UZ

Сўнгги янгиликлар

02:26"Ювентус" Рэшфорд билан шартнома имзоламайди. Туринликларга МЮ форварди қизиқ эмас  0 00:40Роналду: "Агар "Манчестер Юнайтед" хўжайини бўлсам, ҳаммасини тўғирлайман"  3 00:12"Арсенал" — "Ипсвич Таун". Таркиблар маълум  0 23:42Роналду Саудия Арабистони чемпионатини Францияникидан кучли деб атади: "Лига 1да фақат ПСЖ бор, қолганлар ҳеч нарса эмас"  15 23:00Беллингем Globe Soccer Awards томонидан йил хавбеки деб топилди  1 22:38Роналду барча даврларнинг энг яхши тўпурари сифатида Globe Soccer Awards мукофотини қўлга киритди  5 22:32Globe Soccer Awards. Винисиус йилнинг энг яхши футболчиси  0 22:27Ямал Globe Soccer Awards томонидан йилнинг энг яхши ёш ўйинчисига бериладиган мукофотни олди  0 22:17Араб Кўрфази кубоги. ЖЧ саралашидаги рақибларимиз бўлмиш Қатар ва БАА гуруҳ босқичида қолиб кетишди  1 21:48Эрон Про лигаси. "Персеполис" иродали тарзда ғалабага эришди, Ўруновдан ассист  1 21:36Роналду Яқин Шарқда йилнинг энг яхши ўйинчисига бериладиган Globe Soccer Awards мукофотини олди  17 21:05"Реал" "Ливерпуль"ни расман огоҳ этди  8 20:34Феликс Туркияга йўл олиши мумкин?  0 20:04Аморим: "МЮ мураббийи ҳеч қачон ўзини хавфсиз ҳис қила олмайди"  1 19:37Расман: "Насаф"дан илк "юриш", Умарбек Эшмуродов қайтди  14

Ўзбекистон терма жамоаси собиқ футболчиси Николай Ширшов вафот этди. У қандай инсон эди? Янгиликлар

Ўзбекистон терма жамоаси собиқ футболчиси Николай Ширшов вафот этди. У қандай инсон эди?

Теглар :  Николай Ширшов
Бугун, Ўзбекистон миллий терма жамоаси таркибида 63та ўйинда майдонга тушиб, 13та гол урган футболчи Николай Ширшов вафот этди.

Биз Николай Ширшовнинг фаолиятига назар соламиз.

Николай Ширшов... Бу номни эшитганда кўпчиликнинг ҳаёлидан термамиз таркибида узоқ вақт давомида 22-рақам остида ҳаракатланган футболчи келиши шубҳасиз. 1974 йил Тошкент шаҳрида таввалуд топган футболчининг дастлабки фаолияти собиқ иттифоқнинг иккинчи лигаси вакили ҳисобланган Тошкент вилоятининг ''Свердловец'' жамоаси бўлди. Мамлакатимиз мустақилликка эришгандан сўнг, 1992 йилдан бошлаб, Ўзбекистон ўз олий лигасига эга бўди ва Николайнинг олий лигадаги дастлабки жамоаси Тошкентнинг ''Трактор'' жамоаси бўлди. Бу ердаги ишончли ўйин эса уни ''халқ жамоаси'' бўлган ''Пахтакор'' томон етаклади. Шу тариқа қаҳрамонимиз 18 ёшидаёқ  мамлакатимизнинг гранд жамоаси либосини кийишга мувафақ бўлди.



Айтиш жоизки, чап қанот ҳимоячиси бу ерда йўқолиб қолмади. Унинг ўз қанотида нафақат ҳимояга, балки хужумга ҳам ёрдам бериши, мухлис ва мутаҳасисларнинг олқишига сазовор бўлди. У ўз ҳаракатлари орқали тез орада миллий терма жамоа либосини кийишга эришди. Марҳум мурабий Баҳодир Иброҳимов уни 1996 йилги Осиё кубогига олиб борди. БАА майдонларида бўлиб ўтган мусобақа, Ўзбекистон учун дастлабкиси эди. Ширшов жамоадошлари даставвал Хитойни мағлуб этганига қарамай, кейинчалик Япония ва Суриядан мағлубиятни қабул қилиб олди ва кутилмаганда гуруҳ босқичиданоқ мусобақа билан хайрлашди. Айтиш жоизки, "Коля" миллий терма либосини кийганда ҳар доим жон-жаҳди билан тўп сурар эди. Унинг фидокорона ҳаракатлари сабаб, мухлисларнинг унга бўлган меҳри бўлакча эди. Афсуски, турли сабабларга кўра, миллий терма жамоа ўзи қатнашган мусобақаларда мухлислар кутган натижаларни қўлга кирита олмади. Францияда бўлиб ўтган ЖЧ-1998 саралаш баҳсларида Ўзбекистон миллий термаси якуний босқичда Жанубий Корея, Япония ва БААдан ортда қолиб, мундиал йўлланмасини қўлга кирита олмади. 1998 йил эса, Ширшов учун икки хил натижа билан тугади. ''Пахтакор'' жамоаси Бразилиялик мурабий Убиража Вега Да Силва қўл остида мамлакат биринчилиги чемпионига айланди. Бироқ айнан шу мураббий билан 1998 йилги Осиё ўйинларида амалдаги чемпион сифатида қатнашган Ўзбекистон термаси чорак финалда Али Даи етакчилигидаги Эрон термасидан 0:4 ҳисобида енгилиб, уйига эрта равона бўлди.

"Шерлар" таркибида умумий ҳисобда, 159 бор майдонга тушиб, рақиблар дарвозасини 16 бор ишғол қилган футболчи учун 2000 йилги мавсум фаолиятида туб бурилиш йили бўлди. У айнан шу йили жамоадош дўсти ҳисобланган Андрей Акопянц билан биргаликда, Россиянинг ''Ростельмаш'' (ҳозирги ''Ростов'') жамоасига йўл олди. Қайд этиш жоизки, “Ростов” жамоси таркибида ҳар иккала ўзбекистонлик футболчи ўз ўрнини топа билди. Ширшов  Россия клубида ажойиб ўйинлар кўрсатишдан ташақари, миллий терма жамоа таклифига ҳам ҳар доим “лаббай”, дея жавоб бериб юрди. Ширшов кичик жароҳатига қарамай Ўзбекистон футболи тарихидаги энг шармандали натижа ҳисобланган 2000 йилги Осиё кубогида ҳам, мусобақага борган эди. Ушбу мусобақада, Юрий Саркисян бошчилигидаги терманинг қандай натижа кўрсатганини айтиб ўтиш шарт бўлмаса керак.




Айнан шу натижадан кейин, Ўзбекистон футбол Федерацияси жиддий ислоҳатларни амалга оширган ва миллий терма олдига ЖЧ-2002га чиқиш вазифасини қўйган эди. Бу йўлда эса терма постига собиқ иттифоқнинг таниқли мурабийларидан бири ҳисобланган Владимир Сальков тайинланган, таркибни кучайтириш мақсадида Россия ва болгариялик бир неча футболчи ''маҳаллийлаштирилган'' эди. Айниқса саралашнинг ҳал қилувчи раундида нисбатан осон гуруҳ тушиши, бизни мақсадга етишишимизга ишончни оширганди. Николай Ширшов учун бу саралаш ғоят ўзгача ўтган эди. Футболчи бу ўйинларда ўзининг бор маҳоратини ишга солди. Афсуски, термамиз бу қулай имкониятдан ҳам фойдалана олмади. Кетма-кет бой берилган ўйинлар бизни яна бир бор мундиалдан айирган эди.




Ширшов бу борада танқид эшитмаган кам сонли футболчилардан бири бўлган эди. Айниқса, Хитойга қарши саралашдаги сўнгги ўйин мухлисларнинг ҳали ҳам ёдида бўлса, ажаб эмас. Гап шундаки, сўнгги ўйинда ҳам бизда ҳеч бўлмаганда плей-оффга чиқиш учун назарий  имконият бор эди. Бунинг учун термамиз бу баҳсда ғалаба қозониши, гуруҳдаги бошқа рақибларимиз ҳисобланган, БАА - Уммон баҳсида эса меҳмонларнинг қўли баланд келиши керак эди. Учрашувнинг сўнгги дақиқалари ўтиб бораётганда, Ширшов хитойликлар дарвозасини узоқ масофадан ишғол қилди ва бу қувончини мухлислар билан баҳам кўрди. Бу хурсандчиликнинг сабаби эса сатадионда БАА - Уммон баҳсида, меҳмонларнинг қўли баланд келгани ҳақида нотўғри маълумот кетгани сабаб бўлган эди. Кейинчалик эса, ғалаба қозонганимизга қарамай плей-оффга илина олмаганимиз ойдинлашди.



Терма жамоа бош мурабийлари Ширшовга доимо ишонишар эди. Фақатгина германиялик Юрген Геде бундан мустасно, дейишимиз мумкин. Немис мутахассиси терма жамоага келганидан сўнг, Ширшов терманинг бир неча учрашувини заҳира ўриндиғида кузатади. 2004 йилги Осиё Кубоги ва ЖЧ-2006нинг дастлабки баҳслари бунга мисол бўла олади. Николайнинг термадаги сўнгги ўйини 2005 йили Қувайтга қарши Тошкентдаги учрашувига тўғри келади. Ушбу иродали ғалабага ўзининг муносиб хиссасини қўшган футболчи бу ўйинда жароҳат олиб, Баҳрайнга қарши плей-оффдаги оламшумул ўйинларни ўтказиб юборган эди.

Бу вақтда унинг клубдаги фаолиятида ҳам ''қора кунлар'' келган эди. ''Ростов'' бош мурабийи Валерий Петраков ўзининг ''қора рўйхати''га ҳамюртларимиз Ширшов ва Акопянцни киритди ва шу тариқа икки футболчи жамоани тарк этди. Николай Ростовда қолишга қарор қилади ва иккинчи лигада қатнашувчи ''СКА-Ростов'' жамоасида фаолиятини давом этирради. Миллий терма жамоадан эса бошқа таклиф бўлмайди. Шундай футболчига Ўзбекистон жамоаларидан таклиф бўлмагани эса, бироз ажабланарли ҳол.

Ширшовнинг кейинги жамоалари Россия қуйи дивизионларида қатнашувчи ''Батайск-2007'',''Таганрог'', МИТОС клублари бўлди. Николай Ширшов Россияга бутунлай кўчиб кетган ва 2013 йилдан бошлаб, Таганрог шаҳри қуш фабрикасининг ҳаваскорлар жамоасида футбол ўйнаш билан бирга, кичик ёшдаги болаларга футбол сир-асрорларини ўргатиб келмоқда.


Николай Владимирович Ширшов
Туғилган санаси: 22 июнь 1974 йил
Вафот этган санаси: 28 декабрь 2021 йил
Туғилган жойи: Тошкент, Ўзбекистон
Амплуаси: чап қанот ҳимоячиси

Ютуқлари
Ўзбекистон чемпиони - 1992, 1998
Ўзбекистон кубоги соҳиби- 1993, 1997
2001 йил Ўзбекистонда йилнинг энг яхши футболчиси сўровномасида иккинчи ўрин




Ширшов фаолиятига доир қизиқарли фактлар:

Ширшов терма жамоа таркибида 63 та учрашувнинг 41 тасида тўлиқ ўйнаган. Майдонда жами 4818 дақиқа ҳаракат қилган. 

Терма жамоадаги дебютини 1996 йилнинг 19 ноябрь куни БААга қарши ўртоқлик учрашувида ўтказган. Ўша куни учрашув тугашига 20 дақиқа қолганида Эдуард Мамотов ўрнига майдонга тушган. Учрашувда вакилларимиз 2:4 ҳисобида мағлуб бўлишган. 

Терма жамоа сафидаги 63 та ўйинда 16 та сариқ карточка олган. Бирон марта майдондан четлатилмаган. Ширшов ўзининг илк сариқ карточкасини ЖЧ-1998 саралаши доирасидаги Яманга қарши баҳсда олган. 1997 йил 9 май куни Сана шаҳрида бўлиб ўтган ўйин Ўзбекистон учун Жаҳон чемпионати саралашлари доирасидаги дастлабки учрашув бўлиб тарихда қолган.

Айнан ўша саралаш доирасидаги Камбоджага қарши қарши кечган ўйинда Ширшов терма жамоа сафидаги илк голини уришга муваффақ бўлган. Николайнинг терма жамоадаги илк ва сўнгги голи орасидаги фарқ 6 йилни ташкил этган. Сўнгги гол 2003 йилнинг 19 ноябрь куни Осиё Кубоги-2004 саралаши доирасида Гонконг дарвозасига урилган. 

Николай Ширшов ўзининг соч турмаги билан ҳам машҳур бўлган. Айнан унга тақлид қилиб, соч ўстирган мухлислар ҳам кам бўлмаган.  

Сайтимиз ходимлари ва ўқувчилари номидан Николай Ширшовнинг яқинлари ва қариндошларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз. 



Рейтинг: +25   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика