UZ

Сўнгги янгиликлар

12:05Неймар ижтимоий тармоқларда Мбаппени ҳақорат қилди  1 11:43Ўзбекистон футзал терма жамоасининг Ироққа қарши учрашувини баҳрайнлик рефери бошқаради  2 11:22"Пахтакор-79" ПФЛ талабини бажармагани учун Биринчи лигадан четлаштирилиши мумкин  0 10:47Шерзод Эсанов: «Биз Андижон халқи ва »Андижон« мухлислари учун бор кучимизни майдонда берамиз»  7 10:20«Манчестер Сити»нинг ёзги асосий трансфер мақсади маълум  6 09:52Англия клублари 9 йил аввалги нохуш натижани такрорлашди  6 09:26Иброҳимҳалил Йўлдошев: «Осиё кубогига келишим жуда қийин бўлди»  4 09:01Клопп жамоасини Европа лигасидан чиқиб кетгани ҳақида фикр билдирди  3 08:36Ўзбекистон кубоги. Бугун 2-турга старт берилади  0 08:10Футзал. Бугун терма жамоамиз 2-турда майдонга тушади  0 07:47«Байер» навбатдаги рекордни ўрнатди   6 07:05U-23 Осиё кубоги. Иордания - Қатар 1:2   0 07:00U-23 Осиё кубоги. Индонезия - Австралия 1:0   0 06:55Европа лигаси. "Марсель" - "Бенфика" 1:0 (Пенальтилар 4:2)   0 06:50Европа лигаси. "Рома" - "Милан" 2:1   0

Ўрнак олса арзийдиган клуб ёхуд Краснодар таассуротлари ҳақида Янгиликлар

Ўрнак олса арзийдиган клуб ёхуд Краснодар таассуротлари ҳақида

13-17 апрель кунлари Суперлига клублари матбуот котиблари Россиянинг “Краснодар” футбол клубида амалиёт ўтаб қайтишди.

Ушбу семинарга тур ўйинлари, шунингдек Ўзбекистон Кубоги баҳслари давом этаётгани боис барча клублар ўз матбуот котибларини юбора олмади. “Локомотив” билан “Насаф” бу пайтда ОЧЛ ўйинига тайёргарлик кўраётганди. Шу боис бу ўринда клубларни тўғри тушунса бўлади.

“Краснодар” футбол клубида ташкил этилган семинарда иштирок этиш менга ҳам насиб қилган экан, фурсатдан фойдаланиб ЎФА вице-президенти Умид Аҳмаджонов, ПФЛ бош директори Омон Ғофуров ҳамда сайтимиз раҳбарига алоҳида миннатдорчилик билдирсам арзийди.



Ўринбосарлар баҳси ва клуб академияси

Қуйида сафар таассуротлари, умуман сафар давомида нималар бўлгани ҳақида ҳикоя қилмоқчиман. Демак, 13 апрель куни Тошкент - Краснодар авиарейси орқали манзилга отландик. Шаҳарга етиб боргач аввалдан буюртма бериб қўйилган "Троя" меҳмонхонасига жойлашдик. Меҳмонхона стадиондан кўп узоқ бўлмаган манзилда жойлашган экан.

Клуб билан танишув эртаси кундан бошланди. 14 апрель куни “Краснодар” ўз майдонида Россия чемпионати доирасида Туланинг “Арсенал” клубини қабул қилди. Унгача эса худди шу куни маҳаллий вақт билан соат 12:00да ҳар икки жамоанинг ўринбосарлари ўзаро ўйин ўтказишди. Биздаги каби Россияда ҳам ўринбосарлар мусобақаси бор, фарқи бизда ўринбосарлар учрашуви бир кун олдин ўтказилса, Россияда икки жамоанинг ўзаро келишувига кўра бир кунда ўйнаши мумкин. Буни Россия ҳудуди анча катталиги ҳамда жамоалар келиб кетишида ортиқча муаммо бўлмаслиги билан изоҳлашди.

Соат 11:30ларга ўринбосарлар ўйнайдиган ихчамгина стадионга борганимизда дарвозадан кираверишда бизни “Краснодар” футбол клуби матбуот котиби Денис Данильченко кутиб олди. Маълумот учун, “Краснодар” клуби ташкил этилганига бу йил ўн йил тўлади. Жамоа ёш. Денис Данильченко клуб пайдо бўлганидан бери, яъни 2008 йилдан буён клубда матбуот котиби вазифасини бажариб келмоқда. Буни ўзаро суҳбат давомида билиб олдик. Данильченко бизни дастлаб ўринбосарлар баҳсини томоша қилишга таклиф қилди ва шундан сўнг клуб академияси билан таништиришини айтиб ўтди.


Шундай қилиб “Краснодар” ва “Арсенал” ёшлари ўртасидаги баҳс бошланди. Учрашув анча қизиқарли кечди. Якунда майдон эгалари 3:1 ҳисобида зафар қучишди. Эътиборимизни тортган жиҳат, майдон ҳолати ажойиб, ҳатто ўринбосарлар ўртасидаги ўйин бўлса ҳам. Бизнинг аксар Суперлига клублари бундай майдонда тўп тепишга ҳавас қилса керак. Ўйин даражаси юқори, иккала жамоа ҳам бир-бирини аямай ўйнади. Тўғри-да, мана шундай беллашувларда ёш футболчилар пишиб кейинчалик асосий таркибга йўл олишади.

Яна бир эътиборли томони шуки, мусобақа ўз номи билан ёшлар биринчилиги бўлганидан кейин бунда фақат ёш футболчилар ўйнайди. Масалан, бизда ёши катталарни ҳам амалиёт бўлсин деб майдонга тушираверишади. Аммо Россияда бундай эмас. Шунинг учун стадион диктори таркибларни таништираётганда ҳар бир футболчининг туғилган йилини ҳам айтиб турди.

Шу куни ўринбосарлар баҳси худди байрамдек кечди. Биринчидан, ўйиндан аввал ва танаффус пайтида стадионда кишига хушкайфият улашувчи ҳар хил қўшиқлар янграб туради. Иккинчидан, мухлислар ҳам кўп келар экан. Жамоани олқишлашга-ку гап йўқ. Вақти-вақти билан бутун стадион қарсак чалиб туради. Учинчидан, мухлислар учун қулайгина шароит қилинган. Сиз ҳатто ўринбосарлар баҳсига бориб стадион олдидаги дўкончадан клуб атрибутикаларини харид қилишингиз, шунингдек трибунага ўтишда егулик ва ичимликлар сотиб олишингиз мумкин. Лекин биздаги пул билан ҳисоблаганда клуб атрибутикалари анча қиммат: масалан, битта кепка 200 минг сўм атрофида, шарф 150 минг сўмдан кўпроқ. Шу боис атрибутикалар бозори чаққон эмас.


Аммо егуликка навбат кўп, одамлари маданиятли: ҳамма ўз навбати келишини кутади, ур-йиқит, нарироқ тур деган гаплар йўқ. Ўринбосарлар баҳси пайтида “Краснодар” клубининг тимсоли “буқа” доим мухлислар атрофида юради. Бориб бемалол суратга тушишингиз мумкин, аммо ҳеч гапирмайди. Биз гапиртиришга ҳарчанд уринмайлик, умуман миқ этмади. Балки бу ҳам клуб томонидан берилган топшириқ бўлса керак деб ўйладик. Ўйин якунига етганидан сўнг клуб матбуот хизмати дарҳол жамоа футболчиси ва мураббийидан видео интервью олди. Бу ҳар бир ўйиндан кейин амалга оширилар экан. Қолаверса, ўйин “Краснодар”нинг Youtube каналида жонли эфирга узатиб турилди. Видео интервью якунига етгач, клуб матбуот котиби биз билан вақтинча хайрлашди, чунки кечки пайт асосий таркиб баҳси кутиб турганди.

Тушунамиз, ўйингача қилинадиган ишлар кўп. Шу боис Денис Данильченкони ортиқча безовта қилмадик ва буёғига клуб фотосуратчиси Андрей Белик ҳамроҳлигида академия томон йўл олдик. “Краснодар” академияси ҳақида олдин ҳам кўп эшитгандим. Нафақат Россия, балки Европада энг зўрларидан бири деб билардим. Айтганларича бор экан. “Краснодар” академиясига 2011 йилда асос солинган бўлиб, бугунги кунда 320 нафар футболчи таҳсил олади. Андрейнинг айтишича, бутун Краснодар бўйлаб академиянинг 100га яқин филиали бор ва жами 11 минг ёш футболчи “Краснодар” либосида футбол сир-асрорларини ўрганмоқда. Футболчилар қабули 5 ёшдан йўлга қўйилган бўлиб, улар 11 ёшгача машғулотларга уйдан қатнайди. 12 ёшдан бошлаб эса энг яхшилари академияга қабул қилинади.


Академияга қабул қилинган болалар ётоқ ва кийим-бош билан таъминланади. Бундан ташқари, академияда таҳсил олаётган ёшлар ўрта мактабга қатнамас экан. “Бизда шунақа, - дейди клуб матбуот хизмати ходими Андрей. - Четдан ўқитувчи ёллаймиз. Улар келиб болаларга шу ерда рус тили, инглиз тили, математика ва бошқа фанлардан дарс беришади”. Дарвоқе, академия биносига кираверишда Андрей биздан бир нарсани қаттиқ илтимос қилди: умуман суратга ёки видеога олмасликни. Бу тақиқланган экан. Биз хўп деб бино ичини фақат айландик холос. Умуман олганда, академия ичида ҳамма шроит мавжуд: дарс хоналари, ошхона, ётоқхона, тренажёр зали, бассейн ва бошқалар.

Ҳаммамиз учун энг катта янгилик бу ерда “Footbot Training System”нинг борлиги бўлди. “Footbot Training System” худди спорт залга ўхшаш ихчамгина зал бўлиб, бунда футболчи майдон ўртасида (зал ичига яшил сунъий чим ётқизилган) туради, унга компьютер бошқаруви ёрдамида тўрт томондан навбатма-навбат тўп улоқтирилади. Футболчи тўпни қабул қилиб олгач, тўртта томондаги деворлардан қай бирида қизил катакча ёнса мўлжалга олиб тепади. Мўлжалга тегса яшил ёнади ва шу билан футболчи ҳисобига очко ёзилади. Шу тариқа ўша ўйинчи тўпга аниқ ва кучли зарба бериш маҳоратини ошириб боради.


Очиғи, шунча академия ва клубларда бўлиб, бунақасини сира кўрмагандим. Шунинг учун “Footbot Training System” билан танишиш биз учун янгилик бўлди. Академия билан танишиш жараёнида бу ерда мухлисларимизга яхши таниш собиқ дарвозабон Олег Беляковни учратиб қолдик. Беляков охирги клуби “Бунёдкор”да ўйнаб футболчилик фаолиятига якун ясаганидан сўнг Краснодар академиясида дарвозабонлар мураббийи бўлиб ишламоқда. Аммо интервью олишнинг имкони бўлмади, аниқроғи Беляков бунга кўнмади. Майли, бемалол гаплашиб ўтирамиз, лекин айтганларим интервью бўлмайди деди.

Айтганча, Краснодарда ЖЧ-2018 ўйинлари ўтказилмайди, лекин мундиал пайти айнан Краснодар академияси Испания терма жамоаси учун база вазифасини ўтаб беради. Ишонасизми, “Краснодар” стадиони ва академия ҳудуди шунчалик каттаки, пиёда айланаман десангиз толиқиб қоласиз. Бу ерда нақд 26та майдон бор. Шундан учтаси сунъий ва қолган ҳаммаси табиий майдонлар. Демак, очиқ ҳавода машғулот ўтказиш бўйича умуман муаммо йўқ. Бундан ташқари, иккита катта ёпиқ манеж ҳам борлигини айтиб ўтиш даркор.

Асосий таркиб ўйини

Академия билан танишиб бўлгач, яна меҳмонхонага қайтдик. Бизни кечки пайт соат 19:00да “Краснодар” ва “Арсенал” клубларининг асосий таркиблари ўйини кутаётганди. Шу боис 18:00да яна стадионга қайтиб келишимиз лозим эди. Дарвоқе, ўринбосарлар баҳси пайтида клуб матбуот котиби Денис Данильченко қўлимизга ўйинга кириш учун аккредитация карточкасини тутқазди, бу бир марталик аккредитация бўлиб фақат шу ўйинга ўтар экан. Келишганимиздек бироздан кейин яна стадионга қайтиб келдик ва 9-кириш дарвозасидан назоратчига аккредитацияларни кўрсатиб ичкарига кирдик.

Бу кириш фақат ОАВ ходимлари учун мўлжалланган бўлиб, мухлислар киритилмайди. Бино ичига кириб шундоқ ўнг томондаги лифтдан иккинчи қаватга кўтарилсангиз тўғри медиа марказдан чиқасиз. Медиа марказ бу журналистлар ўтириб ишлайдиган, ёзув-чизув қиладиган катта хона. Ичкарида ҳамма шароит бор: симсиз интернет, иссиқ чой, қаҳва, егуликлар... Журналистларга ўйин дастурномаси ва протокол шу ерда тарқатилади. Дарвоқе, "Краснодар"да ўйин куни ОАВ ходимларини кутиб олиб уларни трибунага кузатиб қўядиганлар (биз уларни волонтёрлар деймиз) асосан чиройли кийинган қизлар экан.


Стадионга чиқишингиз билан ўзингизни медиа трибунада кўрасиз. Яъни, медиа турибунага чиқиш учун ташқаридан айланиб келиш шарт эмас. Стадион қурилаётганида мана шу томонлари жуда пухта ўйланган. Шу куни 35 минглик стадионга 20 минг мухлис ташриф буюрди. Денис Данильченконинг айтишича, “Зенит”, “Спартак”, ЦСКА каби номдор клублар келса стадион лиқ тўлади. Энг кўп мухлис ҳозирча Европа лигасида “Боруссия Дортмунд” билан кечган ўйинга келган экан.

“Ўшанда трибуналар лиқ тўлганди, - дейди Данильченко. - Кўпчилик кира олмай ташқарида қолиб кетган. Германиядан 150 нафарга яқин журналист келган, бизга роса иш кўпайганди”. Стадион ичига киришингиз билан ҳайратдан лол қоласиз. Айтганча, стадион 2016 йилнинг октябрь ойида фойдаланишга топширилган. Ташқаридан қараганда Римдаги машҳур Колизейни эслатиб юборадиган стадион ичи худди 5D кинотеатрга ўхшайди. Тўрт томонингиз, яъни секторларнинг девор томони улкан экранли таблодан иборат. Диктор гапирганда овоз ҳамма томондан бир хил ва тиниқ келади.


Стадион жуда шинам, ўриндиқлари тоза ва замонавий. То ўйин бошлангунча таблода турли роликлар намойиш этилади. Буларнинг ҳаммаси одамларни футболга қизиқтириш учун тайёрланган. Ниҳоят жамоалар майдонга чиқиб ўйин бошланди. Россия футболини илк бор стадионда кўрганим учун бемалол айтишим мумкин, тезлик ва савия бизнинг Суперлигадан анча устун. Энг муҳими, тўп узатишларда деярли хато кўрмайсиз. Футболчиларнинг даражаси юқорилиги шундоқ билиниб туради. Ва энг асосийси мухлислар маданияти жойида. Бу ерда ҳеч ким рақиб жамоа ёки ҳакамни сўкмайди. Мухлислар ўз жамоаларини фақат олқишлайдилар. Рақибни камситувчи сўзлар ишлатмайдилар. Бир сўз билан айтганда, “Краснодар”да мухлислик маданияти ажойиб. Улар ҳакамнинг қайсидир қарорига норози бўлса, буни ҳуштак чалиш орқали ифода қилишар экан.

Учрашув 3:0 ҳисобида “Краснодар” ғалабаси билан якун топди. Устунлик тўлиқ майдон эгалари томонида бўлди. Ўйиндан кейин Денис Данильченко бизга ҳазиллашиб сизларнинг қадамингиз ёқди деб қўйди. Баҳс якунига етгач матбуот анжуманига кирдик. Ўйиндан кейинги матбуот анжуманига биринчи бўлиб “Арсенал” бош мураббийи Миодраг Божович кириб келди. Рус матбуоти бежизга мақталмайди: журналистлар дангал саволларни беришди, ўз навбатида мураббий ҳам гапни олиб қочмасдан ҳар бир саволга конкрет жавоб қайтарди.


Кейин залга ғолиб жамоа устози Мурод Мусаев кирди. Икки тур аввал Игорь Шалимов истеъфога чиқарилганди, ҳозир эса жамоани вақтинча бош мураббий сифатида Мурод Мусаев бошқармоқда. 35 ёшли мураббий барча саволларга эркин жавоб қайтарди. Бир журналистнинг асосий таркибни ўзингиз аниқлайсизми ёки клуб президенти Сергей Галицкийми деган саволига Мусаев албатта мен, чунки натижа учун мен жавобгарман деб жавоб қайтарди.

Матбуот анжуманидан сўнг микст зонага ўтдик. Бу ерда бошқа ҳамкасбларимиз футболчилардан интервью олишаётган экан. Худди биздаги каби Россияда ҳам футболчиларнинг ўйиндан кейин микст зонадан ўтиши шарт, лекин улар интервью беришга мажбур эмас. Хоҳласа беради, хоҳламаса йўқ. Аммо журналистларни ҳурмат қилиб ҳеч ким беэътибор ўтиб кетмайди. “Краснодар” футболчиларидан Фёдоров Смолов анча кескин гапирди. Россия терма жамоаси ҳужумчиси шу куни сариқ карточка олганди. Ўша вазиятда Смоловнинг оёғини рақиб футболчиси босиб олди, ҳакам пенальти қўйиши керак эди. Аммо ҳакам Смолов симуляция ишлатди деч унга сариқ карточка кўрсатди.


Бу ҳужумчининг тўртинчи “сариғи” бўлиб навбатдаги учрашувни ўтказиб юборади дегани эди. Кейинги ўйин ЦСКА билан. Маълумки, ҳозирда ЦСКА ва “Краснодар” клублари учинчи ўрин учун баҳс олиб боришмоқда. Фёдоров Смолов ўйиндан кейин интервью берар экан, россиялик ҳакамларни очиқчасига танқид қилди, кўряпсиз-а бизда ҳакамлик қанақа, шунинг учун ҳам ривожланмаймиз деди у.

Матбуот хизмати ходимлари билан танишув

Ўйин тугаб стадионда бошқа қиладиган иш қолмагач яна меҳмонхонага йўл олдик. Эртаси кун якшанба бўлгани учун одатда бошқа ишлар билан машғул бўлдик. Душанба куни яна стадионга келиб “Краснодар” футбол клуби матбуот хизмати бўлими ходимлари билан танишдик. Айтиш мумкинки, улар биз учун семинар ташкил этиб беришди. Семинар аввалида Денис Данильченко бизни клубда ишлайдиганлар билан  таништирди. Шундан сўнг клуб матбуот хизмати ҳақида маълумот берди. Унинг айтишича, асосий таркиб, ўринбосарлар, иккинчи лига жамоаси ҳамда академияни қўшиб ҳисоблаганда 20га яқин ходим фақат МАТБУОТ бўлимида ишлар экан.

Асосий таркиб ўйнаса иккита фотосуратчи майдонда бўлади, иккита оператордан биттаси юқорида фақат мураббий учун ўйинни тасвирга олади, иккинчиси эркин оператор сифатида пастда юриб кадр йиғади. Айтайлик, мухлисларни тасвирга туширади, футболчилар интервьюсини олади ва ҳоказо. Айтсам ишонмайсиз, биргина академия фаолиятини ёритиш учун олти нафар оператор ёлланган. Яъни, ҳар бир ёш тоифасидаги футболчиларга биттадан оператор бириктирилган деса ҳам бўлади.


Бундан ташқари, академия ва иккинчи лига учун алоҳида фотосуратчи ишлайди. Уларнинг ўйинини умуман бошқа одамлар клуб расмий сайти ва ижтимоий тармоқларда ёритиб боради. Ижтимоий тармоқлар учун жавобгар шахс ҳам бошқа киши. У фақат клубни Фейсбук, Твиттер, Телеграм, Инстаграм каби тармоқларда ёритиб боради. Клуб сайти учун асосан Денис Данильченконинг ўзи жавобгар. Айтиш мумкинки, у сайт муҳарирри, лекин ўйин пайти ёзмайди, балки ташкилий ишлар билан машғул бўлади: мисол учун журналистлар, меҳмонларни ва рақиб жамоа матбуот котибини кутиб олиш, уларни жойлашлаштириш, ўйинга чиқарилган дастурларни тарқатиш ва ҳоказо.

Матбуот хизматининг вазифаси клубни имкон қадар кенг ёритиш. Бу ҳақда шахсан клуб раҳбари Сергей Галицкий томонидан алоҳида топшириқ берилган. Уларнинг айтишича, Галицкий матбуотни мунтазам кузатиб боради ва “Краснодар” ҳақида кўпроқ ёзишларини хоҳлайди. Шу боис ҳам клуб хўжайини клубнинг матбуот бўлимига жиддий эътибор қараган. Матбуот яхши ишлаши учун клуб алоҳида дизайнер ишга олган ва у ўйинга афиша, анонслар тайёрлаш билан машғул бўлади. Бир сўз билан айтганда, “Краснодар” Россиянинг ўртамиёна клуби бўлгани билан матбуот бўлимида иш бир текис йўлга қўйилган.

Дарвоқе, Россияда йил бошида клублар матбуот котиблари ҳам махсус аттестациядан ўтказилар экан. Ким лицензиядан ўта олмаса ўша котиб ишлайдиган клуб чемпионатга қўйилмас экан. "Тўғри, ҳозирча бундай хунук воқеа юз бергани йўқ, лекин бу ҳам бизни янада масъулият билан ишлашга ундайди", - дейди Денис Данильченко.


"Краснодар" ПФК матбуот вакиллари Одил Аҳмедовни анча мақташди. Уларнинг айтишича, 2014-2016 йилги мавсумларда ушбу клубда фаолият олиб борган ҳамюртимиз ўзининг хулқи ва муомала маданияти билан клуб вакилларида илиқ таассурот қолдирган. Данильченко терма жамоамиз сардори ҳақида шундай деди: "Аҳмедов камгап, шу билан бирга анча босиқ эди. Адамашсам, у билан йилда икки марта алоҳида видео интервью қилганмиз. Баъзи футболчилар билан ишлаш қийин, чунки улар нимани ўйласа шартта гапириб юборади. Бу эса журналистлар учун тайёр мавзу бўлади. Лекин бизда ўйнаб кетган ёки ўйнаётган легионерлар билан ҳеч қачон муаммо бўлмаган. Хориждан келган барча футболчилар ўзларини яхши тутишган".  

“Краснодар” клуби сафар ўйинларига матбуот бўлимидан асосан уч кишини олиб кетади: битта фотосуратчи, битта оператор ва бир нафар ёзадиган ходим. Аммо уй учрашувларида катта гуруҳ ишлайди. Чунки уйдаги ўйинлар худди байрамдек ўтиши керак. Хулоса қилиб айтганда, уч кунлик семинар биз учун фойдали бўлди. “Краснодар” бемалол ҳар томонлама ўрнак олса арзийдиган клуб экан. У ерда академия фаолияти, ўйинни ташкил этиш ва ўтказиш, мухлислар билан ишлаш, матбуот ва маркетинг бўлимлари бир текис йўлга қўйилган.

Ҳамма ўз ишини билиб қилиб кетаверади. Қанийди бизда ҳам Суперлига клублари матбуот хизмати бўлимига алоҳида эътибор бериб, уларга шароит яратиб берса. Тўғри, кўп нарса пулга бориб тақалади. Лекин ўйини чиқмаётган легионерларга фалон пул тўлагандан кўра, ўша пулга учта ходим олса, муҳтарам Президентимиз тинмай таъкидлаётганидек ҳам иш билан таъминлайди, ҳам ўз жамоасининг ОАВда янада кўпроқ ёритилишига сабабчи бўлади. Шундай экан, вақти келиб бизда ҳам клублар матбуот бўлими ҳар томонлама зўр ишлашини кутиб қоламиз.

Х.Холиқов, Тошкент – Краснодар - Тошкент.


Рейтинг: +14   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика