UZ

Сўнгги янгиликлар

22:17Янги футзал федерацияси раҳбари қандай ваъдалар берди?  0 21:46ПСЖ АПЛдан ҳужумчи олиши мумкин  0 21:15"Арсенал" Гёкереш борасида бир қарорга келди  4 20:41"Тоттенхэм" Сон Хён Мин билан хайрлашиши мумкин  2 20:17"Бавария" "Боруссия Д" вингерига даъвогар  0 19:581 йилдан бери гол урмаётган Грилиш "Сити"дан кетиши мумкин  2 19:52Санжар Турсунов — "Локо"нинг тушиб кетиши, Бердиевни табриклагани, клубдаги мантиқсиз ишлар ва келажаги ҳақида   5 19:35МЮ Брунунинг ходимлар харажатларини тўлаш таклифини рад этгани маълум бўлди  2 19:20Расман: Ўзбекистон футзал федерацияси ташкил этилди. Унинг раҳбари ҳам маълум  7 19:10Баҳодир Сейткамолов: "Мени Сейткамолов қилган "Навбаҳор" бўлади, Россияда юрдим лекин футболни соғиндим"  10 18:46БМБ футзал клуби раҳбариятида ўзгариш рўй берди  1 18:25"Ливерпуль" Венгрия терма жамоаси ҳимоячиси билан шартнома имзоламоқчи. Унга МЮ ва "Челси" ҳам даъвогар  0 17:58"Ланс" 17 ёшли иқтидорни 2 млн еврога сотиб олади  2 17:32Расман: Игорь Сергеев – "Пахтакор" аъзоси!  22 17:24Расман: Оскар Бразилияга қайтди  4

Санжар Шоаҳмедов: «Гол уриш учун ҳужумчи бўлиш шарт эмас» Янгиликлар

Санжар Шоаҳмедов: «Гол уриш учун ҳужумчи бўлиш шарт эмас»

«Локомотив» ярим ҳимоячиси Санжар Шоаҳмедов якунига етган мавсум кашфиётларидан бирига айланди.

Етти йил мобайнида «Олмалиқ» шарафини ҳимоя қилган истеъдодли футболчи жорий йил аввалида Тошкент клубига кўчиб ўтган ва «темир-йўлчилар» билан бир йиллик шартномага имзо чекканди. Унинг статистикаси янги клубга нечоғли тез киришиб кетганидан далолат бериб турибди. Чемпионлик учун курашаётган жамоа таркибидаги дебют мавсумдаёқ фақат чемпионатнинг ўзида 14та гол уриш - ярим ҳимоячи учун ажойиб кўрсаткич. Натижада «Локомотив» тарихидаги энг яхши тўпурарлар рўйхатида олтинчи ўринга кўтарилиб олди. Шунингдек, энг кўп ўйин ўтказиш борасида ҳам унга тенг келадигани топилмади: 29та учрашувда 2493 дақиқа ҳаракат қилди. Дарвоқе, энг интизомли футболчи номи ҳам унга тегишли: 29та ўйинда бирор марта огоҳлантириш олмади. Мавсум якунлангач, Санжарнинг клуб билан тузган шартномаси муддати ниҳоясига етди. Табиийки, омадли мавсумдан сўнг унга бўлган қизиқиш янада ортди. Маълумотларга қараганда, Шоаҳмедовга БАА, Малайзия ва Хитой клубларидан таклифлар тушган. Ушбу маълумотни у билан уюштирилган суҳбат чоғида футболчининг ўзи ҳам тасдиқлади.

- Санжар, дастлаб чемпионат якунлари ҳақида суҳбатлашсак...

- Мавсум турли таассуротларга бой тарзда кечди. «Локомотив» раҳбарияти жамоа олдига чемпионлик вазифасини қўйганди. Лекин бу режамиз амалга ошмай, кумуш медаллар билан чекландик. Шахсий фикрим, вице-чемпионлик ҳам ёмон натижа эмас, зеро кейинги йили тўғридан-тўғри ОЧЛнинг гуруҳ босқичида иштирок этамиз. Насиб қилса, келаси мавсум Ўзбекистон чемпиони бўлишга ҳаракат қиламиз.

- «Олтинлар» учун кураш сўнгги тургача давом этди. Лекин Қўқонда бой берилган икки очко жамоангизни чемпионликдан бебаҳра қолдирди. Шундайми?

- Бу фикрга қўшиламан. Қўқонда 2:0 ҳисобидаги ғалабани ўйин охиригача ушлаб қололмадик. Тўғри, бошқа учрашувларда ҳам очколар бой берилди. Лекин бизни айнан «Қўқон-1912» чемпионликдан маҳрум қилди, деб бемалол айта оламан. Ваҳоланки, ўша турда «Пахтакор» сафарда «Бунёдкор»га енгилганди. Ғалаба қозонганимизда, мавсум охиригача чемпионлик масаласи ўз қўлимизда сақланиб қоларди. Афсус, ўша дурангнинг жуда аламли бўлгани ҳозир жуда-жуда билиняпти. 29-турга келиб ҳам чемпионликдан умид узмагандик: Қаршида «Пахтакор»нинг очко йўқотишини кутгандик, аммо...



- Ўзбекистон кубоги ярим финалида «Насаф»га имконият бой берилди. Якунда қаршилик футболчилар клуб тарихида илк маротаба мамлакат кубогига эга чиқишди. Бу жамоадан ўтиш мумкинмиди?

- Дастлабки ўйинда қайд этилган ҳисоб (2:0) «аждарлар»нинг имкониятини кескин оширди. Жавоб учрашувида битта тўп киритдик. Шундан ке-йин ҳам Элдор Суюнов қўриқлаётган дарвозани ишғол қилиш учун етарлича имкониятлар юзага келди. Афсуски, вазиятлардан унумли фойдалана билмадик. Бунга аксарият ҳолларда меҳмонлар ҳам йўл қўйишмади. «Насаф» - кучли жамоа. Финалга чиқсак бўларди, лекин бу футбол, унда ҳамиша ғалаба қозонишнинг иложи йўқ. Кўп нарса омадга ҳам боғлиқ.

- Жорий мавсум шахсан ўзингиз учун омадли келди. Футболчи сифатида анча ўсишга эришдингиз...

- Албатта. Етти йил давомида «Олмалиқ»да ўйнадим, Игорь Анатольевич қўл остида улкан тажриба тўпладим. Қайсидир маънода бу клуб катта футболда мен учун трамплин вазифасини ўтади. «Локомотив» сафига қўшилишим эса фаолиятимда туб бурилиш ясади. Чемпионат кумуш медалига эга бўлдим. Қитъамизнинг клублар миқёсидаги энг нуфузли турнири - ОЧЛда иштирок этдим. Энг муҳими, миллий терма жамоадан чақирув олдим. Яна бир қувонарли ҳолат, 14та гол билан «Локомотив» тўпурарига айландим, олий лига голеадорлари орасида кучли учликка кирдим. Бу мавсумни асло унутмайман.

- Албатта, ярим ҳимоячи учун ажойиб кўрсаткич...

- Табиийки, дарвозани ишғол қилишда жамоадошларим кўмагига таяндим. Аслида, ярим ҳимоячининг вазифаси - ҳужумчиларга тўп етказиб бериш. Лекин қулай вазият туғилганда ўзим зарба беришга интилдим ва бу уринишлар аксарият ҳолларда самарали якунланди. Умуман олганда эса, киритган голларимда шерикларимнинг ҳиссаси катта. Фурсатдан фойдаланиб, уларга миннатдорчилик билдираман.

- Шахсан сизга қайси позицияда ҳаракат қилиш маъқулроқ? Балки соф ҳужумчи сифатидаги салоҳиятингизни ҳам синаб кўрарсиз?

- Ўзимга қолса, ҳужумчи ортида ўйнасам, дейман. Ёшлигимдан шу чизиқда ҳаракат қиламан. Фикримча, гол уриш учун ҳужумчи бўлиш шарт эмас.

- Қизиқ факт шундаки, ўсмирлар, ёшлар ва олимпия термаларида ўйнамай туриб, тўғридан-тўғри бош жамоага таклиф этилдингиз. Биринчи таассурот қандай бўлди?

- Ҳақиқатан ҳам, миллий термамиздан чақирув олгунимга қадар бошқа ёшдаги термаларда ўйнамаганман. Бу хабарни эшитиб жуда хурсанд бўлдим. Ахир бош жамоа либосини кийишни ким ҳам орзу қилмайди, дейсиз? Биринчи кунданоқ машғулотларга астойдил киришдим. Берилган имкониятдан фойдаланиб қолишим керак эди. Терма жамоадаги муҳит аъло даражада экан. Айниқса, юлдуз футболчиларимиз - легионерлар билан бирга машғулот ўтказишдан катта таассурот олдим. Машғулотлар жуда қизиқарли, клубдагидан фарқ қилади. КХДР ва Яман термаларига қарши кечган учрашувларда ишончли ғалабаларга эришилди. Гуруҳнинг сўнгги икки учрашувида ҳам зафар қучиб, сўнгги босқичга биринчи ўринда чиқишимиз керак. Ўйлайманки, бугунги кунга келиб анча шаклланган терма жамоамиз бу вазифани бажаришга қодир. ЖЧ-2018 йўлланмалари учун кечадиган сўнгги босқичда Япония, Жанубий Корея, Австралия ва Эрон каби қитъамизнинг кучли жамоалари қатнашишади. Бизни янада мураккаб ўйинлар кутиб турибди. Аслида, қитъамиздаги деярли барча термалар кучайиб боришмоқда. Таиланд, Хитой, Қатар, Саудия Арабистони каби жамоалар ҳам ўз олдиларига жиддий вазифаларни қўйишган. Ўйлайманки, сўнгги босқич ўйинлари мухлисларни асло зериктирмайди.

- Биздаги маълумотларга кўра, бу йилги омадли иштирокдан сўнг сизга хориж клубларидан таклифлар бўлаёган экан. Айнан қайси жамоалар қизиқиш билдиришяпти?

- Менимча, хориж клубларида легионер мақомида ўйнашни ҳар бир футболчи истаса керак. Орзуим ўзига яраша нуфузга эга хориж жамоалари сафида ўйнаш эди. Сиз айтгандек, бир нечта ана шундай таклифлар тушяпти. Клуб раҳбарияти билан уларни кўриб чиқамиз. Малайзия, Хитой, БАА клублари мени ўз сафларига қўшиб олмоқчилар. Айнан қайси жамоалар чақираётганини сир тутганим маъқул бўлса керак. Тез орада бу масалага ойдинлик киритилади.



- «Локомотив» билан тузган шартномангиз муддати якунига етди. Балки ўзингизни бошқа чемпионат ва клубда синаб кўрарсиз?

- Мен ҳам шу ҳақда ўйлаяпман. Лекин бошқа томондан «Локомотив» келаси йили ОЧЛнинг гуруҳ босқичида иштирок этади. Ана шу нуфузли мусобақада ўзимни кўрсатиш имкониятига эга бўламан. Ҳозир таътилдамиз. Тез орада бу масалага ойдинлик киритилади. Албатта, биринчи навбатда клуб раҳбарияти билан келишган ҳолда бир қарорга келамиз. Бундан биринчи галда клубим ҳам манфаатдор бўлиши керак.

- Санжар Шоаҳмедовнинг миллионлар ўйинига кириб келиши қандай кечган?

- Эсимни таниганимдан бери футбол ўйнайман. Ҳамма болалар қатори мен ҳам маҳаллада кўча чангитиб тўп тепганман. Етти ёшимда отам мендаги қизиқишни кўриб, футбол мактабига олиб борганлар. Биласизми, бу аввалига менга ёқмаган. Шунчаки ҳаваскор сифатида ўйнайман, келажакда бошқа касбни танлайман, деб юрардим. Лекин икки марта машғулотга бориб, профессионал тарзда шуғулланганимдан кейин футболга қизиқишим кескин ортган. Игорь Казаков менинг биринчи мураббийим бўладилар. Кейинчалик Виталий Денисовнинг отаси Геннадий Денисовдан ҳам жуда кўп нарса ўргандим. Энг катта ёрдам берган мутахассислардан яна бири бу Шквириндир. «Олмалиқ»да ҳақиқий футболчи бўлиб шаклланишимда Игорь Анатольевичнинг ҳиссаси беқиёс. Устозларимдан бир умрга миннатдорман.

- Ҳар бир ёш футболчининг ўзига яраша ҳавас қилган ўйинчиси, яъни кумири бўлади. Сиз кимларга ўхшашни хоҳлагансиз?

- Ёшлигимдан то бугунги кунгача Хавининг ўйинларини катта иштиёқ билан томоша қиламан. Испаниялик футболчини кумирим, деб ҳисоблайман. У ҳам марказий ярим ҳимояда ўйнайди. Айни пайт Қатар юлдузлар лигасида тўп суряпти. Табиийки, клублардан «Барселона»га мухлислик қиламан.

- «Реал»га қарши кечган сўнгги «Эль Классико» сиз учун байрамга айланибди-да?..

- Албатта (кулади). «Сантьяго Бернабеу»да кечган учрашувни мириқиб томоша қилдим. Севимли жамоангиз ғалаба қозонса, барибир, яхшида. Айниқса, бундай нуфуздаги ўйинларда принципиал рақибни унинг майдонида йирик ҳисобда мағлуб этиш ҳар томонлама ёқимли. Менимча, ўша куни «Барселона» кучлироқ кўринди. Буни таблодаги якуний ҳисоб ҳам намоён этди. Шунчаки, «Реал»нинг ўйини қовушмади. Қолаверса, «Барселона» футболчилари рақибнинг эркин ўйнашига имконият беришмади. Баҳс бошиданоқ майдонда ҳукмронликни қўлга олган каталонияликлар якунда ишончли ва ҳақли ғалабага эришишди. Мессининг жароҳатидан фориғ бўлиб, сафга қайтгани ҳам мухлисларни хурсанд қилди. Месси-Суарес-Неймар триоси майдонда кўп нарсани ҳал қилмоқда. Шунга қарамай, «Барса»ни чемпионлик билан табриклашга анча эрта. Мавсум ҳали узоқ давом этади, олдинда учрашувлар кўп. «Барселона» қаердадир қоқилиши мумкин. Бундан ташқари, Мадриднинг иккинчи жамоаси - «Атлетико» ҳам нияти жиддий эканлигини исботлашга уриняпти.



- Ўзбекистон чемпионати якунига кўра, мавсумнинг уч нафар энг яхши футболчисини аниқлаб берсангиз. Бу сизнинг шахсий танловингиз бўлади.

- Легионерларимиздан Одил Аҳмедов, Виталий Денисов ва Сардор Рашидов, миллий чемпионатимиздан эса Достон Ҳамдамов, Игорь Сергеев ва катта Жасур Ҳасановни кучли учликда кўришни истардим. Айниқса, Ҳамдамов ёш бўлишига қарамай, бу йилги мавсумни кўтаринки руҳда ўтказди. Уни Осиёда ҳам тан олишди. Янги Зеландияда ўтган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида кўрсатган ўйинлари, «Бунёдкор» клубидаги тўпурарлик қобилияти, ҳаммаси бир бўлиб қитъанинг энг яхши ёш футболчиси бўлишига замин яратди. Игорь Сергеев чемпионат тўпурарлигини қўлга киритди, бугунги кунда миллий термамизнинг биринчи рақамли ҳужумчисига айланди. Жамоадошим Жасур Ҳасанов ҳам ўзидан ёрқин таассурот қолдирди. Жаҳон футболидан эса Лионель Месси, Криштиану Роналду ва Неймарни кучли учликка қўяман.

- Мураббийлардан-чи?

- Ўринларини айтмайман. Шунчаки кучли учликда Рўзиқул Бердиев, Самвел Бабаян ва Игорь Шквириннинг номини кўришни хоҳлардим. Аслида, йилнинг энг яхши футболчиси ва мураббийи кимлар эканини журналистлар берган овозлардан сўнг билиб оламиз.

БИЗНИНГ МАЪЛУМОТ

Санжар Шоаҳмедов - 1990 йилнинг 23 сентябрь куни Тошкент шаҳрида туғилган. Оиладаги ўғилларнинг кенжаси. Уч нафар акаси бор. Улардан бири - Сарвар Шоаҳмедов «Локомотив» футзал клубида тўп суради. Санжар етакчи клубларимиздаги шахсий автомобили бўлмаган камсонли футболчилардан бири. «Олмалиқ» - унинг олий лигадаги илк клуби. Бунга қадар Чиғатой футбол мактабида Геннадий Денисов қўл остида шуғулланган. «Олмалиқ» таркибига 2008 йилда қўшилган. Икки мавсум ўринбосарлар сафида майдонга тушиб, 2010 йилдан буён асосий жамоада ўйнай бошлаган. 2010-2014 йиллар мобайнида «Олмалиқ» шарафини ҳимоя қилган. Бу вақт оралиғида олий лигада 98та ўйинда майдонга тушиб, 11та гол урган. Миллий чемпионатимиздаги дастлабки тўпини 2011 йили «Сўғдиёна» дарвозасига киритган.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди

Рейтинг: +2   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика