“Обод” мураббийи Бобур Зуҳриддинов билан суҳбат
13 ноя 2015 13:39
Янгиликлар
“Обод” мураббийи Бобур Зуҳриддинов билан суҳбат
Жамоа ушбу мавсумда олий лига йўлланмасини қўлга киритди. Эндиликда жамоа келгуси йилни кучлилар сафида ўтказадиган бўлди. “Обод”нинг олий лигага чиқишида муносиб ҳисса қўшган иқтидорли мураббий Бобур Зуҳриддинов куни-кеча сайтимизга интервью берди.
- Бобур, авваламбор “Обод”нинг кучлилар сафига чиққани билан табриклаймиз. Мавсум давомида гарчи расмий катта мураббий Хайрулла Абдиев номи зикр этилган бўлсада, учрашувлар чоғида асосан сизнинг майдон четида футболчиларга кўрсатма бериб турганингизга гувоҳ бўлдик. Демоқчимизки, бу сизнинг мураббий сифатидаги илк муваффақиятингиз бўлса керак?
- Табрик учун раҳмат. Йўқ, биласизми “Обод” жамоасининг ўз олдига қўйилган вазифани бажаришида биргина менинг эмас балки катта мураббий Хайрулла Абдиев, жамоа бошлиғи Фарҳод Сафаров, ўйновчи мураббий Дониёр Ҳасанов, клуб шифокорлари ва албатта жамоа раҳбариятининг мехнати ётибди деб ўйлайман. Қолаверса футболчиларимизнинг ҳам бутун мавсум давомида ўз ишига сидқидилдан ёндошганини таъкидлаш жоиздир.
- Бобур Зуҳриддинов номи ўзбек футболи жамоатчилиги учун янгилик бўлди. Очиғини айтганда, мухлислар сиз ҳақингизда кўп ҳам билмайди. Шу боис бу борада ўзингиздан эшитсак дегандик?
- 1992 йили Тошкент шаҳрида таваллуд топганман. Ёшлигимда менда ҳам миллионлар ўйинига бўлган қизиқиш пайдо бўлган. Шу боис маълум муддат футбол билан шуғулландим. Умумий ҳисобда 12 йил футбол ўйнадим. Бироқ айрим сабабларга кўра, футбол ўйнашни бас қилганман. Тақдир тақозоси билан барибир футбол соҳасида қолдим ва эндиликда ўзимни мураббийликда синаб кўрмоқдаман.
- “Обод”га келишингиз қай тариқа амалга ошган?
- Билсангиз керак, бу жамоа таркиби Дониёр Ҳасанов атрофида йиғилган. Илгари “Бунёдкор” ўринбосарлари таркибида харакат қилган ушбу футболчи ўзи яхши билган айрим жамоадошларини ҳам клубга таклиф этганди. Шу жумладан мени ҳам айнан Ҳасанов раҳбариятга тавсия қилган.
- Жамоангиз олдига бу йил жиддий вазифа қўйилган бўлсада, масъулиятли вазифани ўз зиммангизга олишга нима туртки берди?
- Энг асосийси ўшандаёқ аҳил бир жамоага келаётганимни тушуниб етганман. Эътибор берсангиз, таркибимизда “Бунёдкор”нинг собиқ ўйинчилари кўп. Уларнинг кўпи илгари бирга ўйнашган. Бу эса ажойиб муҳит ва жамоавий ўйинни шаклланишида муҳим ўрин тутди. Тўғри айтдингиз, “Обод”нинг мақсади кучлилар сафига чиқиш эди. Бу жуда ҳам мураккаб вазифа саналсада, сира чўчиганим йўқ. Чунки раҳбарият томонидан ҳам сезиларли равишда қўллаб-қувватлаш бўлди. Бу эса ишга бўлган меҳр ва ишончни оширди.
- Дарҳақиқат, “Обод” ҳақида гап кетганида кўпчилик жамоанинг асосий кучи бу – аҳиллигида эканлигини таъкидлади. Буни қай тариқа амалга оширдинглар?
- Таркибдаги йигитларнинг ўртача ёши 25-26 эканлигини айтиш лозим. Юқорида таъкидлаганимдек, кўпчилиги “Бунёдкор”да тарбия топган. Бир-бирини тушуниш ва уларга нима истаётганинингни етказиш қийин эмас. Аксинча йигитларнинг ўзлари ҳам бир мақсад йўлида якдил жамоага айланди. Якунда эса ўз ниятимизга етдик.
- Мавсум давомида устозларингиздан ҳам керакли кўрсатмаларни олиб турган бўлсангиз керак?
- Албатта. Вақти келса уялмасдан билмаган нарсаларимизни ўзимиз тарбия топган мураббийлардан сўраб, қизиқдик. “Бунёдкор”даги малакали мутахассислар Сергей Лушан, Ҳикмат Эргашев, Муҳиддин Ортиқов каби устозлардан керакли кўрсатмаларни олиб турдик. Уларга ҳам ўз навбатида миннатдорчилик билдириб қоламиз.
- “Обод” билан олий лига йўлланмасини қўлга киритдингиз. Айтингчи мавсум давомида кўнглингиз тўлмаган жиҳатлар ҳам бўлдими?
- Жуда оз. Деярли йўқ деса ҳам бўлади. Энг асосийси раҳбарият биз учун барча шароитларни яратиб берди. Бунинг учун уларга раҳмат айтаман.
- Кучлилар сафига чиқиш йўлида асосий рақибга айланган “Оқ-тепа” билан чемпионатнинг сўнгги турига қадар кураш олиб бординглар?
- Ҳа. “Оқ-тепа” жамоаси ҳақида илик фикрларни билдиришим мумкин. Жуда яхши клуб. Таркибда ҳам маҳоратли ўйинчилар жамланган. Уларга қарши кечган икки ўйинимиз ҳам биз учун жуда қийин бўлди.
- Эътиборлиси бу жамоага қарши кечган ҳар икки учрашувда ҳам “Обод” имкониятни бой берди. Шундан сўнг элитага чиқиш учун сизларда қандайдир умидсизлик пайдо бўлмадими?
- Ҳар қандай мағлубият кишини руҳан чўктиради. Айниқса мана шундай асосий рақобатчингизга қарши кечган учрашувларда имкониятни бой берсангиз. Тан олиш керак, “Оқ-тепа” билан ўйинлардан кейин футболчиларда руҳан пасайиш кузатилди. Аммо раҳбарият бизни охиригача қўллаб-қувватлади ва ўзимизга бўлган ишончни йўқотмасликни уқтирди. Шунингдек яна бир нарсани алоҳида айтиб ўтишни истардимки, бизда жамоанинг эртанги кунига бўлган ишонч бор эди.
- Вазифа бажарилишида Дониёр Ҳасановдан ташқари яна айрим етакчи ўйинчиларни ҳам ҳиссаси катта бўлди. Фикримизга сиз ҳам қўшилсангиз керак?
- Албатта. Санжар Тўрақулов, Арайк Бобоев, Камолиддин Тожибоев, Шерзод Жалилов, Алишер Азизов каби жамоамизнинг маҳоратли футболчилари бутун мавсум мобайнида катта ёрдам берди. Шунингдек иқтидорли ўйинчиларимиз бўлган Шохруз Норхонов, Санжар Қодирқулов, Жавлон Искандаров, Суннат Абдуллажонов ҳамда Обид Ҳакимовнинг кўмаги ҳам сезиларли бўлди.
- Мураббий сифатида бу йил қанчалик ўсишга эришдим деб ҳисоблайсиз?
- Билмаган нарсаларимни тушуниб етдим. Ҳозир ёшман ва олдинда ўрганадиганларим кўп. Биринчи лигада ишлаётган мендан керак бўлса ўн баробар кучли бўлган мураббийларга қарши ўйнаб, кўпинча ғалаба қозондик ва баъзида мағлуб бўлдик. Бу жуда ёқимли бўлди.
- Мавсум мобайнида қайси жамоаларнинг футболчилари сизда яхши таассурот қолдирди? Ёхуд агар имкони бўлса келаси йил қайси ўйинчиларни “Обод”да кўришни истаган бўлардингиз?
- Эътиборимизни тортган футболчилар кўп бўлди. Лекин ҳозир уларни сизга номма-ном айтиб беришим қийин. “Оқ-тепа”, “Хоразм” ва “УзДонгЖу” клубларида яхши ўйинчилар борлигига гувоҳ бўлдик. Кимларни таклиф этилиши борасида ҳозирча аниқ бир нима дейишим қийин.
- “Обод” келгуси йил элитада иштирокини бошлайди. Мураббийлар штабида ҳам ўзгаришлар бўладими? Бу борада ҳам қандайдир ўзига хос трансферлар амалга оширилса керак?
- Мавсум эндигина поёнига етди. Ҳозирча раҳбарият билан учрашиб келгуси режалар ҳақида бафуржа суҳбатлашиб олганимиз йўқ.
- Ўзингизнинг жамоадаги келажагингиз тўғрисида нима дейсиз?
- Айтиб ўтганимдек, ҳозирча ҳеч нарса аниқ эмас. Ўзимга қолса яна жамоадаги фаолиятимни давом эттирган бўлардим.
- Мураббийлик лицензиясига ўқиш яқин орадаги режаларингиздан ўрин олганми?
- Яқинда “С” мураббийлик лицензияси учун таҳсил олдим. Лекин имтиҳондан ўтдимми йўқми бу ҳақда аниқ жавобни кутяпман. Насиб қилса босқичма-босқич “В”, “А” ва “Про” мураббийлик лицензиялари учун ҳам ўқиб бораман.
- Яқин орада элитада ҳам бош мураббий сифатида ишлашни истайсизми?
- Йўқ. Ҳозирча бу даражада эмасман. Кўпроқ ўқиб, ўрганишим керак. Лекин ҳар бир мураббий каби вақти келиб олий лигада ҳам бош мураббий сифатида фаолият юритишни хоҳлайман. Умид қиламанки бу ҳам амалга ошади.
Исломбек Рустамбеков суҳбатлашди.
Фикрлар