UZ

Сўнгги янгиликлар

20:04ПСЖ - "Ланс". Абдуқодир Ҳусанов асосий таркибда  2 19:37"Локомотив" - "Рубин". Ашурматов асосий таркибда  0 19:27АПЛ. "Арсенал" мағлубиятга учради  5 19:25Денис Коростиченко: "Кетма-кет иккинчи ўйинда бир хил хато туфайли гол ўтказиб юборяпмиз"  0 19:18"Ливерпуль" - "Брайтон", "Борнмут" - "Манчестер Сити" учрашувлари учун асосий таркиблар эълон қилинди  0 19:16Суперлига. "Динамо" супер ва автоголлар эвазига "Қизилқум"ни мағлуб этди  9 18:39Сергей Лушчан: "Футболчи индивидуал хатога йўл қўйяптими, демак унинг маҳорати бўйича саволлар бор. Мақсадлар масаласи бўйича муваффақиятсиз мавсум бўлгани аниқ"  4 17:28U19 чемпионати. "Пахтакор" 3 дақиқада киритилган 2та гол эвазига чемпион бўлди  8 17:11Суперлига. "Олимпик" - "Навбаҳор" 1:2  0 16:54Суперлига. Жамшид Болтабоевнинг дубли "Навбаҳор"га "Олимпик" устидан ғалаба келтирди  11 16:33Эшитдик-да! "Истиқлол" - "Пахтакор" ўйини нейтрал давлатда эмас Эронда бўлади  4 16:26"Қизилқум" - "Динамо". Асосий таркиблар билан танишинг  0 16:04Акмал Мозговой: "Чемпион бўлишимизга ишонмаганларга: биз буни уддаладик ва қолгани муҳим эмас"  13 16:03Лионель Месси келажакда мураббий бўладими?  3 14:56МЮ 7та сабаб туфайли Аморимни танлаган экан  7

"ОЧЛ баҳслари нега Саудия Арабистонига берилгани, улардаги шароит, мусобақага эътибор ва биз ҳам ўтказа олармидик?" каби саволлар юзасидан Шаҳбоз Беғамов билан суҳбат Янгиликлар

"ОЧЛ баҳслари нега Саудия Арабистонига берилгани, улардаги шароит, мусобақага эътибор ва биз ҳам ўтказа олармидик?" каби саволлар юзасидан Шаҳбоз Беғамов билан суҳбат

Бугун АГМК ОЧЛ гуруҳ босқичидан ўрин олган охирги ўйинини ўтказади.

Тошкент вақти билан 00:00да АГМК ва Тожикистоннинг "Истиқлол" клуби ўртасидаги баҳс старт олади. Хабарингиз бор, ОФК Осиё чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичини марказлашган тартибда ўтказмоқда. АГМК жой олган гуруҳ учрашувлари Саудия Арабистони пойтахти Ар Риёдда бўлиб ўтяпти.

У ерда мусобақани ўтказиш билан боғлиқ шароит қандай, ташкилотчилик борасидаги фикрлар ва агар гуруҳ мезбонлиги бизга берилганида биз ҳам ўтказа олармидик каби саволлар билан АГМК клуби матбуот котиби Шаҳбоз Беғамовга юзландик. Негаки Беғамов ҳам жамоа билан бирга икки ҳафтадан зиёд вақт Ар Риёдда бўлиб турибди ва вазиятдан жуда яхши хабардор. 


- Шаҳбоз, марказлашган тартибда ўтказилаётган ОЧЛ гуруҳ ўйинларида ташкилотчилик қай даражада? 

- ОЧЛ гуруҳ босқичидаги бешта гуруҳдан учтаси Саудия Арабистонида, қолган иккитаси БАА ва Ҳиндистонда ўтказилмоқда. Шаржа ва Гоада ташкилий ишлар қай даражада аниқ билмадим-у, лекин Саудия Арабистони пойтахти Ар Риёдда бўлаётган гуруҳ ўйинлари юқори савияда ташкил этилган. Ҳар бир жамоага иккитадан махсус клуб логотипи билан тўлиқ безатилган автобус ҳамда худди шундай тартибда безатилган иккитадан енгил автомашина (Ford) ажратилган. Автобус ва машина ҳайдовчилари кун-у тун хизматда. Улар жамоа билан бирга меҳмонхонада карантин талабларига тўлиқ риоя этган ҳолда истиқомат қилишмоқда. Саудия Арабистони футбол федерацияси ҳам ташкилий ишларда катта жонбозлик кўрсатмоқда. Меҳмонхоналар икки тилдаги - арабча ва ўзбекча ёзувдаги баннерлар билан жиҳозланган. 



- Гуруҳдаги барча жамоалар битта меҳмонхонада истиқомат қиляптими ёки алоҳидами?

- Ар Риёдда жамоалар алоҳида меҳмонхоналарда истиқомат қилмоқда. Билишимча, Шаржада барча тўрт жамоа битта жойда яшаяпти. Ар Риёдда эса клублар алоҳида жойлашган. АГМК шаҳарда янги барпо этилган "WAW Hotel" меҳмонхонаси хизматларидан фойдаланмоқда. "Истиқлол" эса "Voco" меҳмонхонасига жойлашган. Маҳаллий "Ал Ҳилол" клуби ҳам 12 апрелдан шаҳардаги меҳмонхонани банд этиб, карантин талабларига тўлиқ риоя этган ҳолда истиқомат қилаётганидан хабардорман.

АГМК клуби 12 апрель куни кечка яқин келди ва 15 апрелга қадар барча ўз хонасида овқатланди. Яъни, меҳмонхона ходимлари ҳаммага саҳарлик ва ифторлик таомларини хоналарига олиб келиб якка тартибда беришди. Фақат тест жавоблари чиққанидан сўнг бутун жамоа бўлиб овқатланишга рухсат берилди. Шунингдек, меҳмонхонадаги барча яккаланган ҳолда алоҳида хоналарда истиқомат қилмоқда. Бу ерда ҳар ўйиндан кейин коронавирусга тест олинади.


- Ар Риёдда аҳоли орасида ҳам карантин қоидалари кучайганми? Ёки бу фақат футбол клубларига тегишлими?

- Аҳоли орасида карантин талаблари қай даражада эканидан очиғи бехабарман. Чунки биз 12 апрель куни Ар-Риёдга келган бўлсак, шу кундан эътиборан фақат аэропорт - меҳмонхона - стадион - меҳмонхона йўналиши бўйлаб ҳаракатдамиз. Шу боис шаҳарда қандай ҳолат эканини билмаймиз. Қизиқиб сўраганимизда, бирор жойга бораётганда ёки кирмоқчи бўлсангиз махсус илова бўлиши шарт ва унда сизнинг коронавирус борасидаги маълумотингиз онлайн юкланиб кўрсатиб туради. Агар ўша иловада сизда яшил ранг ёнса, бемалол шаҳар бўйлаб ҳаракат қилишингиз мумкин экан. Акс ҳолда ҳеч қаерга бора олмаслигингиз айтилди. 



- Шунчаки бекор пайт меҳмонхонадан чиқиб шаҳар айланса бўладими? 

- Меҳмонхонадан мутлақо чиқиш йўқ. Барча карантин талабларига жиддий равишда тўлиқ риоя этмоқда. 


- Меҳмонхонадаги шароитлардан кўнгил тўқми? 

- Нолиб бўлмайди. Ҳаммаси яхши даражада. Хизмат яхши йўлга қўйилган. Фақат ўзбек таомларини соғиндик. Айниқса ифторлик ёки саҳарликда ўзимизнинг паловхонтўра ёки Қаршининг бетакрор сомсасини соғинди одам. Лекин шуни айтишим керак, икки марта саҳарликка клубимиз бош администратори Руслан ака ўзимизнинг мастава ва ошни тайёрлаб бердилар. Ўзга юртда ўзимизнинг таомларни тановул қилиш бошқача бўларкан. Меҳмонхона хўжайинлари ҳам ўзбек ошига маҳлиё бўп қолди. 



- Машғулот ёки ўйинга кетаётганда шаҳарда ОЧЛ мусобақаси бўлаётгани нафаси сезиладими? Масалан, кўчаларда реклама ёки афишалар борми?

- Тўғриси, буни пайқаш қийин. Балки рекламалар бордир. Лекин автобусимиз АГМК логотиплари билан шу қадар безатилганки, ичкари ойнадан кечки шаҳар аранг кўринади. Чунки машғулот ҳам, ўйин ҳам бу ернинг вақти билан кечки 22:00 атрофида бўлади. Қизиғи, Тошкент вақти билан бу пайт соат тунги 00:00 бўлади. АГМК жамоаси икки ҳафтадан буён айнан биз учун ноодатий бўлган графикда шуғулланиб ўйнамоқда. Бу графикка ҳам мослашиб олдик. Энди Тошкентга қайтганда одатий ҳаёт тарзига мослашиш муаммо бўлса керак. Кечаси тунда ишлаб, кундузи дам олишга тўғри келмоқда. Биз-ку майли, футболчиларга янада қийинроқ, чамамда.


- Биламизки, ОЧЛ ўйинларига мухлислар киритилмаяпти. Шунга қарамай стадионга киришга уриниш ҳолатлари кузатилдими? Масалан, "Ал Ҳилол" ўйнаган пайт. 

- Савол жуда ўринли ва ғирт ўзбекча. Бизда бўлганида шундай уринишлар ва катта эҳтимол таниш-билишларга қўшимча бейжиклар ҳам қилиб берилишига ишонардим. Бу ерда маълум ходимлардан ташқари бошқа ҳеч ким йўқ. Хаттоки мезбон "Ал Ҳилол" клуби делегацияси ҳам ўйин куни стадионда АГМКникидан кўп бўлмайди. Шунга эътибор қилдим. Оддий мисол, жароҳати туфайли турнирни ўтказиб юбораётган Саудия Арабистони ва "Ал Ҳилол" етакчиси Салмон Ал Фараж ҳам ўйин кунлари стадионга қўйилмаяпти.

Тартиб-интизом, карантин қоидалари ва регламент бу ерда биринчи ўринда. Бу ерда фақат Регламент гапиради. ОФК эса уни қатъий назорат қилади. Мезбон жамоа ёки стадион маъмурияти жавобгар деган тушунча йўқ. ОФКнинг масъул ходимлари, комиссарлар ҳаммасини тиниқ назоратда ушлаб туради. Ҳаттоки жамоа кийиниш хонасига кимки майли, нима кириб, нима чиқаётгани ҳам назоратда. Шу боис ҳам ОЧЛ нуфузли мусобақа ва ҳамма унинг тартиб-қоидаларига бўйсунади.


- ОФК Ғарб минтақасидаги 5та гуруҳдан 3тасининг ўйинларини Саудия Арабистонида ўтказишни лозим топди. Ташкилий ишлаш томонлама олиб қараганда ОФК тўғри қарор қабул қилди деб ҳисоблаш мумкинми?

- Шахсан ўзим Ар Риёддаги ташкилий ишларни юқори баҳолайман. Ўтган йил Қатар бу ишларни янада "ёрворганини" эшитгандим, лекин Ар Риёддаги ташкилотчилик ҳам ёмон эмас. ОФК бизнинг гуруҳ манзилида адашмаган деб ўйлайман. Ўйинлар Рамазон ойига тўғри келгани ва бошланиш вақтлари имкон қадар қулай вақтга, яъни ифторликдан кейин барча учун бир хил шароитда белгилангани ҳам таҳсинга сазовор. Гуруҳимиздаги ўйинлар иккита стадионда - "Шаҳзода Файсал Бин Фаҳд" ва "Қирол Фаҳд"да ўтказилмоқда.


-  Турли даражадаги халқаро ўйинларни ўтказиш томонлама Саудия Арабистони нимаси билан ажралиб туради?

- Мен бундай форматдаги марказлашган ОЧЛ гуруҳ босқичида илк марта ишлашим. Халқаро мусобақалардан фақатгина БАА-2019даги Осиё Кубогига борганман. Шунинг учун таққослаш бироз ноўрин бўлса керак. Шуни айтишим мумкин, Саудия Арабистони ташкилий ишлар бўйича фақатгина Қатардан ортда қолиши мумкин. Лекин БААдан кўра анча яхшироқ дея оламан.



- Нима деб ўйлайсиз, агар битта гуруҳ мезбонлиги Тошкентга берилганида биз ҳам яхши савияда ўтказа олармидик?

- Бемалол ўтказардик. Тошкент нафақат битта гуруҳни, балки камида иккита гуруҳни эплайди. Гап фақат кадрларда. Қатъиятда. Маълум меъёр ва белгиланган тартибга риоя этишда. Оддий мисол, бизда ички чемпионат ўйинларида ҳам белгиланган маълум тартибларга ўзимиз риоя этмаймиз. Бу эса ишга бўлган ёндошувга боғлиқ. Бу ҳаммага тегишли. Ўзимдан бошлаб клуб ва ташкилотчиларгача. Регламентни ҳурмат қилишимиз керак. Ташкилотчилик борасида ҳам уддалай оламиз. Ҳамма гап оддийликда ва майда деталларга ҳам беэътибор бўлмасликда. ОФК назорат қилишини инобатга олсак, бу ташкилий тарафлама ўзбек футболи жамоатчилиги учун ҳам катта мактаб ва тажриба бўларди. 


- Мухлисларимизда ОФК мезбонликни фақат арабларга беради деган тушунча йўқ эмас. ОЧЛ Ғарб минтақасининг "A" ва "D" гуруҳлари мезбонлиги Ар Риёдга берилганига қараб ОФК тўғри қарор келган деб ҳисоблаш мумкинми?

- Мутлақо тўғри қарор.


- Бизда ҳам стадионлар, машғулот майдонлари ва яхши меҳмонхоналар бор. Шундай бўлса-да бизда йўқ, лекин саудияликларда бор нарсани айта оласизми? Балки айнан шу нарса ОФК мезбонликни Саудия Арабистонига беришида муҳим роль ўйнаган бўлиши мумкин?

- Бизда Саудия Арабистонидаги каби машғулот майдонлари йўқ. Бир дона ҳам йўқ. Тўғри, бор, лекин у майдонларни Ар-Риёддаги майдонлар билан солиштириб бўлмайди. Бу ерда бир нечта машғулот майдонлари мисоли гиламдек текис. Бизда эса саноқли ўйин ўтказса бўладиган сифатли майдонлар мавжуд. Ўша энг сифатлиси ҳам бу ердаги машғулот майдони олдида бошқа даражада. Футболда майдонга кўп нарса боғлиқ.

Бир оддий мисол. Мавзудан ташқари, лекин айни ҳақиқат. Бизда кўпчилик жамоалар пас ўйнамайди, футболчилар тўпни аниқ узатолмайди ёки фикрлаши суст деймиз. Фақатгина Суперлиганинг маълум майдонлари ёки ҳозирги кунда Пролигадаги саноқли майдонлар нисбатан сифатли. Қолган стадионлардаги майдон-чи? Машғулот майдонларини айтмадим? Футболчилар ҳар кунлик машғулотни қайси майдонда ўтказади ва ўйинни қайси майдонда ўйнайди? Фарқ катта.

Табиийки ўйин жараёнида бу нарсалар ўйин сифатига таъсир қилади. Ёш ўсиб келаётган футболчилар ҳам ўзи ўйнаган ва ўрганган майдонга мослашиб футбол ўйнайди. Худди шундай катта жамоалар ҳам. Шу боис бизда барча клубларда ўйин сифати мухлислар истагандек юқори даражада бўлмайди. Суперлигада тўп билан яхши ўйнайдиган жамоаларга бир назар солайлик, "Пахтакор", "Локомотив", АГМК, "Насаф" ва "Бунёдкор". Чунки бу жамоаларда нисбатан майдонлар яхши. Лекин Европа ва ҳаттоки Осиё билан солиштирганда бу жамоаларимизнинг майдонлари ҳам талабга жавоб бермайди аслида. Халқаро майдонда эса бу жиҳат ҳам фарқ қилади ва табиийки мухлисларга сезилади.

Х.Холиқов суҳбатлашди. 

Рейтинг: +11   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика