Превью. Бугун "Валенсия" камбэк қилишига "Аталанта" йўл қўядими?!
10 мар 2020 12:40
Янгиликлар
Превью. Бугун "Валенсия" камбэк қилишига "Аталанта" йўл қўядими?!
Европа Чемпионлар Лигасининг файзи йўқолди десак, муболаға бўлмайди. Сабаби учрашувлар бўш стадионларда ўтказилмоқда. Қолаверса, "Валенсия" учун Италияда бўлган биринчи ўйин вазиятни янада мураккаблаштирмоқда. Хўш, "Валенсия" ва "Аталанта" футболчилари бугун нима учун майдонга тушадилар ва қандай натижага эришадилар?
Биринчи ўйин
Бундан уч ҳафта аввал Италия клуби ўз майдонида Чемпионлар Лигаси чорак финалига чиқиш учун юқори имкониятни қўлга кирита олди: "Валенсия"ни 4:1 ҳисобда мағлуб этди. Ўша баҳсда Ханс Хатебур дубль қайд этган, Йосип Иличич ва Ремо Фройлер эса биттадан гол уришга муваффақ бўлганди. "Валенсия" сафида эса Денис Черышев рақиб дарвозасига битта тўп киритиб, вазиятни бироз яхшилашга ҳаракат қилганди. Ўшанда россиялик ярим ҳимоячи 64-дақиқада захирадан майдонга тушганди. Иккинчи голни уриш учун ҳам имкониятга эга бўлганди, аммо бунинг уддасидан чиқолмаган эди.
Бугунг тунда соат роппа-роса 01:00да (Тошкент вақти билан) "Валенсия" бўш аренасида Италия жамоасини қабул қилади. Испан клуби ЕЧЛнинг кейинги босқичига чиқиш учун тўп ўтказмай, 3та гол уриши керак. Агар "кўршапалаклар" тўп ўтказиб юборишса, орадаги фарқни тўғрилашлари учун ҳисоб — 5:1, 6:2 ёки 7:3 бўлиши лозим.
Муҳим жиҳатлар
"Месталья"да камбэк бўладими?
Ҳа, мухлисларсиз ўйин — ўйин эмас. Европада коронавирус туфайли ҳаммада ваҳима кучайган. Италия чемпионати ҳозирча 3 апрелга қадар тўхтатилди. А Сериянинг сўнгги тури ҳам томошабинларсиз ўтди, тўғрисини айтганда жуда зерикарли бўлди. "Аталанта" тарихида илк бор Чемпионлар Лигасида иштирок этмоқда. Турнир дебютанти чорак финал босқичига чиқиш учун жуда яқин турибди. Бергамоликлар — Европанинг энг яхши саккиз жамоасидан биридир. Аммо "Валенсия" ўйинга қайтсачи? Ахир ўзингиз айтинг, сўнгги бир неча мавсум ичида ЕЧЛ плей-офф босқичида қанча камбэкларга гувоҳ бўлдик?!
"Аталанта" уч ҳафта ичида 1та ўйин ўтказди
Биринчи учрашув 20 февраль куни бўлиб ўтганди. Жан Пьеро Гасперини жамоаси ўшандан буён расман битта ўйин ўтказди: сафарда "Лечче"ни тор-мор этди (7:2). Дуван Сапата хет-трик қилди, Йосип Иличич, Луис Муриэль ва Руслан Малиновский биттадан гол урди, яна 1та голни эса "Лечче" футболчиси ўз дарвозаси томон йўллаб қўйди. А Серия баҳслари қолдирилгани бергамоликларга фойдали эмас. Тўғрида, бутун мамлакат коронавирусга қарши курашаётган бир паллада, футбол ўйнаш кимнинг кўнгилига сиғади?
"Валенсия"да жароҳат. Селадес жанговар таркиб туза олармикан?
Испаниядаги ўйинлар ҳозирча тақвим бўйича кетмоқда. "Валенсия" 3та ўйин ўтказди — сафарда "Сосьедад"га қарши баҳсда очко йўқотди (0:3) ва "Алавес" билан дуранг ўйнади (1:1), уйда эса "Бетис"ни қабул қилиб, 3 очкога эга бўлди (2:1). Кучли тўртликдан ўрин олиш учун шиддатли пойга давом этмоқда. Ҳозирда Примеранинг ҳеч бир клуби ўзининг барқарор ўйини билан мақтана олмайди, ҳаттоки, "Барселона" ва "Реал" ҳам.
"Валенсия"нинг муваффақиятсизлигини тушунса бўлади. Испан клуби бош мураббийи қўл остида катта бир футболчилар гуруҳи йўқ. Айниқса, марказий ҳимоя чизиғи оқсамоқда, сабаби Эсекьель Гарай ва Эльяким Мангаля жароҳатланган. "Аталанта"га қарши баҳсда дисквалификация туфайли Габриэль Паулиста майдонга туша олмайди. Ҳа, Альберт Селадеснинг рўйхатида фақат Муктар Дьякаби қолди. Хўш, ким унга шерик бўлади? Испания чемпионати доирасида "Сосьедад" билан бўлган учрашувда 20 ёшли Уго Гильямон майдонга тушган эди.
Альберт Селадес мунтазам равишда 4та ҳимоячи ёрдамидан фойдаланади. Испан клублари тактикани бирдан ўзгартириб юбориши қийин. Ҳимоячилар Хауме Коста ва Тьерри Коррейя қайдномага киритилмади, форвардлар Ману Вальехо ҳамда Макси Гомеснинг эса оёғи синган.
Тахминий таркиблар
"Валенсия" чорак финалга чиқиш учун камида 3та гол уриши керак. Шунинг учун, схема иложи борича ҳужумкор ўйинчилардан тузилган бўлиши лозим. Назаримизда, 4-1-4-1 тактикасидан фойдаланиш энг мақбул йўл бўлса керак. Биринчи ўйин билан таққослаганда таркибга янги футболчи Алессандро Флоренци ва форвард Родриго киритилиши мумкин. Миландаги голи эвазига Денис Черышев ҳам бошланғич таркибда майдонга тушиш эҳтимоли юқори.
Жан Пьеро Гасперини 3-4-3 тактикасидан узоқлашиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаса керак. Жароҳат туфайли бразилиялик ҳимоячи Рафаэл Толой жамоага ёрдам беролмайди. Бергамо клубининг бошқа футболчилари эса майдонга тушишга тайёр туришиди. Буёғи энди ўйин ритмига боғлиқ. Уч ҳафта ичида 1тагина расмий ўйин — бу яхши эмас!
"Валенсия" vs "Аталанта"
Тунда Чемпионлар Лигасининг ноодатий ўйинига гувоҳ бўламиз. "Валенсия" 3та учрашувда мағлуб бўлди, мухлисларисиз ўйин ўтказишга мажбур ва таркиб билан жуда катта муаммоси бор. Шу сабабли, Испан клуби чорак финалга чиқиш учун имконияти жуда паст дея оламиз. "Аталанта"нинг 1тагина голи турнирнинг кейинги босқич эшикларини "Валенсия" учун ёпиб қўйиши мумкин. Бергамоликлар ажойиб ҳужум усули туфайли гол уриши тайин. Аммо "Валенсия" уйида — "Месталья"да — ўйнаётганини ҳисобга олсак, жамоа камбэк қилиши ҳам ҳеч гапмас. Бироқ ўйинга ОАВ ходимлари киритилмайди, лекин жонли ТВ-трансляция ходимлари бундан мустасно. Ҳа, ачинарли ҳолат.
Юқорида "Аталанта" уч ҳафта ичида битта расмий учрашув ўтказгани ҳақида айтган эдик. Қолаверса, А Серия баҳслари ҳам 3 апрелгача тўхтатилган. Шунинг учун, "Аталанта" албатта ғалаба қозонади дейиш ҳам бироз нотўғри бўлади, аммо "Валенсия"дан кучлироқ экани ҳам бор гап. Ҳа, агар "Аталанта" 1:0 қайд эта олса, ЕЧЛнинг чорак финалига йўлланмани қўлга киритади. Ҳар икки жамоага ҳам омад тилаймиз!
Омонжон Тўхтамирзаев таржимаси
Фикрлар