UZ

Сўнгги янгиликлар

08:55Дилшод Раҳматов: «Ўйиндан ўйинга кучайиб борамиз. Мақсадимиз – чемпионлик!»  0 08:31Sofascore. Элдор Шомуродовнинг кечаги ўйини неча баҳога лойиқ кўрилди?  3 08:07Ўзбекистон кубоги. Бугун 2-тур баҳслари давом эттирилади  0 07:43Осиё кубоги. Бугун Кувайтга қарши майдонга тушамиз  4 07:15U-23 Осиё кубоги. Хитой - Корея Республикаси 0:2  0 07:10U-23 Осиё кубоги. БАА - Япония 0:2  0 07:05U-23 Осиё кубоги. Таиланд - Саудия Арабистони 0:5   0 07:00U-23 Осиё кубоги. Тожикистон - Ироқ 2:4   0 06:55Серия А. "Кальяри" - "Ювентус" 2:2   1 06:50Саудия чемпионати. "Ал Насср" - "Ал Файҳа" 3:1   0 01:48А Серия. "Кальяри" "Ювентус"га қарши ўйинда охирги дақиқалардаги автогол сабаб ғалабани қўлдан чиқарди. Шомуродов 79-дақиқада алмаштирилди  41 01:40Каземиро: "Анчелотти МЮга ўтаётганимни билиб, йиғлаб юборганди"   4 01:15U-23 Осиё кубоги. Ироқ Тожикистонни ишончли тарзда мағлуб қилди  0 00:58Начо "Реал"га мавсум охирида жамоадан кетишини маълум қилди  7 00:40Ўзбекистон Қувайтга қарши ўйинда тўлиқ оқ либосда ҳаракат қилади  6

PUBG ўйнайдиган ҳамда тиш шифокори бўладиган болакайлар; "Реал Мадрид" академияси, мезбон жамоаларга татимаётган байрам — Тошкент вилоятида ўзбек футболининг 110 йиллиги нишонланди Янгиликлар

PUBG ўйнайдиган ҳамда тиш шифокори бўладиган болакайлар; "Реал Мадрид" академияси, мезбон жамоаларга татимаётган байрам — Тошкент вилоятида ўзбек футболининг 110 йиллиги нишонланди

Тошкент вилоятида ўзбек футболининг 110 йиллиги нишонланди.

Тошкент вилояти ёз фаслида юртдошларимизнинг, айниқса, пойтахтда истиқомат қиладиган кишиларнинг севимли масканларидан бирига айланди. Кимдир лаш-лушини кўтариб, тоғли ҳудудда жойлашаган дала ҳовлиларни маскан айлагани йўл олади, кимдир салқин шаршара бўйида дарахт соясида ёнбошлаб олганча сихга тортилган кабобни паққос туширишни истаб қолади. Албатта, ҳар кимнинг қандай ҳордиқ чиқариши ўзига ҳавола. ОАВлари ҳам ана шу севимли гўша сари отланди, фақатгина бошқа мақсадда, яъни ушбу ҳудудда футбол байрамини нишонлаш ҳамда эндигина кўртак ёза бошлаган бўлажак иқтидорларга яратилган шароитларни кўздан кечириш мақсадида. Дастлабки "юришимиз"ни Юқори Чирчиқ туманида жойлашган БЎСМдан бошладик. Машинадан тушишимиз биланоқ икки тарафимда икки хил дунёнинг гувоҳига айландим. Бир тарафимда қандайдир иншоот қуриш учун текисланаётган ерда сигирларини ўтлатиб юрган бола (эҳтимол, ёши каттароқ бўлиши мумкин, олисдан кўзимга жажжи бўлиб кўринди), иккинчи тарафда эса ям-яшил майдон узра тўп тепаётган болакайлар жавлон уришарди. Ушбу даргоҳда нафақат ўзбек, балки қозоқ, рус миллатига мансуб болакайлар ҳам бирдамликда шуғулланишар экан. 

Қанчалик кулгили туюлса-да, мен учун катталарнинг фикридан кўра жажжи қоракўзларнинг самимий гаплари қизиқарлироқ туюлади. Шу боис сафар давомида кўпроқ миттивойлар билан гаплашишга ҳаракат қилдим. Мазкур спорт даргоҳига ташрифимиз давомида ҳам болакайларнинг қизиқарли чуғур-чуғурларини мириқиб тинглаб ўтирдим. 

Жажживойларнинг кўпчилиги Роналду ва Мессининг ўйинларига ишқибозлик қилишар экан. Майдонга чопқилашибоқ, ўзларини кўрсатиб қўйиш пайига тушишди. Ҳаттоки, тўп талашиш ортидан мураббийининг "Поляда нега копток талашасанлар? Ҳаммага етади копток" деган танбеҳини ҳам эшитишга мажбур бўлишди. Болакайлар билан билан суҳбатимиз бошлангач, мен уларни эмас, улар мени сўроққа тушишга ўтиб кетишди. "Қайси жамоада ўйнайсиз?", "PUBG ўйнайсизми?", яна қандайдир менга нотаниш мобил ўйинлар номини айтиб, мавзуни технооламга ўзгартириб юборди. Афсуски, ҳозирда PUBG тугул, тетрис ўйинига ҳам қизиқиш қолмаган менда. Ҳарқалай, болакайларнинг ўзларида ҳам ақл-заковат етарлича. Биттаси фотосуратчининг тасвирга олишга чоғлангани кўриб, "Ҳой, ҳой, расмга олишвотти" дея қолган ўртоқларини хотиржамликка чақирди. Яна бир боладан интервью олмоқчи эдик, мураббий уни қаршимизга чақирди. Аммо у ҳаяжонданми ёки бошқа сабаб, гапиришни уддалай олмади. Мураббий эса ҳазиллашиб қўйди: "Расул, гапиролмайсанми? Ким айтади сени футболист деб?"

Умуман олганда, Тошкент вилояти азалдан машҳур футболчиларни вояга етказган. Қалбимизда унутилмас жамоага айланган "Пахтакор-79" аъзолари Олим Аширов, Михаил Ан, Владимир Фёдоров каби афсоналар айнан мана шу ўлкада таваллуд топган.


Олимжон Масалиевич Аширов (1955 йил 25 январь; Тошкент, Ўзбекистон — 1979 йил 11 август, Днепродзержинск, Украина) — ўзбек футболчиси.

Олим Аширов ҳимоядаги ишончли ўйинлари билан мухлислар меҳрини қозонганди. У 1955 йил Тошкент вилояти Бордонкўл қишлоғида дунёга келган. Ёшлигидан футболга қизиққан Олим ҳам иқтидорли футболчи бўлиб етишди. Тез орада уни мураббийлар пайқашди ва Аширов Герман Титов номидаги мактаб-интернатда таҳсил ола бошлади. У "Пахтакор"даги жамоадоши Владимир Фёдоров билан бирга ўқиган. СССР ёшлар терма жамоасига жалб этилган. Олимпия терма жамоасига эса номзодлардан бири ҳисобланган.

1972 йил Олим "Пахтакор" таркибига таклиф қилинган. Илк мавсумида 3 ўйинда майдонга туширилган. 1974 йилдан тўлиқ асосий таркиб футболчисига айланган. Марказий ҳимояда у рақиб ҳужумчиларига ўйин бермаслиги, бор кучини ишга солиши, ўзини аямай тўп йўлига ташланиши, меҳнаткашлиги билан ишқибозлар ҳурматига сазовор бўлган. Узоқ масофадан берадиган зарбалари эса ҳар қандай дарвозабонга қийинчилик туғдирган. 1979 йил июлда Тошкентда Минскнинг "Динамо" жамоасига қарши учрашувда у 30 метрлардан тўпни ажойиб тарзда рақиб дарвозасига йўллаган. Афсуски, Минскдаги жавоб ўйинида "Пахтакор"нинг ўша таркибига ўйнаш насиб этмаган. Айнан Минскка йўл олиш чоғида жамоамиз машъум ҳалокатга йўлиққан.

Бутун фаолиятини "Пахтакор" таркибида ўтказган Олим Аширов 149 беллашувда 5 гол муаллифига айланган. 2006 йил ўлимидан сўнг "Шуҳрат" медалига лойиқ кўрилган.


Михаил Ан 1952 йил Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида жойлашган Свердлов жамоа хўжалигида дунёга келган.

Унинг акаси Дмитрий "Пахтакор" ва "Политотдел" жамоалари шарафини ҳимоя қилган. Шу сабабли Михаил учун футбол бегона бўлмаган муҳит саналарди.

Ўсмирлигидаёқ барчанинг эътиборига тушган Ан 1970 йилда "Политотдел" асосий таркибига жалб этилди. 1971 йилнинг иккинчи даврасидан унинг "Пахтакор"даги фаолияти бошланди. Илк учрашувини маҳоратли ярим ҳимоячи 23 август куни Тошкентда "Динамо" Тбилисига қарши кечган беллашувда ўтказган. Ўша баҳсда жамоамиз 5:1 ҳисобида зафар қучган. Айнан ўша мавсумдан ярим ҳимояда Ан, Фёдоров, Варюхин, Абдураимов ва Хадзипанагис ҳукмронлиги бошланганди. Улар рақиб ҳимоясини ўта мураккаб аҳволга тушириб қўйишган.

1974 йилги мавсумда у олий лигада 11 гол муаллифига айланиб, чемпионатнинг энг яхши 33 футболчиси рўйхатидан ўрин олган. Ўша йили "Қайрат" дарвозасига киритган уч тўпи мухлислар ёдида қолган. Шунингдек, 1975 йил "Динамо" Киевга қарши ажойиб баҳсда у дубл қайд этган.

1974 йил СССР терма жамоасидан таклиф олиб, сентябрда "Рома"га қарши ўтган ўртоқлик баҳсида қатнашган. 1978 йил эса Эрон билан Теҳрондаги ўртоқлик ўйини ва Туркияга қарши Европа чемпионати саралаш беллашувларида қатнашган. 1979 йил иккинчи терма жамоа таркибида Мексика ва АҚШ термалари билан тўқнашувларда тўп киритган.

1976 йил СССР ёшлар терма жамоаси сафида Европа чемпионига айланган. Ўша жамоада у сардорлик вазифасини ҳам бажарган. Афсуски, 1979 йил рўй берган авиаҳалокат сабабли Михаил Ан ҳаётдан кўз юмган.

"Пахтакор" сафида у чемпионат беллашувларида 232 ўйинда 47 гол муаллифига айланган.

2006 йил Михаил Ан ўлимидан сўнг "Шуҳрат" медали билан тақдирланган.

Айни пайтда Михаил Аннинг ўғли Дмитрий Ан "Пахтакор" футбол клуби тизимида мураббийлик қилиб, бўлажак футболчиларга миллионлар ўйини сирларини ўргатмоқда. Демак, Анлар оиласи ҳамон "Пахтакор" ва футбол билан бирга.


Владимир Иванович Фёдоров (1955.5.1, Тошкент вилояти — 1979.11,8, Днепродзержинск шаҳри яқинидаги Куриловка қишлоғи) — футболчи, халқаро миқёсдаги спорт устаси (1976). 

1955 йил Владимир Фёдоров Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида дунёга келган. Футбол ўйнашни Свердлов жамоа хўжалиги жамоасида бошлаган. Унинг отаси ҳам футболчи бўлган ва Ўртасарой ҳудудида футболни ривожлантиришга эътибор қаратган. Кейинчалик Тошкентда жойлашган Герман Титов номидаги мактаб-интернатга қабул қилинган. 1972 йил ўсмирлар терма жамоасидаги ўйинлари билан "Пахтакор" мураббийлари эътиборини тортган Владимир жамоага таклиф қилинган. Мураббий Вячеслав Соловьев уни дарҳол асосий жамоа сафида майдонга туширган. Ҳужумчи бу ишончни оқлаб, дебют баҳсида Пермнинг "Звезда" жамоаси дарвозасини ишғол этган. Ўша мавсум "Пахтакор" СССР чемпионати 1-лигасида ўйнаган. Кейинги беллашувда "Помир"га гол урган Фёдоров шу билан катталар орасида ҳам ўзини муносиб кўрсатган. Илк мавсумда у 7 голи билан ёдда қолган. "Пахтакор" олий лигага қайтгач, 1974 йил у ажойиб ўйин намойиш қилган. 9 тўп киритган ҳужумчи СССРнинг энг яхши футболчилари рўйхатидан ўрин олган. 1976 йил ушбу натижани такрорлаган.

Терма жамоадаги дебютини Владимир 1974 йил ўтказган. Ўшанда у Европа чемпионати саралаш ўйинида Ирландияга қарши захирадан туширилган. 1976 йил унинг фаолиятида энг яхшиларидан бирига айланган. Дастлаб ёшлар терма жамоаси таркибида Европа чемпионатида чорак финалда Франция, ярим финалда Венгрия мағлуб этилишига ўз голлари билан ҳисса қўшиб, дўсти Михаил Ан билан Европа чемпионлигини қўлга киритган. Июлда эса Канаданинг Монреаль шаҳрида ўтказилган Олимпиада ўйинларида бронза медалига эга чиққан. У футбол баҳсларида Олимпиада медалига эга ўзбекистонлик ягона футболчи ҳисобланади. Олимпиадада Фёдоров 4 учрашувда майдонга тушган.

Миллий терма жамоада эса Константин Бесковдан кейин Валерий Лобановский қўл остида 8 баҳсда ўйнаган. Кейинроқ Никита Симонян ҳам уни терма жамоага жалб қилишда давом этган. 1976 йилги ажойиб мавсумдан сўнг унга кўплаб жамоалардан таклифлар бўлишига қарамай, Владимир "Пахтакор" учун ўйнашда давом этишини маълум қилган.

СССР терма жамоаси таркибида у жами 18 беллашувда майдонда ҳаракат қилган. "Пахтакор" учун 188 баҳсда 58 гол муаллифига айланган. 2006 йил ўлимидан кейин "Шуҳрат" медалига лойиқ кўрилган.

Ҳужумдаги тез ва алдамчи ҳаракати, дарвозага тайёргарликсиз зарба бера олиши, жангчи характери, ўйинни ўзига олиши каби хусусиятлари уни бошқалардан ажратиб турарди.

Қолаверса, яқин ўтмишда вилоятдан Павел Бугало, Николай Ширшов, Виктор Карпенко, Сервер Жепаров, Александр Гейнрих, Илёс Зейтуллаев, Марат Бикмаев, Камолиддин Мурзоев, Асқар Жадигеров ва бошқа таниқли футболчилар етишиб чиққан.


Тушдан сўнг Тошкент вилояти ҳокимлигида ўзбек футболининг 110 йиллигига бағишланган учрашув бўлиб ўтди. Унда Тошкент вилояти ҳокими, вилоят футбол ассоциатсияси президенти Зоир Мирзаев, ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов, ўзбек футболи фахрийлари ва ОАВ вакиллари иштирок этишди. 

Учрашувда Зоир Мирзаев вилоятда футбол ривожи йўлида амалга оширилган ишлар ва бўлажак режалар билан ўртоқлашди. 

Учрашув сўнгида Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаевга “Ўзбекистон футболи ривожига қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишони топширилди. Бундан ташқари, бир қатор фахрийларга эсдалик совғалари берилди.

Кейинги манзилимиз Пискентга бўлди. Мазкур тумани яшил табиати билан менга манзур келди. Майдонга киргунгача бўлган масофадаги ўтлоқ, дарахтзор, Тошкент атрофида жойлашгани, салқин ҳаво, ниначилар, ям-яшил майдон... Хуллас, менга ёқди бу маскан. Фақатгина мазкур ҳудуд аҳоли истиқомат қиладиган ҳудуддан бироз узоқлиги панд бераркан.

Қайд этилишича, 20 йилдан бери қайта таъмирланмаган туманнинг марказий стадиони реконструкциядан сўнг шу йилнинг сентябр ойида фойдаланишга топширилади. Стадионга туташ ҳудудларда эса битта сунъий қопламали майдон ва теннис корти барпо этиш режалаштирилган.

У ердан "Металлург" футбол клуби қошида 2021 йил барпо этилган "El Golazo" футбол академиясига ташриф буюрдик. Ушбу академияда ҳозирги кунда 204 нафар болалар таҳсил олар экан. Академия бўлажак футболчиларни 11 ёшдан бошлаб қабул қиларкан. Очиғи, мактаб дизайнига олти кетдим. Шундай бинода таҳсил ола туриб, ўз-ўзидан футболчи бўлгиси келади-да, масалан. Нима бўлган тақдирда ҳам, болалар учун ҳар қандай шароит яратилса арзийди. Айтганча, яқинда бир гуруҳ ушбу мактаб ўқувчилари "Реал Мадрид" академиясига саёҳат қилиб келди.


Осмонда ўз вазифасини адо этиб бўлган қуёшбобо ишини якунлаб, ўз кулбаси сари равона бўла бошлагач, "Металлург" стадионида Тошкент вилояти терма жамоаси ва ЎФА фахрийлар терма жамоаси ўртасида ўртоқлик учрашуви ўтказилди. Дўстона руҳда ўтган қизиқарли баҳс ҳисоби ҳам дўстона кўриниш олди — 1:1. Бироқ пенальтилар сериясида ЎФА Ўзбекистон терма жамоасининг илк дарвозабони Анвар Жабборовнинг саъй-ҳаракатлари эвазига 8:6 ҳисобида ғалаба қозонди. Қизиқ томони, ТФА шарафини вилоятнинг бир неча ҳокимлари ҳимоя қилди.

ТФА — ЎФА 1:1 (пенальтилар серияси — 6:8)

Голлар: 0:1 - Абдураимов, 1:1 - Равшан Бегматов

ТФА: 1. Илҳом Хамзалиев, 8. Қаҳрамон Нурматов, 55. Равшан Бегматов, 15. Илҳом Қобилбоев, 14. Ихтиёр Қосимов, 80. Насрулла Бобоев, 10. Камолиддин Мурзоев, 25. Ислом Иномов, 43. Асқар Жадигеров, 4. Обид Мамаев, 22. Сарвар Ҳамдамов 

Захира: 21. Акром Жўраев, 90. Нозимжон Эсонов, 3. Алижон Айдаралиев, 79. Жамшид Икромов, 69. Ҳусниддин Тўрахонов, 36. Рустам Бобоқулов, 9. Жамшид Бобожонов

ЎФА: 1. Анвар Жабборов, 2. Ўктам Жумаев, 3. Андрей Снейнов, 4. Файзулла Шоимқулов, 5. Бахтиёр Дадабоев, 7. Азамат Абдураимов, 9. Усмон Тошев, 11. Александр Шапран, 13. Альберт Ахмадалиев, 15. Салоҳиддин Шойимқулов, 16. Маъмур Султонов,

Захира: 18 Низом Насриддинов, Геннадий Денисов, Мустафо Белялов, Бенямин Муратов

Албатта, таблода қайд этилган ҳисоб сизни қизиқтирмаслиги мумкин. Умуман олганда, ўйин мароқ учун ҳамда қизиқарли жараёнлар билан ёдда қолди, айниқса, майдонда жавлон ураётган ҳамда захирада зўрға ўзига келиб олган футболчиларнинг суҳбати кишини зериктирмайди, деб ўйлайман.

Захирадан энди ўйинга қўшилган футболчи: "Қайси томонга тепиш керак?"


Ўйин ярмида икала жамоа ўйинчилари сони 12 тага етди. Буни кўрган захирадагилар суҳбати: "12 га 12 бўлиб кетибди-ю". 

"Ҳечқиси йўқ, буларга мумкин".


Майдонга тушган туман ҳокимини кўрган захирадаги ўйинчи: "Бу туманни ҳокими қайдан келди, боя йўғиди-ю".


Мухлислардан бири захирадаги футболчига: "Ака, ютмасанглар бўлмайди, қаранг шунча одам бўлиб, сизга мухлислик қилгани келдик". Туман ҳокими: "Йўғэй, ҳамма ҳоким шу ерда-ю". Захирадаги шериги: "Ҳамма иш бошлиққа қолиб кетибди-да".


ТФА футболчиси пенальти ишлай олмаган Равшан Бегматовга қарата: "Равшан ака, хафа бўлманг, келаси сафар аниқ пенальти беради".


Майдонда толиқиб, танаффус қачон бўлишини сўраётган ЎФА футболчисига шериги: "Танаффусда 5 минут дам оласиз, кейин заменада дальше дам оласиз".


ТФА фойдасига пенальти белгиламаган ҳакамни захирада ўтирган икки туман ҳокими муҳокама қилмоқда: "Судья қаерлик? Бекободдан. 11 ни бермади, явно".


Захирадагилар суҳбати: "Ака, бразилиялик форвардга ўхшаб қолибсиз".


Офсайд қайд этилгач, майдондаги футболчилардан бири: "Эй, офсайдни йўқ қиворилар-эй".


ЎФАнинг икки футболчиси ўйин давомида: "Раҳмиддин ака, яна битта, яна битта пас". "Яна биттами, ма, яна битта! (пас беради)"


Захирадагилар суҳбатидан: "Сиз нега тушмаяпсиз? Биз битта гол ўйнасак ҳам бўлаверади".


ЎФАдан 13-футболчи шериги чиқмасдан майдондан тушиб келди. Буни кўрган рақиблар: "Асқар ака, қаранг, улар 13 та бўлиб кетди-ку!"


ТФА футболчиси Майдонда югураётган Ихтиёр Қосимовни кўрсатиб: "Фурқат ака, Ихтиёр эртага ишга боролмай қолмасин тағин".


ЎФА футболчиси рақибига пас бергач, шеригига: "Адаштириб қўйдим сени бу билан".

Ушбу баҳс якунида бир қатор футбол фахрийлари тақдирланди. Биринчи кун шу тариқа ўз ниҳоясига етди. 


Тадбирнинг иккинчи кунида дастлаб Юқори Чирчиқ туманида жойлашган вилоят спорт мактаби ўйингоҳига ташриф буюрдик. Бу ерда ўғил болалар билан бир қаторда, жажжи қизлар ҳам шуғулланишар экан. Таъкидланишича, бу ерда спортнинг бир неча турлари билан шуғулланиш имконияти мавжуд экан. Майдон ҳолати ҳам яхши ҳолатда. ходимларнинг айтишича, майдон авваллари кўзёш тўкадиган аҳволда бўлган экан. Дарвоқе, қизлар ҳам кичик бўлишига қарамай, унча-мунча ўғил бола тенгдошларидан чаққонроқ ҳаракат қилар экан. Машғулотлардан четроққа чиқиб, дарахт соясида жараёнга аралашмай турган икки болакайдан нега қолганларга қўшилмаётганини сўрадим. Улар одам майдонда етарлича бўлгани учун дам олишни афзал кўришаётганини айтди. Майли. Тўрт йилдан бери шуғулланаётган, Роналдунинг мухлиси бўлган бир қизнинг айтишича, у дарвозада, ҳимояда, ҳатто ҳужумда ҳам ўйнар экан.


Шундан сўнг сўлим Ангрен шаҳрига йўлга отландик. Бу ердаги майдон ҳам ихчам кўринишда бўлиб, салқин табиат қўйнида яйраб футбол ўйнаш мумкин. Айтилишича, биз борган майдондан 2-3 км масофада яна бир ажойиб стадион бўлиб, уни нақ жаннатнинг ўзи, дея таърифлашди. Бу ердаги жажжи қоракўзлардан бири билан футбол ҳақида бир неча дақиқа суҳбатлашдик. Қизиқ томони, "миллионлар ўйини" ҳақида берилиб гапирган болакайдан келгусида ким бўлиши ҳақида сўраганимда, "Тиш доктори", дея жавоб берди. Гарчанд футболга алоқадор жавоб бўлмаса-да, бу жавобдан мамнун бўлдим. Сабаби, у бизни алдамасдан, ростини айтиб қўя қолди. Ўша болакай келгусида қайси касб эгаси бўлишидан қатъий назар, ўз ишининг устаси бўлишини тилаб қолдим. Болаларнинг ёлғон гапирма олмаслик хислатларига ҳавасим келади. Улардан катталар айта олмайдиган кўп нарсани билиб олса бўлади. Бироқ бошқа тарафдан миттивойлар билан чувалашмасдан ҳам вазият ҳақида тасаввурга эга бўлишингиз мумкин. Эҳтимол, барча масканда ҳам болаларга қаратилаётган эътибор "вой-дод" дейдиган даражада эмасдир, аммо ҳар ҳолда ўзимиз бир вақтлар тўп тепиб юрган тақиркал майдонларни учратмадим. Нима бўлган тақдирда ҳам, болакайларнинг келажаги порлоқ бўлсин.


Ниҳоят, тадбирларимизнинг асосий қисми ёки сўнгига етиб келдик. Олмалиқ шаҳридаги марказий стадионда Суперлига доирасидаги АГМК — "Металлург" учрашуви бизни кутиб турарди. Мазкур учрашувдан олдин ЎФА ва АГМК клуби томонидан ўзбек футболига улкан ҳисса қўшган бир қатор футбол фахрийлари тақдирланди. 

Афсуски, нохуш мезбонлар учун анъана давом этди, яъни биз қайси ҳудудга ташриф буюрмайлик, мезбон жамоа кўз ўнгимизда кечган баҳсларда ғалаба қозона олмаяпти. Олмалиқда ҳам ушбу серия давом этди. Учрашувни бир кўзим майдонда, бир кўзим ноутбукда трансляция қилиш орқали томоша қилдим.

Суперлига. "Металлург" Темировнинг Қосимов услубида урган голи эвазига бир киши кам бўлиб қолган АГМКни мағлуб этди

Келинг, мезбон жамоалар учун нохуш анъаналарни ёдга олиб ўтамиз.

Жиззах: "Сўғдиёна" — "Олимпик" 1:1

Хоразм: "Хоразм" — АГМК 0:3

Қорақалпоғистон: "Арал Самали" — "Янгиер" 0:3

Сурхандарё: ўйин ўтказилмади

Қашқадарё: "Насаф" — "Пахтакор" 0:0

Тошкент вилояти: АГМК — "Металлург" 0:1

Келгуси сафаримиз Навоий вилоятига бўлади ҳамда мабодо "Қизилқум" жамоаси ўша вақтдаги ўйинда ғалаба қозона олмаса, айбни бошқа ёқдан изламайди дея умид қилиб қоламиз. Тошкент вилоятидаги сафаримиз мана шу тариқа ўз ниҳоясига етди.

Рейтинг: +3   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика