

Қуръа ташлаш маросимидан кейинги дастлабки савдо босқичи 2025 йил 12 декабрдан 2026 йил 13 январга қадар давом этди. Ушбу босқичда футбол ихлосмандлари чипта харид қилиш учун ариза топширишди. Ариза берган талабгорлар орасида чипта эгалари 2026 йил феврал ойида Тасодифий танлов (Random Selection Draw) орқали аниқланди ҳамда ғолибларнинг банк карталаридан тўловлар автоматик равишда ечилди.
Шунингдек, 2026 йил март–июн ойларида ФИФАнинг расмий чипта платформаси ҳамда ВИП мижозлар учун "On Location" Hospitality платформаси орқали қўшимча чипталарни тўғридан-тўғри харид қилиш имконияти ҳам яратилди.
Савдонинг барча босқичларида исталган давлат фуқаролари расмий платформалар орқали исталган терма жамоалар иштирокидаги учрашувлар учун ариза топшириш ёки мавжуд бўлган чипталарни тўғридан-тўғри харид қилиш имкониятига эга бўлди.
ФИФА регламентига мувофиқ, иштирокчи терма жамоани уюшган ҳолда қўллаб-қувватловчи мухлислар учун, уларнинг қайси давлат фуқароси бўлишидан қатъий назар, стадиондаги умумий сотувга чиқариладиган ўринларнинг камида 8 фоизини харид қилиш ҳуқуқи тақдим этилади. Шунга кўра, стадион сиғимининг 16 фоизи ўзаро баҳс олиб бораётган жамоалар мухлислари учун, қолган 84 фоизи эса бошқа секторларда футбол томоша қилишни хоҳлаган исталган футбол мухлиси учун умумий савдога чиқарилди.
Мазкур босқичда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг гуруҳ босқичи учрашувлари учун чипта нархлари ФИФА томонидан 140 АҚШ долларидан 700 АҚШ долларигача, шунингдек, чекланган миқдордаги жойлар учун 60 АҚШ доллари этиб белгиланди.
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг гуруҳ босқичи учрашувларида уюшган ҳолда мухлислик қилиш учун, асосан, дарвоза ортидаги секторлардан жами 14 073 дона чипта ажратилди.
Мазкур квотадан 8064 дона чипта ўзбекистонлик ишқибозлар томонидан ФИФАдан тўғридан-тўғри харид қилинган. 6 009 дона чипта эса Ўзбекистон футбол ассоциацияси, Спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси, Ўзбекистон футзал ассоциацияси, Ўзбекистон профессионал футбол лигаси, Ўзбекистон футболчилар уюшмаси, ҳудудий футбол ассоциациялари, профессионал футбол клублари, футболчилар ва уларнинг оила аъзолари, марказлашган мухлислар жамоаси, спорт ташкилотлари, давлат идоралари, ҳомийлар ҳамда АҚШдаги ватандошлар номидан "Mahalla USA" ташкилоти учун олдиндан буюртма бериш мақсадида ажратилди.
Мазкур буюртмалар бўйича чипталар юқорида қайд этилган ташкилотларга ФИФА томонидан белгиланган нархда ва ҳеч қандай қўшимча хизмат ҳақи ундирилмаган ҳолда тақдим этилди.
ФИФА регламентига мувофиқ, чипта эгалари харид қилинган чипталарни ФИФА расмий чипта иловаси орқали бошқа шахсларга электрон тарзда юбориш ёки қайта сотиш ҳуқуқига эга. Бунинг учун ФИФАнинг расмий чипталарни қайта сотиш платформаси (Resale Platform) фаолият юритади.
Шу сабабли Ўзбекистон футбол ассоциацияси харид қилинган чипталарнинг қайта сотилишига тақиқ ўрнатиши ёки ушбу жараённи чеклаш ваколатига эга эмас.



