UZ

Сўнгги янгиликлар

20:47"Милан" ПСЖга таклиф билан чиқди  0 20:16Россия термаси учун яна бир рақиб топилди  1 19:54Пеп Гвардиола: "Таслим бўлмайман"  1 19:36Флик ва Деку Леау трансферига ишонишмаяпти, аммо Лапорта уни сотиб олмоқчи  0 19:06Суперлигага қайтган "Бухоро" Қулматовни ўз сафига қўшиб олди  2 18:55"Барселона" Ольмо ишини ҳал қилиш учун ЛаЛигага VIP жойлар ҳужжатини юборди  1 18:36Шуҳрат Муҳаммадиев "Насаф" билан янги битим имзолади  0 18:02Катта эҳтимол билан АПЛни "Ливерпуль" ютади  6 17:15"Барселона" яна Ольмога ваъда беришни бошлади  0 16:35"Реал" клублар ўртасидаги ЖЧдан қанча пул ишлаб олиши мумкин?  9 16:14"Ланс" етакчисини 15 млн еврога сотмоқда  3 15:58Балотелли январь ойидаёқ "Женоа"ни тарк этиши мумкин  2 15:44Винисиус "Реал"дан Мбаппе даражасидаги маош талаб қилмоқда  8 15:00Championat.asia ходимлари томонидан йил давомида эълон қилинган мақолалар  5 14:30"Ливерпуль" ҳимоячиси "Реал"га ўтмоқчи  5

Ўзбекистон Кубоги. Ярим финалнинг биринчи ўйинларидан кейинги ўйлар Янгиликлар

Ўзбекистон Кубоги. Ярим финалнинг биринчи ўйинларидан кейинги ўйлар

26-27 июнь кунлари Ўзбекистон Кубогининг ярим финалидан ўрин олган дастлабки баҳслар ўтказилди.
“Бунёдкор” ўз майдонида “Насаф”ни, “Локомотив” эса “Пахтакор”ни кичик ҳисобда мағлуб этди. Ҳар иккала учрашувда 1:0 ҳисоби қайд этилди. Бундан кўриниб турибдики, жавоб ўйинлари янада шиддатли кечади ва ҳозирданоқ фалончи жамоа финалга чиқиб бўлди дейиш мушкул.

ТЕЗЛИК ВА САВИЯ
Бразилияда бўлиб ўтаётган жаҳон чемпионатини ҳаммамиз диққат билан кузатиб боряпмиз. Ана тезлиг-у, мана шиддат. Ўйинлар темпи жуда юқори. Равшан Эрматов бошқарган баҳсларни айтмайсизми? Хорватия – Мексика учрашувидаги тезликни кўриб ҳайрон қоласан киши. Бунақа ўйинни бошқара олган ҳакамимиз Ўзбекистонга қайтиб келгач, олий лигани юриб бошқарса бўларкан. Маълумки, ўйин пайтида ҳакам футболчиларга нисбатан кўп югуради. Шундан келиб чиқиб айтганда, Эрматов ўрнида бошқа бирорта ҳакамимиз бўлганида шундай тезликка дош бера олмаган бўлармиди?



Жаҳон чемпионатидаги ўйинларни кузатар экансан, беихтиёр ўша муҳитга боғланиб қоларкансан. ЖЧ атмосферасидан чиқиб кетишинг қийин бўлади. Масалан, кеча ўйин ўтказилмаганига одам ўзини қандайдир бошқача ҳис қилди. Табиийки спорт ўзаро солиштирув бўлгани учун хоҳлаймизми-йўқми, жаҳон чемпионатидаги ўйинлар билан бизнинг чемпионатни солиштириб кўрасиз. Оддий мисол, Кубокнинг ярим финал беллашувларини олайлик. Айни пайтда юртимизда энг кучли бўлиб турган тўртта жамоанинг ўйинига эътибор берайлик. Тезлик анча паст, хавфли вазиятларни яратиш анча кам, юзага келган хавфли вазиятлардан унумли фойдаланиш коэффициенти ундан ҳам паст кўрсаткичда. Ҳар тўрттала клубнинг ўйини жуда оддий ва содда кўринмадими?

Ва бу ўйинларни жаҳон чемпионатидаги энг оддий беллашув билан ҳам солиштириш мантиққа тўғри келмайди. ЖЧнинг энг кучсиз жамоаси дея эътироф этилган Гондураснинг ўйини ҳам биздан анча баланд экан. Ўйиндаги шиддатнинг йўқолаётгани, тезликнинг пасайиб кетаётгани ҳар қандай мухлисни ўйлантирмай қўймайди. Нима сабабдан футболимиз савияси пасайиб қолди деган саволнинг тез-тез берилиши-чи?

Масалан, “Бунёдкор” - “Насаф” баҳсини олайлик. Кенжа Тўраев ҳужумчи бўла туриб жуда қулай вазиятни кўкка совурди. Яна бир ҳолатда Фаррух Сайфиев дарвозага тўп кирита олмади. Олександр Пишурнинг ўйинида пасайиш юзага келгани ҳақида йил бошидан бери тинмай гапирилмоқда. Пишур ўтган йил кўп гол урарди, лекин бу мавсум нима учун бўшашиб кетди? Чунки у ҳам ўзбек футболига мослашиб қолди. Қараса, бу ерда тезлик паст экан, ортиқча тер тўкиб нима қилади. Бир йил ичида ўзини кўрсатиб олди. Энди ҳозирги савияси билан бемалол уч-тўрт йил “Бунёдкор”да ўйнаб юраверади, агар жамоадагилар олиб қолса.

“Насаф” бош мураббийи Рўзиқул Бердиев мағлубиятни ва хавфли вазиятлардан фойдалана олмасликни айрим футболчиларнинг ёшлиги билан изоҳлади. Аммо эътибор беринг, олий лига ва Кубокнинг ярим финалида ёш ўйинчи деган нарса бўлмаслиги керак. Қолаверса, Кенжа Тўраев билан Фаррух Сайфиевни ҳали ёш дейиш умуман мантиққа тўғри келмайди. Мана шу ўйинда “Бунёдкор” рақибни ҳақли равишда жазолади. Футболда бир томон гол урмагандан кейин иккинчи томон пайт пойлаб гол уради-да. Лекин олдинда жавоб учрашуви бор ва “Насаф”нинг бор умиди ўз майдонида ўтадиган беллашувдан. 



“ПАХТАКОР”ГА НИМА ХАЛАҚИТ БЕРИШИ МУМКИН?
Тенг кечган учрашувда “Пахтакор” кичик ҳисобда мағлуб бўлди. Менимча, кечаги баҳсда “пахтакорчилар”дан маза қилиб ўйнаган футболчи биргина Жамшид Искандеров бўлди. Жамшид ҳаммасини тўғри бажаряпти: шерикларини қулай вазиятга чиқаряпти, тўпни вақтида узатиб бермоқда, лекин бошқаларнинг оқсаши оқибатида “Пахтакор” гол ура олмади. Хусусан Игорь Сергеев хавфли вазиятни қандай қилиб йўққа чиқариш мумкинлигини кеча яна бир бор намойиш этиб берди. Ёки бўлмаса захирадан майдонга тушган Жалолиддин Машариповнинг ўта муҳим паллада тўпни юқорига тепиб юбориши қачонгача футболчининг ёш эканлиги билан изоҳланади?

“Пахтакор”га ҳозир осон бўлаётгани йўқ. Чунки жамоа ҳамма учрашувларни деярли бир хил таркиб билан ўтказмоқда. Жамоа захирасининг кенг эмаслиги муҳим ўйинларда панд бериб қўйиши мумкин. Негаки футболчилар ҳам одам ва улар ҳам ҳар доим майдонга тушаверса чарчаб қолишади. Игорь Сергеев кам гол ургани билан деярли ҳамма ўйинларда қатнашиб келяпти. Нима учун? Чунки жамоада Анвар Солиевдан бошқа унинг ўрнини боса оладиган соф ҳужумчи йўқ. “Пахтакор”ни олдинда иккита қийин ўйин кутиб турибди: 1 июль куни “Локомотив” билан Кубокнинг жавоб ўйини ва 5 июлда “Бунёдкор”га қарши олий лиганинг 13-тур баҳси.



Самвел Бабаян шогирдлари шу иккита ўйинда ижобий натижа қайд эта олишадими? Мумкин, лекин буни уддалаш жуда қийин бўлади. Тўғри, “Пахтакор”да маҳоратли футболчилар кўп, бироқ мунтазам бир хил таркибнинг ўйнаб келаётгани футболчилардаги толиқиш сабаб панд бериб қўйиши мумкин. Эътибор беринг, “Локомотив”нинг ҳам, “Бунёдкор”нинг ҳам захирасида ўйинни кучайтира оладиган футболчилар бор. Аммо “Пахтакор” захирасидагилар кам ўйин амалиётига эга бўлишаётгани учун ўйинни кучайтира олишадими йўқми, бир нарса дейиш қийин. Назаримда, “Пахтакор”га кетма-кет икки қийин беллашувда фақат шу нарса халақит бериши мумкин.

Тўғриси, шахсан мен учун “Пахтакор”нинг олдинда турган икки учрашувда қандай ўйин кўрсатиши, қайси таркиб билан ҳаракат қилиши жуда қизиқ туюляпти. Бўлиб ҳам “Локомотив”га имконият бой берилган ўйиндан сўнг жавоб баҳсида майдон эгаларининг қандай қилиб вазиятни ўнглай олишлари ўзига тортяпти. Мана шунинг учун ҳам “Пахтакор” - “Локомотив” ва “Пахтакор” - “Бунёдкор” учрашувлари диққат билан томоша қилишга арзийди.

Хайрулла Холиқов.
Рейтинг:    

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика