"Пахтакор"ни судга бермаганман, чунки клубни жуда яхши кўраман" - Душан Савич билан интервью
22 июл 2020 14:01
Янгиликлар
"Пахтакор"ни судга бермаганман, чунки клубни жуда яхши кўраман" - Душан Савич билан интервью
"Юзкитоби"да ўтиргандим, "Балки у Сизга танишдир" деб бир одамни кўрсатди. Душан Савич. Расмни кўрдим. Унинг айнан ўзи. 2011 йилнинг дастлабки даврасида "Пахтакор" сафида ўйнаган ва мухлисларимиз уни эслашса керак. "Друзья" ташладим, бир неча соатларда қабул қилинди ва бирданига унга Мессенжердан ёздим. Интервьюга йўқ демади.
- Салом Душан, аҳволингиз қандай?
- Шукур, яхши. Карантинни инобатга олмасак, ишлар ёмон эмас. Дам олдик ва яна дам оляпмиз.
- Ўзбекистонда футбол мухлислари, ҳусусан, "Пахтакор"нинг ашаддий ишқибозлари Сизни яхши танишади.
- "Пахтакор"нинг тарихи анчагина узоққа бориб тақалади ва шу боисдан клубнинг бутун Ўзбекистон бўйлаб ишқибозлари жуда кўп. Уларни ҳурмат қиламан ва яхши кўраман.
- Билиб турибсиз, интервью "Пахтакор" ва Ўзбекистон футболи ҳақида бўлади. 9 йил олдинги хотираларни бизга сўзлаб берасиз.
- Келишдик. Бундан жуда хурсанд бўламан.
- "Пахтакор"да биринчи дўстингиз ким бўлган?
- Боян Миладинович. У менга катта ёрдам берган. Жуда яхши инсон, дўст ва энг зўр ҳимоячи, жамоадош. Биласизми, бошқа давлат жамоасига борганда шундай инсонлар сизнинг адаптациянгизни янада тезлаштиради. Бояннинг фактори билан мен "Пахтакор"га мослашишим тезроқ кечган. Умуман олганда раҳбарият ва жамоадаги барча мени илиқ кутиб олган. Бунинг учун уларга катта раҳмат айтаман.
- "Пахтакор"даги қизиқ воқеалардан бирини айтиб бера оласизми?
- (кулиб юборди) Зўр ҳолат бўлганди. Дастлабки икки ўйинда гол ура олмадим. Шундан кейин айримлар қўй ёки товуқ сўйиб, қурбонлик қилиш керак дейишди. Қўй сўйилди ва унинг қонини бутсамга суришди ва гол уришни бошладим. Биламан, ғалати, лекин бу ёддан чиқмайдиган ҳолат бўлиб қолди.
- Сир эмаски, Сиз "Пахтакор"да молиявий ҳолат унчалик яхши бўлмаган, яъни, камтарона бюджет бўлган даврда ўйнагансиз. Сир бўлмаса, ўшанда "Пахтакор"да қанча маош олардингиз?
- Тўғрисини айтсам, менга келишилган маошимни беришган. Энди биласиз, бундай нарсаларни айта олмайман. Ўшанда менга молиявий ҳолат унчалик яхши эмаслигини айтишган ва клубнинг ҳолатини тўғри тушунганман. Мукофот пулларини олмаганмиз, ҳатто "Пахтакор"даги охирги маошимни ҳам беришмаганди. Лекин "Пахтакор"ни судга бермаганман, чунки клубни жуда яхши кўраман.
- Самвел Бабаян қандай инсон? Орадан 9 йил ўтди, у ёдингиздами?
- Ҳа, албатта. Самвел Бабаян "Пахтакор" учун барчасига тайёр эди. Тинмай ҳаракатда, баъзида асабий, лекин жуда қизиқарли инсон. "Пахтакор"ни ривожлантириш йўлида ўзини ўққа-чўққа урарди. Шундай инсонларнинг борлиги клуб учун катта ютуқ деб ҳисоблайман.
- "Пахтакор"нинг натижаларини кузатиб борасизми?
- Нафақат натижаларини, балки ўйинларини ҳам кузатаман ва "Пахтакор"га мухлислик қиламан. Клубга эътиборим ва меҳрим йўқолмайди менимча.
- Ўзбек футболида қандайдир ёмон ҳолатга дуч келганмисиз?
- Йўқ, эслай олмайман. Менда фақатгина яхши хотиралар қолган. Ажойиб стадионлар, мухлислик, шаҳарлар... Барчаси менга ёққан. Ўзбекистон чиройли давлат.
- "Пахтакор"да 6 ой ўйнадингиз. Шундан кейин Ўзбекистонга яна келдингизми?
- Ҳа, 6 ой ўйнадим, раҳбарият агентим билан келиша олмагани сабабли қолган 4 ярим ойлик шартномам бекор қилинганди. Ўшанда "Пахтакор"да қолишни истагандим. Шу орқали Ўзбекистондаги саргузаштларим ниҳоясига етган. "Пахтакор"ни унутмайман.
- Ҳар бир легионерга бериладиган одатий савол: ўзбек ошхонаси сизга ёққанми?
- Бошида жуда қийналдим. Чунки Сербия ва Ўзбекистон овқатлари ўртасида катта фарқ бор. Кейинчалик палов ёқиб қолди ва ундан кўпроқ тановул қилишни бошладим. Қозоғистонда фаолият олиб борганимда ҳам ўзбекча паловни кўп еганман. Ажойиб овқат! Дунё мўъжизаларидан бири.
- "Навбаҳор" бош мураббийи Андрей Канчельскис легионерларни Ўзбекистон чемпионатига фақатгина пул орқали қизиқтириш мумкин деганди. "Пахтакор"да қийин молиявий ҳолатда ўйнаган футболчи сифатида бу гапга қандай фикрдасиз?
- Тўғрисини айтганда, Антанасович тўғри гапни гапирган. Ҳозир қандай билмадим, лекин "Пахтакор"да ўйнаган вақтимда чемпионат савияси ёмон эмасди. Легионер эса ўз давлатини фақатгина юқори маош сабабли тарк этиши мумкин. Кичкина маошга оилани боқиб бўлмайди, клуб билан бутун дунёни айлангандан маъно йўқ.
- Равшан Ҳайдаров, Деян Журжевич ҳамда Анатолий Демьяненко. Қайси мураббийни танлаган бўлардингиз?
- Қийин савол. Уч хил мураббий, уч хил фалсафа, уч хил йўналиш. Балки улар ўз фалсафасига кўра энг зўрларидир. Танлаш имконияти эса менда қийинчилик туғдирмоқда.
- Ўзбек футболи деганда ҳаёлингизга нима келади?
- Ўзбекистонда кўп ўйнамаганим сабабли фақатгина "Пахтакор" мияга келади. Клубдаги фаолиятимдан кейин Ўзбекистоннинг қўшниси бўлган Қозоғистонда ўйнаётганимда бу ерга келиб, "Пахтакор"дагиларни кўриб кетгим келди, бироқ имконият бўлмади. Ҳали ҳам ёдимда чемпионатда 11 гол урганман, Осиё чемпионлар лигаси турнири эса менга ёққанди. Ўзбекистонни унутмайман, фурсатдан фойдаланиб, "Пахтакор" мухлисларига алангалик салом йўллайман.
- Душан, сизга катта раҳмат. Бизга вақт ажратганингиз ва интервьюга йўқ демаганингиздан хурсандмиз. Келгуси фаолиятингиз ва футболдан ташқаридаги ҳаётингизга омад тилаймиз.
- Сиздан ҳам миннатдорман.
Миржалол Норматов суҳбатлашди
Расмлар учун Ҳасанбой Пирмуҳамедовга миннатдорлик билдирамиз
Фикрлар