"Реал" бир қадам ортга чекинмоқда, олдинга икки қадам ташлаш учун
22 окт 2020 12:05
Янгиликлар
"Реал" бир қадам ортга чекинмоқда, олдинга икки қадам ташлаш учун
Мана мисол, Ян Облак 4та гол ўтказиб юборди — бугундан у энди дунёнинг энг яхши дарвозабонларидан бири эмас-ми? Ахир у бир ўйинда 4 (!) та гол қўйиб юборди. Албатта, ундай эмас. Словениялик посбонни жамоасида кўришни истаган клублар ЕЧЛ 1-тур ўйинидан кейин кескин камайиб қолганига ишониш қийин. Гапимиз аввалидаги жумла ёзилган мақолани ўқирканмиз, савол туғилди — футбол тарихидаги энг кучли жамоалар ҳам кимларгадир ютқазган-ку?! Унда улар қандай қилиб, тарихда қолишган? Бу — футбол, майдон текис, тўп юмалоқ — ҳар ҳолда Европанинг аксар майдонларида. Шунчаки, кучли жамоалар мағлубиятдан кейин қайта "оёққа тура оладилар" ва муҳим паллада ғалабани бегона қилмайдилар. P.S: ЦСКА "Сантьяго Бернабеу"да "Реал"ни таслим этган ўша 2018/19-йилги мавсумда ҳам "қаймоқранглилар" гуруҳдан чиқишганди!
Ундан бир йил аввал ҳам гуруҳ босқичи 4-турида "Реал Мадрид" "Тоттенхэм"га ютқазиб қўйган, аммо якунда айнан мадридликлар бош совринни қўлга киритганлари кўпчиликнинг ёдидан кўтарилмаган бўлса керак. Яъни гуруҳ босқичида исталган жамоа 1-2 хатога ҳаққи бўлади ва шу билан мусобақа тамом дегани эмас. Устига-устак, гуруҳнинг иккинчи учрашувида рақиблар дуранг ўйнаса...
Келинг, яхшиси, инқироз даврида дейилган "Реал"нинг ишларига эътибор қаратсак.
Эден Азар ҳақида
Эден Азар йўқолиб қолгани йўқ, биздаги маълумотларга кўра, у Мадридда, тикланиш жараёнини бошдан ўтказмоқда :) Кетма-кет жароҳатлар мана-ман деганлар футболчиларни ҳам жим қилиб қўйган. Бир йилдан кўпроқ вақтнинг 200 кундан кўпроғида жароҳат билан банд бўлса, Криштиану, Лионель уёқда турсин, валломати ҳам ҳеч нима қилолмасди. Футболчи нима сабабдан жароҳат олаётгани эса бошқа масала. Агар у майдонда ҳаракат қилиб, жамоаси учун ҳеч нарса қилиб беролмаса, истаганча танқид қилса арзирди.
Клубнинг трансфер сиёсати
Ҳамкасбимиз бир қатор футболчиларни, жумладан, Асенсио, Браим Диас, Себальос, Тео Эрнандес, Лунин, Винисиус, Родриго, Одриосола, Кубо ва Рейнерни алоҳида тилга олиб, ушбу иқтидор соҳибларининг "Мадрид"даги иши юришмаганига эътибор қаратган. Аммо... Вазиятга янада чуқурроқ назар ташласак, Асенсио юқори салоҳиятга эга футболчи эканлигини "Барселона" мухлислари ҳам тасдиқлашади. Испаниялик футболчини ҳозирча шунчаки жароҳатлар тинч қўймаяпти. Рейнер ҳали амалда "Мадрид"даги миссиясини бошлагани ҳам йўқ. Сўнгги йилларда ўрганиб улгурганимиз, "Қироллик клуби" ёш иқтидорларни эртароқ топиб, ижара (қайтиб сотиб олиш ҳуқуқи билан сотиш эвази)га уларни ўйин амалиёти билан таъминламоқда ва Рейнернинг Испания пойтахтидаги вақти ҳали келадигандек. Браим Диас ва Кубода ҳам шунга ўхшаш вазият. Япониялик ёш футболчи бевосита Ла Лигада тажриба орттирмоқда ва яқин йилларда пойтахтга қайтиши режалаштирилган. Браим Диас эса ҳозирда А Серия етакчиси "Милан" таркибида ўз ўрнига эга бўлиб бормоқда. Эслатиб ўтамиз, у ҳам ижарада! Дани Карвахаль ёки Мартин Эдегор бунга ёрқин мисол бўла олади. Бири бевосита Германияда, иккинчиси Испанияда "Реал"га қайтишга лойиқлигини исботлай олганди.
Андрей Лунин — Украина терма жамоасига, агар у икки пулга арзимаса, захирада ўтирган посбонни чақиришмаса керак. Агар таркибда анча ишончли ўйин кўрсатаётган Куртуа бўлмаганида, Лунинни ҳам майдонда кўпроқ кўрардик. Себальос фақатгина Зиданга керак бўлмагани учун Лондонда. Тўғри, "Реал" охирги йилларда трансфер сиёсатини ўзгартирган, авваллари "қаймоқранглилар" тайёр топ-юлдузларни харид қиларди, ҳозир эса ўша жаҳон юлдузларини ҳали 20га кирмай топишга уринмоқда.
Зидандан Пересга "салом"?!
Шунингдек, Зинедин Зидан ушбу трансфер ойнасида умуман футболчи сотиб олмаслик тарафдори бўлмаган. Нега дейсизми? Зидан аллақачон таркибида Мбаппени кўришни исташини маълум қилган. Бундан ташқари, ҳимояга Упамекано, Каземирога ўринбосар сифатида Эдуарду Камавинга, ҳужумкор ярим ҳимоячи Фабиан Руис ("Наполи") ва Уссем Ауар ("Лион")ни Мадридга олиб келишни сўраган, лекин баъзи сабабларга кўра уларнинг ҳеч бири харид қилинмади.
Испания чемпионати доирасида барча иштирокчилар ичида биринчи бўлиб, "Реал Мадрид" (Зинедин Зидан) таркибда бир йўла 4 нафар 2000 йил ва ундан кейин таваллуд топган футболчиларни "жангга ташлагани"нинг ҳам ўзига хос маъноси бордек. Зизу бу ҳаракати билан клуб раҳбарияти ва бевосита Фло Пересга — Ана, кўринг, бекорга қозонда бори чўмичга чиқади демаган ўзбеклар дегандек туюлди. Дарвоқе, ўша куни мактабни энди тамомлаган 4 нафар йигит майдонда ҳаракат қилаётганини Лука Йович захира ўриндиғидан томоша қилди. Чамамда Зидан пандемия сабаб шундай бўлди деб сабр қилди ва кейинги ёзни интиқлик билан кутади.
Ҳар бир мураббий каби Зизунинг ҳам ўз услуби, қарашлари бор. У кимгадир ёқади, кимгадир эса унчалик хуш келмайди. ЕЧЛ тарихида кетма-кет бош совринни қўлга киритган ягона мураббийнинг "эркалигини" ҳам маълум вақтгача кўтарилади. Ғолиблар танқид қилинмайди дейишганидек, ЕЧЛдаги омадли мавсумлардан кейин Зизу иккинчи қайтишида ҳам Ла Лигада зафар қучди. Коронавирус сабаб тўхтаб қолган чемпионат рестартидан кейин то охирги тургача фақат омад ҳисобига ғалаба қозонишнинг имкони йўқ эди.
Тан олиш керак, Зиданга Йович ҳам "ёқмаяпти". Франциялик мураббийга қолса, у билан трансферлар ойнаси вақтида хайрлашарди, аммо сербиялик клубда қолди ва Зидан профессионал сифатида унга имкон бермоқда. ЕЧЛнинг 1-тур учрашувида ҳам Лука 59 дақиқа ҳаракат қилди ва айтарли ҳеч нима қилолмади. Тўғри, исталган футболчига ишонч билдириб, таркибга қўяверса, унча-мунча ўйинчи ўйнаб кетади, лекин Зиданда ва "Реал"да унча вақт йўқ. Натижа учун мураббий жавобгар ва унинг фалсафасига, қарашларига мос келмайдиган ўйинчи билан Зидандан аввалги мураббийлар ҳам хайрлашган. "Кимгадир ёқар лола, ким атиргул шайдоси" дейишади-ку... Демак, Зидан Лука Йовичнинг ўйинига шайдо бўлолмаган.
"Реал"нинг ҳозирги таркиби... Етакчи қани?
"Реал Мадрид"нинг ҳозирги таркиби ҳам исталган гранд билан номлар бўйича кураша олади дейилган фикрдагиларга савол: "Ҳозирги таркибда яққол етакчи ким?". 34 ёшдаги ҳимоячи Серхио Рамосми? Ярим ҳимоя ёки ҳужумда-чи? Ахир барча совринлар учун курашиши керак бўлган топ клуб қанчалик голеадор бўлмасин, ҳимоячининг самарали ҳаракатларига ишонибгина майдонга тушмайди-ку.
Марсело (32 ёш), Лука Модрич (35 ёш), Тони Кроос (30 ёш, 4 январда 31га тўлади), Бензема (32 ёш). Биринчидан, катта эҳтимол билан бу футболчилар фаолиятининг энг юқори чўққисидан ўтиб бўлди. Энг омадли мавсумларда ҳам "Реал Мадрид"да улар яққол етакчи бўлишмаган, кучли жамоанинг кучли аъзоси эдилар. Энди таркибнинг иккинчи қисмига эътибор берайлик, Мартин Эдегор (21 ёш, Мадридда чинакам ўйнайдиган биринчи мавсумини ўтказмоқда), Феде Вальверде (22 ёш), Винисиус Жуниор (20 ёш). Бу билан нима демоқчимиз? "Мадрид"нинг ҳозирги таркиби ё ғалабалардан "тўйган" ва фаолиятининг ёрқин даврини ортда қолдирган футболчилар, ё энди топ даражага чиқаётганлардан иборат бўлиб қолмоқда. Бу фикрга қаршилар, ҳозирги таркибда чинакам етакчини топиб бера оласизми?
Катта инқирозлар ҳақида гапиришга ҳожат йўқ, инқироз даврида Лео Мессиси бор "Барселона" иштирок этаётган Ла Лигада ишончли чемпионлик қўлга киритилмайди! Бу "Реал"га бир-икки янги футболчи ва муҳими ҳужумларда оғирликни ўз елкасига оладиган етакчи бўлса бас!
Зиданнинг аввалги ва бугунги жамоаси ўртасидаги асосий фарқ ана шунда!
Ҳафта якунидаги "Эл Класико"ни эса барибир ўтказиб юборманг. Роналду кетди, эҳтимол Месси учун охирги "тўқнашув"ни яхшиси ўтказиб юбормаган маъқул. Ҳа, бўлажак "Класико"га қизиқиш аввалги йиллардагидек эмаслигини тан олмасдан илож йўқ, аммо бу икки жамоа тўқнашуви ҳеч қачон зерикарли бўлмайди, голлар шоуси ўхшамаса, ҳеч бўлмаса футболчилар майдонда "жанг" қилишади. Ахир "Реал" ва "Барса", "Барса" ва "Реал" дунёни иккига бўлиб турувчи клублар :)
Нима бўлганда ҳам асабларингизни асранг, футбол — ундан завқ олишингиз учун ўйлаб топилган!
Фикрлар