроқ бўлади. Жавоҳир эса ўша яхши очиладиган шерикларига чиройли паслар беришни қойиллатади. Бугунги ўйин учун тахминий таркиб ёзаётганимда Ҳамдамов торози палласини кўпроқ босди. Черан ва Машарипов масаласида тортишиш шарт эмас. Бири жамоанинг мияси бўлса, иккинчиси юраги. Ҳужумда эса бугунги кунда ҳар томонлама кучлироқ ва яхшироқ ҳолатда бўлган Игорь Сергеев эгалласа керак. У ҳимоячиларга босим ўтказишда ҳам Дердийокдан анча устун. Майдонда тинимсиз меҳнат қиладиган Игорни бошланғичда кўрсак керак.


"Пахтакор"нинг бугунги ўйинга тахминий таркиби:

4-2-3-1

Дарвозабон: 25.Элдорбек Суюнов.

Ҳимоячилар: 3.Ҳожиакбар Алижонов, 5.Анзур Исмоилов, 15.Егор Кримец, 34.Фарруҳ Сайфиев.

Ярим ҳимоячилар: 20.Одил Ҳамробеков, 27.Сардор Собирхўжаев, 17.Достон Ҳамдамов, 9.Жалолиддин Машарипов, 10.Драган Черан.

Ҳужумчи: 11. Игорь Сергеев.


"Ал Ҳилол"нинг тезкор ҳужумлари кучлими ёки "Пахтакор"нинг ўйини?

Луческу жамоаси ҳужум қилишдан чарчамайди. Тезкор қанот ўйинчилари ҳисобига жамоа жуда тез олдинга ўтади. Қанот ҳимоячилари ҳам, вингерлар ҳам тез ва дриблинги яхши ўйинчилар. Ҳужумларни назорат қилишни эса Жовинко қойиллатади. Италиялик ОЧЛда 2019 йил бошидан бери энг кўп вазият (36 та) яратган ўйинчи. "Пахтакор"нинг мияси Черан бўлса, рақибларда Жовинко. Ҳужумдаги тўртлик бир-бирини жуда яхши тушунади, кутилмаган кесма паслар улар учун одатий ҳол. Гомис эса исталган нуқтадан зарба йўллайдиган ажойиб ҳужумчи. "Пахтакор" ҳимоячилари унга зарба бериш имконини бермасликлари жоиз, Гомис салгина имкон бўлса ҳам кучли зарба йўллайди. Тепишга бермаслик керак.

"Ҳилол"нинг кучли томонларини санадик, энди кучсиз томонига ҳам тўхталсак тўғри бўлади. Айни шу бугунги кунда энг катта муаммо жамоанинг марказида. Шу жойда энг кучли ва асосий икки ўйинчи (Ал Фараж ва Гуеллар) йўқлигини тепароқда ёздим. Демак, "Пахтакор" айнан марказда устунликни ўз қўлига олиши мумкин ва бу умумий ўйин картинкасига ҳам таъсир қилмай қолмайди. Бунга фақат Жовинконинг маҳорати ҳалал бериб қолиши мумкин. "Кичик ақлли"нинг эркин ўйнашига бермаслик орқали яхшигина устунликка эришиш мумкин. Саудияликларнинг яна бир кучсиз жиҳати - иккинчи қават. Жамоа ички чемпионатда ўтказиб юборган охирги голларга қарайдиган бўлсак, улар оёқдан кўра бош билан кўпроқ гол ўтказиб юборишган. Иккинчи қаватда зўр ҳаракатланадиган рақиб уларга етарлича муаммо туғдириши мумкин.


"Пахтакор" ана ўша жамоа. Шота бугунгача деярли барча шогирдларини ўйинда синаб олди ва керакли хулосаларни чиқаргани аниқ. "Шерлар"га асосий хавф ҳар икки қанотдан ва Жовинконинг пасларидан келади. Жуда тез ва юқори дриблингли қанот ўйинчиларини тўхтатиш осон бўлмаслиги аниқ. Ҳимоячиларга куч-қувват тилаб қоламиз.

Тошкентликлар ўйинни назорат қилишни ёқтиришади, агар тўп назорати шогирдларида бўлмаса мураббий асабийлашади. Суперлигадаги август ва сентябрь ойидаги ўйинлардан келиб чиқсак, "шерлар"нинг ўйини фақат ўсиб борди. Бу Чемпионлар лигасида қўл келиши керак. Рақибда Жовинко пасларни маромига етказса, "Пахтакор"да Черан ҳам ундан қолишмайди. Уларда Салим Ал Довсари ҳимоячиларни алдайвериб, югуртиравериб чарчатиб ташласа, бизда Жалолиддин Машарипов керак бўлса ҳимоячилар устидан кулиб ўйнай олади. Уларда Гомис жуда кўп гол урса, бизда Сергеев кетма-кет голли серияни давом эттириб келмоқда. Уларда Гуеллар ва Ал Фараж йўқ бўлса, бизда Ҳамробеков ҳамда Собирхўжаев жойида.

ОЧЛ. "Ал Ҳилол" - "Пахтакор" ўйинига оид қизиқарли маълумотлар

Бир-бирига жуда ҳам муносиб рақиблар тўқнашуви. Уларнинг тактик схемаси ҳам бир хил — 4-2-3-1. Менимча, бу турда бундан яхшироқ ва кучлироқ қарама-қаршилик йўқ. Бу турнинг марказий ўйини, сўзсиз.

Тунда уҳлаб қолманг, афсусланмайсиз!

Муаллиф : Tolibjon Qosimov
Рейтинг: +12   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика